КЕЧА ВА КУНДУЗ… (18-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кечаси ташқарига бир қарич қор тушди. Деразаларнинг ойнаклари панжара гулчин сингари ғалати-ғалати нақшлар билан безандилар. Жипс ёпилмайдиган эшикларнинг икки қаноти орасидан совуқ қорнинг заҳарли изғирини кириб, уйларнинг токчаларини айланмоққа, унинг совуқ «ҳув-ҳув»лари шифт ораларидан эшитилмоққа бошлади. Қалдирғочнинг ташландиқ уясидан чигиртканики сингари ингичка ҳуштак овози чиқарди: изғирин беркиниб олиб, шўхлик қилаётганга ўхшайди!

Ҳакимжоннинг уйқусираган кўзларини уқалаб туриб кеча ярмида қилган ваҳимаси мингбошининг ўзига таъсирсиз қолмаган эди.

Кечаси ичилган бир ярим шиша ароқ унинг миясини тарози тошидай оғирлаш-тириб, бир нафасда кўзларини юмдирган бўлса-да, тонг ёришар-ёришмас яна безовталик билан уйғонишига сабаб бўлди.

Кўзини очган вақтида боши худди прессга тушган тойпахтадек ёрилгудек бўлиб оғрирди. Зўрға-зўрға қайрилиб ёнига қаради: севимли булбули, сочларини тўздириб, ширин уйқуда роҳат қилмоқда эди! «Нима қилсам? Уйғотсамми? Ё уйқусига ҳалал бермасамми?» деб ўйлади мингбоши. Фақат бошида ўтирган алвасти йўғон болтасини қўлига олиб, энди ўтин ёришга киришганидан чор-ночор қичқиришга мажбур бўлди:

— Тур, ҳай! Тур, дейман! — Бу мингбошининг ўз севимлисини биринчи марта сенлаши. — Қотиб қолибди баччағарди қизи! — Зебини туртди. — Тур, дейман, тур!!

Зеби кўзини очиб, дарҳол эшик томонга қаради:

— Ким у чақирган?

— Менман, мен. Тур ўрнингдан! — деди мингбоши унинг елка томонидан. — Тур, кечаги ароқдан олиб бер!

— Сизга нима бўлди?

— Кейин биласан. Бўл, ароқди бер тезроқ.

Бир катта пиёлага чоч қилиб тўлдиргандан кейин бир шимиришда ичиб бўлди.

— Аҳ, худога шукур! — деди. — Ётиб ухлай бер. Ҳали вақт эрта.

Ўзи оғирлик билан ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Ташқарида жон асари йўқ. Ҳамма уйқуда. Янги ёққан қор оёқ остларида ғирчиллама этик сингари овоз бериб ётарди. Дарвоза даричаси очиқ: демак, йигитларнинг намозхони Ўлмас ота намозга чиққан. Сўрига бориб ўтирмоқчи бўлди: сўридаги йиғиштирилмаган палослар қалин қор остида қолганлар. Тўшакча устидаги думалоқ болиш — тепаси қор, икки ёни қуруқ — чала бўялган тухум сингари чучмал ва ғалати кўринарди. Айвондаги гиламга чиқиб ўтириб, бошини чайқаб кўрди. Оғриғи тарқалган, енгиллашгандай бўлган, лекин мияга ўйларни тўплайдиган ҳолда эмасди. Ўйлар булут устига мингашган булутдай мужмал ва рангсиз эдилар. Гиламга узаниб, бошини қўллари устига қўйди: бемаҳал қишнинг совуқ тонгида шамоллаб уйқуга кетмоқ истарди. Бўлмади. Уйқу келмади. Кўзларининг уст пардаси ювилса-да, ич пардаси юмилмоқ истамас эди. Гўё бир бўлак гўшт бошининг олдига — худди пешона тепасига келиб олиб, билакдаги томирдай бирушта лўмшиб турарди. «Нима бўлди менга?» деб ўйламоқчи бўлди мингбоши: шу уч сўзни миясига тўплай олмади. Учала сўз бошини уч бурчига тарқалиб, ҳар томондан пойма-пой овоз берди: «Бўлди… нима… менга?…» Ўрнидан туриб, каттакон чорсисини сувга ботирди, сўнгра наридан-бери сиқиб олиб бошига босди ва шу бўйича касал одамдай ўнгтаб ётиб, уйқуга кетди.

Ҳакимжон келиб уйғотганда, соат 11 га якинлашган эди. Ўрнидан турмасданоқ ётган жойида учта-тўртта қалампир солинган аччиқ шўрвадан ярим коса ичди. Устига катта кўрпа ташладилар, ётиб терлади. Шундан кейин мияси жойига келгандай бўлиб ўрнидан турди.

— Мирёқуб акамдан хат бор, — деди Ҳакимжон. — Ким олиб келди?

— Бошқа қоғозлар билан бирга шаҳардан юборибдилар.

— Нима дебди?

— Ўқиб бера қолай.

Ҳакимжон ўқий бошлади. Бошида узундан-узоқ дуою саломлар — ҳаммага алоҳида-алоҳида, номма-ном…

— Ўта бер, — деди мингбоши.

— Ундан кейин йўлдаги саргузаштлар… — Ўта бер…

— Ундан кейин Қримнинг тоғлари, денгизларининг таърифи. Бир неча бет…

— Ўта бер… Лақма бўлмай ўлсин! Қачон келишини айтмайдими?

— Йўқ, — деди Ҳакимжон. Хатни энди Ҳакимжон ўз ичида ўкий бошлади.

— Ҳалиги манжалақи тўғрисида ҳеч гап йўқми?

— Йўқ. Бир жойда «жуда хурсандман, айшим жойи-да», дебди.

— Унинг айши жойида бўлмаган вақти йўқ… Менинг уйим куйди бу ерда! Ўта бер!

— Мана мунда бир гапи бор. «Агарда биронта нозик иш чиқиб қолса ва ҳам ҳоким тўра билан хилватда гаплашмакни тақозо қилинса, ҳамма гапни Зуннунбой орқали нойиб тўранинг оғачаларига айтилсин. Иншоолло, ҳар қандай мушкул ишлар ҳам ҳайрият саранжом топқай».

— Шуниси керак эди бизга. Яна қайтиб ўқи! Ҳа, балли, энди қаерга тушгани борми, йўқми?

— Ҳа, адреси бор.

— Бўлмаса, тезлик билан телеграмма жўнат. «Тез етиб келмасанг бўлмайди», дегин. Уқдингми?

— Хўп, хўжайин. Менга қаранг, додҳо. Хатнинг бошида ғалати бир гап бор, сиз қунт қилмай ўтдингиз.

— Хўш, хўш? Қани?

— Мана муни эшитинг: «Жаноби ҳурматлик отахонимиз, қиблагоҳимиз, миллатнинг отаси ва тараққийпарвар мулла Акбарали афанди мингбоши додҳо ҳазратларига кўп-кўп саломдан сўнгра андоғ маълум ва равшан бўлгайким… в. ҳ.».

— Нима бало? Жинни бўлдими? Йўқ ердаги бемаъ-ни сўзлар…

— Биласизми, хўжайин, бу сўзлар ҳаммаси жадидлар айтадиган сўзлар. Абдисамат мингбошига Самарқанддан бир жадид муфтининг ёзган хатини кўриб эдим. Ўшанда ҳам «миллатнинг отаси, тараққийпарвар…» деган гаплар бор эди…

— Нима дегани у?

Ҳакимжон бу бемаъни саволга жавоб бермасликни эп кўрди. Шу учун калтагина қилиб:

— Ўзим ҳам ҳайронман, билмайман, — деб қўя қолди.

— Ишқилиб, бизни Абдисаматга тенглаштирибди, дегин. Мирёқубдан келган оқибат шу бўлибди-да…

Шу топда мингбошининг юзида ёш болаларнинг аразлаши сингари бир нарса бориди. Ҳакимжон муни дарров пайқади. У аввал билинар-билинмас қилиб кулди, кейин овозида бир нав эрмак асарини босолмаган ҳолда мингбошига «насиҳат» қилди:

— Йўқ, хўжайин, ундай деманг. Мирёқуб акамнинг сиздан бошқа ҳеч кими йўқ. Сизга ҳеч қачон игнадек ёмонликни раво кўрмайди.

— Мен раво кўраманми, бўлмаса? — деди мингбоши.

Шу топда унинг кўнглидан «Менинг кимим бор ундан бошқа», деган аламлик бир фикр ўтди. Мингбоши бу оғир суҳбатни ёпмоқчи эди, шу учун дарров сўзни бошқа томонга бурди:

— Хўш, болалар келишдими?

— Йўқ, хўжайин.

— Нима, нима? Шу вақтгача келмадими? Қумариқ қанчалик йўл экан? Хуфтонда одам жўнатган эдик.

— Билмадим, хўжайин.

Худди шу пайтда, янги йигитлардан бири арвоҳ отни оқ кўпикка тушириб, чопганича етиб келди. Дарвозани очгунча бўлмай отдан ўзини ташлаб, ранги ўчган ва ҳаллослаган ҳолда мингбошининг қаршисига келиб тўхтади.

— Нима гап? Мунча ҳовлиқдинг?

— Иш ёмон, хўжайин. Иш ёмон… Йигит сўзлай билмасди. — Ўтир, дамингни ростла! Битта-битта гапир!

Мингбоши ўзи ҳам икки қулоғини диккайтирди. Йигитга бир пиёла чой бердилар, ичди, нафасини ростлади. Сўнгра бирин-бирин сўзлаб берди.

 

* * *

 

Мингбошининг кечаси жўнатган икки йигити бу қишлоқдан чиқмай туриб, у қишлоқда яна тўполон бошланди. Тўполонни қамоқда ётган Ёдгорхўжанинг барзангидай икки ўғли билан нариги —калтакланган Умаралибойнинг бир ўғли бошлайдилар: кейинги бойваччанинг қўлида кичкинагина оппоқ «Смит-вессон» тўппончаси бўлади. Булар аввал Ёдгорхўжани қамоқдан қутқариб, кейин Умаралибойни калтаклаганларнинг бошлиғи ҳисобланмиш Маматурдини отиб ўлдирмоқчи бўладилар. Маматурдининг ўзи Умаралибойга йигирма йил қарол бўлган киши.

Тўхтасин бойвачча қўлидаги оппоқ тўппончани ялтиратиб қоронғидаги гузар олдидан ўтар экан, овозини бемалол қўйиб юборди:

— Ўз хўжайинига, нон-тузини ичган кишисига қўл кўтарган одам қандай одам бўлади? — деб сўзланади. — Ундай одамни тирик қўйиш ярамайди. Уни тирик қўйсак, бошқалар ҳам шунга эргашадиган бўлади.

Ака-ука бойваччалар ҳам бу фикрни маъқул топадилар ва мардларча қадам қўйиб, гузар олдига — мачитга ўтадилар. Бу вақтда гузарда оқ аланга қилишиб ўтирган бир-икки йигит дарров бориб, эшитган гапларини Маматурдига айтади. Маматурди қора синчалоғи билан ўнг қулоғини бир кавлаб олгач, жулдур гупписини елкасига ташлаб, уйидан чиқиб кетади: бир оздан кейин улар ҳам беш-ўн киши бўлишиб, кўприк олдида — баққол дўконининг айвончасига тўпланадилар. Бу вақтда биринчи қор қўшинининг илғорлари ерга етиб келиб, бир-бир қатор чизила бошлайдилар. Аччиқ изғирин чилдирмасини қўлига олиб, ғижбангни қизитади…

— Мен ҳеч кимга тегмоқчи эмасман, — дейди Маматурди. — Мачитда гап бошлаган ким бўлди? Ўшалар! Ўзлари «хотинталоқ», деб сўкинмаса, биз қўл кўтармас эдик.

— Ҳа, албатта, — деди йигитлар.

— Биз энди ҳам қўл қўтармаймиз. Қўл кўтариб келсалар, албатта, жон борича тортишамиз.

Пакана Тўхташ кўпчиликнинг фикрига қўшилмайди:

— Улар қўл кўтаргандан кейин қўл кўтарсак, кеч қоламиз, оғайнилар, — деди у. — Орқаларидан қувиб бориб, бирданига солдирмасак бўлмайди! Ҳа!

Эрали семизнинг жувозкаш боласи Тўхташнинг фикрини қувватлайди:

— Бостиргандан босган яхши, албатта!

— Йўқ, сенлар тушунмайсан, — деди Маматурди. — «Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин», деган гап бор. Ким кучлик? Пули бор кучлик. Подшолик, амалдорлик, ярим подшо ҳаммаси пули борнинг оғзига қарайди.

— «Пули борнинг гапи ўнг, пули йўқнинг гапи тўнг», — дейди яна биттаси.

— Ҳа, баракалла. Биз олдин қўл кўтарсак, бу номард амалдорларинг бутун қишлоқни отув қилишдан ҳам тоймайди.

Ўзлари бир нима деб келишса, биз ўшан-га қараб муомила қилайлик.

— Ҳа, ҳа, тўғри, — деди қишлоқ йигитлари.

Бир оз ўтгандан кейин Маматурди бошини кўтарди:

— Менга қара, болалар! Унинг қасди менда. Мен ўзим олишаман. Сенлар аралашмасанг ҳам бўлади. Сенларда қасди йўқ.

Йигитлар ҳаммаси бир оғиздан:

— Йўқ! — деб қичқиради. — Биз сенга қўл тегиздирмаймиз!

Бу орада учала бойвачча қамоқдаги «бечора»ни қутқариб олиш учун қанча зўр бериб, ҳеч нарса чиқара олмайдилар. Мингбошининг синашта йигити қаттиқ туради, милтиқ қўндоғини ўз кўксига қадаб туриб қичқиради:

— Яқин келганингни отаман! Мингбошидан буйруқ келгунча ҳеч кимни яқин келтирмайман.

Унинг ёнидаги йигитда ҳам ов милтиғи бўлганидан бой болалари қўрқадилар: тўппончани қўйнига солиб туриб қаҳрамон бойвачча аччиқ-аччиқ сўкинади: бу билан улар учови тез-тез қадам қўйиб, мачитдан чиқиб кетадилар. Мачитнинг чап биқинидаги тор кўча билан далага чиқиб, ундан сув бўйлаб тўппа-тўғри Маматур-дининг уйига борадилар. У ерда Маматурди бўлмаганидан «бирор жойда беркиниб ётгандир», деб уйнинг ҳар томонини қидира бошлайдилар.

Маматурдининг гангиб қолган хотини «кўчага чиқиб кетди», гузардагилар «фалон» деса ҳам қулоқ солмайдилар. Хотин бечора бойваччанинг қўлида оппоқ тўппончани кўргандан кейин қўрқиб, кўчага чиқиб кетади ва овозининг борича бақириб «дод» демоққа бошлайди.

Хотинининг фарёдини эшитгандан кейин Маматурди ишнинг нималигини дарров пайқайди, йигитлар билан бирга ўз уйига қараб югуради. «Ҳай, ҳай! Ҳай, ҳай! Бу нима гап?» деб эшикдан кирган ҳамон бойвачча айвон олдидан югуриб келиб, унга қарата ўқ узади, ўқ Маматурдининг чап елкасига тегиб, уни ярадор қилади, у ёқдан пакана Тўхташ етиб бориб, калтагина бир таёқ билан бойваччанинг қўлига уради, тўппонча икки-уч қадам нарига бориб тушади, нариги икки бойвачча буларга қараб тош отишга киришадилар. Шундай қилиб, икки орада яна уруш бошланиб, натижада ака-ука бойваччаларнинг бири ўлади: бири озроқ калтак егандан кейин қочиб қутулади, тўппончали бойвачча эса тўппончасидан воз кечиб, қоронғида бир жойга беркинади. Қон кўп кетганлигидан Маматурди ҳам йиқилиб қолади. Унинг хотини эрта қачон ўзидан кетган бўлади.

Мачитда эса ҳужранинг дарпардасини ағдариб ташқарига чиққан Ёдгорхўжа икки йигитга сўз бермай чиқиб кетмоқчи бўлади: йигитлар қор билан намланган ерда у билан анча олишгандан кейин қўл-оёғини боғлаб, яна ҳужрага киритиб қўядилар. Шундан кейин икки йигит етиб бориб, мингбошининг буйруғини эшиттиради. Бой қўл-оёғи бўшалгандан кейин йигитларни масхара қилиб кулади: жуда бўлмағур гаплар билан ҳақорат қилиб сўкади: «Ҳаммангизни оттириб юбормасам, номимни бошқа қўяман», деб қичқиради. Йигитлар индамай тура берадилар. Фақат енгилгина кулиб қўядилар. Янги йигитларнинг бири қаттиқроқ кулиб юборгандан кейин бой туриб унга ёпишади — урмоқ қасдида бўлса керак. Шундан кейин синашта йигитнинг ман қилганига қарамасдан, мингбошининг янги йигитлари унинг ўзини анчагина калтаклаб ташлайдилар.

Бутун шу ҳангомалар бўлган вақтда қишлоқнинг бир амин ва икки элликбошисидан ҳеч бири кўринмайди: улар мингбоши кетар- кетмас, уйларига кириб яширинган бўладилар…

 

* * *

 

Мингбоши бутунлай гангиб қолди. Нима қилишини билмайди. Кимдан маслаҳат сўрашга ҳайрон бўлади. Шу тирранча Ҳакимжондан маслаҳат сўрай берса, у нима хаёлларга боради? Ҳолбуки, бу Қумариқ воқеаси уни икки ўт орасига ташлаб қўйди: бир томонда ҳақлиги очиқ кўриниб турган фуқаро, халқ: бир томонда — пули қўп, обрўлик катта бойлар. Мингбошининг ўзи учун, шу топда, фуқаро қўрқинч эмас: мингбоши нима деса, «йўқ» демайди фуқаро. Бойлар бўлса на фуқарони бир чақага олади (муниси-ку, майли-я), на мингбошини (мана, мунисига чидаб бўлмайди!). Очиқдан-очиқ сўкади, ҳақорат қилади, халқ олдида «сени у қилдим, бу қилдим!» деб бақиради.

Мингбошига қолса, иккала бойни Сибирга жўнатарди. Лекин бу бўладиган иш эмас. Фуқаро қанча ҳақли бўлса ҳам, шаҳардаги катталар пули борнинг тарафини олади, унга озор бермайди. Энди мундан кейин бойлар ҳам тек турмайди: бор-йўғини адвокатга бериб, каттакон аризаларни ёздиради: катта нойибга, уезд ҳокимига, ярим подшогача ариза юборади. Ишқилиб, мингбошининг бошини емай қўймайди… Қани энди, Мирёқуб бўлса! Албатта, бир тадбирини қиларди. Қўймасди.

«Аттанг, — дейди мингбоши ўз-ўзига. — Қишлоқ одамлари чакки қилибди. Кечанинг ўзида иккала бойни ўлдириб юборишса яхши бўларди. Айб менга туш-масиди: чунки мен у ерда йўқ эдим. Жуда соз бўларди. Аттанг, аттанг…»

Нима қилишини билмасдан ичкарига кириб, ташқарига чиқиб, ҳовлига ўтиб, кўчада айланиб, кеч киргунча хаёл суриб юрди. Кеч кирганидан кейин Зебининг ёнига кириб, кечаги овқат билан бирга бир шиша ароқни ичиб олди. Сўнгра тўшакка ёнбошлаб ўзининг қўпол ва хунук овози билан турли-туман, алмойи-ал-жойи қўшиқларни айтишга бошлади…

Учала хотин даҳлиз эшиги олдида тўхташиб, ашулани эшитар ва ағанаб-ағанаб кулардилар. Фақат, биргина Пошшахоннинг кўзларида Зебининг тўйидан бурун бўлгани сингари ўткир бир жиддият кўринарди. Бу жиддият ичидаги оғир изтиробларнинг кўзларда акс этган кўлагалари эди. Унинг шу топдаги кўзларига тикилиб қараган киши қўрқиб кетади. Фақат ҳар бири ўз кунини ўзича кўраётган кундошлар у кўзларнинг қўрқинч ифодаларидан бехабар эдилар… «У енгган, ютган, ошиғи олчи келган, деганини бўлдирган кундош эмасми? Нима ғами бўлсин?…» Кундошлар шундай ўйлайди.

Лекин ҳақиқатда…

Ҳақиқатда эса мингбоши хотинлари орасида энг жонли ва энг эслиги бўлган бу жувон Султонхонга қарши очган қурашининг натижасидан норози эди. Зеби келмасдан бурун қандай зўр бериб ўйлаган бўлса, энди ундан кўпроқ хаёл суради. Унинг хаёли дарёлардай бу жувонни аллақайларга оқизиб олиб кетади. Ушлаб бўлса экан, хаёлларнинг учини!

«Нима бўлди? Зебихонни келтирдик: қанча қийинчиликлардан сўнг унинг қайсарлигини синдириб, қўзидай юмшоқ-ювош ва мулойим қилиб, мингбошига топширдик. Мингбоши энди ундан хурсанд: Зебихоннинг ҳам хафа бўлгани маълум эмас.

Нега хафа бўлсин? Мингбоши ўзи қари бўлса ҳам қуввати жойида: у ўзи бир хотинга қаноат қиладиган бўлса, хотин киши, албатта, қаноат қилади. Ундан ке-йин, «Ёш хотин қари эркакни яшартиради», деган гаплар бор: қариганда уйланадиган эркаклар шу ҳикматга амал қилар эмиш. Мингбошига тегмагани билан Зебихоннинг бахти кулармиди? Маълум эмас. Мингбоши қари бўлса, унинг ўрнига мутлоқ ёш бир йигит келишига ким кафолат берарди, дейсиз? Зебихоннинг отаси қизининг нозига қарайдиган кишими?

Йўқ, асло йўқ! Мингбоши билан оралари тузалгандан кейин муни Зебихоннинг ўзи иқрор қилмадими? Бир куни кундошларига нима деди у? «Ов, — деди, — қиз боланинг пешонаси қурсин! Ўзи хоҳлаб эрга тега олармиди? Мени отам шу қари одамга берди, деб койийман: мунга бермаса кимга берарди? Ўзим суйган йигитга берармиди, қалай? Тантилиги тутиб кетганда, эшонбобога бериб юборарди… У мундан беш баттар! Хўш, мингбошининг ўзи, одамлар айтгандай, жуда хунук ва бадбашара одамми? Албатта, кўп эркаклардан хунукроқ… Ўлгудек қўпол… Аммо-лекин дунёда ундан ҳам хунук, ундан ҳам қўпол эркаклар бор-ку! Мунга бермасалар, ўшалардан бирига ҳам бермас эдилар, деб ким айта олади? Ҳеч ким!»

Пошшохоннинг ўткир ўйи, ўргимчак инидай ҳар томонга ёйилиб, миясини ғовлатди. Тиним йўқ у ўйлардан!

«Султонхоннинг ўрнини Зебихон эгаллади. Мингбоши Зебихоннинг уйига бутунлай капа тикиб олди. У уйдан гоҳ ёш келиннинг қувноқ ва болаларча кулиши, гоҳ қари куёвнинг хурсанд қийқиришлари, гоҳ бўлса, янги қайлиқнинг йўрға зарбли дутори билан ширин ва ширинлик овози, гоҳ бўлса, янги келтирилган грамофонда Нетайхоннинг қичиқ яллалари эшитилади… Ана, турмуш! Ана, куёв-қайлиқ! Пошшахон билан Султонхон қайлиқ бўлибдими? Зебихонга элчи қўйиб юрилган вақтларда мингбоши бир сўз деган эмасмиди: «Шуни қўлга келтирсам, бор-йўғимни тутаман.

Бор-йўғим шуники бўлади. Биттагина бола туғиб берса, меросхўрим бўлади. Бошқаларга ҳеч нарса йўқ!» Яқинда ҳам Ҳакимжонга айтган эмиш: «Мен энди топдим бахтимни. Ҳаммаёғим шуники. Бошқаларга беш-тўрт та-ноб ерни тириклигимда ўтказиб бериб, қолган давлатимни батамом шунга қолдираман». Мингбошининг катта давлатидан катта мерос кутгани учунгина қора кўзли Мирёқуб Пошшахонни қучоғига олган эмасмиди? Орада ваъда беришлар бўлган эмасмиди? Мирёқубдай қора ва чиройли кўзли, тани-жони соғ, ўзи бардам, базмчи, айшу ишратни ҳамма вақт ширин суҳбат билан бошлайдиган, озода ва ширин сўзли эркакни қандай топиб бўлади?

Мингбошининг ҳамма давлати қолмаганда ҳам, кўпроқ қисми Пошшахонга қолганда, Мирёқуб яна қучоғини очиб келардику-я. Бир ўрис хотин билан аллақаёққа кетган эмиш. Бу эркак халқи шунақа итмижоз бўлади. Биттага илашса, эргашиб кетаверади… Майли, ўйнаб келади. Мингбошининг катта давлати тинч қўяди, дейсизми?»

Пошшахоннинг кучли ўйлари шамолдай учади, баланд-пастни айланади. Қани энди, уларни тутиб бўлса!

«Мирёқубга ваъда қилинган катта давлат яқин ўртада Зебихонга тегадурғонга ўхшайди. Мингбоши, ахир, ҳамма хотинларидан қари. Сўнг вақтларда ароққа ёмон берилди. Бу хилда ича берса, бирида бўлмаса, бирида юраги куйиб ўлади. Ўлими ҳам яқин энди унинг! Юрт бесаранжом… Мингбошига эмас, ундан каттароғига ҳам сўз бермайди. Қумариқдаги тўполон мингбошининг ошига заҳар қўшиб қўйди, ўтирар жойини тополмайди.

Мингбоши бу кетишда ўлмаганда ҳам ё бекор бўлади, ё бошқа. Аччиғи келса, «вайна»га кетиб қолади… Бор-ди-ю, бир кун эрта билан мингбоши жон таслим қилди. Давлати нима бўлади? Давлати қурсин!

Ҳаммани еб адо қиладиганга ўхшайди. Илгари тўрт киши ўртасидайди, энди беш киши ўртасига тушди. Илгари ҳеч бўлмаса, ҳар кимга ўз ҳиссаси тушади, деган умид бориди: энди уч хотинга бир ҳовучдан ер, қолган ҳаммаси Зебихонга. Дунёда ўз оёғига ўзи болта чопадиган аҳмоқ ҳам бўладими?».

Ойнага қарайди Пошшахон: «Мана, мана, ўша аҳмоқ!» дейди, йиғлашга ҳозирланган овози билан қаҳ-қаҳ солиб кулади.

Пошшахоннинг жаҳлига теккан яна бир нарса — Султонхоннинг бепарволиги! Шу бепарволик, шу ўйнаб-кулиб юришлар Пошшахоннини сил қилади, сил!

«Нима бўлди бу жувонга? Эртадан-кечгача кундошлари билан ўйнашади, гапиради, ашула қилади, кулади, кулдиради, тегишади, ҳазил қилади, қитиқлайди, қочади, қувлайди, қувлашади. Қор ёққанидан бери қишлоқнинг ярим хотин-қизлари билан қор отишиб чиқди… Учта билан «қор хати» ўйнаб ютди… Нима бало бўлди бу жувонга! Кеч кирса, хуфтондаёқ ўзи уйига чекилиб, эшикни ичидан беркитиб олади: тонг отгунча дом-дараксиз йўқ бўлиб сингиб кетади… Энг ашаддий душмани Зебихон эди: энг яқин ўртоғи Зебихон бўлиб қолди. Иккаласи сирдош, маҳрам…»

Бир замон Султонхоннинг бошидан ўтган уйқусиз кечалар энди Пошшахоннинг кўзини юмдирмайди. Ҳар куни шомдан тортиб, азонгача ётган жойида уёқ-буёққа ағаниб ўй ўйлайди. Кўп ўйлаш натижасида, Султонхон ўзининг маълум қарорини бериб дарҳол ишга киришган эди, энди Пошшахон ҳам, ўзининг қўрқинч қарорини берди ва ишга бошлади. «Энди бир ўқ билан икки қушни ағдариш керак».

 

* * *

 

Пошшахоннинг қарори қандай қўрқинч бўлса, унинг бажарилиши шу қадар тез ва осон бўлди: баққолдан яширинча олдирилган кучала кичкинагина декчада эр-тадан-кечгача қайнади: эрталаб унинг суви бир чойнакка солиниб, Зебининг уйига олиб кирилишга мўлжалланди… Бу вақтда мингбошининг қолган учала хотини

Дадабой баққолнинг катта қизиникига зиёфатга чиқиб кетган эдилар.

Мингбоши эса шошилинч суръатда шаҳарга чақирилган, яшириб бўлмаслик даражада бесаранжомлик ва талваса кўрсатган ҳолда эрталаб шаҳарга жўнаб кетган эди. Пошшахоннинг уйида аллақандай бир қариндоши ўтирганлигидан кундошлари уни қистамадилар.

Хадичахон келиб уни ташқарига чақириб олган ва «Меҳмонингизни жўнатгандан кейин чиқинг. Кечгача ўйнашиб ўтирамиз», деган эди.

Шундай қилиб, ўзи ёлғиз қолган Пошшахон бемалол Зебининг уйига кирди… Токчада бир кичкина чойнакда «табаррук» сув бор эди, у сувга Раззоқ сўфининг илтимоси билан эшоннинг ўзи дуо ўқиб дам солган, уни ичгандан сўнг тез фурсатда Зеби ҳомиладор бўлиб, бола туғиши керак эди. Чойнакдаги «табаррук» сувни ҳўл обрезга тўкиб ташлаб, ўрнига ўз чойнагидаги сувни тўлдирди. Тамом. «Зеби кечқурун чиқиб сувдан ичади-да, тил тортмай ўлади. Тўртинчи хотиннинг учинчидан бошқа кундоши бўладими? Муни ёш бола ҳам билади…»

Уйдан тўппа-тўғри баққолнинг қизиникига чиқди. Анчагача кундошлари ва ўртоклари билан гаплашиб, ўйнашиб, кулишиб ўтирди. Ўзи заҳар бераётган кундо-шини бир қучоқлаб ўпти…

Зебининг ўпишлари иссиқ ва астойдил бўлса ҳам, Пошшахон негадир ҳалитдан уни ўликнинг совуган лабларидан олгандай бўлар ва нишаб сувга тегиб турган майса учидай енгилгина қалтирарди. Қаҳқахалар билан дунёни бошига кўтарган вақтларида ҳам ўз қўлининг беихтиёр кўкрагига бориб қолганини пайқар, аллақандай совуқ бир туман парча-сининг кўкрагида ивирсиб, у ер-бу ерга қадалиб юрга-нини сезарди. Шу қадалган нарсани чиқариб юбормоқ учун ўзини зўрлаб бўлса ҳам, бир-икки марта қаттиқ-қаттиқ йўталди. Фақат бу йўтал унинг оғзидан эмас, аллақандай етти ёт бегоналарнинг оғзидан чикди, бу йўтал овозидаги орият шу қадар очиқ эдики, йўталдан сўнг

Пошшахон яна кўксини ғижимлашга мажбур бўлди.

— Нима бўлди жоним, сизга? Шамоллаб-нетиб қолдингизми? — деб сўради Зеби.

Зебининг шу меҳрибон, шу содда, шу болаларча маъсум кўзларида самимиятдан бошқа ҳеч қандай маъно бўлмаса-да, Пошшахон унда қуйидаги сўзларни ўқиди: «Бир мени ўлдирганинг билан мақсадингга етолармидинг? Бекор менинг ёш жонимни жувонмарг қилганинг қолади».

Шундан кейин, ҳалиги туман парчаси кўкрак теграсида от қўйиб, чопқиллай бошлади. Бутун аъзои-баданидан ялмоғиз кампирнинг муздек совуқ қўллари ўрмалагандай бўларди. Ёш жувоннинг ранги ўчди.

Кундошлари унинг теграсини олдилар: — Нима бўлди, Пошшахон, сизга? — Совуқ олдирибман, шекилли…

— Чиқиб ётинг, бўлмаса.

Овқатга ҳам қарамасдан, уйига чиқиб кетди. Шу бўйича эртаси куни ҳам бошини кўтаролмади…

(давоми бор)

Абдулҳамид ЧЎЛПОН

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here