ШАЙТАНАТ… (11-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Камикадзелар бекорга ўлиб кетишди. Япония урушда енгилди. Сен ҳам мағлуб сифатида ўлиб кетасан.

— Адолат учун кимдир ўлиб туриши керак-ку?

Профессор панжаси билан столни бир-икки уриб қўйди-да, ўрнидан турди. Дераза олдига бориб кўчага тикилди.

— Фақат… сен ўлма. Аҳмоқ бўлсанг ҳам шу дунёда яшаб юравер. Бу дунёда аҳмоқлар кўп-ку, тўғрими? — У шундай деб орқасига ўгирилиб Зоҳидга тикилди. — Шуларнинг орасида сен ҳам юрсанг нима қилибди?.. Сени нимага яхши кўраман, ҳайронман. Илмни беҳурмат қилган одамнинг башарасига қарамаслигим керак. Лекин сени кўргим келади. Сен «Ҳабиб акам мени яхши кўраркан», деб талтайма. Сендан нафратланаман. Лекин… кўргим келади. Бир кунмас бир кун ақлингни топиб олишингга ишонсам керак. Ўзи сен тенгиларнинг ҳаммаси аҳмоққа ўхшайди. Нечанчи йилда туғилган эдинг?

— Олтмиш бир эди шекилли? — Зоҳид шундай деб гапни ҳазилга бурмоқчи, профессорни сал шаштидан туширмоқчи эди.

— Ҳа, тўппа-тўғри! Укам ҳам олтмиш бирда туғилган. У ҳам қип-қизил аҳмоқ! Илмни қўйиб, шеър ёзиб юрибди.

— Тарихчи укангизми?

— Менинг биттагина укам бор. Унинг ҳозир қаердалигини биласанми? Жиннихонада! Лекин жиннимас у, мияси бус-бутун. Дунёнинг яралиш формуласини яратибдилар акам. Қарагин-а, — профессор стол ёнига қайтиб, қоғознинг бўш ерига ёзди: (ҳақиқат) =хиёнат+риё (ҳасад+очкўзлик) + шуҳратпарастлик = мансабпарастлик — виждон+имон+диёнат=О. Бунга нима дейсан?

Зоҳид ўйланиб қолди. Бу шунчаки формула эмас, дунё ишларидан зада бўлган юракнинг ноласи эди. Бу нола унинг дардига ҳамоҳанг эди. Зоҳид профессорнинг укаси билан бир-икки марта шу уйда ҳамсуҳбат бўлганди. Унинг тарихни бузиб талқин этилаётганидан куйинишлари, пичингли гаплари, замонни турли махлуқларга ўхшатиши Зоҳидни ҳайрон қолдирган эди. «Бу тузум заҳм билан оғриган фоҳишанинг ўзи. Ҳаммани ўлимга гирифтор қилиб, сўнг ўзи ҳам ўлади», деган гапини Зоҳид кўп ўйлаб юрди. Гап мағзини чаққани сайин унга бўлган ҳурмати ортиб борди. Сўнгги марта уни бир-икки йил олдин қабристонда кўрган эди. Ҳамкасбининг отаси қазо қилиб, жанозага боришганида учратганди. Кўзида ёш билан юрган экан. «Бир ажойиб шоир ўзини осиб ўлдирди», деб йиғлаган эди.

— «Ўзбек бўлиб туғилмаганда, Кўрмас эди шунчалар хўрлик…» деб ёзиб, хор бўлиб ўлди. Ҳаммамиз ҳам хорланиб юраверамизми?! — деган эди. «Шоир нима учун хўрланди?» деб сўрашнинг мавриди эмасди. Зоҳид кейинги учрашганимда сўрарман, девди. Орадан анча вақт ўтиб кетди. У билан кўришмади. Ана энди жиннихонада эмиш… Яратган формуласи…

— Ечими тўғри, — деди Зоҳид, ўрнидан туриб.

— Айтдим-ку, ҳамманг бирсанлар!

Дунё илм аҳлининг эътиборига тушган, аммо ўз юртида турткиланаётган олим ўз тақдиридан нолимай, укаси ва Зоҳидга ўхшаш ёшларнинг иқтидорини тутантириққа сарф этаётганидан куярди. Ҳар тўкисда бир айб деганларидек, бу профессорга математика илми омон бўлса бас, унингча барча ҳақиқат шу илмда. Шу азим шаҳарнинг яна қайсидир мавзеида, яна қайсидир икки хоналик совуқ (балки иссиқдир — Худо билади!), чакка ўтаётган (балки чакка ўтмас) уйда бир физик (балки кимёгар) ҳақиқат фақат физикада (балки кимёда) деб баҳс юритаётган бўлса ажаб эмас. Ҳабиб Сатторов тоифасидаги одамлар учун бу алдамчи дунёнинг ҳийлалари одатий ҳол. Улар бу ҳийлаларга бас кела олмасликларини биладилар. Осмонга отилган тош қайтиб тушгани қанчалик ҳақиқат бўлса, улар учун бу ёруғ оламни тозалаш мумкин эмаслиги шунчалик исбот талаб этмовчи ҳақиқат. Адолат истовчилар Сатторов назарида камикадзе, қайсидир физик назарида эса шамол тегирмонини дев деб фараз қилиб, жангга кирган нодон Дўн Кихотлардир.

Ҳар бир одам дунёга ўз кўзи билан қарайди, ҳар бир нарсани ўз қаричи билан ўлчайди. Оқибатда ўз идрокига хос равишда дунё формуласини яратади. Шундай экан, профессор билан бу соҳада баҳслашиши фойдасиз.

Зоҳид устозининг ҳовури босилишини кутиб, индамай ўтирди. Оёқлари уни бу томонга бошлаганда кўнгли таскин истаган эди. Қизиқ, ҳақиқат учун курашиш фойдасиз деган ақида билан яшовчи одам унга қандай таскин бериши мумкин? У бир йил давомида инглиз илм аҳлини лол қолдириб юради. Бу ерда эса ким кимни ўлдиради, ким мансаб курсисига интилиб ҳамкасбини янчиб ўтади, ким кимни камситади — бу билан иши бўлмайди. Зоҳид шуни ўйлаб, устозидан нафратлана бошлади. Ҳатто шартта туриб, чиқиб кетгиси ҳам келди. Бироқ, фаришталар унинг қилиғига «ўзингни бос, ахир кимдир илм билан ҳам шуғулланиши керак-ку? Адолат деб, тўрт хоналик яхши уй оламан, деб, академик бўламан, деб бир нодон билан олишса, илм нима бўлади?» дея шивирлаб уни шаштидан қайтарарди.

 

***

 

Зоҳид профессорникига кираётганида қандай тушкун ҳолда бўлса, чиқаётганида елкасидан босиб турган дард юки бир мисқол ҳам камаймаган эди. Машина ғилдираклари остида эзғиланиб, кирланиб кетган қор эрий бошлаган, гўё атроф балчиққа беланаётгандай эди. Заиф қор учқунлари эса бу ифлосликни қоплаб улгурмасди.

Зоҳид уйга борсамми ё қишлоққа чиқиб кетсамми, деб пича иккиланди. Қишлоқдан кеча кечқурун келди. Бугун борса ота-онаси «нима бўлди?» деб хавотирланишади. Уйда ҳеч ким йўқ — хотини ишда, ўғли боқчада… У яна оёқларига эрк берди. Бизга шундай туюлади: гўё оёқларимизга эрк берамиз, бу эркин оёқлар бизни қайгадир бошлаб боради, гўё қаёққа бораётганимизни билмаймиз. Ҳолбуки, миямиздаги яширин бир нуқта бу эркин оёқларни бошқаради, «у ёққа юрма, бу ёққа юр», деб туради. Ҳозир Зоҳиднинг оёқлари уни (гўё беихтиёр) винзавод томонга етаклади. Билчиллаб эриётган қорларни босиб, кўлмакларни четлаб ўтиб, қоровулхонага ҳам олиб кирди.

Қоровулхона темир панжара билан иккига бўлинган, панжара ўртасида бир қулочли айлана темир эшикча бор эди. Панжара ортидаги эски стол атрофида уч йигит давра қуриб, чойхўрлик қилиб ўтирарди. Улар Зоҳидга бир қараб қўйишди-ю, индашмади. Зоҳид ҳам уларга қараб тураверди.

— Ҳа, укахон, хизмат борми? — деди қўнғиз мўйловли йигит.

— Қилич ака керак эдилар, — деди Зоҳид.

Яхшики қоровул «нима ишингиз бор эди?» деб сўрамади. Сўраб қолганида Зоҳиднинг довдираши тайин эди.

— Қилич акамлар бугун ишга чиқмадилар. Тоблари йўқ, — деди қоровул.

«Билмайдими ё лақиллатмоқчими?»

— Шариф ака-чи?

Қоровул кулимсиради.

— Шариф акангизга беш-ўн йилдан кейин келасиз, укахон.

— Нимага? — деди Зоҳид ажаблангандай.

— Сафарга кетганлар, — деди гапга аралашмай ўтирган қоровул йигитлардан бири. Унинг сўзларини маъқуллаб, шериклари кулишди. Шу пайт завод ҳовлисига олиб чиқувчи эшик очилиб, елкасига сувсар ёқали палто ташлаб олган дўмбоқ жувон қоровулхонага кириб барчанинг эътиборини ўзига қаратди.

— Салимчик, мана буни ёпиштириб қўй, — деди жувон қўнғизмўйловли қоровулга бир парча қоғоз узатиб.

— Сиз ёпиштир, дейсиз-ку, биз ёпиштирмаймизми, — деди қўнғизмўйлов, ўрнидан туриб. Бу ҳазилдан шериклари мириқиб кулишди. — Нима бу ўзи?

— Министрнинг пиркази.

Қўнғизмўйлов чап қўли билан қоғозни олиб, ўнг қўлини аёлнинг думбасига юборди. Жувон «отстан» деб қўлига аста уриб қўйиб, изига қайтди. Қўнғизмўйлов қоғозга кўз югуртирдию ажабланиб шерикларига қаради.

— Ие, вей, — деди у, — бу ёғи алламбало бўп кетди-ку, «Сулаймонов ишдан олиниб, Намозов директор вазифасини бажаришга киришсин…»

Иккала йигит шошиб ўрнидан туриб, қоғозга қаради.

— Биров ҳазиллашгандир?

— Тўхта, — деди қўнғизмўйлов телефон томон юриб. Шунда бегона йигит серрайиб турганини эслаб, унга норози қиёфада боқди. — Ҳеч ким йўқ бугун, эртага келасиз.

— Нима юмушингиз бор эди, ўзи? — деди ҳали гап ташлаган йигит.

— Ишга кирмоқчийдим, — деди Зоҳид.

— Бу ерда иш йўқ, қурилиш-пурилишга боринг, — деди йигит.

Зоҳид бу қимматли маслаҳат учун миннатдорлик билдириб, ташқарига чиқди-да, зинадан пастга тушмай турди. Орқасига бир қараганда қўнғизмўйлов телефонда гаплашаётган эди. Яна бир қараса буйруқ ёзилган қоғозни девортахтага ёпиштиряпти. «Демак, бу ёғи ҳам пишган. Қўнғизмўйлов кимга қўнғироқ қилди? Министрликками? У ердагилар қоровул билан гаплашиб ўтиришармиди? Кимдан сўради? Асадбекданми?»

 

***

 

Табиббоши Анварнинг гапларини эшитиб, «бари-бир ялиниб келар экансан-ку», дегандай истеҳзо билан кулимсираб қўйди.

— Ўжарлик қилиб чиқмай қолганингизда сизни чиндан ҳам телба деган бўлардим. Ҳозир дўхтирингизга айтаман, қоғоз ёзиб беради.

— Биратўла мажруҳликка чиқариб юбормайсизларми ишқилиб? — деди Анвар хавотир билан.

— Қўрқманг, — табиббоши «ҳолинг шумиди» дегандай яна илжайди, — инвалидликка чиқиш осонмас, яна икки-уч марта келсангиз, ана ўшанда ўйлаб кўрамиз.

— Ҳали яна кўришар эканмиз-да, — Анвар унга кўзини лўқ қилиб тикилди. — Сизни тортиб кўриш янаги сафарга қоларкан-да а? Неча кило гўшт беришингизни билмай чиқиб кетавераманми энди?

— Бас қилинг!..

Табиббоши асабий ҳолда эмас, ялиниш оҳангида айтди бу гапни. Гап оҳанги Анварни ажаблантирди. Бу ерда бошқа қиладиган иши йўқ эди, чиқиб кетаверса ҳам бўларди. Бироқ, табиббоши юзида истеҳзо учқунларининг йўқолиб, кўзига мунг соя ташлаши уни ҳайрон қолдириб жойига михлади. Табиббоши уни ҳайдаб чиқармади.

— Хафалик сизга ярашар экан, кўзларингиз чиройли бўлиб кетаркан.

— Қўйинг, гапирманг, — табиббоши ўрнидан туриб дераза токчасига қатор терилган тувакдаги гуллар олдига келди. Қўлларини қовуштирганича Анварга орқа қилиб турди. Ундан анчагача садо чиқмади.

— Жиннилик ҳам эви билан-да, — деди у ниҳоят. —

Кимлигингизни билмайманми? Сиз аламингизни мендан олмоқчисиз. Мен бир бечора тул аёл бўлсам. Сизнинг эркак деган номингиз бор… — табиббоши шундай дегач, Анварга ўгирилди. — Ҳа, фақат номингиз бор. Гапимдан ранжиманг, ёлғиз сиз эмас, ҳаммангиз… бирсиз… Аслида эркак зоти қолмаган. Ҳаммаёқни хотинчалиш босиб кетган.

«Бу ёғи зўр бўлди-ку? — деб ўйлади Анвар. — Нимага шама қиляпти у, ё қармоқ ташламаганимгами? Қани, эшитаверай-чи…»

— Зўр бўлсангиз, ақлли бўлсангиз, ҳақиқатпарвар бўлсангиз нимага бу ерда миқ этмай ўтирибсиз. Бу ерга юборганларга қарши нима учун бош кўтармадингиз? Ўртоғингиз-чи, у ким? Энди Асадбекка малайлик қиляптими? Сиз чиқиб ким бўласиз? Сиз ҳам Асадбекнинг ялоғини ялайсиз. Яламай кўрингчи!.. — Табиббоши эримнинг куни бошингизга тушади, демоқчи эди, лекин рўпарасида ҳасратдоши эмас, бегона эркак ўтиргани учун бундай демади. Бирданига ёрилиб, шунча гапларни айтворгани ҳам етарли эди.

Табиббоши аслида Элчин келиб-кетганидан сўнг айтмоқчи эди бу гапларни. Сиртдан қараганда беғам, ҳаёт лаззатларидан баҳраманд яшаётгандай кўринган бу дўмбоқ аёлнинг ичи ҳасратга тўла эди. Тўғри, емоқ-ичмоқдан кам-кўсти йўқ. Лекин аёл кишига шунинг ўзи етарлими? Қиморбоз бўлса ҳам эри бор эди. Эртага қайси эркак эркалар экан, деган ўйда яшамасди. Етим тўшакка кирганида кўкраклари ўрганган қўлни қўмсаб зириллайди. Келинлик чоғлари ўрганолмай қийналган ароқ ва сигаретнинг аралаш қўланса ҳидини ҳам соғинади. Унинг дардини фақат ёстиқ билади. Кўзёшларга айланган ҳасратни ёстиқ бағрига сингдирган. Ер қон ичиб тўймаганидек, ёстиқ ҳам ҳасрат кўзёшларини ичиб тўймайди.

Соппа-соғ йигит-қизларнинг бу ерга ётқизилишига у кўника бошлаган эди. Айниқса жиноят қилиб қўйган ёки ҳарбийдан қочирилганлар бу ерга тез-тез келади. Табиббоши бу ҳолдан изтиробга тушмасди. Лекин ҳеч қандай жиноятга алоқаси йўқ, фақатгина тўғри гапни айтишни яхши кўрувчи одамлар келтирилганда ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Тўғри, у руҳий хасталиклар бўйича мутахассис эмасди. Лекин одамнинг кўзига, сўзларига қараб эс-ҳуши жойидалигини ажратиш қийин эмас-ку! Анварни дастлаб кўрганида ҳам эси бутунлигини билди. Кейин иш жойи, касб-кори билан қизиқди. «Бу йигитнинг касали — ҳақиқат», деб ўзича ташхис қўйди. Табиббоши бу эси соғ одамга ачинса, у «неча кило гўшт қиларкинсиз», деб масхаралаб юрибди. Табиббошининг алами шундан эди. Гапириб сал хумордан чиққандай бўлди.

Анварга, шубҳасиз, унинг кечинмалари бегона эди. Табиббоши у учун занжирнинг бир ҳалқаси эди холос. Аёлнинг гапларини аламга тўла юрак садоси сифатида эмас, шунчаки гина каби қабул қилди. Табиббошининг «Асадбекнинг ялоғини ялайсиз», дегани товонигача зириллатиб юборди. «Сиз-чи, кимникини ялайсиз, халқлар отасиникиними?» демоқчи бўлди-ю, шу гапни айтса баҳс чўзилишини билиб ўзини тийди. «Жиннихона маликаси» деб ном олган бу дўмбоққина аёл бир нималар деб валдираса жавоб қайтариш шартми, балки мени синамоқчидир, балки гап олмоқчидир, балки учинчи қаватга «кўтариш» учун замин ҳозирлаётгандир…» Анвар шу фикрлар билан ўзини овутди.

Табиббоши Анвардан садо чиқмагач, гапим таъсир қилди, деган хулосага келиб: «Хайр бўлмаса», деди.

Анвар бош ирғаб ўрнидан турди. Бир-икки қадам қўйиб, орқасига ўгирилди.

— Кўришгунчами? — деди кулимсираб.

Табиббоши бу гапни эшитиб, тутақиб кетди:

— Одам эмасакансиз! — деб юзини четга бурди.

***

 

Ҳаво айтарли совуқ эмасди. Аммо қор учқунларини ўйнатиб юрган шамол «уст-бошингнинг қалинлиги менга чўт эмас, барибир қақшатаман», дегандай одамларга ҳамла қилар эди. Шундай ҳавода пинжагининг ёқасини кўтариб, қўлларини чўнтакларига солиб, шумшайиб қолган йигитга қараб бировлар «еси соғми бу одамнинг» деса, бировлар «йўлтўсарлар ечинтириб олган шекилли», деб ачинарди. Ҳеч ким «бу бечорани кузда жиннихонага худди шу кийимда олиб келишган эди, «хотиним палто олиб келар», деб кутиб ўтирмай чиқиб келаверибди-да», демас эди.

Автобусда Анварнинг жони пича ором олган эди. Пастга тушиб беш-ўн қадам босмай яна қалтирай бошлади. Тез-тез юрса ҳам исимади. Ҳовлисига безгакка учраган одамдай титраб-қақшаб кириб келди. Уйига кирмай, тўғри ҳовли этагидаги онасининг хонасига қараб юрди. «Уйдамикинлар ишқилиб?» деб ўйлади у. Онаси, кўзи ожизлигига қарамай, деворларни пайпаслаб юриб қўшниларникига йўрғалаб қоларди. Маҳалла-кўйнинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлиб турган аёл кўздан қолса қийин экан. Уйга сиғмайди. Кўнгил қурғур «ўтирма, қўни-қўшниларникига чиқ, дарди бўлса дардини ол», деяверади. Шунақа пайтда ёмғирми-қорми, иссиқми-совуқми фарқи йўқ — уйдан чиқади.

Эшикка яқинлашганида радиодан чиқаётган овоз эшитилди. «Уйда эканлар» деб ўйлади Анвар енгил тортиб. Эшикни очиб ичкари кириши билан онаси:

— Ким? — деди. Жавоб кутмай сўради: — Анвар, сенмисан?

— Менман, ойи, ассалому алайкум.

— Вой, болагинамдан айланай, келган бўлсанг ўргилай, нимага қалтираяпсан, болам? — у шундай деб ўрнидан турмоқчи бўлди. Анвар тез-тез юриб бориб чўк тушди-да, онасини қучди.

— Вой, болам, юпунлигингча келавердингми? Содиқ акангникига телпон қилсанг бўлмасмиди? Хотининг уйдайди-я, лип этиб кийимларингни олиб борарди. Танчага ўтира қол, ҳа, омон бўлгур-а, шундай келаверганингни қара. — Рисолат кампир Анварни худди гўдакни авайлагандай танчага ўтқазди. Қўлини кўрпа орасига тиқиб чойнакни олди-да, чой қуйиб узатди: Анвар ҳовури ўлмаган чойдан бир-икки ҳўплагач, Рисолат кампир ўрнидан туриб, радиони ўчирди. Сўнг эшикни қия очиб «Хонзода-ю, ҳой Хонзодахон», деб чақирди. Хонзода — Анварнинг кўз очиб кўрган хотини. Асл исми Зеби. Чарлари куни Рисолат кампир «Менинг ўғлим анов-манов боламас, у хоннинг ўзгинаси, келиним эса Хонзода бўлади» деб ҳазиллашганидан бери Зеби — Хонзода бўлиб кетган. Ҳовлидан «Ҳозир, ойижон», деган овоз келди. Дам ўтмай эшик очилиб, Зеби — Хонзода кўринди. Эрига кўзи тушиб «Вой», деб ажабланди. Кейин шошилиб салом берди.

— Кеча… индамовдингиз-ку? — деди ўпкаланиб.

— Кеча номаълум эди. Бугун қарашса, тузалиб қолибман. Сенга рухсат, тўрт томонинг қибла, дейишди, келавердим.

— Тузалиб қолдинг, дейишдими? Олдин касалакансанми, вой омон бўлгур. Ҳай, Хонзодахон, иссиқ кийимларини олиб чиқинг дарров.

— Уйга кирақолинглар… иссиқроқ-да.

— Шу ерда бирпас ўтирсин, танча совуқнинг захрини олади. Оловни титиб қўяй-чи. Шу эр сизники, ман билан бирпасгина ўтирсин, кейин олиб чиқиб кетасиз.

— Вой, ойи, гапингизни қаранг…

Рисолат кампир «бопладимми», дегандай мириқиб кулди.

— Содиқникига чиқиб муллакангизга тилпон қилиб қўйинг. Масковига кетмагандир ҳали. Укасини кўриб кетсин. Ҳай, яна Ҳабиб Сатторович, деманг-а. Муллака денг…

Хонзода: «Хў-ўп, ойи» деб чиқиб кетди. У қайноғаси билан бирга ишлар, кўпчилик «Ҳабиб Сатторович» дегани учун у ҳам уйда баъзан шундай деб юборар, ўрнида узиб оладиган қайнона шубҳасиз, буни назардан четда қолдирмас эди.

Ҳабиб Сатторович Зоҳидни кузатиб, эндигина қоғозларига тартиб бераётганида телефон жиринглади. Укасининг қайтганини, онасининг топшириғини эшитиб, соатига қараб олди — ҳали вақт бор. Тезгина кийиниб йўлга тушди.

Анвар танчанинг иссиғида ҳузурланиб ўтирганида акаси кириб келди. Қучоқлашиб кўришдилар.

— Хафа бўлма, сени йўқлаб бормадим, — деди Ҳабиб. У укасига «боролмадим» эмас, «бормадим», деди. Анвар унинг мақсадини тушуниб, кулимсираб бош ирғаб қўйди. Бироқ, Рисолат кампир «бормадим»нинг маъносини англамай, тўнғичига танбеҳ бера кетди:

— Вой, омон бўлгур, уканг шунча ётиб би-ир мартаям бормадингми? Сенки, бормагансан, хотининг ўзингдан беш баттар. Вой, ман билганимда санларни би-ир қовуриб ташлардим-а! Вой, сан инсофи йўқлар…

— Ойи, — деди Ҳабиб норози оҳангда, — қўйинг энди.

— Нимага қўярканман? Ҳали хотининг келсин. Сен унга маслаҳат солгансан. У «қўйинг, настраенайз бузилади» деган. Сан лақма, кўнгансан.

— Ойи, кеннайим бордилар, — деди Анвар вазиятни юмшатиш учун. — Акамни уришманг, ишлари кўп.

— Тўғри айтдинг, ишларим кўп. Лекин ишим кам бўлганида ҳам бормас эдим. Сабабини ўзинг биласан.

— Сабабини манам билай-чи, қани айт-чи, тилларинг мунча ширин!

— Менинг тилим ширин, ойи. Мана бунингизники заҳар. Шу тили етаклаган уни у ёққа. Бунингиз касалмас. Буни миясинимас, тилини даволаш керак.

— Шунақа дўхтир бўлса бирга борайлик, — деди Анвар қувлик билан, — суякли тилингизни сал юмшатиб берсин. Тилингиз «а» квадрат, «б» квадратдан бошқани айтишга ярамайди.

— Ойи, мени уришишга чақиртирувдингизми? — деди Ҳабиб, бир оз аччиқланиб.

— Сени уришиб туриш керак. Ҳамма айб ўзингда. «Укам ўзи хоҳлаган касбни танласин», дединг, ёнингга олмадинг. Ўзинг дўхтир бўлиб олиб гердайи-иб юрибсан. Етти ёт бегона болаларни олим қилиб юбординг. Укангнинг бири икки бўлмай сарсон.

— Бунингиз карра жадвалини билганда ҳам майли эди… Ҳа, нимага ишшаясан?

— Қўйинг, бу гапларни. Ойим бир гапирдилар-да. Масковга кетяпсизми?

— Ҳа, МГУда бир ой дарс ўтаман.

— Домлангиз ҳали ҳам чақиряптими?

— Чақиряпти.

— Борасизми?

— Балки борарман, сенга нима?

— Масковда ҳақиқат бор, деб ўйлайсизми?

— Менга ҳақиқат эмас, илмий иш учун шароит керак.

— Ҳақиқат йўқ ерда шароит ҳам бўлмайди. Домлангиз бошингизни силагани билган «қора-қуралар насибамизни еб кетяпти», дейдиганлар кўп у ерда.

— Сен сафсатангни қўй. Ҳозир биттаси келиб бошимни қотирувди.

Хонзода кириб, уларнинг суҳбати узилди.

— Меҳмонхонага дастурхон солдим.

— Во-эй, Хонзодахон, эрингизни олиб чиқиб кетмагунингизча кўнглингиз тинчимади-я! — Рисолат кампир шундай деб фотиҳа ўқиди-да, ўрнидан турди. Икки ўғил икки қанотида, ҳовлига чиқди.

Онага икки қанот бўлиб турган ўғилларнинг фақатгина соҳаси бошқа эмас, дунёлари ҳам ўзгача. Катта қанот оҳиста учишни хуш кўради. Кичиги чарх уришни, ўзини довул бағрига уришни истайди. Она учун эса олими ҳам, исёнчиси ҳам бир — ҳар иккови фарзанд! Ҳабиб Инглистон қирол академияси аъзолигига эришиб, Нобел мукофоти билан тақдирланган, Анвар мамлакат жумҳурраиси даражасига етган тақдирда ҳам она учун қулоғига гап кирмас, бевош гўдак бўлиб қолаверади. Дунёнинг сеҳри шундаки, қўш қаноти — икки ўғилнинг феълига қараб туриб уларнинг шу онадан туғилганига шубҳалана бошлайсан. Қош-кўз онага ўхшаса-да, феъл тоғаларига тортган. Анвар катта тоғага ўхшайди. Ҳақиқат излаб топган кўчаси уни турмага бошлаган эди. Тоғаси икки марта қамоқ жабрини кўрган бўлса-да, Анвардан омадлироқ, ҳатто бахтлироқ ҳам эди, дейиш мумкин. Чунки унинг «сиёсий маҳбус» деган номи бор. «Халқ душмани» деб қораланганлар энди «халқ қаҳрамонлари» сифатида эъзозда, Анвар ҳақиқат излаб кирган кўча эса, уни «жинни» деган унвонга сазовор этди. Бу унвон ёрлиғи бир умр ўзгартирилмаса керак.

Ҳабиб ўртанча тоғасига тортган. Урушдан қайтиб келганидан бери кундузи трактор, қуёш ботганда яримта ароқдан бошқа нарсани тан олмайдиган тоғасига қараб туриб, бу бандани ҳам Худо яратганми, деб ажабланасиз. Тўрт йил қирғиндан омон қайтган одам кўкракларини тўлдириши мумкин бўлган нишонларини бирон марта ҳам тақмабди. Бирон ерга ҳақини талаб қилиб бормабди. Немисни узоқдан бир кўриб қолган одамлар эъзозда юрганларида у «нима учун мен қора мойга беланиб юраверишим керак», демабди. Унинг урушга борганини кексароқ одамлар эслашади, ёшлар эса билишмайди. Фақат бир украин, бир чех генерали уни қидириб келишди-ю, шаҳар биқинидаги қишлоқ бир сесканиб олгандай бўлди. Меҳмонлар истаги билан қишлоқ аҳли, қариндошлар тўпланиб қирқ йил сандиқда эски рўмолга тугиб қўйилган нишонлар, суратлар олинди. Унинг Берлинда Черчилл билан тушган сурати барча газитларда босилди. «Ўзбек қаҳрамони», деб кўкларга кўтарилди. Аммо «ўзбек қаҳрамони» бу пайтда у дунё лаззатларидан баҳраманд эди. Генераллар излаб келмасидан икки йил олдин немиснинг ўқи ололмаган одамни ажал далада топди — дориланган ерга кириб ҳушини йўқотганича, худди панадан узилган ўққа дуч келгандай армонда кетди.

Ҳабиб, умри ўхшамасин ишқилиб, шу тоғасига тортган. Олимлар «Йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди», деганларидек, инсон феъли, руҳи ҳам йўқликка ҳукм қилинмас экан. Рисолат кампир болаларидан ўпкалаб, «сен кимларга ўхшадинг, ҳайронман, даданг унақа эмас эдилар» деб қолса, «фалончи тоғамга» деб кулишарди. Шунда Рисолат кампир ўғлининг тоғасига сира ўхшамаслигини исбот қилиш учун акаларининг фазилатларини санаб кетарди. Оқибатда бу «фазилатлар қайси бири сенда бор?» деб сўрарди. Уни бу пайтда тинчлантиришнинг бирдан-бир йўли — «ҳеч қайсиси йўқ» деб тан олиш. Аслида-ку, Рисолат кампир болаларининг кимга тортганини яхши билади. Билгани учун ҳам кўнгли тўқ. Ҳар ҳолда эрининг уруғларига тортмади-ку. Рисолат кампирнинг қайнилари, қайинсингиллари муттаҳамроқ — безрайиб туриб ёлғон гапираверишади. Худо Рисолатга раҳм қилиб, фарзандларини уларга ўхшатмади.

Бу дунё азобидан етарли тотган Рисолат «кўзларимдан нурни олган парвардигор жонимни қачон олар экан», деб юрганида кичигининг «жинни бўлиб қолганига» асти чидай олмади. Унинг дардларига ҳовли этагидаги ўша танчали уй гувоҳ. Кўришга ярамай қолган кўзлар йиғига яраб турганига ҳам баъзан шукр қилади. У Анварнинг ишхонасидаги гап-сўзларни, халқ отасининг найрангларини билмайди. «Ўғлим тирноққа зор бўлгани учун сиқилиб касалга чалинган», деб ўйлайди. Институтдаги аҳволни Ҳабиб ҳам аниқ билмайди, аммо ўзича тахмин қилади. Мана энди ўғлининг «тузалиб келганидан» хурсанд она икки қанотида икки ўғли билан ҳовлини кесиб ўтиб, меҳмонхонага боряпти.

 

***

 

Ҳабиб бир пиёла чой ичдию сафарга ҳозирлик кўриши лозимлигини айтиб ўрнидан турди.

— Тўхта, ўтир, — деди Рисолат кампир. — Ўрис бўлиб черковинг йўқ, мусулмон бўлиб мачитинг йўқ, сан боланинг. Дўмга бориб мусулмончиликдан чиқдинг. Дуо олиб кетмайсанми? — шундай деб фотиҳага қўл очиб узундан-узоқ дуо қилгач, Ҳабиб унинг ёноқларидан ўпиб қўйди. Кўчага қадар кузатиб чиққан укасига қўл узатди-да:

— Каловланиб юрганинг ҳам етар, а? Аввал ҳақ гапни айттиришмайди, деб нолирдинг. Ёлғон гап билан тарих илмини яратиб бўлмайди, дердинг. Энди ҳам шароит етилмадими? Ҳаммаёқни ошкоралик босиб кетди-ку? Шоирчилигингни йиғиштириб, илм билан шуғуллан. Кейин афсусланасан. Бунақа шароит узоқ давом этмаса керак, — деди.

Анвар акасига қараб жилмайди-да: «Худо пошшо!» деб қўйди.

Акасини кузатиб келиб, онаси билан икки оғиз сўзлашишга улгурмай, дарвоза қўнғироғи бир узун, икки марта қисқа-қисқа жиринглади.

— Ҳофиз ўртоғинг келди, — деди Рисолат кампир.

Анвар ўрнидан туришга улгурмай, ҳовлида Элчин пайдо бўлиб, «Мирзо Анварбек!» деб чақирди. Мактабда ўқиб юришганида ўртоқлари уни «Мирзо Анвар», кўнгил қўйган қизи Лолани эса «Раъно» деб чақиришарди. Болалик сурури мозийга кўчган бўлса ҳам Элчин дўстини эркалагиси келганда «Мирзо Анварбек!» деб йўқлар эди. Ҳозир ҳам лутф билан шундай деб кириб келиши Анварни ийдириб юборди.

— Опоқижон, қувониб ўтирибсизми? — деди Элчин, кампирнинг дуосини олгач. — Бир ошнамдан хабар олай девдим, ният холис-да, ўзи келиб қолибди.

Анвар унга қараб «қувлигингга қойилман», дегандай бош ирғаб қўйди. У ё табиббошига қўнғироқ қилган, ё ўзи яна бориб келган. Анварнинг қайтганини билиб кирган. «Ният холислигига» кампирни ишонтирди, аммо Анварни лақиллата олмади. Шунга қарамай Элчин Анвардаги ўзгаришларга парво қилмади. Худди уни эмас, опоқиси Рисолат кампирни кўргани киргандай лақиллаб ўтираверди. Анварга «яхши келдингми?» дейишдан бошқа сўз айтмади. Кампирнинг ёнига ўтириб олиб, гапни аҳволи оламдан бошлаб, сўнг бармоқларини шақиллатиб «ёввойи тановар»ни хиргойи қилди. У гаплари билан кампирни чарчатдими ё кўпни кўрган сезгир Рисолат икки ўртоқнинг ўз гаплари борлигини фаҳмладими, ҳар нечук Элчиннинг нафас ростлашини кутиб туриб, суҳбатни узди.

— Энди мен уйимга чиқай, ўрусча усталингда белим қотиб қолди. Санлар гурунглашиб ўтиринглар. Аммо ичманглар. Анваримга сираям ёқмайди. Сан, ҳофиз болам, тўйма-тўй юриб, ичишга ўрганиб қолгансан. Санам ташлагин ичкиликни.

— Отлиққа йўқ-ку, ҳозир, — деди Элчин кулиб.

— Қассобга мол қаҳатми, вой болам, санларни биламан-ку, томоқларинг қичишса ернинг тагидан бўлсаям топасанлар. Шири-ин гаплашиб ўтиринглар. Мана, Худога шукр, сан оқланиб келдинг. Ўртоғинг ҳам келди. Энди сан уйлангин, болам. Ўртоғингнинг қайинсинглисини би-ир кўргин. Ҳусни ҳам, ақли ҳам бебаҳо. Қайнонаси ношукр банда экан, сиғдирмай турмушини бузди. Битта ўғли бор — оламга татийди. Сан хўп десанг, бўлди, бу ёғини манга қўйиб бераверасан. Худо хоҳласа, бахтинг очилиб кетади. Кўнглим сезиб турибди, ўртоғингнинг ҳам бахти очилади. Шу боламнинг боласини би-ир ўпиб кейин ўлсам армонсиз кетардим. Худо «шу неварангни кўрасан» деб жонимни сақлаб турибди-да…

Рисолат кампир кейинги гапларини йиғламсираб айтди. Қайинсинглисидан гап очилганида Анвар «Элчинбой катта одамга куёв бўладиган, жувонга эмас, қизга уйланадиган йигит, уни ерга урманг», деб бир узиб олмоқчи бўлди-ю, онасининг кайфияти бузилганини билиб, индамади.

Фарзанддан гап очилса, Анварнинг ҳам юраги сиқилади. Дастлаб таниш-нотанишлар «бола-чақа омонми?» деб сўрашганида ўнғайсизланиб юрди. Фарзандсизлик катта гуноҳдек туюлди. Шунда хотинининг гапига кириб даволанмоқчи ҳам бўлди. Кейинчалик бола боқиб олишга розилик ҳам берай деди. Аммо ён-атрофдаги разилликларга дуч келавергач «шу азобларга гирифтор қилиш учун бола кўраманми», деб қайсарлик қилди. Аста-секин «бола-чақа омонми?» деган сўроққа бош ирғаб қўяр, кайфияти яхши бўлса «юришибди дўмбиллаб», дерди. «Болалардан нечта бўлди?» деб сўраб қолинса «қайси хотиндан?» деб ҳазилга бурворадиган бўлди. Фақатгина онаси гапир-ганда юраги сиқилади. Унга «умид қилманг», дея олмайди. Гўё умид узилса, жони ҳам узиладиган- дай туюлади — «майли, умид билан юраверсинлар…»

Анвар онасини қўлтиқлаб, ҳовлига олиб чиқди.

— Мани судрамай қўйворавер, йўлни ўзим топаман, — деди кампир. — Ўртоғингни ёлғизлатма. Кўнглини кўтар, бояқишнинг. Бир амаллаб қайинсинглингни кўрсат. Қудаларимни ўзим кўндираман. Қамалган бўлсаям яхши бола. — Кампир шундай деб кўзи очиқ одамдай ўзи юриб кетди. Анвар онаси уйга киргунча изидан қараб турди. Рисолат кампир остона ҳатлаб ўтиб орқасига ўгирилди:

— Нимага қоққан қозиқдай турибсан, кир ичкарига!

Анвар буйруққа итоат этиб, уй томон қадам босганида қўнғироқ жиринглади. Уч тавақали дарвозанинг ўрта қаноти очиқ эди. Анвар қўл қовуштириб турган қўшнисини кўриб, чеҳраси очилди.

— Э, келсинлар, Ҳожиқори ака, — деб пешвоз чиқди.

Рисолат кампир меҳмоннинг овозини эшитиб, уйи эшигини очиб, ўша ерда туриб сўрашди-да:

— Мошинангиз топилдими, қори болам? — деди.

— Топилди, холажон, Худога шукр, топилди.

— Яхшиликка буюрсин. Ҳалолга келган нарса йўқолмайди. Қани, киринглар, Анваржон, бошла уйга.

Элчин Собитхон қорини аввал кўрмаган, у ҳақда эшитмаган ҳам эди. Шунинг учун «ким экан бу мулла, нима қилиб ивирсиб юрибди?» деб ўйлади. Қорининг маънодор кўзлари унга киборлик билан боққандай туюлди. Собитхон қори қисқагина дуо ўқигач, Анвардан ҳол-аҳвол сўради.

— Кўчада мулла Ҳабибхон акани иттифоқо учратиб, бу кўнгилхуш хабарни эшитдим. Мавриди бўлмаса ҳам, йўқлай дедим. Узр, суҳбатларингизга халал бердим. Сизни бир бориб кўролмадим, бунинг учун ҳам минг бор узр. Аммо ҳар вақт дуоларда жумла дардмандлар қаторида сизга ҳам шифо тиладим.

— Қуллуқ, тақсир, бу… мошинага нима бўлди?

— Э, нимасини айтасиз. Одамлардан иймон кўтарилса шу-да. Ҳовлидан олиб чиқиб кетишибди. Ғафлатда қолибмиз. Ўзим юргизолмай гаранг эдим. Қандай миниб кетишди экан, ҳайронман.

— Қайтаришдими ахир?

— Қайтаришди, бинойи юряпти, денг, — қори шундай деб мийиғида кулди.

— Тузатгани олиб кетишган экан-да, а? — деди Анвар ҳазиллашиб.

— Кошки эди, кошки эди, — деди қори жилмайиб, — бу бир ғаламисларнинг иши. Асадбек деган одамни эшитганмисизлар?

Бу гапни эшитиб Анвар билан Элчин кўз уриштириб олишди. Қори буни сезмай, сўзини давом эттирди:

— Шу одам денг, маҳалласида масжид солдираётган экан. Имомликка чақиртирди. Бормадим. Ҳаром пулларга қурилган масжидда намоз ўқиб, охиратимни куйдирмайман, дедим. — Қори кейинги гапларни ғурур оҳангида айтиб «боплапманми!» дегандай Анварга қаради. Анвар суҳбатга қўшилишга улгурмай кутилмаганда Элчин сўз бошлади:

— Чакки қилибсиз, биродар, — деди у.

Собитхон ялт этиб нотаниш мезбонга қаради. «Қори ака», «Ҳожиқори ака», «Домлажон», «Тақсирим» деган мурожаатларга кўниккани учун ўзидан икки-уч ёш катта одамнинг «биродар» дейиши унга эриш туюлди. Элчин ундаги ўзгаришни пайқамай гапини давом эттирди:

— Пулнинг ҳалол-ҳароми бўлмайди. Ҳар ким ўз билгича топади. Лекин пулни ҳаром-харишга ҳам, савобга ҳам ишлатиш мумкин. Топган пулига масжид қурдирибди, иморатда нима гуноҳ? Шу пулларни еб-ичиб, айш-ишратга сарф этса ҳам бўларди-ку?

— Сизнинг қаричингиз билан ўлчанса шундайдир. Аммо Аллоҳнинг уйи ҳалол пешона тери билан топилган пулга қурилмоғи лозим.

— Қайси масжид шундай қурилган? Пешона тери эвазига топилган пул қорин тўйғазишга етмайди ҳозир, сиз мачит қуришдан гапирасиз. Асадбекдан бекорга гумондор бўласиз. У бунақа майда ишларни ўзига эп билмайди.

— Во ажабо, ўзи ҳам менга шу гапларни айтди. Аммо унга учрашганим ҳамон мошинам топилди-да?

— Топдириб бергандир.

— Сиз уни танийсизми? Уни жуда авайлаб гапиряпсиз? Пирингиз эмасми, мабодо?

Анвар Элчинга сўз бермаслик мақсадида гапни илиб кетди. Таништирмагани учун узр сўраб, дўстини таърифлаб берди.

— Элчин сизмисиз? — деди қори маънодор қилиб. — Ашулаларингиз ёдимда. Ҳозир кўп ҳамкасбларингиз ислом йўлига ўтиб ибрат бўлишяпти.

Элчин бир гапдан қолиб, «ҳа», деб қўя қолса бўларди. Бироқ, «исломга хизмат қилаётганлар»нинг кимлигини яхши билгани учун ўзини тутиб туролмади:

— Ҳамма номаъқулчиликларни қилиб кўриб, энди мусулмон бўлиб қолишибдими? Нима эди, ўғри қариса сўфи бўларканми?

— Қаттиқ кетманг, биродар. Гуноҳлари бўлса, Аллоҳ олдида ўзлари жавоб берадилар. Ашула бошлашларидан аввал «бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм» дейишларининг ўзи улуғ савоб.

Элчин бу гапни эшитиб кулиб юборди, бу кулги қорини ғазабга солди. Анвар уларни муросага келтириш йўлини топа олмай каловланди.

— Кулманг, биродар, гуноҳга ботманг, — деди қори асабий оҳангда.

Элчин кулгидан бирдан тўхтаб, унга жаҳл билан тикилди.

— Қошу кўзингдан аканг айлансин, қачон қўйнингга кираман, қўлимга қачон қўнасан, дейиш учун ҳам бисмилло айтиш керакми? Сизга шу найрангбозлик ёқадими? Ҳеч бўлмаса динни найранглардан тозалаб қўйинглар.

Собитхон қори «астағфируллоҳ!» деб пичирлаб, «бу иблиснинг дастёри» билан баҳслашишнинг фойдасизлигини англади-да, Анварга қаради:

— Чиндан ҳам бемаврид кирибман. Анваржон, менга рухсат, — у рухсатни кутмаёқ, фотиҳага қўл очди, — барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло иймонда ва исломда барқарор этсин, овмин…

Элчин одоб юзасидан туриб, хайрлашмади, ўтирган ерида бош ирғаб қўя қолди.

— Нимага унга осиласан, арпангни хом ўрганми? — деди Анвар, қорини кузатиб қайтгач.

Элчин қўл силтаб қўйди.

— Ҳаммаси найрангбоз. Қуръонни шариллатиб ўқиб, барчани маҳлиё қилади-ю, бу ёқда маишатдан бўшамайди. Менга биттаси айтувди: қиёматда имомлардан тутантириқ қилинар экан. Тушундингми, дўзах оловини ёқиш учун шу имомлар тутантириқ бўларкан. Биринчи шулар ёнади. Чунки сен билан мен билмай гуноҳ қиламиз. Булар билиб туриб қилишади. Ҳар- ҳолда мен шу имомингдан кейин ёнаман дўзах ўтида.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК