АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (9-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

«Эркак учун бундан ортиқ шармандалик бўладими? — ич-этимни ердим ҳамон. — Хотининг никоҳингда бўла туриб, бошқасига турмушга чиқиши ақлга сиғмайди-ку! Наҳотки бир чақачалик қадрим бўлмаса? Йўқ, энасини учқўрғондан кўрсатмасам, отимни бошқа қўяман! Агар шу гап рост бўлса, ҳамманинг олдида шарманда қиламан! Тўйини бузаман! Мени энди ҳеч ким қайтара олмайди».

Туман марказига етиб борганимда, вақт хуфтонга яқинлашиб қолганди. Биламан, қишлоқдаги тўйлар бу маҳалда тугамайди. Нари борса, энди куёвнавкарлар кириб келган бўлади. Ҳозир икки юз грамм ароқ ичаман-у, ана ундан кейин таксига ўтириб, Шарифаникига жўнайман.

Оч қоринга ичилган ароқ аъзойи баданимни қиздириб юборди. Сархушлигим сабаблими, миям янада тезроқ ишлаб кетгандек эди. Бошдан кечирган азобларим йиғилиб келиб, бўғзимга тиқилар, шу тобда ҳайқиришдан базўр ўзимни тийиб турардим.

Такси кўз очиб юмгунча ўзим учун таниш маҳаллага олиб борди. Шарифаларнинг уйи олдида машиналар ҳам, одамлар ҳам кўринмасди. Бир-иккита ўсмир болалар ариқ ёқасида берилиб копток тепишарди, холос. Фақат дарвозадан сал нарироққа қўйилган қозон ва темир ўчоқлар, ҳақиқатан ҳам, тўй бўлганлигини англатиб турарди.

«Кечикибман, шекилли, — ўйладим ўзимча. — Лекин фарқи йўқ. Ҳозир кириб олай, кўрсатаман хўрлашни уларга!»

Ўсмир йигитларнинг саломи ҳам қулоғимга кирмади. Дарвозадан ичкарига ҳатладим-у, бор овозда қичқирдим:

— Шарифа! Қаердасан, ярамас? Агар янги эрингникига кетган бўлсанг ҳам, мендан қочиб қутула олмайсан! Ким бор? Чиқларинг ифлос, уятсиз, ҳаромилар! Чиқ!..

Шу маҳал уй эшиги очилиб, олдин Шарифа, кетидан қайнонам, қайнсингилларим чопиб чиқишди.

— Ҳа-а, нега бақирасиз? Тинчликми? — Шарифа бир муддат мени кузатиб турган бўлди-да, алам аралаш қичқирди. — Бирор ерга ўт тушибдими?

Жавоб бериш ўрнига унга яқин бордим-да, бошдан оёқ қараб чиқдим.

— Янги атласлар кийиб олибсан, тинчликми? — сўрадим шубҳаларимни яшира олмай. — Ростданам тўйинг бўлаяпти экан-да, а?..

— Тўй? — Шарифа негадир ҳайрон бўлиб, менга қаттиқроқ тикилди. — Қанақа тўй?

— Эрга тегаётган эмишсан-ку! — дедим тутилиб. — Шу ростми?..

Бу гапимдан сўнг Шарифа беихтиёр титраб кетди.

— Эсингиз жойидами? — деди орқасида турган яқинларига бир назар ташлаб оларкан. — Ким эрга тегади?

— Қизим, эрингнинг эси кирди-чиқди бўлиб қолган кўринади, — луқма ташлади қайнонам лаб буриб. — Икки ойдан бери, худо билади, қайларда санғиган экан. Ажина чалса чалгандир-да!

Онасининг гапидан қайнсингилларим пиқ-пиқ кулишди.

Мен эса нима дейишни билмас, хижолатдан тилим лол бўлиб қолганди. Нималар қилиб қўйганимни, кимларнинг гапига ишониб тўполон кўтарганимни англаганим сари юзим шувут бўлиб борар, ҳозир ортга қайтишни ҳам, Шарифа билан кўришишни ҳам била олмай гаранг эдим.

Бу гал ҳам хотиним мени қутқарди. Оғзимдан келаётган ароқ ҳидини пайқадими, бир сесканиб, афтини бужмайтирди-да, маъюс жилмайганча келиб елкамга бошини қўйди ва ҳеч кимга эшиттирмай пичирлади:

— Ўзимнинг жиннивойим! Қайси аҳмоқ хотин бир эр билан яшаб туриб, иккинчисига тегаркан? Қайнсинглингизни турмушга бераяпмиз, Қодир ака…

 

* * *

 

Ойлар ўтиб, яна қилич яланғочлаганча қиш келди. Ташқарида қор гупиллаб ёғарди. Аччиқ изғирин нақ бурнингни узиб олгудек пишқирарди. Аммо менинг қалбимда ёз байрам қилаяпти. Теримга сиғмас даражада мамнунман.

Бугун Ғаниобод деган чўл ҳудуддан ўзим учун уй топдим. Мўмин деган дўстим топиб берди. У ёқларга ҳар ким ҳам юрак ютиб боравермас экан. Уйлар бўм-бўш эмиш. Ростдан яшайман, чўлда далага чиқиб жавлон ураман деган мард бемалол келиб хоҳлаган уйга кириб олиши мумкин экан.

Яқин дўстим Мўминнинг айтишича, ярим тунлари дала тарафдан чиябўриларнинг ув тортиши аниқ-тиниқ қулоққа чалинаркан.

— Агар ўша бўрилардан қўрқмай яшайман, даладаги оғир меҳнатга чидайман десанг, — деди Мўмин. — Биринг икки бўлади, ошна. Шоли экасан, пахта ишида ишлаб озми-кўпми пул топасан. Буёқда келин ҳам қимирлаб турса, қора қозон қайнамай қолмайди…

Шуларни ўйларканман, секин ёнимда жим кетиб бораётган Шарифага разм солдим. Унинг қовоқлари уйилган, ҳомиладорлиги сабабми, юзлари бўғриққан. Бошини эгган кўйи сукут сақларди.

«Ҳа, — ўйладим ўзимча. — Шарифага жуда оғир бўлди. Ҳомиладорлигида бу каби дилхираликлар, асаббузарликлар кетма-кет келди. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да!.. Қизиқ, ҳозир уйимизга кириб борсак, Шарифа нима деркин? Унга уй ёқиб тушармикан? Албатта ёқади. Менга маъқул келди-ку, унгаям ёқади-да!.. Учта ҳайҳотдай хона, балкони кенг, дераза, эшиклари мустаҳкам бўлса. Фақат… Печка масаласи қийин экан. Буниям йўлини топарман. Битта печканинг тадбирини кўра олмасам, нима қилиб юрибман!?.»

Кўч-кўрон ортилган машина биз яшашимиз керак бўлган кўп қаватли уй томон бурилиб тўхтагач, ҳаяжоним ортиб сакраб пастга тушдим-у, Шарифага қўл узатдим…

 

* * *

 

— Вой, Худойим, қай гўрга кеп қолдик ўзи? — хотиним мен учун қадрли бўлган уй эшигидан ўтибоқ таққа тўхтади. — Қодир ака, бу ер нима? Омборми? Ҳали мени алдаб омборхоналарга опкелиб юрибсизми?

Мен қўлимдаги кўрпа-тўшакни бир четга ирғитдим-да, Шарифанинг кўзларига боқдим.

— Бу нима деганинг? — совуққонлик билан сўз қотдим. — Худди ҳеч нарсани кўрмаётган, илғамаётгандай гапирасан-а!.. Қанақа омбор?

— Нима бўлмаса? Шуни уй деб мени бошлаб келдингизми? Қаранг, ташқарида биронта чироқ йўқ. Ҳаммаёқ зимистон. Кимсасиз жойлар экан.

— Нима бўпти? Қоронғи бўлгани сабабли ҳеч ким кўринмагандир. Ана, кўрмаяпсанми, ҳов анави ёқда уй чироқлари ёниб турибди.

— Илоё пешонам қурсин! — Шарифа менинг бор умидларимни пучга чиқариб бир бойлам кўрпа устига ўтириб олди-да, саннашда давом этди. — Энамнинг иссиқ сандалида тинчгина ўтиргандим-а! Келиб-келиб шу ношуд эрнинг сўзигаям кираманми? Бу эр қачон бир ишни уддалаб қойиллатганди. Топган уйини қаранглар! Гўр ҳам бу уйдан иссиқ бўлса керак…

— Оғзингга қараб гапир! — ўшқирдим ғазаб билан. — Бу уй мен учун азиз, билдингми?! Қачонгача энангнинг хонадонида қисиниб яшайман? Мана, энди ўзимнинг беминнат уйим бор. Насиб бўлса, эртага далага чиқиб яхобга қарашаман. Бир ой амалласам, маош беришади.

— Яхобга қарашасизми, ундан нарига ўтиб кетасизми, мени қизиқтирмайди. Болам бунақанги омборсифат уйларда туғилишини хоҳламайман.

— Демак, яшамоқчи эмассан, шундайми?

Шарифа жонҳолатда ичига туфлади-да, юзини терс бурди.

— Худо асрасин бу уйда яшашдан!

 

* * *

 

Тонгга қадар мижжа қоқмадим. Шарифа қур-қур ўрнидан туриб, хонанинг уёғидан буёғига асабий бориб келар, нуқул эшитилар-эшитилмас қарғанарди.

У ҳийла тонг ёришиб, аллақаерларда хўрозлар қичқириб, қўй-қўзиларнинг маъраши қулоққа чалинганда, уйқу тўла кўзларини ишқалай-ишқалай, ўрнидан турди-да, кийимларини йиғиштира бошлади. Ора-сирада чанг босган дераза токчаларига, шифтга ёпишган қалин исларга алам билан қараб олишни ҳам унутмади.

— Қаерга отландингиз? — сўрадим ундан тепасига келиб. — Ҳозир анави шкафни тозалайман. Кийимларни ўша ерга жойлай қоламиз.

— Мен уй га кетаяпман, — деди Шарифа киноя аралаш. — Шкафингизам, мана шу омборингизам ўзингизга сийлов.

— Ҳазиллашаяпсизми? Ўзи кечагина кўчиб келган бўлсак. Келар-келмасдан кетишингиз нимаси?

— Олдин мени опкелиб кўрсатиш керак эди. Менам одамман, ўзимга яраша дидим, орзу-ҳавасларим бор. Мана шу чангалзорларда уйимдагиларни соғиниб ўлиб кетишни хоҳламайман.

— Уйингиз қочиб кетмаган-ку! Боргингиз келганда, катта йўлга чиқамиз, мингта машина бўлса, ўтирамиз-у, ярим соатда қишлоғингизга кириб борамиз.

— Бошимни қотирманг! — мени жеркиб кийимлар солинган елим халтани қўлига олди Шарифа. — Энам мени чўлда яшасин деб туғмаган. У кишининг тор қорнига сиққан, кенг уйигаям сиғавераман.

— Шунақами? — лаб тишлаб ортга тисландим. — Демак, бошидан яшаш ниятингиз бўлмаган экан-да!.. Аёл агар эри билан ҳақиқатан яшамоқчи бўлса, қийинчиликларга кўз юмиши керак эмасми?

— Тўйдим! Тушунаяпсизми, тўйдим! Сизга текканимга яқинда бир йил бўлади. Қачон яйраб келинлик гаштини сурибман-а? Шунча умрим гирдобларда ўтди-ку! Тағин ақллилик қиласиз. Ундан кўра…

— Бас қил! — беихтиёр Шарифага хезландим. — Овозингни чиқарма! Кетсанг кетавер! Мен шу ерда қоламан, тамом!

Шарифа нимадир демоқчидек бирпас иккиланиб турди-да, йиғлаганча ташқарига ўзини урди.

 

* * *

 

Мен унинг ортидан чиқмадим. Ҳеч нарса бўлмагандек, уёқ-буёқни тозалаб, қайтадан ўринга чўзилдим.

— Эҳ, онажон, — кўз ўнгимда яқин ўтмишда кўрган-кечирганларим гавдаланиб, юрагим сиқилди. — Қай кунларга солиб қўйдингиз? Катта шаҳарда тинчгина умр кечираётгандим. Биров мушугимни пишт демасди. Ишим, ётар-турарим тайин эди. Катта қозонда эл қатори қайнаб яшардим. Нега ҳаётимни чил-парчин қилдингиз? Мана, етти-саккиз ой ичида бошимга не кунлар тушмади. Бирор марта хабарлашай, ҳол сўрай демадингиз. Ўзим тутадим, ўзим ёндим, яна ўзим ўчдим. Нега ундай қилдингиз? Менда ўчингиз бормиди? Кўринг, тағин ёлғизман. Суюкли келинингиз сумкадаги пулларгача суғуриб олибди. Энди нима қиламан? Бу чўлларда кимнинг эшигини тақиллатиб бир бурда нон сўрайман? Йўқ, сўрамайман, ялинмайман. Ҳеч кимни кўришга кўзим йўқ! Лекин армонсизман. Чунки яхшими-ёмонми, энди ўз уйим бор. Бу уйдан бир қадам ҳам жилмайман. Шарифа эса… Ҳали кўрамиз, уйида менсиз қандай чидаб ўтираркан. Барибир қайтиб келади…

Бу ўйлар охири мени оёққа турғазди. Ҳа, тирик инсон ҳаракатда бўлиши лозимлигини тушуниб етмоқда эдим. Қолаверса, энди ўз уйимдаман. Ҳеч кимга боқиманда эмасман. Биров менга бир сўм пул ҳам бермайди. Ўзим югуришим, тер тўкиб ҳалол кун кечиришим шарт….

Эртанги кун ҳақида қайғуришим зарур. Бригадирни топиб иш сўрайман. Шундай ишлайки, бор аламларим, танамдаги ғуборлар чиқиб кетсин!

 

* * *

 

Бу манзил ҳар қандай одамнинг баҳри дилини очмай қолмасди. Бепоён далалар оппоқ қор остида уйқуга кетган. Яхоб берилган пайкаллар эса қарға, лайлак ва шу каби катта-кичик қушлар чуғур-чуғурига тўлган. Аҳён-аҳёнда катта йўлдан трактор ёки юк машинаси ўтиб қолади.

Мен чамаси ўн гектар келадиган дала ўртасида қўлида кетмон тутганча ҳали уён, ҳали буёнга ўгирилиб, шудгорга яхоб бераётган деҳқонни кузата бошладим.

Адашмасам. Бу одамнинг ёши элликдан ошган. Офтобда тобланган жуссаси чайир. Худди пружинага ўхшайди. Ҳали ўнгга, ҳали чапга буралиб, ўз ишини қойиллатаяпти.

Бир муддат деҳқоннинг ҳаракатларини ҳавас билан кузатиб тургач, дала шийпонига кирдим.

Айвондаги сўрида Мўмин айтган паст бўйли, тақа мўйлов бригадир Сувонқул ака ўтирган экан.

Мен билан ўтирган ерида совуққина сўрашди.

— Мен… Ғаниободга кечагина кўчиб келгандим, — гап бошладим негадир ҳаяжонланиб. — Шунга…

— Шунақа дегин, жиян? — кулимсиради бригадир. — Бу ерларда яшаш оғирлигини билармидинг? Ҳали ёш экансан… Ўзинг нима дейсан?

— Эшитдим, — дедим ҳийла тетикланиб. — Бир кеча тунадим ҳам. Чидайман, ака.

— Хўш, касбинг нима? — сўради бригадир. — Тракторчимисан, ё сувчимисан? Қўлингдан нима келади?

— Очиғи… — бу савол мени довдиратиб қўйганди… Ахир менинг касбим йўқ… Умримда далага чиқиб яхоб бермаганман. Ҳеч қачон трактор рулига ўтирмаганман…

— Касбим йўқ, — жавоб қилдим қовоғим уйилиб. — Лекин… Буюрган ишингизни қилиб кетавераман.

— Ука, — деди бригадир бир сакраб сўридан пастга тушаркан. — Ҳозир қиш бўлса, қара, далаларни қор босган. Сувчиларимиз етарли. Локигин, тракторчидан қийналиб турибмиз. Ҳа энди… Ёрдамчилик ишлари баҳорга ярашади-да, ука!

— Унда мен нима қилай? — соддаларча сўрадим Сувонқул акага умидвор боқиб. — Наҳотки менбоп иш бўлмаса?..

— Баҳорда кел, ука, баҳорда, — гапни кесди бригадир. — Кўчиб келиб тўғри қилибсан. Ҳали баҳор келса, иш қайнайди бизда. Ҳозир эса… Тўғри, хафа бўлаяпсан. Бироқ мениям тушунишга ҳаракат қил. Қишда фақат сувчиминан тракторчига иш кўпаяди. Сенга ҳов анави сувчиларнинг ишини бўлиб бера олмайман-ку! Уларниям бола-чақаси бор. Қўй, мени қийнамагин, яхшиси бошқа бир иш топиб ишлаб тургин. Баҳорда, марҳамат, хоҳлаганингча иш топиб бераман, акаси…

 

* * *

 

Тарвузим қўлтиғимдан тушган каби йўл-йўлакай кенг шудгорларга тикилдим. Жонини жабборга бергудек куйиб ишлаётган сувчининг ҳаракатларини кузатдим.

Ана, кетмонни бу сувчи жуда усталик билан чопаяпти. Кетмониям ҳойнаҳой беш-ўн кило бордир-ов!.. Йўқ, бундай оғир ишларга мен дош бера олмасам керак. Чунки бувижоним мени ҳеч қачон оғир юмушга солмаган. Ҳатто бир челак сув кўтарсам, югуриб бориб қўлимдан тортиб оларди.

— Қўй, қўй, оғир кўтарма! — дерди бувим. — Ўзинг озғингина бўлсанг, тағин бел-мелинг мертилиб қолмасин, болам! Мен келинни нимага олганман? Ана, Норгул кўтараверади қанча сув бўлса!..

Ҳа, мен ана шундай эркалашлар қуршовида катта бўлганман. Анави сувчининг оғир кетмони тугул қўлимга оддий ўроқ ҳам ушламаганман…

Хўш, унда нега чўлу биёбонларга келдим? Ўзимча аламдан чиққунча ишламоқчи, қоп-қоп пул топмоқчи бўлдим?.. Пахта тўла зилдай оғир чойшабларни орқалаб чопишни, шудгор кечиб кетмон чопишни, баҳор ойларида трактор кетидан заҳарли дори ҳидини ҳидлаб пайкал кезишни ўзимга эп кўрмасам, чўлда нима бор эди менга? Тўғри, уйсизлик мени шу ёқларга бошлади. Буни тан оламан. Негаки, бировларнинг ҳовлисида сиғинди бўлиб яшаш жонимга текканди… Демак, буёғига пешонадагини кўришга мажбурман. Чидайман-да! Ўлиб қолмасман…

Фақат… Шарифанинг кетиб қолгани ёмон бўлди. Пулларигача олиб кетди-я ярамас!..

Биламан, ««хотин керак бўлса, орқамдан боради» деб ўйлаган ўзича. Унга қолса, ичкуёв бўлиб она уйида юраверсам. Юриб бўпман! Очдан ўлсам ўламанки, ўз уйимда яшайман. Мени бу йўлдан ҳеч ким қайтара олмайди.

 

* * *

 

Ўзимнинг қадрдон уйим рўпарасига етиб келдим-да, кимсасиз ҳувиллаб ётган квартираларга кўз солдим. Ҳайҳотдай уйда мен билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт ё беш оила яшар экан. Қолган квартираларнинг эшиклари ланг очиқ қолиб кетган. Ҳатто, деразаларигача кимлардир суғуриб кетибди… Эссиз умр, эссиз меҳнатлар…

Шу пайт қўшни подьезддан хушрўйгина ўрта яшар бир аёл қўлида иккита челак кўтариб ташқарига чиқди.

У қўлидаги челакларни ерга қўйди-да, мен томон бир қараб олиб яна ортга қайтди.

Негадир қалбимда номаълум умид уйғониб, аёлнинг қайтиб чиқишини кутдим.

Худойим, кошкийди ҳеч қурса шу аёлнинг менбоп енгилроқ иши бўлса! Ўша ишини битириб бериб нон пули олсам ва дўконга чопқиллаб кечқурунга егулик харид қилсам! Қўшни-ку, ахир! Қуруқ қўймасди!

Афсуски, бундай бўлмади. Аёл югурганча қайтиб чиқди-да, қўлига челагини илиб, катта йўл тарафга юрди.

— «Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади» — деганлари шу-да, — ўйладим алам билан квартирам эшигидан ўтарканман. — Ҳеч бўлмаганда ўша икки челак сувини келтириб беришга қодир эдим. Битта нон берса етарди. Шуниям Худо менга кўп кўрди…

Йўқ, ҳеч нарсани ўйламайман, қайғурмайман. Ўлиб кетсин ҳаммаси! Ҳар ҳолда ҳозир ҳеч ким менга ола қарамайди-ку! Хоҳласам, у хонага, хоҳласам бу хонага кириб чўзиламан. Ҳеч ким халал бермайди, безовта қилмайди. Шунисигаям шукр!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ