ШАЙТАНАТ… (12-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Собитхон сен айтган тоифаданмас, уни бекор ранжитдинг. Илми пухта, бировдан бир танга таъма қилмайди. Миллат деб жонини беришга тайёр. Бунақалар кам…

— Қўй, ўшанингни, — Элчин шундай деб яна қўл силтади.

— Мана, Асадбек акангнинг илтифотлари билан «тузалиб» чиқдим. Менда нима ишинг бор?

— Сендами?.. Сенда ишим йўқ… Энг муҳим ишим шуки, уйингда тухум босиб ўтир, опоқимга яхши қара, дуоларини ол. Бошлиғинг билан ўйнашма. Бераётган ваъдаларига ишонма. Ваъда дегани бир қопқон, сенга ўхшаган лақмаларни осон илинтириш учун ўйлаб топилган. Ҳақиқат учун курашиш сенинг қўлингдан келмайди. Буни менга қўйиб бер.

— Ҳақиқат учун курашувчи бўлиб олдингми, ҳали? Ҳақиқат бечоранинг куни сенга қолибдими? Курашганингиз ҳозирги гапларингиз-да, а?

— Пичинг қилишга устасан. Тилингдан заҳар томиб туради. Кўп ўқигансан-у, заррача уқмагансан. Дунё файласуфларинг ёзиб кетгандай бўлмайди ҳеч қачон. Қайта қуришларига ҳам ишонма. Бўрилар бир юмалаб қўйга айланишган. Лекин бу қўйлар ўт емайди, гўшт ейди. Тушундингми! Сенга ўхшаган лақмаларнинг гўштини ейди.

Хонзода икки косада мастава кўтариб кирмаганида икки дўстнинг суҳбатидан тутун чиқар эди. Элчин овқатнинг иссиқлигига қарамай, тез-тез хўриллатиб ичди. Илгари бундай эмас эди. Қошиқни тоза сочиқда артиб, овқат ичидан тилла қидиргандай обдан аралаштириб совутиб, эзмаланиб ичарди. Анвар дўстидаги бу ўзгаришни кўриб, «қамоқнинг таъсири-да», деган хулоса чиқарди.

Элчин Анварнинг имиллаб овқат ейишини кузатиб ўтирди. Коса бўшагач, «зарур ишларим бор, кейин келаман», деб қўзғалди.

— Тўй қачон? — деди Анвар.

— Яқин қолди. Қамишдан белбоғ тайёрлаб тур.

— Қайинсинглимни кўрасанми?

— Кейин… кейин, бир гап бўлар… — Элчин шундай деб, хайрлашиш учун қўл узатди.

 

***

 

Соғинч ҳислари андак ором олгач, Хонзода уйқуга кетди. Қарийб икки ой қаттиқ каравотда ёлғиз ётишга кўникиб қолган Анварга икки кишилик юмшоқ каравот торлик қилиб уйқу бермади. Хотинининг енгил пишиллашини кўрпа-ёстиқ ўзига ютмай, аксинча янада кучлироқ жаранглатиб Анварнинг қулоғига ургандай бўлаверди. Бутун хона хотинининг нафасига тўлиб кетгандай, тоза ҳаво қолмагандай туюлди. Ҳолбуки, хона баҳаво, Хонзоданинг енгил пишиллашига эътибор бермаса ҳам бўларди. Уни безовта этаётган нарсалар аслида булар эмас. Жиннихонадаги бедор тунлар, қуюн ўрамидай ёпирилиб келувчи хаёлларга банди бўлиш, учинчи қаватдан келаётган бақириқлар — ҳаёти мазмунини белгилаб қўйгандай, у айнан шундай яшашга маҳкум этилгандай эди. Анвар бедорлиги ана шу маҳкумлик меваси эканини англамай, бунга бошқа сабаблар ахтарди. У ён-бу ёнига ағдарилавериш ҳам жонига тегиб, ўрнидан турди. Жиннихонада бундай кезларда суҳбатлашувчи навбатчи ҳамширалар бўлишарди. Жимликни пораловчи бақириқлар эшитилиб турарди. Ҳарҳолда тириклик белгилари мавжуд эди. Уйида эса, наинки ўз уйида, балки бутун маҳаллада осудалик.

Хонзода эрининг турганини билди. Кўзини салгина очиб қараб қўйди-ю, индамади. Бир оздан кейин яна уйқуга кетди. Унинг пишиллаши тингач, соатнинг чиқиллаши босқондан тушаётган болғадай жаранглаб миясига урила бошлади.

Анвар ётоқдан меҳмонхонага чиқди. Қанча ўтирганини билмайди. Бир маҳал уйи ёриша бошлагач, юраги ҳаприқиб ўрнидан туриб кетди. Оппоқ нур юқоридан пояндоз сингари тушиб оёқлари остида тўхтади. Анвар бу сафар қўрқмади, оёқ-қўллари музламади. Ёқимли овоз келишини кутди. Овоз ҳаялламади:

— Сен биздан қочиб келдингми?

— Мен… ўз уйимга келдим.

— Ёлғон гапирма. Сен бизга ишонмаяпсан. Ўзингни руҳий хаста деб ҳис қиляпсан. Биз билан учрашганингни кимга айтсанг ҳам у сени жинни деб ҳисоблайди. Сен яшаётган дунё шундай тузилган: ҳақиқатга ишонишмайди. Ҳақиқатни айтсанг — жиннига чиқаришади. Фақат бизнинг сайёрамиздагина ҳақиқат бор — бунга шак келтирма. Сен биздан қочма, сайёрамизга бутунлай кетишга ҳозирлан.

— Нима қилишим керак?

— Ўзингни жисмонан маҳв этишинг лозим.

— Ўлдиришим керакми?

— Ҳа. Бу бизнинг асосий шартимиз. Юрагинг уришдан тўхтамай туриб, жонингни олиб чиқиб кетамиз. Сени ерликлар унутишлари лозим. Жисминг маҳв этилмаса, Зурруда жонинг ором топмайди. Сен учун бошқа йўл йўқ. Бобонг ҳам шу фикрда.

— Бобом? Қайси бобом?

— Ҳозир кўрасан, нурга қадам қўй.

Анвар беихтиёр равишда дераза томон қадам қўйди. Кўкрагидан бир нима узиб олингандай бўлди. Нур унинг руҳини кўз илғамас юлдуз — Зурру сайёраси томон олиб учди. Меҳмонхонада унинг фақат тошқотган гавдасигина қолган эди. Гўё ҳайкалга айланганини ўзи билмайди. Бир қанча вақт ўтгач, хотини уйғониб, ундан хавотирланиб, хабар олгани чиқади-ю, бу манзарадан даҳшатга тушади. Бу ҳақда кейин сўзлаймиз. Ҳозир Анварнинг руҳи изидан боришнинг айни пайти.

Бу сафар Анварнинг кўз ўнгида бутунлай ўзга манзара пайдо бўлди: чўққиларидан қор аримаган тоғ. Тоғнинг нақ киндигини ёриб чиққан шаршара. Унинг ёнида тўрт одамнинг қулочи етмайдиган чинор. Дарахтнинг бахайбат шохлари остида ёғоч сўри. Сўрида Анвардан бир-икки ёш каттарок йигит китоб ўқиб ўтирибди. Анвар уни қаердадир кўргандай эди — кимгадир ўхшатди. Кейинроқ, руҳи уйига қайтгач, бир сирни аниқлайди — у ўзига ўхшарди. Бу ҳақда ҳам сўнгроқ сўз юритамиз. Ҳозир эса… Анвар салом берди. Мўйловли йигит бошини кўтарди:

— Келдингми, болам? — деди у. Анвар ажабланди: «Қанақасига мен унга бола бўлай?» Мўйловли йигит унинг фикрини ўқигандай жилмайди. — Сен менинг набирамдайсан. Амир мени осмай, мен бу ерга келиб қолмаганимда, балки сен менинг набирам бўлардинг. Шоакбар Зуннуний деган одамни эшитганмисан?

Анвар унга яхшироқ тикилди, шундай жадидни эшитган эди. Бухоро амири дорга торттирган зиё аҳли орасида Шоакбар Зуннуний исмли зотнинг буюк салоҳият эгаси бўлгани ҳақида тарих китобларида бир қанча сатргина бор. Зуннунийдан на бир мерос, на бир сатр асар қолган. У ҳақдаги хотиралар ҳам узуқ-юлуқ эди. Анвар қисқа сатрлар орасида улуғ синоат яширинган бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрмаган экан. Агар ҳозир ўзини Шоакбар Зуннуний деб танитган мўйловли йигит «мен ҳақимда нималар биласан?» деб сўраб қолса Анвар жавоб бера олмай изза чекарди. Бахтига, бундай савол берилмади. Зуннуний гапини давом эттирди:

— Ҳадича бувингнинг кўз очиб кўрган эри менман. Биз уч фарзанд кўрдик, аммо улар пешонамизга сиғмади. Мен осилганимдан сўнг бувинг бобонг Жамолиддинга тегди. Сен хафа бўлма, тўғрисини айтишга мажбурман. Жамолиддин менга ҳамсоя эди. Ҳатто ҳамфикр эди. Биз Ватанни ўрус подшоси зулмидан озод этмоқ йўлига жон тиккан эдик. Бухоро тасарруфидаги ерларда фуқарога зиё бермак истагида юрган онларимизда ҳибсга олиндик. Фақат Жамолиддин тирик қолди. Англаяпсанми?..

Анварнинг қулоғига ёқимли овоз келди:

— Бу гапларга ишон. Буларнинг барчасига биз гувоҳмиз. Бобонг хоинлик қилиб имонини сотгач, шўролар хизматига ўтди. Бувингга уйланди. Зуннунийдан қолган қўлёзмаларни бузган ҳолда таҳрир этиб, шўролар мақсадига мослаб нашр эттирди, шу йўл билан шуҳрат топди. Оқибатда сохта шуҳрати ўз бошини еди. Ўттиз еттинчи йилда шўролар унинг садоқатли хизмати учун ҳибсга олиб, туманли юртга юбордилар. Совуқда очлик азобига чидолмай хор бўлиб ўлди. Онангда унинг хатлари сақланган. Ишонмасанг, ўқиб кўр.

— Сен бобонг билан фахрланиб юрардинг, — деди Зуннуний. — Менда бу ҳисни ўлдириш нияти йўқ. Жамолиддин қизилга хизмат қилишнинг улуғ хато эканини англаб, бу сафар виждонига хиёнат этмади. Биродарларини сотмади. Мен ундан рози бўлганман. Сен ҳам уни лаънатлама. Инсон умри хатолардан иборат. Мунофиқлик ҳеч замон жазосиз қолмайди. Ҳозир тили бошқа, дили бошқалар даврасида азият чекяпсан. Сен тушкунликка берилма. Халқ фидойиси ниқобида яшовчилар ҳаётларини азобда якунлайдилар. Оқибатда ниқоблар йиртилгуси, уларнинг асл қиёфалари кўрингусидир. Халқни ҳеч бир замонда ҳеч бир мунофиқ алдай олмаган. Дунё сохта фидойиларни кўп кўрган, бундайлар ҳали яна кўп чиқади. Ер юзидаги кураш сира барҳам топмайди.

— Мен нима қилай, ночорман-ку? — деди Анвар.

— Ночорсан, биламан. Сен менинг ёнимга келасан. Унгача бир иш қиласан: катта тоғангнинг чордоғида, эски-тускилар орасида кўҳна китоблар, қоғозлар ҳам бор. Қоғозлар — менинг қўлёзмаларим. Бобонг ҳам, бувинг ҳам уларни сақлашган. Китоблар орасида ўрус аскарларининг Тошкентдаги жанглари тасвирланган асар бор. Жамолиддин уларни нашр этишга қўрққан. Уни сен халққа етказ. Мен сенга оқ фотиҳа бераман. Ишларинг ўнгидан келади. Мана бу китобни ол, сенга йўлдош бўлсин.

Зуннуний ўқиб ўтирган катта китобни Анварга узатди. Китоб Анварнинг қўлига ўтиши билан бир ёруғлик таратдию кичрайиб, кафтдай бўлиб қолди. Шунда Анвар яна ёқимли овозни эшитди:

— Биз сени холи қўямиз. Биз билан учрашишни хоҳлаб қолсанг — кўришамиз.

Анвар гапга оғиз жуфтлашга ҳам улгурмади.

— Жоним болам, жон болам, мени қўрқитмагин, Анваржон.

Анвар онасининг овози қаердан келганини дафъатан англамади. Ҳуши ўзига келгач, юзларини силаётган онасини кўрди-ю аввалига ажабланди. Ёнида турган Хонзодани кўриб, нима воқеа юз берганини тушунди.

— Ойижон, қўрқманг, хаёлга берилибман, — деди вазиятни юмшатиш учун.

— Вой, болам-эй, хаёлинг ҳам бор бўлсин-а, кимлар билан гаплашдинг? — деди Рисолат кампир, ўғлини қучоғидан бўшатмай.

— Нима дедим?

— Гапларингга тушуниб бўлмайди, бир нарсалар деб ғўлдирадинг-а, болам. Сени бир ўқиб юбориш керак. Инсу жинслар тинчлик бермаётганга ўхшайди.

— Ойи, ўтириб олинглар, — деди Хонзода, синиқ овоз билан.

Она-бола диванга ёнма-ён ўтиришди. Рисолат кампир, ўғлининг юзини силаб, елкаларини уқалаган бўлди.

— Ойи, Шоакбар Зуннуний деган одамни эшитганмисиз? — деб сўради Анвар, онасининг қўлларини ушлаб.

— Зуннунийми? Адам раҳматлининг шунақа ўртоқлари бўлган экан. Ўлиб кетган бўлса ҳам адам раҳматлининг бошларига бало ёғдирди. Халқ душмани бўлган экан-да, бояқиш.

— Бувим Зуннунийни гапирармидилар?

— Ҳа, энди гапирган бўлсалар гапиргандирлар, эсимда турибди, дейсанми?

— Бувимнинг биринчи эрлари Зуннуниймиди?

— Вой, худойим, сан буни қаёқданам била қолдинг? Санга айтувдимми?

Анвар кўрган-эшитганларини айтса онасининг эси оғиб қолиши мумкинлигини билиб, «болалигимда айтувдингиз, шу эсимга тушиб қолди», деди. Рисолат кампир ўғлининг косасидан чиққудай бўлиб катта-катта очилиб турган кўзларини кўрмайди. Аммо Анварнинг баданида сўниб улгурмаган енгил титроқдан аҳволини яхши билиб ўтирарди.

Хонзода эса эрининг кўзларидан нигоҳини узмай қўрқувдан титрайди, хаёлида бир фикр чарх уради — «ҳали яхши тузалмаган эканлар».

— Ойи, бувамни қамаб, қайси томонга олиб кетишган?

— Айтганман-ку, Туман деган жойга. Офтобнинг кўринишидан кўринмаслиги кўп, Худонинг қарғиши теккан жойлар экан.

— Ҳа… Тюменми?.. Хат ёзармидилар, хатлари борми?

— Бор.

— Нима учун менга кўрсатмагансиз?

— Сенга керакмиди? Ман қаёқдан билай, ўзинг сўрамаган бўлсанг…

— Ойи, дамингизни олинг. Менам озгина ухлай.

— Ҳа, шунақа қилгин, болажоним. Хонзодахон, болам, сиз Робияхонга айтиб қўйинг, Собитхон манга бир кўриниш берсин.

— Ойи, керакмас, — деди Анвар, онасининг муддаосини фаҳмлаб.

— Сан жимгина ўтиравур. Мани ишимга аралашма. Нима қилишни ўзим биламан. Ўжарлик қилмай, нафаси ўткир домлага ўқитворганимда шунча вақт баннисада ётмасидинг. Шу замоннинг дўхтирларига ишониб бўларканми, ҳаммаси порага ўқиган. Қараб тур, отдай бўлиб кетмасанг, нима десанг де.

Рисолат кампир ўрнидан турди-да, ўнг қўлини олдинга чўзиб эшик томон юрди.

Хонзода қайнонасини кузатиб келганида Анвар жойидан жилмай ўтирган эди. Хонзода эрининг ёнидан жой олиб, елкасидан аста қучди.

— Қўрқиб кетдингизми? — деди Анвар. Хонзода жавоб бермай елкасига юзини қўйди. — Қўрқманг, бу касаллик эмас. Мен ҳам аввалига руҳим шикастланибди, деб қўрқувдим. Нима бўлганини билдингизми?

— Дераза олдида қотиб туравердингиз. Чақирсам ҳам эшитмадингиз. Кейин… қўрқиб… ойимни чақириб келдим. Ойим келганларида қўлингиздан олов чиқиб кетгандай бўлди. Яхшиям ойим кўрмадилар. Бўлмаса юраклари ёрилиб кетарди.

Анвар хотинини қучиб, эркалаган бўлди:

— Сиз сира қўрқманг. Мен жинни эмасман. Нима бўлганини сизга кейин айтаман. Ҳозир айтганим билан, ишонмайсиз. Тонг отса тоғамникига бориб келаман. Агар рост бўлса…

— Нимани айтяпсиз?

— Кейин…

 

***

 

Асабдек бир туш кўрди: ўзи мозорда турган эмиш. Ўркач-ўркач қабрлар оқ туяларга айланиб, карвон бўлиб тизилиб кетаётганмиш. Оқ туялар кўзида ёш бор эмиш, туялар қабристонни тарк этгач, бўрон турганмиш. Қуюн дўмпайиб турган қабрларни худди қозон қопқоғидай очиб, мурдаларни суғуриб олиб, қиёматни бошлаб юборганмиш. Мурдалар тўзиган хазон сингари Асадбек атрофида чарх урармиш…

— Адаси… Адаси…

Шу ерга келганда Манзура уни елкасидан аста силкиб уйғотди.

— Вой, ёмон туш кўрдингиз-а, астағфируллоҳ денг.

Асадбек хотинининг гапини икки қилмай, ичида тавба деди. Манзура унинг пешонасидаги терни кафти билан артди. Асадбек қўрқинчли тушларни кўп кўрарди — дам уни бўғизлашарди, дам осишарди… Баъзан босинқираб, дод деб ўйғонарди, дам қўрқувдан терлаб, типирчилаб қолганида хотини уйғотарди. Бугунги туши, аввалгиларига солиштирилганда, унча даҳшатли эмас. Оқ туялар тизилиб кетишди. Қабристон жунбушга келди… Асадбек кўрган тушини хотинига айтди.

— Вой ўлмасам, — деди Манзура, пастки лабини тишлаб, — туялар чиқиб кетишдими?

— Чиқиб кетди. Ҳа, ёмонми? — деди Асадбек соддалик билан.

Манзура эри учун таъбирчи бўлиб қолган эди. Туш йўйиш унга она мерос. Фариштадай оқ кўнгил бу аёлга қўшнилар ўз сирларини ишонишарди. Манзура кичкиналигида онаси ёнида ўтириб, кўп тушларнинг таъбирини билиб олган. Янги турмуш қурган кезлари, бир куни Асадбек ярим кечада уйига қайтса, чироқ ёниқ, эшик очиқ, хотини уй ичида ўртага жойнамоз солиб устида мудраб ўтирибди. Асадбек «Ярим кечада ҳам намоз ўқийдими», деб ҳайрон бўлди-ю, хотинига бу ҳақда гапирмади. Бу ҳол яна уч-тўрт такрорлангач, сўради. Манзура сабабини қўрқа-писа айтди: қиморбозлар хотинларини ҳам тикиб, ютқизиб қўйишсаю даъвогар кирганида хотин жойнамоз устида ўтирган бўлса тегмас эканлар… Ўшандан бери Асадбек «унча-бунчага ақли етар экан», деб ирим-сиримга оид масалаларда уни гапга тутиб турадиган бўлди. Биринчи марта босинқираб уйғонганида Манзуранинг қистови билан кўрган тушини айтди. «Илонлар ичида қолган бўлсангиз, бойиб кетар эканмиз», деди Манзура. Асадбек бу гапга ишонмаган эди. Бир ҳафтадан сўнг қўлига катта пул тушгач, хотинига тан берди. Шу-шу ғалатироқ туш кўрса, дарров хотинига маълум қилади.

— Ҳа, ёмонми? — деб қайта сўради Асадбек, хотинининг жим қолганидан ажабланиб.

— Ёмонмас-ку… мозоримиздан авлиёлар кетиб қолишибди. Одамлардан иймон кўтарилганигамикин…

— Ҳе… тентак, шуми топган гапинг. Нима экан, дебман.

Асадбек шундай деб ёнбошига ўгирилди. Манзура ўйга толиб, анчагина қимирламай ўтирди. Тонг нафаси келиб қолгани учун қайта ётмай, ўрнидан туриб кетди.

Асадбек ўзига тегишли гап бўлганида, айтайлик, «душманларингиз бош кўтарар экан, сиздан авлиёлар юз ўгирибди», дейилганда бошқача ҳолатга тушарди, ёнбошига ўгирилиб ётавермасди. Авлиёларнинг мозорни ташлаб чиқиб кетишлари унга аҳамиятсиз туюлди. Ҳатто ишонмади ҳам. Болалигида ажиналар ҳақида ҳикоя эшитиб, тунлари овлоқ кўчаларда, мозор яқинида юришга қўрқарди. Кейинроқ қўрқув деган нарса чекинди. Ажиналар эртаклардаги каби яширин ҳолда иш олиб боришни бас қилиб, одамлар қиёфасига кириб куппа-кундуз куни очиқ иш юритишга ўтгач, тунлар ҳам осойишта бўлиб, овлоқлар ҳам даҳшатли кўринишни йўқотди. Энди кундуздан, одамлардан қўрққулик эди.

Асадбек туш таъбирига аҳамият бермай ёнбошга ўгирилиб ётгани билан ухлолмади. Хотинидан сўнг у ҳам ўрнидан туриб, ювинди. Асадбек ҳовлида кўрингани заҳоти болохонада ҳам жонланиш сезилди.

Манзуранинг «Биз билан чой ичмайсизми?» деган гапига қисқагина «ичаверинглар» деб дарвозахона томон юрди. Машинага етиб улгурмай тепадан Жамшид тушиб, салом берди.

— Ҳа, шу ердамидинг? — деди Асадбек, саломга алик олгач. Жамшид сўққабош бўлгани сабабли қаерда тунаш унинг учун аҳамиятсиз эди. Маишатга бормаса шу болохонада соқчи йигитлар билан қолаверар, Асадбек унинг бу одатига кўниккан эди. Жамшиднинг тақдири ўзига бир оз ўхшаб кетгани учун Асадбек уни яхши кўрар, икки қанотига қандай суянса, бунга ҳам шундай ишонарди.

Жамшид оилада ёлғиз ўғил бўлса-да, эркалатиш, талтайтиш нималигини билмай ўсди. Отасининг пул тўла ҳамёни ҳуда-беҳудага очилавермас эди. Жамшид истамаса ҳам турли тўгаракларга боришга мажбур эди. Ҳатто скрипка чалишни ўргатиш мақсадида бир чолғучи йил давомида тер тўкди. У бечора «болада қобилият йўқ» деёлмайди, чунки хизмат ҳақини олиб турибди. Жамшиднинг «ўрганолмаяпман» деган гапига ота-она ишонмайди. Хуллас, ўсмирлик кўчасига киргунича ҳайкалтарошлик, радиотехника сингари соҳаларда ҳам қобилияти синаб кўрилди. Мактабни битирганида ҳамён бир кавланди. Ўртада турган одам пулдан кўпроқ ўмариб қолиб, домлаларга камроқ етиб бордими, ҳарҳолда бир имтиҳонида қоқилиб, кечки ўқишга аранг тўғрилашди. Бола бевош бўлиб кетмасин, деб отаси уни ўзи ишлайдиган идорага югурдак қилиб жойлаштирди. Идорада чарос кўзлари ўйнаб турувчи бир қиз ҳам ишларди. Унга қараб туриб чигиртка бир юмалаб шу қизга айланиб қолган ё бу қиз бир йилдан бери оч ўтиради, деб ўйлаш мумкин эди. Кунда ўзгартирилувчи сара кўйлаклар ёғоч илгичга илиб қўйилганга ўхшарди. Ана шу озғин баданда бўлиқ кўкрак қайдан пайдо бўлгани Яратганга ҳам қоронғу бўлса керак. Хуллас, шу қиз ўзидан олти ёшгина кичик бўлган, пишиқ гавдали, жингалик сочли, истараси иссиқ Жамшидни яхши кўриб қолди! Илмоқли гаплар, ширин жилмайишлар… айтаман десак, гап кўп. Яхшиси, воқеа баёнини мухтасар этиб, дебочадан хотимага ўтиб қўя қолайлик: йигит қизни қаттиқ севиб қолса девонаваш бўлиб юраверади, йўл пойлайди, дунёни оҳларга тўлдиради. Аммо қизнинг севгисидан, айниқса унда маккорлик ўти бўлса, қўрққулик экан. Бир куни идорада иш тугаб, ҳамма тарқагач, қиз «чой ичиш» баҳонасида Жамшидни олиб қолди. Эшик ичкаридан беркитилди. Лаблар бирлашди. Асосий ишга бир баҳя қолганида Жамшиднинг миясига бир нарса урилгандай фикри равшанлашиб, ўзини тортди. Ташаббусни бошлаб берган қиз шармандалигини яшириш учун йиғлади, севги ўтида қовурилиб кетганини айтиб нола қилди. Жамшид кетмоқчи бўлганида «ўзимни ўлдираман», деди. Жамшид бу гапларга ишонмай «ўлдирсангиз ўлдираверинг», дедию, чиқди-кетди.

Кечаси ўқишдан қайтса, уйида милисалар ўтиришибди. Қизнинг зўрланганини, қиз номусга чидолмай ўзини учинчи қаватдан ташлаганини милисалардан эшитиб, «ҳазиллашяпсизларми?» деди. Милисаларнинг ҳазиллашмаслигини бу гўдак ўшанда билмас эди. Қўлларини қайириб олиб кетдилар, онаси фарёд уриб қолаверди.

Ўртага номус тикилган эди. Бир томон тўрт йил бурун поймол бўлган қизлик номуси, иккинчи томон беғубор йигитлик номуси учун олишишарди. Қизнинг ҳомий опажони Жамшиднинг отасидан кучлилик қилди. Учинчи қаватдан йўғон тахтани ташлаб юборсангиз майдаланади, аммо қуруқ суякдан иборат бу қиз ўзини ерга отибди-ю, бирон ери синмабди-я, деб ажабланиш ортиқча эди. Қизнинг сув қувурига осилиб пастроққа тушиб, кейин ахлат уюми устига ўзини отганини ким исботлаб бера оларди? Жамшиднинг отаси ёллаган оқловчи «юқоридан давления кучли бўвотти», деб олган пулига яраша иш қилмади. Хуллас, Жамшид беш йилгина сайр қилиб келадиган бўлди, қиз эса шарманда эмас, жабр чеккан маъсума сифатида ўзини оқлаб олди.

Жамшиднинг онаси хаста эди. Табиблар «туғсанг — ўласан» дейишига қарамай, турмушга чиққан, «ўлсам ҳам туғиб ўлай», деб уларга қулоқ осмаган эди. Унинг юраги тўлғоқ азобига чидади-ю, аммо номус азобига чидамади. Суддан сўнг Жамшид қўлига кишан урилиб, деразасиз хунук машинага чиқарилаётганда «Болам!» деб бир оҳ уриб, ҳушидан кетганича ўзига келмади.

Икки йил конда ишлагач, айбсиз экани бирданига аён бўлиб қолиб уйига қайтди. У туҳмат азобидан азият чекмас эди. Қамоқда одамларнинг гап-сўзларини эшитавериб дунё ўзи шунақа экан, деган хулосага келганди. Жамшид онасининг ўлимидан эзиларди. Ўқишни ҳам, ишни ҳам ташлаб бир йил бекор юрди. У отасининг бир иш юзасидан Маҳмуд Эсонов — Чувринди билан танишиб қолганини, Маҳмуд орқали Асадбекка арз этгани оқибатида «оқланиб» чиққанини билмас эди. Буни кейинроқ Чувринди хизматига ўтганидан кейин билди. Отаси «ўғлимнинг бошини икки қилай», деб кўп уринди, аммо Жамшид кўнмади. Охири отасининг ўзи уйланиб, Жамшид тўла озодликка чиқди. Унинг истаган ерларда ётиб юриши шундан.

Жамшид машинага чаққон ўтириб, моторни ўт олдирди. Тепадаги йигитлардан бири дарвозани очди-да, кўчага чиқиб турди.

— Акаларингга хабар қилдингми? — деди Асадбек машинага ўтиргач. — Депутатни чақиришсин.

Жамшид мотор қизишини кутмай, машинани юргизди. Кўчадаги йигит ёнида тўхтаб, ойнакни туширди-да, Бек акасининг топшириғини айтди.

Асадбек шаҳар марказидаги қароргоҳига етиб боргунича Чувринди билан Кесакполвон ҳам йўлга чиққан, барвақт безовта қилинган депутат Орзубек Болтаев эса шошилганича кийинарди. Қароргоҳнинг хилват хоналарида туни билан давом этган маишат тугаган, қизлар ҳам кетиб улгуришган эди.

Болохонадаги йигитлар қароргоҳга ҳам хабар берганлари учун Бўтқа эшик олдида қўл қовуштириб турарди.

Асадбек ичкари кириб бир пиёладан қайноқ қаҳва ичгунича қанотлари етиб келишди. Тонгги ёки тунги йўқловлар уларни ажаблантирмас, шу сабабли «нима гап, тинчликми?» деган сўроқ улар учун ортиқча эди. Асадбек улардан ҳеч маҳал ҳол-аҳвол сўрамасди. Икки оёқда юрибсанми — бас, аҳволинг яхши, дерди. Шунинг баробарида бировнинг ҳол сўрашини ҳам ёқтирмас эди. Тоби қочиб қолган кезлари унинг одатини билмаган одам: «Тузукмисиз?» деб сўраса, «Ҳа, ўлишим керакмиди?» деган ширин жавобни эшитарди.

Улар ана шундай ортиқча манзиратсиз яшашга ўрганишган, бугунги учрашув аввалгиларидан фарқ этмас эди. Аъёнлар бекнинг сўз бошлашини кутиб ўтиришди.

— Ҳайдар, Шилимшиқ келдими? — деди Асадбек, Кесакполвонга қараб.

— Ҳа, келди, ўзида йўқ хурсанд. Мошина тўғрилаб бердим. Таксичилик қилиб юра турсин.

— Отарчига қандай маълум қиласан?

— Бу ёғи пишган, — Кесакполвон шундай деб пинжагининг ич чўнтагидан тўртта фотосурат чиқариб, Асадбекка узатди. Суратда Шилимшиқнинг Ноила билан айш-ишрати акс этган эди.

— Худди ўзидай қилиб ишлаган, қалбакилигини икки дунёда ҳам сезмайди, — деди Кесакполвон, Асадбекнинг тикилиб қолганини кўриб.

— Сезиб қолса-чи?

— Унда гувоҳ топамиз.

— Ишинг хом. Маҳмуд, пухтароқ ўйлаб қўйларинг.

Шу пайт эшик очилиб, Бўтқа кўринди-да, депутат келганини маълум қилди. Ноиланинг қотилини Элчинга қандай топшириш хусусида яна бир оз кенгашиб олингач, депутатнинг киришига рухсат берилди.

Депутат узун бўйли, бадқовоқ, эллик ёшлардаги киши эди. Уни кўрган одам қовоқларни кўтариб, инсон кепатасида сақлаб турувчи устунчалар тушиб кетгану шу хунук кўринишга келиб қолган, деб ўйлаши мумкин эди. Гарчи асл исми Орзубек бўлса-да, Асадбекларнинг даврасида оддийгина қилиб «депутат» деб юритиларди. Шу ҳам тузук, чунки унинг ҳуснини қўятурайлик, совуққина тўнғиллаб гапиришини эшитган кимса «Орзуга ҳам қасам ичирворибди, даюснинг боласи», дейиши табиий. Депутат — Маҳмуднинг топилдиғи. Халойиқ бир-икки тўлғониб, намойишга чиққанида уни олдинги сафда кўриб меҳри тушиб қолган эди. Маҳмуд депутатни сўздан қайтмас, мард, оқил одам сифатида қабул қилиб, унга холисанилло ёрдам бермоқчи эди. Асадбек у билан дастлаб кўришганидаёқ «бу қоронғу башарада ақл кўринмаяпти-ку?» деди. Кейин суҳбатлаша туриб тил билан дил ўртасида анча фарқ борлигини фаҳмлаб, ёрдам беришга кўнди. Замон чайқалиб турган пайтда шунақа одамлар ҳам керак, деб ўйлади.

Ишга Асадбек аралашганидан сўнг бўлажак депутатнинг мухолифлари ўз-ўзидан четга чиқиб, Орзубек сайлов чиғириғидан битта ҳам туки тўкилмай ўтди. Депутат Асадбеклар учун тирик товон эди. Асадбек кўпинча уни «боқиб олган етим тойлоғим» деб мазах қиларди. Чунки халқ деб жон куйдириб юрган бу одамнинг эгилиб ишлашга тоқати йўқ, ўзини, болаларини, ҳатто ўзидан тўрт ёш катта яҳудий хотинининг олдинги эридан орттирган икки ўғлини, кети узилмайдиган меҳмонларини шулар боқиши лозим эди. Хориж сафарига чиқса, совға-саломлар ҳам Асадбеклар бўйнида. Унга сарфланаётган пул Асадбек учун арзимас бўлса-да, кейинги пайтда малол келиб, ғашлана бошлаган эди. Депутат ўзининг қудратли одам эканига ишона бориб, Асадбекларни майда киссавурлар ўрнида кўраётгандай эди. Асадбек бу бадқовоқнинг кўзларини мошдай очиб қўяй, деб юрганида Элчин келиб қолди. Қани, халқим деб кўкракка ураётган бу зот ноҳақ азият чекиб келган шу халқ боласига қайишармикан?

Бадқовоқ депутат кириб ғўдранди. Нима деганини энг зийрак қулоқ ҳам ажратиб беролмаса-да, салом берганини тахмин қилиш мумкин эди. Ўтирганлар бундай саломлашишга ўрганиб қолишгани учун бош ирғаб алик олишди. Депутат Асадбек рўпарасидаги бўш ўриндиққа ўтирди.

— Аҳволлар қалай? — деди Асадбек.

— Яхши. Дунёнинг айрим мамлакатларида…

— Дунёни қўйинг. Телевизорни биз ҳам кўриб ётибмиз. Уйдан гапиринг. Бола-чақа омонми? Жуҳуд хотинингиз мусулмон бўлаётган эмишми?

— Ҳа, муслима бўлади, намоз ўқияпти.

— Ақлли одамсиз-да! Девор бўлмаса кўчани ҳам кўраверсангиз керак? — Асадбекнинг пичинги жавобсиз қолди. — Қизингиз ҳам намозхондир?

— Энди ўрганяпти.

Асадбек ўзаро суҳбатларда оилани сира эсламасди. Шу сабабли Орзубек кўнглида хавотир уйғонди.

— Қизингизнинг бўйи етиб қолибди, деб эшитдим. Йигирмага кирганми?

— Ўн тўққизда.

— Айни турмуш қурадиган пайти экан. Сиз халқпарвар одамсиз. Халқнинг азият чеккан бир боласи бор, шуни куёв қилинг, қизингизга мана биз совчимиз.

— Қизим ёш, ўқийди, узатиш ниятимиз йўқ.

— Биродар, Бек акангиз сўраяптилар, а? — деди Кесакполвон, «Бек акангиз» деган сўзга урғу бериб. Учтагина сўздан олам жаҳон маъно уқиш мумкин эди: «Бек акангиз унча-бунча одамнинг орасига тушмайдилар. Қизим бахтли бўлсин, десанг раъйини қайтарма», ёинки «Сенга шунчалик яхшилик қилган одамга терс гапириб пушаймон ема», ёинки «Яхшилик билан бермасанг, қизинг қўлма-қўл бўлиб кетиши ҳам мумкин, а?!» Орзубек Кесакполвоннинг сўзларидан учинчи маънони уқиб, жони халқумига келиб қолгандай бўлди. Ҳамиша қовоғини уюб юргани учун вужудида уйғонган ғазаб ўтининг алангаси юзларида сезилмади. Бошқа одамлардай қизармади, бўғриқмади, лаблари учмади. Сиртга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум аланга уни ичдан кемирарди. Бу ҳаромхўрларга (ҳаромхўрларга ҳамтовоқ экани хаёлига келмади) дуч келган кунини лаънатлайди (улардан кўраётган фойдасини ҳисобга олмайди). Эртага катта амаллар шоҳсупасига кўтарилиши мумкин бўлган одамга (кимнинг зўри билан кўтарилар экан?) бу хилда безбетларча (!) муомала қилишларидан бир ғазабланса, ўзининг бу олчоқлар (!) олдида ночор ўтиришидан ўн ғазабланди. Мажлисда оташин нутқлар ирод этувчи, ҳатто зўр нотиқларни ҳам саросимага солиб қўювчи халқ фидойиси қай- да-ю, учта муттаҳам (!) га гапини айтолмай мум тишлаб ўтирувчи ночор одам қайда! Нимадир дейиши керак эди, қурбақани боссанг вақ дейди, ҳарҳолда у қурбақадан минг чандон улуғроқ бир одам, вақиллаганда ҳам тузукроқ вақиллаши керак.

— Бек ака, умр савдосига бунақанги аралашиш ярамайди. Биз ҳуқуқий жамият тузмоқчимиз. Мана, ўзингизнинг қизингиз бор…

Орзубек «қизингиз тақдирига биров хўжайинлик қилиши яхшими?» демоқчи эди. Аммо «берди»сини айтиб улгурмади. «Қизингиз бор…» деган гапни Асадбек «ўша одамга ўз қизингизни беринг», деб тушуниб ғазаб билан ўшқирди:

— Менга қара, ў, сўтак! Сен бу ерда масала сўқима. Уйингга бориб жуҳуд хотининг билан маслаҳатлаш. Жуҳуд хотинлар ақлли бўлишади. Эртага эрталаб ё ҳа, дейсан, ё йўқ, дейсан! Бор, жўна, турқингни кўрсатма!

Асадбек аччиқланган маҳалда Чувринди орага тушиб вазиятни юмшатишга уринарди. Ҳозир бунга эҳтиёж сезмади. Асадбекнинг қизини тилга олиб кечирилмас хато қилган депутат шусиз ҳам осон қутулаётган эди. Элликни қоралаётган одам ёш бола ҳолига тушиб, индамай чиқиб кетди.

— Вой, хунаса-э, — деди Кесакполвон, депутат чиқиб кетгач.

— Ўчир, — деди Асадбек. — Ўзинг жа талтайтириб юбординг. Ўзбек хотинини қўйиб, жуҳудга уйланган одамдан яхшилик чиқармиди? Дошқозонда сув қайнатиб ўшанга ташлаш керак буни.

Эшик очилиб, яна Бўтқанинг башараси кўринди.

— Бек ака, амакингиз мозорда юрганмишлар.

— Қайси мозорда, ким чиқариб юборибди?

— Катталар кўмиладиган ерда эмиш. Ким чиқарганини билмадим, — Бўтқа шундай деб изига қайтиб, эшикни ёпди.

Асадбек савол назари билан Чувриндига қаради. Маҳмуд унинг мақсадини англаб, телефон гўшагини кўтариб, рақам терди. Жавоб бўлгач, салом-аликсиз сўроққа тутди:

— Зинатулинни нимага чиқардингиз?

Жавобга бир оз қулоқ тутиб, гўшакни жойига қўйди.

— Қизи келиб бир кунга рухсат олган экан. Отарчи сизнинг номингиздан бориб, ошнасини чиқартирибди.

— Ким экан, ошнаси, аниқла. — Асадбек шундай деб ўрнидан турди. Аъёнлар унга эргашишди. Зинатулинни улар Асадбекнинг «ўгай амакиси» сифатида билишарди. Жиннихонанинг учинчи қаватида сақланувчи ўгай амакисидан Асадбек тез-тез хабар олиб турарди. Бу одам ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмас эди. Қирқ тўққизинчи йилнинг ўттиз биринчи декабрида уйларига бостириб кирган, сандиқни титган, танча устига ўтирганича папирос тутатган, «сенинг отанг ҳам душман», деган новчанинг Зинатуллин эканини Асадбек улғайгач аниқлади. Отасини олиб кетганлар фақат ижрочилар экани, тўғон бошидагилар эса бошқалар экани уни қизиқтирмас эди. Бири новча, бири паст бўйли икки одам суврати кўз олдига муҳрланиб қолган, ётса ҳам, турса ҳам улардан ўч олишни ўйларди. Кесакполвон билан бирга бўлиб, сал қаддини тутиб олгач, топганини сарф қилса-да, ўша икки кишини аниқлади. Паст бўйлини излаб кўп шаҳарларда бўлди. Ниҳоят топди. Аммо ўшанда бир хомлик қилди. Кесакполвоннинг гапига кириб, ўша ерлик ўғрибошлардан бирига маслаҳат солди.

— У чиндан ҳам ифлос одам, — деди ўғрибоши. — Миллатимизга иснод келтирган. Лекин биз миллатимиз вакилини хафа қилдириб қўймаймиз.

Чиндан ҳам хафа қилдиришмади. Авайлаб асрашди. Ўшандан кейин Асадбек яна икки марта борди. Ўлжага яқинлашаман, деганида ўғрибошининг йигитларига дуч келаверди. Шундан сўнг етти йил кутди. Ўғрибоши қўлга олинганини билиб учинчи марта борди. Тўй устидан чиқди. Икки қаватли уй, ҳовли гавжум эди. Ўлжаси, тепакал, думалоқдан келган одам Асадбекни танимасди. «Ў, Ўзбекистон менинг юртим, у ерда қадрдонларим кўп!» деб қувониб кутиб олди. Тўй қизиган пайтда у меҳмонларнинг муҳим гапини эшитиш учун хонасига бошлади. Ҳовлида хушчақчақлик авжида, бағоят шинам безатилган бу хонада эса 1950 йил биринчи январдаги ҳукм ижро этиларди. Асадбек бундай қулай фурсат бошқа насиб этмаслигини билиб шошиларди. У қамоққа тушганлар қандай азобларга гирифтор қилинганларини эшитган, ҳисоб-китоб чоғида бу қийноқларни қўллашни ният қилган эди. Вақт зиқлигидан афсусланди, аммо армонда қайтмади: сигарет чўғини пешонасига босиб туриб қирқ тўққизинчи йил ўттиз биринчи декабрдаги воқеани айтди, ётқизиб қўйиб тумруғини оёғи билан эзди… Маҳбуслар азобга чидолмай бақирардилар, бу эса оғзига латта тиқилгани учун, бундан маҳрум эди. Уни оёғидан осиб, билак томирларини қирқиб ташладилар.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here