ҲАҚИҚИЙ МУҲАББАТ МАНА БУНАҚА БЎЛАДИ…

0

 

Англиянинг Лестер шаҳрида яшовяи 27 ёшли Альдо Каталди (Aldo Cataldi) исмли йигит 22 яшар Жеральдин Чингошо (Geraldine Chingosho) деган қиз билан қариялар уйида танишган. Йигит шу ерда медбрат вазифасида ишларди. Маълум бўлишича, қиз ҳам шу ерда ишларкан. Суҳбатлар қуришди, бир-бирларини янада яқинроқдан танишди. Бир-бирларига меҳр қўйишди. Ораларида муҳаббат пайдо бўлди. Аммо кунларнинг бирида Альдо ишдан бўшаб кетди. Шунга қарамай, улар барибир учрашаверишди.

Ўтган йил май ойи бошида Альдо яна севгилисини учрашувга таклиф этди. Қарангки, бир неча кун олдин Чингошонинг мазаси қочибди. Битта буйраги жиддий хасталикка учрабди. Шундан бери ҳадеганда диализ талаб қилинаётган экан. Қиз Альдога қўнғироқ қилиб бор гапни айтди. Муҳаббатдан воз кечишга чақирди.

— У барибир қайтмади, — дейди Чингошо. — Альдо ҳар куни касалхонага овқат олиб келадиган, менга кийинишда, бошқа зарур амалларни адо этишда ёрдам берадиган бўлди. Дўхтирлар билан гаплашди…

Қиз зудлик билан хаста буйрагини соғломига алмаштириши керак эди. Бусиз узоқ яшай олмаслиги тайин экан. Бахтга қарши қариндошларининг буйраклари унга тўғри келмаскан. Шунда Каталди бир қарорга келди. Агар тўғри келса, севгилисига битта буйрагини ҳадя этишни истади. Дарҳол керакли таҳлилларни топширди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, таҳлиллар натижалари маълум бўлди. Тўғри келибди. Йигитнинг буйраги қизга мос экан.

— Ўша куни мен ухлаб қолган эканман, — дейди қиз. — У мени оҳиста уйғотди. Қарасам, кўзлари жиққа ёш. У йиғламоқда эди.

— Буйрагим сенга тўғри келаркан, — деди йиғи аралаш жилмайиб Альдо. — Энди сен яшайсан. Биз турмуш қурамиз…

Тез орада Жеральдин жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. Аста-секин тузалиш палласига кирди…

Айтишларича, шу йил май ойи охирига бориб турмуш қуришаркан.

Илойим уларнинг бахтини берсин! Омин!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади