ШАЙТАНАТ… (10-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

***

 

Прокурор маҳкамасининг терговчиси Зоҳид Шарипов ҳали бунчалик хорланмаган эди. Кечагина марказдан келган прокурор терговчиларининг қонунга мос бўлмаган ишлари ҳақида кўпириб гапирилди. Гўё шу билан маҳкамалар тозаланди. Покиза одамлар тўплангандай бўлди… Зоҳид шу ҳаракатларга ишонибди. У прокурор ёрдамчисининг қилиғидан бир аччиқланса, ўзининг гўллигидан ўн ғазабланди. «Нима дейишмоқчи бўлишди: сен писта пўчоғисан, истаган пайтда супуриб ташлаймиз, сен кераксиз бир қоғозсан — хоҳласак, ғижимлаб оёқ остига отамиз, дейишмоқчими?»

Зоҳид анчагача ўзига келолмай ўтирди. Сўнг шарт ўрнидан туриб, прокурор ёрдамчиси хонаси томон юрди. У ёрдамчи билан олишишни қасд қилган эди. Аммо ўзига зеб бериб кийинган, қошлари қалин, кўзлари кулиб турувчи прокурор ёрдамчисининг муомаласи уни шаштидан қайтарди.

— Э, келинг, Зоҳиджон, янги йиллари қутлуғ бўлсин. Оилангиз, ота-онангиз соғ-саломатмилар? Бахтингизга кўп йиллар яшашсин, тўйларингизга бош бўлишсин. Сизни чақираман, деб турувдим. Хизрни йўқласам бўларкан. Хў-ўш… Шариф Намозовни қўйиб юборишга тўғри келди. Айби исботланмаган. Гувоҳлар гапларидан тонишибди. Унга қарши иғво қилингани шундай сезилиб турибди-ку, сизлар тўппа-тўғри қамоққа тиқиб қўя қолибсизлар. Намозов анов-манов одам эмас, катта олим экан. Чет элликларни ҳайрон қолдириб турган одамни қамоққа тиқсак, халқаро жанжал чиқиб кетишини ҳам унутмаслигимиз керак-да, азизим. Чет элдаги сафсатабоз душманларимизни биласиз-ку, «СССРда инсон ҳуқуқлари поймол этилмоқда!» деб ғавғо кўтаришса, бошимиз ғалвадан чиқмай қолади. Келинг, биз шунақа ташвишлардан четроқда юрайлик. Сиз ёшсиз, ўсадиган йигитсиз, бамаслаҳат ишлайверинг. Иғвонинг бошида винзавод директори Сулаймонов турган экан. Айбини бўйнига олиб ўзи келди. Ҳазилининг бунақа жиддий тус олишини ўйламабди. Беш-ўн ой ўтирса, иккинчи ҳазиллашмайдиган бўлиб чиқади.

— Сулаймонов ишини менга топширсангиз…

Зоҳид унинг маҳорат билан тўқиётган тўрига банди бўлиб қолмай, чиқиб кетиш ниятида шу гапни айтди. Ҳеч нарсадан тап тортмай ишни хамирдан қил суғургандай ҳал этаётган прокурор ёрдамчиси Зоҳиддан шу илтимосни кутмаганида лақма одамга айланмасмиди, бу даргоҳдан кавуши аллақачон тўғриланмасмиди? Дунёнинг манаман деган олимлари билан баҳслашишга мослаб яратилган бу фаҳм-фаросат, бу ақл шу арзимас масалани ечишда ожизлик қилса-я! Ҳа, Зоҳид ожиз эди. Унинг кўзлари очиқ, аммо фикр кўзи бу ўйинлар, оёқ остига тушаётган тўрларни, энг муҳими — қаршисидаги одамнинг қалбини аниқ кўролмаётган эди. Ақл ҳаммавақт ҳам одамга шараф келтиравермайди, баъзан мана шундай хор ҳам қилиб қўяди. Зоҳид ўзининг беадад хорланаётганини ҳозир эмас, кейинроқ ҳис этади. Бошингизга тош тегса, бир оз оғриб, сўнг босилгандай туюлади, аммо орадан вақт ўтиб шундай оғриқ қўзғолади-ки, ўзингизни қўйгани жой топа олмайсиз. Руҳий қийноқ ҳам шундай. Бир неча соатдан сўнг «мен нима учун унга шундай демадим!» деб ўзингизни лаънатлай бошлайсиз. Бироқ вақт ўтди — энди бу афсусдан нима наф?

Зоҳид соддалик билан Сулаймонов ишини сўради. Прокурор ёрдамчиси эса пинагини бузмай, ўша кулимсираган ёқимтой кўзларини Зоҳиддан олмай жавоб берди:

— Бу ишни Келдиевга топширдим. Танийсиз-а, аммамнинг бузоғи. Шунақа майда-чуйдани топширмасам, жиддий ишларни эплай олмайди. Сизни зўр ишлар кутиб турибди, азизим. Ўсадиган одам майда-чуйдага аралашмаслиги тузук. Сиздан умидим катта. Республика прокурорига ҳам айтдим. Умидли ёшларни биз ҳар қанақасига қўллаймиз.

— Шариповнинг иши оддий ҳазилга ўхшамайди. Ҳазил деб юриб уни ўлдириб кетишлари мумкин.

Жиддий оҳангда айтилган бу гапни у эрмакдай қабул қилди:

— Воҳма қилманг-э, азизим. Ўлдириб кетади, деб қамоқда ушлаб туришимиз ҳам тўғри келмайди-да. Эркак одам лалаймай ўзини ҳимоя қилсин. Итдай ичиб, чўнтагига биров наша солиб қўйса ҳам билмай ётаверадими?

— Мен ваҳима қилаётганим йўқ. Ундан пул талаб қилишган.

— Қим? Қачон?

— Кимлигини билолмай қолдим. Ҳарҳолда қамоқхонада талаб қилишган бўлса керак.

Прокурор ёрдамчиси телефон тугмасини босди. Кўзларидаги кулги йўқолиб, кўриниши жиддийлашди, ҳатто бироз асабий тус олди.

— Жонқораев! Сигналлар тушяпти, қамоқхонада бевошлик кучайибди. Текшириб уч кундан кейин ҳисоб берасан. Ҳа, Шариф Намозовдан ким пул сўраганини ҳам аниқла. Онасини Учқўрғондан кўрсатиш керак бунақаларни, тушундингми!

Прокурор ёрдамчиси «маъқулми, кўнглинг жойига тушдими», дегандай Зоҳидга қаради-да, ўрнидан турди.

— Ҳозир республикага чиқишим керак. Сиз билан хотиржам би-ир гаплашамиз. Ўзим чақиртираман.

У Зоҳиднинг елкасига қўлини қўйиб, ғоят улуғ бир меҳр кўргазиб остонагача кузатиб қўйди.

Зоҳид хонасига қайтди. Усти чойнак изларидан доғ бўлиб кетган ўша стол, ошиқ-мошиғи аранг илиниб турган ўша бўм-бўш китоб жавони… Зоҳид ўрнига ўтириб ҳалқа доғлар сирини ўрганмоқчи бўлгандай стол устига тикилиб қолди. Бу доғлар нималарга гувоҳ? Аччиқ чой дамланиб, шопириб-шопириб қайтарилиб, хўриллатиб ичилган дамларда кимларнинг тақдири ҳал этилган? Қандай хўрликларнинг, қандай ғирромликларнинг гувоҳи бу доғлар?.. Зоҳид тикилиб ўтиргани билан хаёлига бу гаплар келмайди. Унинг хаёли Шариф Намозов ва Қилич Сулаймонов билан банд. Намозовни қамаш учун ишлатилган ҳийла энди Зоҳидни айтарли ажаблантирмай қўйганди. Бу калаванинг учини топгандай бўлиб эди. Сулаймоновнинг бош эгиб келиши… Ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. «Бу ишнинг бошида Асадбек турган бўлса, нима учун Намозовни қаматди? Балки бурнини ерга бир ишқаб қўймоқчи бўлгандир? Бунинг бошқа осонроқ, камчиқимроқ йўллари ҳам бор эди-ку? Сулаймонов нима учун қамоқда ўтирмоқчи? Унинг гуноҳи нима?» Зоҳид иш баттар чигаллашганини ҳис қилди. Намозов тақдирини Асадбек ҳал қилган, винзаводга осилма, дейишганда масаланинг бунчалик мушкуллигини кутмаган эди. Винзаводни яхшилаб текшириш жумбоқни ойдинлаштириб беради, деб ишонганди. Сулаймонов ўйиндан чиқарилибдими, демак, винзавод қалъасига унча-бунча ҳужум писанд эмас.

Зоҳид жилди жигарранг чармдан ишланган папкасига қараб қўйди. Ҳафсала билан иш бошлаган эди. Тўлдирилган бир неча саҳифа кечагина муҳим маълумотлар даражасида қадрли эди. Ҳозир эса бу қоғозлар сариқ чақага ҳам арзимайди. «Нима, мен кўчада санқиб юрган лайчаманми, биров тепса вангиллаб четга қочаверадиган…» Шу фикр Зоҳидни сергак торттирди. Нима, энди у «менга қачон, қандай иш беришаркин», деб пашша қўриб ўтирсинми? Иш топширилганда ҳам «буни мана бундай тарзда якунлайсан», деб аниқ кўрсатма беришмайдими? У жонсиз қўғирчоқ каби қоғозларни расмийлаштириб қўя қолмайдими? Шундай қилса — тез «ўсади»! Бўлмаса… Ерга кириб кетадими? Балки…

Одамлар фалончини осиб кетишибди, пистончининг уйини ўғри урибди, деган ваҳимали мишмишлар чодири остида қўрқиб яшаётган бир дамда шаҳар прокуратурасининг бўм-бўш китоб жавони, тепалари ҳалқа-ҳалқа доғли стол қўйилган кичкина хонасида терговчи ишсиз ўтирибди, дейилса хўп қизиқ туюлар. Жиноятлар изидан юрган Зоҳид бу ерга келгунча ишсиз ўтиришни тасаввур қила олмас эди. Қаранг, шундай маҳкамада ҳам бекор ўтириш мумкин экан.

Бир соат илгари хонага берухсат кириб келган терговчи Намозов қўйиб юборилажагини айтганда, Зоҳид ажабланган эди. Сўнг бу ҳолдан ғаши келди. Кейин ғазабланди. Хўрланганини ҳис этиб эзилди. Мана энди, бекорчи деган ёрлиқни олиб, бўғилиб ўтирибди. Гўё прокурор ёрдамчиси пинжида юрувчи терговчи кириб нохуш хабарни айтмаган, балки баҳайбат мингоёқни олиб кириб қўйиб юборган. Бу кўринмас мингоёқ Зоҳидни бўғзидан бўғиб кўрди, юрагини ғижимлаб кўрди. Энди қулоғидан ўрмалаб кириб миясини зириллатяпти.

«Нимадир қилишим керак, — деб ўйлади у, бошини чангаллаб, — бу ўтиришда ёрилиб кетаман!» У шундай деб ўрнидан туриб, эшикни очди. Қаерга боришини билмай, гангиган ҳолда остонада пича турди. Сўнг даҳлизга чиқди. Учинчи қаватга кўтарилиб, Келдиев ўтирадиган хона эшигини тақиллатди. Ичкаридан жавоб бўлмади. Зоҳид эшикни тортди — берк. Прокурор ёрдамчиси «аммамнинг бузоғи» деб атаган, бошини бир ёнга қийшайтириб юрадиган Келдиев эшикни ичкаридан беркитиб олиб, Сулаймонов ишига оид ҳужжатларни тўлдирар эди.

Зоҳид иккинчи қаватга тушди-ю, хонасига киргиси келмади. Эшикни қулфлаб ташқарига чиқди. Беш-ўн кун йўқ бўлиб кетса ҳам бекорчи терговчи билан бировнинг иши бўлмаслигини Зоҳид биларди. Лекин беш-ўн кун қаерга боради. Елкасидаги ташвиш юки билан қаерга сиғади? Зоҳид шу масалада бир оз янглишаётган эди. Назарида прокурор ёрдамчиси вазиятни юмшатиш учун уни холи қўядигандай эди. Гўё прокурор ёрдамчиси қилган ишидан уялиб, уни безовта қилмайдигандай эди. Бир содда қиз никоҳ куни онасидан куёвнинг чап томонида ётайми ё ўнг томонидами, деб сўраганда онаси қайси томонда ётишингнинг фарқи йўқ, барибир ўша иш бўлади, деган экан. Шунга ўхшаш Зоҳид каби тухумдан энди чиққан терговчи аразлайдими, зарда қиладими, барибир — прокурор ўз билганидан қолмайди.

Кечаси бир сидра қуруқ қор ташлаб сўнг тундлашиб қолган осмон Зоҳид кўчага чиқиши билан яна инсофга келди. Зоҳиднинг назарида энди кўзни қувнатувчи қор эмас, осмонда ҳасрат элаги эланиб, ҳасрат ёғилар эди. Табиат одам руҳига мосланадими ё одамнинг руҳи табиатга мосланиб қоладими — тушунмак қийин. Ҳарҳолда кўнгил хира тортган маҳалда чор атроф ҳам тундлашиб қолади.

У кўчага бемақсад чиққан эди. Эркни оёқларига берди. Юзига урилаётган қор учқунларидан роҳатланди. «Кечгача ёғса ҳаммаёқ оппоқ бўлади. Ҳавода ғубор қолмайди. Қор ёғдириш, тиндириш, офтоб чиқиш — Худонинг иродаси биланми? Худо қор ёғдиргани каби ҳақиқат, адолат ёғдирса-чи? Бир кунгина ёғдирса эди. Қор эриб тупроққа сингиб кетишига ўхшаб, ҳақиқат билан адолат одамларнинг юрагига сингиб кетса… Дунё бир кундаёқ бошқача бўлиб қоларди…» Зоҳид бобосининг гапларини эслади: «Оллоҳ таборак ва таоло инсонларни синамоқ учун бу дунёга юборган…»

Садақайрағочдек ўсган оқ ўрик остидаги супага кўрпача тўшаб ўтиришни хушлайдиган бобоси шу гапларни кўп такрорларди. Кўзойнакнинг синган бандлари ўрнига ип тортиб қулоққа илиб, мук тушиб эски китобларни ўқиб ўтирувчи бобоси кўз олдига келди. Акасига эргашиб кўча чангитиб юриб ё сув ичгани, ё қорни очиб бир тишлам нон егани кириб қолганда бобоси «Қани, дўнгпешоналар, ўтиринглар-чи, эшитинглар-чи…» деб эски китобдан ҳикоятлар ўқишни бошларди. Улар эса бобосининг ўқишга берилганидан фойдаланиб лип этганча қочиб қолишарди. Зоҳид ҳозир бобосини қўмсади. Эски китоблардан ўқиб беришини, насиҳатларини, дунёнинг тузилиши, инсонлар хулқи ҳақидаги сўзларини эшитгиси келди. Бобосининг бу дунёдан ризқи узилганда Зоҳид ўн ёшда эди. Кўп гапларни эшитарди, бироқ мағзини чақолмасди. Улғайиб, бу ёруғ оламнинг қоронғи кўчаларига бехос кириб қолиб, ночор тентираган чоқларида эсида қолган гапларни фаҳмига етмоққа ҳаракат қиларди. Йиллар ўтгани сайин, дунё тиконзорларини ялангоёқ кезгани сайин бобосининг ўгитларига муҳтожлиги орта борди. Зоҳид камгап отасига дардини айтиб далда ололмасди. Бу оилани танимаган кишига «шу индамас кетмончи ўша мулла одамнинг ўғли», деса ишониши қийин. Бобоси уриб бўлса ҳам илмини ўргатмаган экан-да, кетмонингни чопиб юровур, ўғлим, илм билан қорин тўймайди, деган экан-да… Мана энди Зоҳиднинг акаси ўлиб кетди, отасида на эскича, на янгича илм бор. Ўйлаб қараса, қариндош-уруғлари орасида ҳам бобоси каби одам йўқ экан. Ўтин ёниб, кул қолибди, деганлари шуми?

Бобосини ўйлаб бораётган Зоҳид саволларига жавоб топгандай бўлди: «Худо ёғдирган ҳақиқат, адолат — бобомга ўхшаган одамлар эмасмиди экан? Улар ер юзидаги одамлар қалбига яхшилик уруғи сепишлари лозимми эди? Бобомга ўхшаганлар камайиб кетяпти-ку! Энди нима бўлади? Энди юраклар фақатгина қон ҳайдашга ярайдиган ҳиссиз буюмга айланадими? Ҳақиқат ва адолат тамом қовжираб, куйиб кул бўладими?!»

Зоҳид бадбин хулосага яқинлашган эди. У дунёда битта яхши, битта тўғри одам қолгунича адолат ва ҳақиқат яшаши мумкинлигини ҳозирги кайфиятида идрок эта олмас эди. Ёмонлар, мунофиқлар нафасидан олов чиқиб ҳақиқат ва адолатни куйдиради, аммо яхшиларнинг юрагидан қувват олгучи бу ҳақиқат, бу адолат яшайверади. Бу — азалий кураш! Яна неча аср давом этади — яратганга маълум. Бандасига бир нарса аён — азалий курашнинг интиҳоси — қиёмат!

Эркинликка эришган оёқлар Зоҳидни аввал анҳор бўйига, сўнг сувоқлари кўча бошлаган тўрт қаватли уйга бошлади. Нураб қолган тош зиналарни босиб тўртинчи қаватга кўтарилди. Ҳаворангга бўялган ёғоч эшикка қайсидир бола бўр билан катта қилиб «проф. Ҳабиб Сатторов» деб ёзиб қўйибди. Шу ёзувни кўриб Зоҳид хаёлини йиғиштирди. «Нимага келдим? Ҳасратимни тўкиш учунми? «Бу соҳага ўтиб овора бўлма, сен излаган ҳақиқат йўқ у ерда. Бўлмаган, йўқ ва бўлмайди ҳам», деб неча марта таъкидлаган. Энди «Гапингиз тўғри экан», деб кириб бораманми?» Зоҳид бир оз ҳаракатсиз туриб, изига қайтмоқчи бўлди. Энди ўгирилиб кетаман, деганида эшик очилиб елкасига жун рўмол ташлаб олган Ҳабиб Сатторов кўринди. Зоҳиднинг бурилиб кетаётганини кўриб, ажабланди.

— Зоҳид? Ҳа, тинчликми?

Зоҳид ўгирилиб, хижолатдан гап тополмай қолди.

— Уйда йўқдирсиз, деб ўйлабман, — деди.

— Қўнғироқ ишламаяптими? — профессор шундай деб тугмани босди. Биринчи, иккинчисида овоз бўлмади. Кейин қўнғироқ булбулга ўхшаб сайраб берди. Мана шу ҳол Зоҳидни хижолатдан қутқарди. — Болалар тугмани ўйнайвериб ишдан чиқаришганга ўхшайди. Қани, кир. Келаётганингни деразадан кўрувдим. Кутдим, кутдим, дарагинг бўлмади. Яхшиям эшикни очиб қараганим.

Зоҳиднинг кўзига уй бесаранжомроқ кўринди. Ўртадаги стол устида кўк пластмасса челак турибди. Дераза томонда икки тоғора… Ҳабиб Сатторов Зоҳиднинг ажабланганини кўриб кулимсиради:

— Чакка ўтиб кетди. Учинчи қаватдагиларга жабр бўлмасин, деб шунақа ўтирибмиз. Кеча қувурлар ёрилибди, уй исимаяпти. Болаларни қайнонамникига қўйиб келдим. Ўзим кечқурун Масковга кетяпман. Вадим Петрович ишга чақириб, ҳоли жонимга қўймаяпти.

— Рози бўляпсизми?

— Ўзимни-ку боргим йўқ. Академияга сайловдан кейин Соҳиб Пўлатович зада бўлиб қолди. Энди менга кун бермас. Биринчи қилган яхшилиги мен олишим керак бўлган уйни Кравчукка бердирибди.

— Ким у Кравчук?

— Керакли, зарур мутахассис! — Ҳабиб Сатторов шундай деб кўрсаткич бармоғини осмонга нуқиб қўйди. — Институтнинг сантехниги.

Зоҳид Фанлар Академиясининг мухбир аъзолигига номзодлар орасида Ҳабиб Сатторов билан Соҳиб Пўлатовлар борлигини эшитиб «чакки бўлибди» деб қўйган эди. Бунақа сайловларда олимнинг иқтидори эмас, эгаллаган мансабию суянган тоғи муҳимроқ экани унга маълум. Сайловдан Сатторов ҳам, Пўлатов ҳам ўтолмади. Пўлатов, шубҳасиз, бу кўргуликда Сатторовнинг айби бор, деган хулосага келгану уни икки хонали тор, совуқ, чакка ўтувчи уйда яшашга маҳкум этган.

— Ҳозир кетсам, бўлмас, — деди Ҳабиб Сатторов, — сайловдан ўтолмагани учун аразлаб жўнаворди, деб ғийбат қилишади. Масковга-ку ишга бормасман. Аммо Кембрижга боришим керак. Бир йилга чақиришяпти. Дилимга тугиб юрган режаларим бор, ўша ерда битириб келаман.

— Пўлатов биладими, буни?

— Эшитса инфаркт бўлиши турган гап. Мана буни ўқи, ҳали ҳеч ким билмайди. — У китоб жавонини очиб, тик тахланган китоблар устидан катта конверт олиб узатди. — Инглизчани билардинг, а?

— Сал-пал.

Зоҳид ҳиж ўқиди:

— «Қадрли мистер Сатторов! Сизни Кембриж дорилфунунининг фахрий профессори бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Хоҳиш-истагингиз ва имконингиз бўлса, Англияга келишингизни сўраймиз. Сизни дорилфунунимизда бир йил ҳамкорлик қилишга таклиф этамиз. Таклифимизга кўнсангиз, контрактни имзолаб жўнатинг…» Зўр-ку?

— Секинроқ айтасанми?

— Мен сизга далда бериб, кўнглингизни кўтармоқчи эдим.

— Бе… уйни айтяпсанми? Ё академияними?

— Унисини ҳам, бунисини ҳам.

— Унисига ҳам, бунисига ҳам хурсандман, очиғи. Академияда кимлар борлигини биласан-ку? Уйни Пўлатович марҳамати билан олганимда барибир туришим қийин эди. Учала қизимни узатвораман. Эр-хотинга шу уй ҳам бўлаверади, нима дейсан? Хў-ўш, қани ўтир-чи. Чой ичасанми ё қаҳва қилиб берайми? Ё конякдан, а, янги йил баҳонасида?

— Кембрижни ювиш керак.

— Бу гапинг ҳам тўғри.

Ҳабиб Сатторов кўнгил учун таклиф этган эди. Зоҳиднинг гапидан сўнг ўзига ҳам бир ҳўплам қуйди. Зоҳид профессорнинг кам ичишини биларди, шунинг учун бундан ажабланмади. Коняк ўзига хуш ёқди. Томирларида гўё тўхтаб қолган қон юришиб кетгандай бўлди. Сатторов унинг кайфиятини сезиб яна қуйди. Зоҳид учинчи сафар ўзи қуйиб ичгач, мезбон конякни олиб, ошхонага қўйиб чиқди.

— Солмонов ўн саккизинчида ҳимоя қиляпти. Диссертатсиясини яхши баҳолашяпти. Сен ҳам боргин.

Зоҳид «хўп» дегандай бош ирғаб қўйди. Солмонов унинг курсдоши эди. Кириш имтиҳонида ёзма ишни «беш»га топшириб, тарихдан «икки» олиб изига қайтмоқчи бўлганида жонига шу Ҳабиб Сатторов ора кирган. Карра жадвални аранг биладиган, нима учун бу ўқишга кириб қолганидан гарангсиб юрган «толиби илм»лар орасида Зоҳид билан шу Солмонов ажралиб турарди. Зоҳид ўқишни ташламаганида, балки ўн саккизинчида Солмонов билан бирга ёқлармиди… Зоҳид «профессор шунга шама қиляпти», деб ўйлади. Ҳолбуки, Сатторовнинг фикрича, Зоҳид ҳозир докторлик диссертатсиясини ёқлаши лозим эди.

Сатторов «конякдан кейин яхши кетади» деб қаҳва қайнатди. У собиқ шогирдининг авзойига қараб, кўнгли хира эканини сезгани учун «ишлар қалай?» деб сўрамаётган, бу эса Зоҳид учун муддаонинг ўзи эди. Сўралган тақдирда ҳам, гарчи кўнгил ҳасратлашишни истаб турган бўлса-да, «яхши» деб гапни калта қилган бўларди. Фикри-зикри илм билан банд бўлган одамга Асадбек деган зотнинг қўли нечоғли узунлигини, янгиланган прокуратурада ҳам адолат йўқлигини тушунтириш қийин. Умуман, бу дунё қинғирликларини кўравериб кўзлари пишган одамга адолат йўқлигини гапириш осмон юлдузга тўла эканини беҳуда исботлашдай гап эмасми?

Солмонов бекорга эсланмаган эди. Профессор аввал унинг ишларини шарҳлаб берди. Зоҳид ўзининг терговчи эканини бир неча дақиқа унутди. Қаҳва қуйилган пиёлалар четга сурилиб, стол устида қоғоз-қалам, топ-тоза қоғоз юзида эса формулалар тизими пайдо бўлди. Ташқаридан қараган киши чакка ўтиб турган бу совуқ хонада риёзиёт профессори билан прокуратура терговчиси эмас, икки олим дунё ташвишларидан чекиниб, илм бағрига шўнғияпти, деб ўйлаши мумкин.

Диссертация шарҳи тугагач, Сатторов Зоҳидга савол назари билан тикилди.

— Калланг жойида, ҳали ҳам кеч эмас, қайт.

Зоҳид қоғоз юзидаги формулаларга қараб ҳазин жилмайди.

— Биласиз-ку, мен камикадземан.

Зоҳид қисқа жавоби билан нишонга урди. Ўқишдан кетаман, деб юрганида бу гапни Сатторов айтган эди. Зоҳид «Камикадзе деган гуржи ким экан, нима учун мени унга ўхшатди», деб ҳайрон бўлиб юрди. Охири бир куни «Камикадзе» деган одам ким эди?» деб сўради. Профессор аввалига мириқиб кулди. «Ҳа, қишлоқи!» деб мазах қилди. Сўнг Камикадзе — грузин эмас, балки иккинчи жаҳон урушидаги мутаассиб япон учувчиларига берилган ном эканини, бу учувчилар самолётга бомба ортиб, изга қайтишга ёнилғи олмай, ўлимга тик боришганини тушунтириб берганди. Зоҳид ҳозир ўша суҳбатни эслатди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК