Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 17 май куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

17 май куни керакли одамлар билан йўқолган алоқаларни тиклашингиз талаб этилади. Акс ҳолда кун бўйи елиб югурсангиз ҳам ҳеч қандай натижага эриша олмайсиз. Гарчи тоғни толқон қила олмасангиз-да, бошлаган ишларингиз ижобий натижасиз қолмайди. Оилангиздаги муҳит сизни ўйланишга, фикрлашга мажбур этиши мумкин. Жуфтингиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳаракатини бошланг. Асабни эҳтиёт қилинг. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилишни унутманг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун очиқчасига ҳаракатлар содир этманг. Вазиятга қараб иш тутинг. Молиявий масалада ижобий натижаларга эга чиқиш учун ердан янада баландроқ кўтарила билишингиз керак. Йўқ, бу осмонга парвоз маъносида эмас. Ишхонадаги обрўйингиз, мартабангизни юқорилатишингиз керак бўлади. Муҳаббатда оила қурмаганлар кўпроқ меҳр беришга эътибор қаратсинлар. Шунда бўлғуси жуфтингиз сизни янада кучлироқ севиб қолишига шубҳа йўқ.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

17 майда неки ишга қўл урсангиз, албатта бароридан келади. Режаларингиз тўсиқларга урилмасдан, енгил амалга ошади. Агар йирик харидларни амалга ошириш ниятида бўлсангиз, олдин моддий аҳволингизни хомчўт қилиб олинг. Шошма-шошарлик сизни инқирозга юз тутдириши мумкин. Хизмат сафарига чиқиш учун бугунги кун жуда мос келади. Аммо шахсий автомобилингизда эмас, йўловчи машинада борганингиз маъқул.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Бугун вужудингизда бор куч ва имкониятларга нисбатан тежамкорларча муносабатда бўлинг. Бўлар-бўлмас мулоқотларга куч сарфлаб қўйманг. Ишхонада фақат иш билан банд бўлишингиз тавсия этилади. Акс ҳолда мукофотсиз қолиб кетасиз. Шахсий ҳаётингизда қариндошларингиз билан муносабат қалтислашуви кутилади. Оғир-босиқ бўлинг. Жанжаллар юзага келишига йўл қўйманг. Соғлиғингизни жуда эҳтиёт қилинг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

17 май куни ишхона билан оилани бир балансда ушлашга ҳаракат қилишингиз лозим. Агар шу ишни уддалай олсангиз, ўзингизга яхши. Таваккалчилик, фирибларга чув тушиб қолишдан сақланинг. Молиявий муаммоларингиз бугун сизни мамнун этмайдиган бўлиб турибди. Даромаддан харажатлар ошиб тушиши кутилмоқда. Қонунбузарликдан сақланинг. Унга қарши ҳаракатлар содир этманг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Янгиликлар, ноодатий ҳодисалар, ҳаракатлар томон талпина бошлайсиз. Оила қурмаган бўлсангиз, яқинда танишиб, романтик учрашувларни бирга бошдан ўтказган севгилингиз ҳам сизга у қадар қизиқарли туюла олмаётганини ҳис этасиз. Лекин тафаккурни ишга солишингиз лозим. Эҳтирос, эмоция сизни бугун йўлдан оздиришга ярайди холос. Молияда ранжишингизга асос бўлмайди. Даромадлар харажатлардан албатта ошиб тушади. Кечқурун яқинларингиздан бири сизни ранжитиши мумкин.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

17 май сиз учун хавотирларга бой бўлиши кутилмоқда. Кайфиятингиз баҳорга умуман мос келмайди. Тушкунлик ҳукм суради. Аммо ўзингиз қачонлардир кўп маротаба ёрдам берган одам кўмак бериши мумкин. У сизни маънан қўллаб-қувватлашга тайёр. Кучингизни фақат фойдали ишларга сарфланг. Ишингизга оид янги лойиҳалар ўйлаб топган бўлсангиз, бугун уларни муваффақиятли тарзда ҳаётга тадбиқ эта оласиз. Саломатлигингиз ёмонлаша борганини сезишингиз билан врач кўригига чопинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Кунни ҳар доимги одат бўйича бошланг. Куч ва имкониятлар, позитивлик етарли. Бемалол мураккаб жараёнларни енгиб ўта оласиз. Саломатликка путур етмасин десангиз, шовқинли давралардан, қуюқ зиёфатлардан ўзингизни нари олинг. Суюкли инсонингиз билан хотиржам оҳангдагина мулоқот қилинг. Тез-тез жанжаллашиб қолишга одатланган бўлсангиз, бугун ўша одатни ташлаш учун етарлича имкониятлар зоҳир бўлади. Фойдаланиб қолинг.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

17 май куни зерикишга, тушкунликка тушишга баҳона-сабаб йўқ. Кунингизни фойда келтирадиган ишларга сарфлашингиз кутилмоқда. Шунга яраша даромадини ҳам оласиз албатта. Муҳаббат бобида юрагингиз эҳтирос ва қайноқ туйғуларга тўлиб-тошади. Суюкли инсонингиз кутилмаганда ҳазил-мутойибага ўтиб, кайфиятингизни кўтаради. Молиявий тўкинликка эришиш учун яхши ва ёмон жиҳатларини тарозига солган ҳолда иш кўринг. Бусиз инқироз хавф сола бошлаши мумкин.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

Эмоцияга эҳтиёт бўлинг. Эҳтиёт бўлмасангиз, у сизни кучли бўрон гирдобига ташлаши мумкин. Атрофдагилар қаршисида ҳурматингиз йўқолмаслигининг тадбирини кўринг. Рўзғорингизда бирин-сирин жиҳозлар бузилишига гувоҳ бўласиз. Уларни созлаш учун эса пул керак. Пулингиз етарли, хавотирга ўрин йўқ. Олис сафарга отланишни режа қилган бўлсангиз, шахсий автомобилингизда йўл юришдан воз кечинг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

17 майда суйганингиз учун энг соф туйғуларингизни асраб қўйинг. Қулай вазият туғилиши билан уларни изҳор қиласиз. Иш жойингизда бор куч ва имкониятларингизни қолдириб келманг. Чунки улар шахсий ҳаётда ҳам керак бўлади. Молиявий муаммоларингиз хамирдан қил суғургандек енгил ҳал бўлади. Фақат кимлардандир қарзингиз бўлса, бугундан қолдирмай, эгаларига қайтаришингиз зарур. Шунда тинч бўласиз. Муҳим ҳужжатлар билан ишлаганда эҳтиёткор бўлинг. Саломатлик ҳақида ҳам қайғуришни унутманг.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Дуч келадиган ҳар бир кўнгилсизликдан тушкун кайфиятга қул бўлманг. Ҳар қувончли воқеадан еттинчи осмонларга парвоз қила бошламанг. Меъёрни билинг. Молиявий муаммоларни бартараф этишга тўғри келса, ниҳоятда сергаклик билан қадам ташланг. Чунки бугун инқироз хавф солиши кутилмоқда. Уларни ақл ёрдамидагина четлаб ўта оласиз. Кечқурун хонадонингизга олисдан меҳмонлар ташриф буюриши мумкин.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади