Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 16 май куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун эмоцияни бир четга суриб қўйинг-да, барча ишларда тафаккурга суянинг. Вазиятлар сизнинг истакларингизга қарши юзага келиши мумкин. Аммо бунда бировларни айблаш нотўғри. Иш жойингиздаги юмушларни адо этишда масъулиятни чуқурроқ ҳис этган ҳолда ҳаракатлар содир этинг. Молиявий масалада албатта омадингиз кулади. Лекин бунинг учун тежамкор бўлишингизга тўғри келади. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

16 майда яқинларингиздан балога қолиб кетмай десангиз, рўзғордаги асосий муаммоларни жойида ҳал этиб қўйинг. Иш жойингизда ҳам янги ғояларни ўйлаб топган бўлсангиз, унинг фойдалилигини раҳбарларга исботлаш ҳақида ўйланг. Исботлай олсангиз, марра сизники бўлади. Муҳаббатда туйғуларни ғурур билан чалкаштириб юборманг. Бу жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз билан ўзаро муносабатларга путур етказади. Кечқурун айримлар олис сафарга отланади. Сафар сизга бир олам позитив кайфиятларни тақдим этади.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Оила қурмаганлар бугун муҳаббат туфайли тинчини йўқотишлари мумкин. Йўқ, қалбингизга қулоқ тутинг. Шунда хатоликларга йўл қўймайсиз. Заҳирадаги пуларингизнинг ҳам ости кўриниб қолган. Зудлик билан қўшимча даромад келтирувчи иш топмасангиз бўлмайди. Дўкон айланиб, кўнгилочар машғулотларга берилиш ҳам моддий аҳволингизни аянчли ҳолатга келтириб қўяди. Саломатлигингиз ҳам ёмонлашади.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

16 май куни меъёрни билмаслик оқибатида бир талай хатоликларга йўл қўйишингиз мумкин. Ёлғон ва сохта хушомадлардан нари бўлишингиз тавсия этилади. Бу молияда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам кўзга ташланиши мумкин. Дўстлар ва ҳамкасблар билан мулоқотда ҳазил-мутойибани аралаштириш сизга фақат фойда келтиради. Шу баҳонада уларга ҳали маълум бўлмаган истеъдод қирраларингизни намойиш этиб олишингиз мумкин. Спорт ва экстримдан воз кечинг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Шахсий ҳаётингизга бугун янгилик олиб кириш пайида бўлинг. Бу қўлингиздан келади. Фақат хоҳиш ва ғайратни аямасангиз бас. Иш жойингизда мартабангизни ошириш ниятида бўлсангиз, жиддий тўсиқлардан ошиб ўта билишингиз лозим. Таваккал қилинг. Албатта мақсадга етасиз. Оила қурмаганлар кечқурун романтик танишувни бошдан кечиришлари, бунинг натижасида аъло кайфиятга эга бўлишлари кутилмоқда. Бўш келманг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

16 майда турли учрашувлар, мириқиб дам олиш соатлари сизни муштоқ кутиб қолади. Ой аввалида бошлаган ишингизни ниҳоят бугун муваффақиятли якунлашга мушарраф бўласиз. Бировларга қайсидир мавзуда ҳақиқатни айтмоқчи бўлсангиз, олдин хаёлларни назорат остига ола билинг. Нотўғри гапларни гапириб қўйишдан сақланинг. Рўзғор ташвишларини қариндошлар билан ҳамжиҳатликда ҳал этасиз. Кечқурун кимдир қўлингизга бир даста пул тутқазади. Омадингизни берсин!

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Кунингиз ажойиб, қувноқ, ҳазил-мутойибага, суҳбатларга бой тарзда ўтади. Атрофдагилар билан мулоқотлар, айниқса, сизда қайноқ таассуротлар қолдиришига кафолат бор. Молиявий муаммолар хамирдан қил суғургандек осон бартараф этилишига нима дейсиз. Иншооллоҳ, моддий аҳволингиз метиндан-да мустаҳкамроқ кечади. Муҳаббатда суюкли инсонингиз билан аразлашиб қолишдан сақланинг. Куннинг иккинчи ярмида сизга сердаромад бир ишда ҳамкорлик таклиф этишлари мумкин.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Бировларнинг пулига фавқулодда эга чиқишдан, шахсий манфаатингиз йўлида сарфлаб қўйишдан сақланинг. Бу оқибатда катта жанжалга сабаб бўлади. Ёлғончи ва фирибгарларнинг уйи куяди. Ҳалол тер тўкадиганлар аксинча омадга эришади. Кечқурун эса ҳалолликнинг мукофотини санаб олишади. Кечқурун йирик харидлар, бошқа жойга кўчиб ўтиш ёки квартирани ижарага олиш каби амалларни адо этишингиз кутилади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Алданиш ва сотқинлик сизга хавф солмоқчи эмас. Аммо эҳтиёткорлик ҳам ортиқчалик қилмайди. Кун давомида идеалга, мўъжизага қаттиқ ишониб қолишга эҳтиёт бўлинг. Бу принциплардан воз кечишга мажбур этиб қўйиши мумкин. Дўстларнинг шахсий ишига аралашишингиз тавсия этилмайди. Улар аралашганингиз билан сизга раҳмат ҳам деб қўйишмайди. Молиявий муаммоларни сергаклик билан ҳал этинг. Шахсий бизнесингиз бўлса, ишончли ҳамкор қидириб топиш ҳаракатига тушинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

16 май куни фақат ўзингизгагина ишонинг. Ташқаридан келиб сизни таваккалчилик сари ундовчиларни инкор этинг. Шахсий ҳаётда ҳам мулоҳаза билан иш тутишингизга тўғри келади. Муҳаббатда олдин ўзингиз хиёнатга қўл урманг ва жуфтингиздан ҳам шуни талаб қилинг. Бунга ҳақлисиз. Рўзғор икир-чикирларига ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб муносабат юритинг. Шунда ортиқча сарф-харажатдан нари бўласиз.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Агар атрофдагиларнинг бўлар-бўлмас сафсаталарига ишонаверсангиз, худди эртакдаги болакай қиёфасига кириб қолишингиз мумкин. Бу эса ишда ҳам, ҳаётда ҳам халал беради. Муҳаббатда эмоцияни назорат остига олинг. У ҳаддан ошса қалбингизга зиён етказади. Шахсий бизнесига эгалар мўмай даромадга эга чиқишни истасалар, катта ишлар учун катта пул тикишлари керак. Спиртли ичимликлар истеъмолидан, кўнгилочар машғулотлардан воз кечинг. Кечқурун саломатлигингизни мустаҳкамлашга эътибор қаратинг.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

16 майда миянгизга профессионал касбингиз билан боғлиқ ишларга оид ажойиб, оригинал ғоялар қуйилиб келади. Уларни жиловга олинг ва ўзингизга бўйсундиринг. Ана шунда иш жойингизда обрўйингиз, мартабангиз, балки лавозимингиз ошишига гувоҳ бўласиз. Оила қурмаган бўлсангиз, кечқурун орзуингиздаги бир инсон билан тасодифан учрашиб қолишингиз мумкин. Пул масаласида сира хавотирланманг. Муаммо бўлмайди.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади