ШАЙТАНАТ… (15-қисм. Биринчи китоб) (устоз Тоҳир МАЛИК нинг ёрқин хотирасига бағишланади)

0

 

 

* * *

 

Асадбек шу гапи билан суҳбатга якун ясади…

Элчинни ташқарида Жамшид кутиб турар эди.

«Ота ўрнида ота бўлиб тўйингни ўтказиб берай… Сени куёв қиламан, деганими бу? — деб ўйлади Элчин. — Қизига ким тегинганини энди аниқ билибди. Шунга қарамай, юмшоқ гапирди. Мен у учун кимман? Истаса, қиймалаб ташлаб хумордан чиқиши мумкин-ку? Нима учун гуноҳимни кечди? Қизидан ўн тўрт ёш катта бўлсам… Бу ёқда қамоқ…»

Элчин саволларга жавоб топишга қодир эмасди. У қиз воқеасидан сўнг «менга бермай кимга берарди», деб ўйлаган, кейинроқ эса бу фикри хом эканига амин бўлиб эди. Аслида мақсад — ўч олиш. Асадбекдай одамга номус азоби нима эканини билдириб қўйиш эди. «Куёв бўлсам-чи?» деган ўткинчи ўйга фаришталар омин деб юборишини ким билиб ўтирибди? Элчин Асадбекни қаҳри қаттиқ, кунда бир челак инсон қони ичадиган одам сифатида билмаса ҳам, ҳарҳолда унга-да инсон юрагини берган, у ҳам бандасининг туйғуларидан бебаҳра эмас, деган тушунчалардан йироқ эди. Қизи тақдирини ўйлаб, неча тунни бедор ўтказгани ҳам у учун номаълум. То ўлгунига қадар бу сир унга ошкор бўлмайди.

Асадбекнинг қарори Зелихонни ҳам гангитиб қўйди. Осмонга устун бўлай, деб турган одамнинг фарзандини номусли қиз сифатида ўз тенгига узатишга қурби етмас эканми? Нима учун шундай қилмади? Номуссизликдан қўрқдими? Қанчадан-қанча бузилган қизлар никоҳ кечасининг номус имтиҳонидан аъло даражада ўтаётганларида Асадбекнинг қизи қоқилар эканми? Шундай дўхтирлар борки, керак бўлса ўнта туққан аёлни ҳам онаси ўпмаган қизга айлантириб қўяди. Шундай замонда, шундай қудрат соҳиби бўлмиш Асадбекнинг қадам босиши уларни ҳайрат тўрларига ўраб ташлади.

— Асадбек сенга шанс беряпти, — деди Зелихон, ўйларини бир ерга жамлашга ҳаракат қилиб. — Ундан фойдаланмасанг, оёқ остида ўралашиб юрган аҳмоқлардан фарқинг қолмайди. Агар уйланмасанг…

— Ўлдирадими?

— Балки ўлдиртирар. Сенигина ўлдирса майли эди, бу ёқда мен ҳам борман. Лекин мен бунақа ўлишни хоҳламайман, билиб қўй. Сен Асадбекнинг кафтида турибсан. Истаса, сенга бир бурда нон беради, истаса, гўштингни итларга ташлайди. Сенинг гўштингни еган ит ҳаром ўлса керак, шунинг учун итларга раҳм қилгину берган бир бурда нонини олиб еб, унга раҳмат айт.

Зелихон вазиятни юмшатиш учун гапни ҳазилга бурди. Элчин унинг мақсадини англаб, ўзини мажбур қилиб жилмайди.

— Раҳмат айтаман, агар чиндан ҳам қизини менга берса, мушкулимни анча осон қилган бўлади.

— Яна қанақанги мушкулинг бор? Сен қасос олдинг. Эркаклик бурчингни бажардинг. Армонинг ҳам, мушкулинг ҳам йўқ энди. Гумонларни йиғиштириб ташла, одамга ўхшаб яшайвер.

— Одамга ўхшаб яшаб бўларканми ҳозир? — Элчин овозини бир парда кўтарди. Зелихоннинг ўгитидаги фалсафа унга ёқмади. — Атрофни шоқолу тулкилар босиб ётса, ким одамга ўхшаб яшай олади? — У ўртага савол ташлади-ю, жавоб кутмай сўзини давом эттирди. — Арслонлар ичида яшасам ҳам алам қилмасди. Арслонлар қирилиб кетган, шунисига доғман.

— Шоқоллар орасида тулки бўлиб яшамоқчимисан? Тулкиларни тулки бўлиб, шоқолларни шоқол бўлиб қирмоқчимисан? Сен шунчалар бефаҳммисан? Билиб қўй: шоқолу тулкилар биздан аввал ҳам бўлган, биздан кейин ҳам қолади. Уларни ҳеч ким қириб ташлай олмайди. Бу биринчи масала. Иккинчи масала шуки, мен олим эмасман. Мен бир ўғриман. Ҳаёт ҳақидаги менинг фалсафам бошқа, сеники бошқа, Асадбекники бошқа. Дунёда тирик зот борки, ҳаммаси ҳаётдан аламзада. Ҳамма алам билан юради. Баъзилар бу аламини ичига ютиб сабр қилиб яшайди. Баъзилар аламга қул бўлиб, кўзлари кўр бўлиб қолади. Ҳеч нарсани кўрмайди. Оёғи остига қопқон кўйилганини, тўғри йўлдан кетяптими ё жарга боряптими — билмайди. Бу нодонларнинг қисмати битта. Сен нодон эмассан шекилли?

— Доно одамларга ўхшаб яшашим керакми? Тўйгунча ухлаб, тўйгунча овқат еб, тўйгунча ишрат қилиб, тўйгунча амал талашиб…

— Сенга амалнинг нима кераги бор? Сенга маданият министри бўлгин, деяётганим йўқ-ку? Одамлар сени яхши кўришади. Ашулангни айтиб, уларни хурсанд қилиб юравер.

«Ўн беш йил олдин шундай эдим. Ашуламни айтардим, даста-даста пулларни ишлардим. Еттинчи осмонда сузиб юрардим. Бу қилиғим Худога ёқмади шекилли, йўлимни буриб юборди. Хўш, шунча азобли йўлни босиб ўтиб, яна изимга қайтайми?

Яна ашула, яна шуҳрат, яна пулми? Яна қорин бандаси бўлиб яшайми?» Элчин хаёлида шу гаплар туғилди-ю, аммо тилига кўчмади. Зелихон билан бу мавзуда кўп баҳслашишган. Умрнинг турли сўқмоқларида юрган одамларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари, фалсафалари бир хил бўлиши қийин. Шундай экан, баҳсда бир томоннинг ғолиб келиши мумкин эмас. Зелихон ҳаёт билимдони сифатида Элчинга насиҳат қилаверади. Аммо у, Асадбек айтмоқчи, фақат ўз касбининг академиги. Ҳаётда ҳар бир одам ўзича академик. Ҳар бир одам ўзича ҳақ. Ҳар ким ҳаётдан ўзича сабоқ олади.

Зелихон Элчиннинг жим бўлиб қолганини кўриб, «гапим таъсир қилиб, сал отдан тушди шекилли?», деб ўйлади.

— Аввал чақиртирганида сендан гумон қилган эди, бу сафар аниқ ишлабди. Сенлигингни қаердан билибди? — деди Зелихон гапни бошқа ёққа буриб.

Элчин ўнг кафтини, жимжилоғи томонга оғиб турган бармоқларини кўрсатди.

— Ўзим ҳам ўйловдим. Сен билан бир иш қилиб бўлмайди, ошна. Сени тутиш учун экспертизанинг ҳам ҳожати йўқ.

Асадбекнинг қизи ўғирланганда Зелихон Элчинни огоҳлантириб, ўнг қўлингни ишга солма, девди. Қиз типирчилаб ётганида бу ўгит эсга келармиди?..

— Амма-холаларингни бугуноқ юбор. Пайсалга солма. Мен уч-тўрт кунга Фарғонага бориб келишим керак. Маслаҳатларинг пишгунча қайтарман.

Зелихон сафардан мақсади нима эканини айтмади. Элчин ҳам сўрамади. Чунки Зелихоннинг болалиги ўтган жойларни қўмсаб, бориб туришини у яхши биларди. Зелихонни бу сафар фақат болалик хотиралари ёки катта ўғирлик режаси эмас, жиддий ташвиш чорлаётгани унга маълум эмасди.

 

***

 

Асадбек хотинига мақсадини аён қилмаган эди. Шу сабабли совчиларнинг кириб келиши Манзурани шошириб қўйди. Ҳовлида икки нотаниш жувоннинг пайдо бўлишидан аввалига кўнгли равшанлашди. Она кўнгли сезгир бўлади. Қизининг бўйи етгач, дарвозадан мўраловчи бегона аёл мақсадини дарров фаҳмлайди. Бу ташриф оқибати нима билан тугашини билса-да, барибир кўнгли равшанлашди.

Жувонлар «сендан қолсам қулоғимни кесаман», деб бас бойлагандай, бири-биридан бўлиқроқ эди. Улар шаҳарга донғи кетган одамнинг хотини дуру гавҳарларга кўмилиб яшайдиган малика деб ўйлашганми, устида одмигина қора духоба нимча, оёғида маҳси-калиш бўлган Манзурани чўри гумон қилиб, ҳовлида туриб қолишди.

— Кираверинглар, тортинманглар, овсин, — деди Манзура.

— Эгачим йўқмидилар? — деб сўради жувонлардан бири.

— Кимни айтяпсиз? — деди Манзура, «булар адашиб кириб қолишмадими», деган хаёлда.

— Асадбек акамнинг хотинлари, — деди жувон унга ўғринча тикилиб.

— Менман, овсин, — деди Манзура.

— Вой, айланай сиздан, эгачи, танимабмиза. Келинг, бошқатдан кўришайлик. Эсонмисиз, омонмисиз… Биз ўғирликка келувдиг-а…

Манзура кулимсираб, уларни уйга бошлади.

Куёвликка даъвогарнинг кимлигини билиб, Манзуранинг эси оғиб қолаёзди. Элчин «бор гапни яширмай, дарров айтинглар», деб совчиларга тайинлаган, улар бу амрни оғишмай адо этган эдилар. Манзура қизининг бошига оғир савдо тушгандан кейин хотинини сўйиб қўйиб қамалиб чиққан отарчига берарман, деб ўйламаган эди. Гарчи совчилар «хотинини ўзи сўймаган, туҳмат бўлган» деб ишонтиришга уринишса ҳам, Манзуранинг ранги оқариб, бадани музлаб кетди. У совчиларга чой қуйиб узатиб, ҳовлига чиқди-да, болохонадаги йигитларга «акангизни тез топинглар», деб буюрди. Дам ўтмай даҳлиздаги телефон жиринглади.

Асадбек хотинининг гапларини хотиржам эшитди. Манзура эрининг аччиқланишини, «ҳайдаб чиқар», деб бақириб беришини жуда-жуда истаган эди. Афсусларким, кутгани рўй бермай, эри босиқлик билан:

— Жойи чиққан бўлса, узатиш керак, — дегани унинг ақлини шошириб қўйди. Бир дамнинг ўзида хаёл уни минг бир кўчага олиб кирди. Ниҳоят, эрининг мақсадини англагандай бўлди-да, «Вой шўрим, энди нима қиламан!» деб пичирлаб, ҳовлига чиқди. Совчилар ўтирган уйга кирмоққа юраги бетламади. Ошхонага қараб юрди. Қозонда шўрва билқиллаб қайнаяпти. Чойнакнинг жўмраги буғ уфуради. У беихтиёр қўлига чўмич олиб, ярим коса шўрва сузди. Кейин чўмични қозонга ташлаб, яна ташқарига чиқди. Дераза оша ташқарига қараб ўтирган совчиларнинг бири унинг ҳаракатини кузатиб, «бир нимасини йўқотиб қўйиб гангиб қолди, бояқиш», деб ўйлади. Манзура бу онда бирон буюмни эмас, юраги тўрида ўн саккиз йил авайлаб асраган орзусини, умидини йўқотган эди. Буюмни йўқотса, топиларди, жуда топилмаса «бош-кўзимдан садақа», деб қўярди. Орзу-умиди-чи, энди уни топадими, тополмаса уни ҳам садақа қилиб юбориш мумкинми?..

Манзура бир қарорга келиб, яна ошхонага қайтди. Учта косага шўрва қуйиб патнисга қўйди-да, чаққонлик билан кўтариб, меҳмонхона томон юрди.

Бир йўналишда юрадиган автобус ҳайдовчиси хаёлга берилса ҳам, керакли жойда беихтиёр равишда бурилаверади. Шунга ўхшаб ошхона — меҳмонхона йўналишида қатнайверган Манзура хаёли банд бўлса-да, вазифасини аниқ бажарди. Жувонлар шўрвани мақтаб-мақтаб ичиб бўлишгач, жавоб кутиб унга қарашди. Асадбек розилик билдирган бўлса ҳам Манзура дарров хўп дея олмас эди. Гулдай қизига бир отарчидан совчи келадию дарровгина розилик бериб юборадими? Айрим жойларга совчилар келавериб кавушлари титилиб кетади. Лекин… айрим жойлардаги қизлар бошқа… унинг қизи бошқа. Бу совчилар буни билишади. Билганлари учун ҳам тортинмай, чўчимай кириб келишдими?

— Энди… адамиз билан маслаҳатлашайлик… Қизимиз ёш… Ҳали ўқийди… — деди Манзура чайналиб.

— Вой, эгачи, маслаҳатсиз бўларканми бу иш. Сиз маслаҳатлашинг, ёшлар бир-бирини кўрсин, ёқтирсин. Худо хоҳласа, юлдузи юлдузига тўғри келиб қолса, бу ёғи тўй-да!

— Қайдам… ҳали тайёргарлигимиз ҳам йўқ.

Икки мамлакат муаммоларини ҳал этиш учун йиғилган дипломатларнинг саломлашишидан тортиб, хайрлашувига қадар, муомалалари, кулимсирашларидан тортиб қош чимиришларигача бўлган ҳаракатлари аниқ ишлаб чиқилади. Худди шунга ўхшаш, совчилик маросими ҳам юз, балки минг йиллар давомида бир қолипга тушган. Хотинлар ўзларини қандай тутишни, нима дейишни яхши билишади. Мана ҳозир Манзура: «Ҳали тайёргарлигимиз ҳам йўқ», деди. Бу — қизимизни узатишга розимиз, аммо сиз айтгандай эртага эмас, балки индинга, дегани. Бўлмаса бу хонадон учун тўй нима экан. Эрталаб ишга киришилиб, оқшомда тўй бошлаш қўлидан келмайдими? Лекин қизи бор одам ноз қилмаса «дипломатия» қонун-қоидалари бузилади.

Совчилар уй соҳибасининг кўнглини кўтарадиган бир-икки гапларни айтиб, лутф кўргазиб, ўринларидан жилишди. Жувонлар бир оз хижолат чеккач, бир оз ноз қилган бўлиб, қоғоз халтани олишди. Бу ҳам дипломатиянинг бир қоидаси — розилик аломатига ишора. Эртага бу жувонлар тугун кўтариб келишади. Манзура патир нонларни олиб қолади. Оқшомда эркаклар келишади. Қарабсизки, қиш охирламай туриб тўй!

 

***

 

Анвар катта тоғасиникига борганда осмон эринмай қор эларди. Қиш дангасалик қилиб вақт ўтказган, дўппи тор келганда типирчилаб қолган одамга ўхшарди. Анвар тоб ташлаган кўк дарвозага яқинлашиб жинғироқ тугмасини босаман, деганида дарвозанинг бир табақаси ер чизиб очилиб, аввал қулоғи кесилган баҳайбат ит кўринди. Ит: «Сен ҳам одаммисан, вовуллашимга арзийсанми, йўқми», дегандай Анварга бир қараб олди. Ортидан тоғаваччаси кўринди. Элликдан ошган бу одамга вақти келиб «бу дунёда нима кўрдинг?» деган савол берилса, боққан итларининг наслию номини адашмай айтиб бериши тайин. Қайси боласининг қаерда ўқиши ёки қаерда ишлашини эса, аниқ билмайди. Бола-чақасининг ризқи қийилиб, қора қозон қайнамай қолса қоларки, итлар гўштсиз оч қолмас. Итни одамга вафодор деб нақл қилганлар. Худо шундайин бандани яратганини билганларида эди, одам итга вафодор, деб нақлга тузатиш киритар эдилар.

Бошига қорақўл телпак, оёғига кирза этик, эгнига аскар болаларнинг пахталик тўнини кийган тоғаваччаси Анварни кўриб, кулимсираб сўрашди

— Аммам яхшимилар? Ке, жа кўринмай кетдинг. Сан ичкарига кириб тур, буни би-ир айлантириб келмасам бўлмайди.

— Зўр-ку, — деди Анвар итга қараб.

— Шу якшанбада Қамбар ҳўкизнинг итига қўяман. Бир чиқсанг-чи, ҳадеб китоб ўқувриб миянг суюлиб кетади. Томошани кўрсанг, кўнглинг яйрайди.

Анвар бир марта чиққан, «тамошани» кўрган, аммо кўнгли эзилиб, ўн кунча ўзига кела олмаган. Бир-бирининг жағини тишлаб, силтаб тортаётган итларнинг қонли башаралари, ғажиб ташланган оёқлари, бу манзарани завқ билан тамоша қилаётган одамларнинг қиёфалари кўз олдидан кетмай, қийналиб юрди.

— Томда тоғамнинг эски китоблари бор экан, шуни кўрмоқчи бўлиб келувдим.

— Томда китоб бораканми? Чиқиб ўзинг қарий қол. Уйда кеннайинг бор. Нарвонни қўйиб чиқавер. Эски китоб керак бўлса Шамси сўтакникига борсанг бўларкан. Шамси сўтакнинг Фозил қийшиқ деган отаси бўларди. Фозил қийшиқнинг отасини Нозим паранг дейишаркан. Ўшанинг эски шаҳардаги уйи бузилибди. Қўшсинчнинг орасидан китоблар чиққанмиш. Ҳамма тилла беркитса, паранг китоб беркитган экан, — у шундай деб кулди-да, итини етаклаб кетди.

Баландлиги салкам одам бўйи келадиган чордоқ лўлининг хуржунини эслатарди. Қирқилган шохлар, эски обкаш, радио… нимаики нарса кераксиз туюлган бўлса, олиб чиқиб қўйилаверилган. Бу чанг босиб ётган буюмлар чангалзорига яқин йилларда одам боласи қадам қўймагани билиниб туради. Анвар нима учундир «китоб ё қутида ё жомадондан бўлади», деб хаёл қилди. Чордоқда қути ҳам, эски жомадон ҳам йўқ эди. Чордоқни бир чеккадан титишга мажбур бўлди. Китоб яхшилаб беркитилган, дейиш мумкинмас. Чунки уй олтмишинчи йилларда қурилган, у пайтларда қўрқиб китоб яширишга ҳожат йўқ эди. Агар ўша китоб мавжуд бўлса, уни тоғасининг ўлимидан сўнг, кераксиз матоҳ сифатида олиб чиқиб ташлашган.

Газ келгандан кейин хизматини адо этиб бўлиб, нурай бошлаган мўри ёнида уйилиб ётган латта-лутталар орасидан китоблар, газит-жўрнал бойламлари, аллақанча қоғозлар чиқди. Уларни пастга олиб тушиб, чангини қоқиб тахлай бошлади. Газит-жўрналларнинг аксари йигирманчи йилларда чиққан, уқаланиб кетган қоғозларига қараганда унда араб ҳарфларида ёзилган гаплар тарихи янада узоқроқ.

Анвар уларни бир тугун қилиб уйига олиб кетиб, бафуржа танишиш ниятида эди. Аммо қизиқиши ниятидан устун келиб, ичи қизиб, варақлардан бирини олиб, ҳарфни ҳарфга уриштириб ўқимоққа киришди:

«Шундан билмоқ керакки, бутун Туркистон халқи иттифоқ этса, қон тўкилмас. Ер ва амлок ҳам тақсим бўлмай қолур. Дин ҳам рувож топур. Минг карра доду бедодки, ихтилоф этмоқ учун иттифоқ этканмиз ва ихтилофмиз. Сабаби ила бадбахтлиқға дучор бўлурмиз. Бутун Туркистон иттифоқ этса ўн беш миллунлик бир қуват имлоға келурки, мунга ер титрайдур…»

«Бунча ақлли гапларни ким ёзган экан, — деб ўйлади Анвар. — Бир-бирининг гўштини еб турган одамларга етказадиган дур фикрлар шу овлоқда неча йилдан бери чанг босиб ётибдими?»

«Туркистон керакким мухторият бўлсун, муҳокама шариялар барпо бўлсун. Ҳатти булар бора аскар олинсун. Дафъа аскар олинмоқға қарор берилурди. Аммо муллалар съезди Туркистондан аскар олинмоқға қарор берибдур, деб илмодан балки баъзилар норози бўлур деб бошқа съездга муқуф қўйилди…»

Анвар мазмунни дуруст англамай, сатрларни қайта ўқиди. «Илмо съезди нима экан?» деб ажабланиб турганида хаёлини янгасининг овози бўлди:

— Анваржон, совуқда турмай, уйга кирақолинг.

— Раҳмат, кеннойи, чанг-пангини қоқиб олай, — Анвар шундай деб бошини қоғоздан кўтариб янгаси ёнидаги узун бўйли йигитчани кўрди. Йигитча — шу хонадоннинг тўнғичи, тоғасининг набираси эди. Тоғасининг ўлимидан сўнг бу уйга кам келгани учун Анвар бу йигитчанинг қандай одам эканини яхши билмасди. Тўй-маъракаларда бир-икки алмойи-алжойи гапларини эшитиб, энсаси қотгани учун унга рўйхуш бермас эди.

Онаси ёнида тиржайиб турган йигитча худди Анвар билан бирга ётиб, бирга тургандай салом ҳам бермасдан гап қотди:

— Макулатура керак бўлиб қолибди-да, а?

Анварнинг энсаси қотди-ю, индамади. Янга изига қайтгач, бу хонадоннинг тўнғичи чўнтагидан сигарет чиқариб, тутатди. Анвар бу балодан тезроқ қутулиш учун ишни тезлаштирди. Бунга фаҳми етмаган йигитча эса кечаси билан телевизор кўрганини, сессияда қайси депутат қайсисини «тузлаганини» бир четдан гапираверди. «Бунга ит уриштиришни тамоша қилиш ҳам, сессия кўриш ҳам барибир», деб ўйлади Анвар.

Ишни охирига етказишга Анварнинг тоқати етмади. Янгасидан эски дастурхон сўраб олиб, чордоқдан топганларини тугди-да, орқалаб кўчага чиқди. Қўналғага етай деганда тоғаваччасига дуч келди. Тоғаваччаси итини дарахтга боғлаб қўйиб, ўзи қора чопонли бир одам билан гаплашиб турган эди.

— Ҳа, топдингми? — деди у, Анвар яқинлашгач.

— Топганга ўхшайман, — деди Анвар, — уйга бориб қараб чиқаман.

— Ишинг битган бўлса бўпти-да. Шамси, бу йигит бизнинг жиян бўлади. Ўзи олим. Катта идорада олимлик қилади. Мияси ғиж-ғиж илм. Шунда ҳам тинмай ўқийди. Отамдан қолган китобларни сўраб келибди. Китобларингни сен нима қилдинг?

Шамси деганлари, оғзида носи бор экан, тупуриб, лабини енгига артди-да, қўл силтади.

— Э, арзимайдиган китоблар экан. Чўлпон дейишдими-эй, яна аллакимлар, дейишди. Отлари эсимда йўқ. Шайхонтовурда бир идора бор экан, эски китобларни сотиб оладиган. Манга арзимаган пул беришди. Эскича китобларга кўпроқ тўлашаркан.

— Доданг ҳам парангман, деб юравурган эканда, а? Токчанинг орасига тилла-пилла қўйиб, кейин сувавормайдими! — деб кулди тоғаваччаси.

— Э, китоб жинниси бўлган эканлар. Бунақа одамда тилла нима қилади?

Анвар бу суҳбатдошлардан тезроқ қутулиш учун ўзига кераклисини кутмай, бошқа томонга борувчи автобусга чиқиб жўнаворди.

 

***

 

У ҳовлига тугунни орқалаб кирганида рўпарадаги уй эшиги очилиб Собитхон қори чиқиб келди. Сўнгра эшик оғзида Рисолат кампир кўринди. У ўғлининг келганини билмай қорига:

— Ўзи билмасин, а? — деб тайинлади.

— Хўп, — деди қори кулиб, сўнг кампир сирни ошкор қилиб қўймасин, деб қўшиб қўйди: — Ана, Анваржон келяптилар.

— Келдингми, болам, — деди Рисолат кампир остона ҳатлаб, — аканг эсон-омон эканми?

Анвар қори билан саломлашгач, онасига жавоб берди:

— Уруғларингиз соғиниб-соғиниб салом айтишди. Жиянингиз итидан ортса, аммажонини кўргани албатта келаркан. Оёғига пояндоз тайёрлаб туринг.

— Бўлди қил, эски пахтани чувима. Ити сани арпангни хом ўряптими, нима ишинг бор. Қори болам, бунга би-ир насиҳат қилиб қўйинг, а?

Собитхон қори ўзига ярашган кулимсираш билан «хўп» деб қўйди. Анвар таклиф этган «бир пиёла чойга» киришга унамади. Зарур ишлари борлигини айтиб дарвоза томон йўналди.

— Қори ака, шошиб турган бўлсангиз ҳам бир нафас вақтингизни оламан, — Анвар шундай деб тугунни очди-да, боя ажратиб қўйган қоғозни олди. — Мана бу ерга нима ёзилган. Хато ўқидимми ё хато ёзилганми? Собит қори сатрларга узоқ тикилиб қолди.

— Сиз нима деб ўқидингиз?

— «Илмо съезди» деб.

— Илмо?.. — Собитқори ҳарфларга узоқ тикилди. — «Уламо» эмасмикин?

Анвар пешонасига енгил шапатилади.

— Тўппа-тўғри — уламо! «Уламо» жамияти бўлган-ку?! Ўшаларнинг съезди-да! Мен аҳмоқ шуни ўйламабман.

— Хижолат чекманг, Анваржон, бу ҳаммамизнинг фожиамиз.

Қори шундай деб, кўчага қараб юрди.

— Ойимнинг дардлари бор шекилли? — деди Анвар, уни кузатиб чиқиб.

— Ўзингизга маълумдир. Агар ихлосингиз бўлса, бу ишни қилиш керак. Ихлос бўлмаса фойдаси йўқ.

— Қори ака, ихлос-ку бор-а, аммо ҳожат йўқ. Эс-ҳушим, Худога шукр, жойида. Ё сиз ҳам?..

— Асти-асти, ундай ўйламанг, Анваржон.

— Мен бошқачароқ ўйлаб, бошқачароқ гапираман, шекилли. Ҳамма бир хил ўйлаб, бир хил гапириши шарт эмас-ку, тўғрими?

— Тўғри, Оллоҳ таборака ва таоло бандаларини бу дунёда синаш учун турлича қилиб яратган. Фақат қиёматда жаннатга кирилганда барча бир кўринишда бўлади. Чиройда Юсуф алайҳиссалом, гавдада Довуд алайҳиссалом, одобда эса пайғамбаримиз Муҳаммад салоллоху алайҳи вассалам сингари бўладилар.

Шу пайт икки эшик нарида, Собитхоннинг уйи олдида «Волга» тўхтаб, ундан бир йигит тушди. У аввал эшикка қараб қадам ташлади. Қорини кўргач эса, бу томонга юрди.

— Қори ака, олиб кетгани келдим, — деди у, салом бергач, қўлини қовуштириб.

Қори хайрлашиб кетди.

Анвар ҳовлига қайтгач, олиб келган китоб-қоғозларнинг чангини яна бир қоққан бўлди-да, уйга кирди. Тугунда битта чарм муқовали, битта қалин қоғоз муқовали китоб бор эди. Китоб босма ҳарфларда эмас, қўлда ҳуснихат билан кўчирилган, аммо шарқ китоботи санъати қоидасига зид равишда саҳифаларга зеб берилмаган эди. Чарм муқовали китобда диний ақидалар зикр этилган экан. Анвар уни қўйиб қалин қоғоз муқовалисини қўлига олди. Бу китоб чеккада қолиб, чириб титилганми ё атайин йиртиб олинганми, ҳарҳолда бош қисми йўқ эди. Дастлабки сатрларни ўқибоқ Анварнинг юраги ҳаприқиб кетди: бу ўша, Зуннуний айтган асар эди!

«… Ёғий Тошканга мукаммал сипоҳи ила Калас томондин яъжуз-маъжуз каби ёпирилди. Айтурларки, қадимда Чингис лашкарлари-да бу каби ёвузлик ила кирмаганлар ва сибўмонанд бўлмаган эдилар.

Эски жўвада қиёмат содир бўлуб, ўрус аскарлариға қирон еткурилди. Инсон қони тўкулмаган на бир кўча қолди, на бир хонадон. Жиҳодга кирган Тошкан аҳли «биз ўлсак-да, ўлайлук, динимиз булғанмасун, мусулмон туфроғи кофирлар оёғу остида азият чекмасун, фарзанди комилларимизнинг «Аллоҳу акбар!» деб чиқувчи тиллари кесилмасун», деб азиз жонларини қурбон бера бердиларким, уларга уқоб ҳам ҳавас қилгулик эди. Бу қадар қаршиликни кўрмаган ёғий фиғони фалакни тутти. Барча ерларда ҳам шунчалар зарба берилганида эрди, ёғий фурудастликка маҳкум бўлурди. Хабисшева аҳлидан бўлмиш ёғий ёшми, қарими ёхуд гўдакми — фарқламай отаверди, чопаверди. Фақирингиз бундайин сидрафарсой манзарани кўрсатгунча кўзларимизни кўр қил, деб яратганга таваллолар қилдум. Мўйлаби чаённинг думи янглиғ тепага қайрилган бир малла қиличини шундайин зарб ила урдики, селгинчак осилган бешик ҳам иккига бўлинди, унда беланган чақалоқ ҳам чўрт узулди. Болам, деб нола қилган ўн тўрт кунлик ойдайин жувон боши танидан узилиб, бешик ёнида қотди…

Ёғийга омонлик бермаган Эски жўва даҳасини сўнгроқ уқало «Жанггоҳ» деб юритмишлар…»

Анвар китобдан бош кўтариб ўйга толди: «Қизиқку, «халқ отаси» буни бошқача талқин қилиб берган. «Тошкент йигитлари чапани, урушқоқ бўлган. У маҳалла бу маҳалла билан муштлашиш учун Эски жўвада тўпланганлар. Эски жўвадаги майдон шу боис «Жангоп», яъни «Жанггоҳ» деб юритилган», деб ёзавериб, бу гапнинг ийиғини чиқариб юборган-ку?»

Анвар китобга шу қадар берилдики, онасининг ҳовли этагидаги уй эшигини очиб икки марта чақирганини ҳам эшитмади. Хотинининг кириб келганини ҳам аввалига сезмади.

Хонзода уйга кириб, сочилиб ётган эски қоғозлар, газит-жўрналларни кўриб, дастлаб ажабланди. Ерда чордана қуриб ўтирганича китобга мук тушиб олган эрига қараб салом берди. Анвар саломни эшитди, бироқ китобдан узилгиси келмай бош қимирлатиб қўя қолди. Хонзода, эри қараб ҳам қўймагани учун «яна касаллари тутдими», деб қўрқиб кетди.

— Анвар ака, — деди секин, кейин чўчиброқ бўлса-да, овозини кўтарди: — Анвар ака!

Анвар китобдан бош кўтариб, ялт этиб хотинига қаради:

— Ҳа, келдингми? — деди-да, яна китобга мук тушди.

Хонзода кийимини алмаштириб чиққанида ҳам аҳвол шу эди. У эрига бир оз тикилиб тургач:

— Нима овқат қилай? — деди, айбдор одамнинг овозида.

Анвар жавоб бермади.

— Овқатни сўраяпман, — деди Хонзода, овозини бир парда кўтариб.

— Бу ёқда одамлар қийма бўлиб ётибди-ку, бунинг дарди овқат, — деди Анвар минғирлаб.

— Нима деяпсиз, тушунмадим, — деди Хонзода.

— Мастава! — деди Анвар жеркиб.

Мастава Анварнинг энг хушламайдиган овқати. Жаҳли чиқсагина шундай жавоб беради. Хонзода саволни қайтаришга ҳожат йўқлигини билиб чиқиб кетди. Орадан бир пиёла чой ичарли вақт ўтиб, онаси кириб келди.

— Анваржон, болам, уйдамисан? Чақираман, чақираман, индамайсан. Мен сени қори бола билан худойига кетвордингми, дебман. Тоғангникига нимага борувдинг, китоб олиб келдингми? Қанақа китоб экан?

Анвар «О, шпион, етказибди-да», деб ўрнидан турди-да, онасини етаклаб диван томон юрди.

— Қанақа китоб деб сўрадим сендан, — деди кампир жойлашиб ўтириб олгач.

— Эскича китоблар.

Зийрак кампир келинининг ахборотидан сўнг хавотирланиб чиққан эди, шу сабабли ўғлининг қисқа жавобидан қониқмади.

— Тоғангда эски китоблар бўлмасиди, қани, ўқи-чи?

Анвар бу «тергов»дан осонгина қутулмаслигини билиб, чарм муқовали китобни қўлига олиб очди-да, дуч келган еридан ўқий бошлади:

— «Бурун ул нимаким, фарз этти Яздон,

Эрур оқилга болиғ бўлғач имон.

Анинг маънисидур тил бирла иқрор,

Кўнгул бирда инонмоғлиғ дағи бор.

Тилар бўлсанг анга ўзни етурмак,

Бил, олти нимага имон кетурмак…»

Анвар саҳифалар орасига бармоғини қўйиб, китобни ёпди.

— Бўлдими, энди ишондингизми?

— Сен энди, ўқиганингни манга тушунтириб бер.

— Худо иймонни фарз этти, демоқчи.

— Ўқиганингда Худо деган сўз йўғиди-ку?

— Яздон — Худо дегани. Қаҳҳор, Жаббор деганда ҳам Худони англайдилар. Худони англатувчи сўзлар кўп.

— Боламдан айланай, шунча нарсаларни биласану писмайиб, индамай юрасан-а? Онамнинг кўзлари кўр бўп қоган, шу бечорага яхши нарсаларни ўқиб берай, айтиб берай, демайсан. Ман санинг нонингга зормасман, болам, яхши гапингга зорман… — Рисолат кампир кейинги гапини ҳасрат оҳангида айтди. Овози титраб кетганини сезган Анварнинг юраги сиқилди.

— Ойижон, китобни ҳозир олиб келдим. Ҳали ўзим ҳам ўқиб чиққаним йўқ. Шпионингиз бехато ишлашини билганимда, йўлдаёқ ўқиб келардим.

— Гапни дарров эгриликка бурма. Мани келинимдака келин йўқ бу дунёда. Шпионлик қилиб уйига гап ташибдими, ё кўча-кўйда валақлаб юрибдими? Худога шукр қилсанг-чи?

Анвар онасининг осонлик билан чекинмаслигини билгани учун доим қўллайдиган ҳимоя усулига ўтди — гапни ҳазилга бурди:

— Мендай эр насиб қилганига Хонзодангиз шукр қилсин.

— Сан болага хотин зотининг чидаши қийин.

— Ойи, тергов тамом бўлдими?

— Чиқиб кетинг, демоқчимисан? Ҳайдамасанг ҳам кетаман.

Рисолат кампир ўрнидан қўзғалмоқчи эди, Анвар тезгина бориб ёнига ўтирди-да, елкасидан қучди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК