ШАЙТАНАТ… (16-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Худди хўжа қизига ўхшайсиз-а? Жаҳлингиз чиқмасин, ҳазиллашяпман. Ўзим ҳозир ёнингизга чиқмоқчи эдим. Сўрайдиган гапларим бор.

— Болани туғиб, боқиб-боқиб, қариганингда ёқмай қоларкансан, — деди Рисолат кампир, аразини давом эттириб.

— Бувамнинг хатларини ўқидим. Ҳаммасида афсус чекяпман, деганлар. Нимадан афсусланишлари мумкин?

— Билмайман.

— Нимадан афсусланишлари мумкин? — деди Анвар ўзига ўзи гапираётгандай. — Қилган хизматларигами ё ёшликдаги хатоларигами? Балки ёшлик чоғларида бирор дўстларига хиёнат қилгандирлар?

— Гапинг қурсин сани, адам раҳматли чумолига ҳам озор бермасидилар. Чақувдан бўлган ҳаммаси. Сталинга қарши тўнтариш ясамоқчи, деб туҳмат қилишди. Сталиндай одамни тўнтариб бўларканми?

— Ҳарҳолда қизиқ… Шоакбар Зуннунийни ўн тўққизинчи йилда Бухоро амири остирган. Орадан ўн саккиз йил ўтгач, унинг дўстини — менинг бувамни қамашган. Икки ҳаммаслак дўстнинг бири эски тузумга ёқмаган, иккинчиси янгисига… — Анвар бир қўли онасининг елкасида, кўзи дераза ортида ёғаётган қор зарраларини илиб олаётган дарахт шохларида эди.

— Ақлли одамнинг душманлари кўп бўлади, болам.

— Бувимга қийин бўлган экан-да.

— Ойим бояқиш ҳасратда ўтдилар, — Рисолат кампирнинг кўнгли тўлиб, енгининг учи билан кўзёшини артди.

— Юринг, ойи, танчангизда бир оз ўтирайлик, оёғим қақшаб қолди, — Анвар шундай дегач, кампир ўрнидан турди.

Анвар онасини уйига кузатиб, бирпасгина ўтириб қайтмоқчи эди. Онаси атайин уни ушлаб қолмоқчи бўлдими ё чиндан ҳам китоб ўқитиб эшитгиси келдими — Анвар фарқлай олмади. Хонзода чарм муқовали китобни келтиргач, у қамалдаги одам ҳолига тушди. Қишнинг бир тутам кундузи тугаб, шом қоронғиси бостириб кирди.

 

***

 

Анвар ўрин солаётган хотинини елкасидан қучди. Хонзода чўчиб тушди. Чўчиганини яшириш учун тезгина ўгирилди-да, эрининг пинжига кирди — елкасига беозоргина бош қўйди.

— Сиздан яна илтимос қиламан, — деди Анвар уни бағрига босиб. — Ҳамма ўйласа ҳам, сиз мени жинни деманг. Ҳадеб ойимга югуриб чиқаверманг. Мен соғман. Мен ишхонадагилар учун жинниман. Улар мендан қутулишнинг бошқа чорасини топишолмади.

— Ўша ишингиз ҳам қурибгина кетсин. Бошқа ишлар тўлиб ётибди-ку?

— Йў-ўқ, у ердан кетмайман. Аввал ишимни битириб олай. Энди чекинсам, ростданам жинни бўламан. Бугун топиб келган китоб-қоғозларим уларни портлатиб юборадиган атом бомбанинг ўзи. Тилка-тилка бўлиб кетишади.

Хонзода эрини гапиртирмаслик учун лаблари билан лабларини қидириб топди…

Хонзода одати бўйича енгил пишиллай бошлагач, Анвар ўрнидан туриб меҳмонхонага чиқди. Дераза оша осмонга тикилди.

Тунд осмон ёришмади.

«Чақирсанг келамиз, дейишган эди. Нима учун дараклари йўқ?..»

 

***

 

Шаҳарнинг энг катта ресторани икки кун давомида Асадбек хизматида бўлди. Хонаки қиморбоздан тортиб, орқа ойнасига оқ парда тортилган оқ «Волга»ларда юрувчи зотларгача хизматда бўлишди.

Тўйнинг дарагини эшитиб Зоҳид ҳам, гарчи таклиф этилмаган бўлса-да, келди. У бошқалардек елиб-югуриб хизмат қилмади. Асадбекнинг кўзига кўриниб, жилмайиб, таъзим ҳам қилмади. Бир четда туриб кузатди. Хизмат ресторан ходимларию ходималаридан ортмаса ҳам, «қамишдан бел боғлаб хизмат қилишни ният этганлар» тиниб-тинчишмасди. Тўй ҳаракатлари ичкарида бўлишига қарамай, Асадбек турган ерда ивирсишарди. Айримлари югуриб келиб, Асадбекдан маслаҳат олиб кетарди. Айримлари шунчаки кириб-чиқиб турарди. Улар орасида таниш одамларини кўриб, Зоҳид «ҳоким дейишганича бор экан», деб қўйди.

Зоҳид никоҳ оқшомида куёвнинг ёнида Анварни кўриб аввалига ажабланди. Устози сабаб бўлиб, Анвар билан бир-икки суҳбат қурган эди. Адолат деб куйиниб юрган йигитнинг адолатсизлик билан топилган пуллар эвазига тузалган дастурхон тўрида ўтириши унга ғалати туюлди. Унинг қаричи билан ўлчанса, Анвар дўстининг бу хонадонга куёв бўлишига йўл қўймаслиги лозим эди. Дўстини қайтаролмаган тақдирда ҳам куёвжўра бўлиб тўрда ўтирмаслиги керак эди.

Чумоли уясидек қайнаётган тўйхонада Анвар ҳам Зоҳидни кўриб, «Бу йигит нима қилиб юрибди?» деб ажабланди. «Хизмати юзасидандир» деган гап хаёлига келмай бироз ғижинди.

Зоҳиднинг тўйда иштирок этаётганини фақат Анвар эмас, Асадбекнинг одамлари ҳам пайқашди. Тўй ўз йўлига, хизмат ўз йўлига, деганларидек, Асадбекнинг одамлари ҳушёр ва зийрак эдилар. Ким келди, ким кетди, ким нима деди — уларнинг назаридан четда қолмас эди. Тўйдагиларнинг қарийб ярми таклиф этилмасалар-да, Асадбекка садоқатларини билдиришиб, ўз ихтиёрлари билан келишганди. Зоҳид ҳам таклиф этилмаганлар сафида, аммо унинг мақсади Асадбек одамлари учун ноаниқ эди. Шу сабабли «Шариф Намозов ишини кўрган, ҳозир Шилимшиқнинг иши билан шуғулланаётган» «бола»нинг келганини Асадбекка маълум қилиб қўйишди.

— Еб-ичиб ўтираверсин, индамаларинг, — деди Асадбек. Кейин ёнида қўл қовуштириб турган Кесакполвонга қаради. — Ҳайдар, директоринг кўринмадими?

— Кишинёвда ўтирибди. Самолёти учмаётганмиш.

— Прокурор боланинг акаси ўлдирилган, девдингми?

— Ҳа, шунақа бўлган экан.

— Прокурор бола…. тузукроқ одамми?

— Бу ёқда ҳали тузукроқ иш бермади. Милисадалигида сал ўжарроқ экан. Одам бўлиши қийин-ов…

— Хўжайини нима дейди?

— Одам бўлмаса думини тугади-да…

— Ўзинг ҳам уриниб кўр. Оёғимиз остида ўралашмасин. Кавказлик болаларни топдиларингми?

— Йўқ, изи қурибди. Уларни академик топган бўлиши керак. Прокурор болага ўшани рўпара қилайми?

Асадбекка бу таклиф маъқул тушгандай бўлди. Сўнг Зелихон изидан ис олган прокурор оқибат Элчинга рўпара келишини ўйлаб, фикридан қайтди.

— Йўқ, — деди у кескин оҳангда. — Унга тегмаларинг.

Зоҳид «юқори доираларнинг» ўзи ҳақида сўз юритаётганидан бехабар, «мени бу ерда ҳеч ким танимайди», деган хотиржам ўйда тўй тамошасини кузатарди. Унинг назарида хонандалар устидан сочилиб, хипчабел раққосалар оёғи остида босилаётган пуллар қоғоздан эмас, одам қонидан ишланган эди. Маст башаралар санчқига ҳил-ҳил пишган қўй гўштини эмас, одам гўштини илиб оғизга солишаётгандай эди… Шуни ўйлаганида кўнгли ағдарилиб кетаёзди. Гўё ашулачи санъатини қадрлагандай пул сочаётган, аслида ўз қудратини, айни чоқда, Асадбекка бўлган эътиқодини намойиш этаётган бу киборларнинг қай бири Жалол Комиловнинг эркаклигини кесиб ташлаган экан, қай бири юрагига пичоқ санчиб, қай бири осиб қўйган экан? Зоҳид «бу ваҳшийлик фақат мафиянинг қўлидан келади, гуруҳлар орасида ихтилоф чиққану Комилов қурбон бўлган», деган қарорга келган эди. Бу ваҳшийлик «ижодкори» пул сочаётганлар эмас, қўшиқ айтиб кўпнинг дилини ўзига ром қилиши мумкин бўлган, ҳозир эса тўрда куёв сарупосида ўтирган Элчин экани хаёлига келмайди. Бу ҳақиқат тагига етгунича кўп қоқилади, пешонаси кўп ғурра бўлади…

 

***

 

Даврабоши Элчиндан биттагина қўшиқ эшитиш таклифи тушаётганини айтиши ҳамоноқ қийқириқ бўлиб кетди. Элчин қамалмасидан аввал бу шарафга кўникиб қолган эди. Шундай кезларда у саҳнага юриб эмас, гўё парқу булутлар устида сузиб чиқар эди. Ҳозир ўша дамлар қайтгандай бўлиб юраги бир энтикди. Бош чайқаб «йўқ», деди. Ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб таъзим қилди. Даврабоши унга тор узатгач, ноилож қолиб қўлига олди. Шунда ҳам ўртага чиқмади.

Кимга тўй, кимга аза, дейдилар. Элчин зоҳиран куёвлик шоҳсупасида хуррам кўринар, ботинан эса, юраги темир тирноқлар ҳукмида эди. Яхшилаб қараган киши унинг юзлари кулгани билан кўзлари ғам пардаси ортида маъюс тортганини пайқай олади. Яхшики, тўйда одамлар синчков бўлишмайди. Кўпчилик Элчиннинг «ашула айтмайман» дейишини шунчаки ноз ўрнида қабул қилди. Элчин ҳозир улар истаган қўшиқларни айтолмасди, уларни хурсанд қилолмасди.

Қўлига тор олгач, «нимани айтсам экан» дегандай ўйланиб қолди… Электр орган чолғучиси унинг мушкулини осон қилиш учунми бир вақтлар машҳур бўлган ашуласининг куйини чалди…

Бугун қўшни чорбоққа

келин тушди, ёр-ёр…

Элчин бу куйни эшитмади.

… Пуллар сочилиб ётган тўйхонага… Ноила кириб келди. Оппоқ узун кўйлакда. Чап кўкрагида пичоқ, лекин қон йўқ. Маъюс кулимсираб туриб:

— Айтинг, Элчин ака, ўша ашулангизни соғиндим… — деди.

— Қўшиқ фақат сенга аталган эди.

— Айтинг, майли, булар ҳам эшитишсин. Зора тош юраклари юмшаса…

Тўйхона бирдан жимиб қолди.

Қамоқхонадаги тўлғоқли кечаларда туғилган, узоқ йиллар юрак қафасидаги тутқинликда потирлаётган қўшиқ озодликка чиқди…

Хайр энди, қалбимда бир видо қолди…

Хайр энди, сен кетдинг, бегуноҳ оҳу…

Бугун сен қайдасан,

Қайларда қолдинг…

Бугун бошинг узра кимнинг паноҳи…

Элчиннинг назарида тўйхона жим эди. Барча унинг юрагидан отилиб чиқаётган нидони тингларди. Аслида эса… дастурхонга бошланган ялпи ҳужум сусаймаган ҳолда давом этарди.

Сени кеч топгандим… эрта йўқотдим…

Қарғагин, лойиқман сенинг қаҳрингга…

Қарғагин… Қарғагин…

Элчин ўзга оламга кўчган эди.

Тўйхонада эса Асадбекнинг ичкари киришига тайёргарлик бошланаётган эди. Ҳарҳолда куёви ашула айтяпти, пул қистирмаса бўлмас…

Бўшаган ликопчаларни йиғиштириб юрган тўрт аёл Жамшиднинг ишораси билан сочилиб ётган пулларни тезлик билан териб олишди. Улар ишларини якунламай туриб бир йигит қўлида дасталанган пул билан пайдо бўлди-да, юзталикларни икки қатор қилиб худди пояндоздай тера бошлади.

Қарғагин, лойиқман сенинг қаҳрингга…

Юз сўмлик пулдан иборат пояндоз ҳосил бўлгач, базмхонада Асадбек кўринди.

Ўзгалар қалбида меҳр уйғотдим…

Асадбек пулларни босмай, четлаб ўтиб, ашула айтаётган куёви томон юрди. Йўл-йўлакай Жамшидни кўзи билан излаб топиб қовоқ уйиб қўйди. Жамшид буни тушуниб дарров хипчабелларга имо қилди. Уларга жон кириб, пулларни йиғиштиришга тушишди. Асадбек келин-куёвга яқинлашиб чўнтагига қўл солди. Кўпчилик бир даста пул сочилишини кутган эди. Асадбек ҳеч бир тўйда, ёки йиғинда пул сочмаган. Унинг бу одатини билган яқинлари «ўзининг тўйида бу одатини бузармикин» деб ўйлашганди. Улар кутган иш бўлмади. Асадбек иккита юзталик чиқариб узатди.

Элчин бошқа оламда эди — эгилмади. Асадбек пул қистиролмади. Унга Элчиннинг ҳозирги ҳолати бегона эди. Шу сабабли Элчиннинг эгилмаганини мағрурлик белгиси сифатида қабул қилиб ғижинди. У ўзини мағлуб ҳис этди. Аммо мағлублигини тўйга йиғилганлар у ёқда турсин, ёнидаги аъёнларига ҳам сездириши мумкин эмас эди. У дарҳол чўнтагига қўл солди-да, бир тутам юзталик чиқариб, куёви устидан сочди. Тўйхонани қийқириқ босди. Асадбек иккинчи чўнтагидан пул чиқариб уни қизи устидан сочди. Аввал Кесакполвон, сўнг Чувринди хўжайинлари ишини такрорлашди. Асадбек кулимсираган ҳолда тўйхонадан чиқди.

… Қарғагин, лойиқман сенинг қаҳрингга…

Элчин устидан пул ёғиларди…

Туйғулари эса топталарди…

Унинг кўзларидан сизиб чиққан ёшни ҳеч ким сезмасди, ҳатто Анвар ҳам…

… Ўзгалар қалбида меҳр уйғотдим…

 

***

 

«Сиз ўшами?..»

Зайнаб бу лаҳзани қанча кутди? Еттинчи синфдалигида «Ўтган кунлар»ни биринчи марта ўқиб чиққан эди. Еттинчи синфдалигида китобдаги Зайнабни қарғаб, Кумушга ўзича мотам тутди. Ўзига Зайнаб деб исм қўйгани учун ота-онасидан хафа бўлди. Романни иккинчи ё учинчи марта ўқиётганида онасига йиғлади. «Отимни ўзгартирайлик», деб ялинди. Манзура қизининг бу қилиғидан кулди. Қучоқлади, бошини силади, пешонасидан ўпди. «Айланай қизим, бу ёмон исм эмас, китобда ёзаверишади-да», деди. Кейин қизига қизиқиб ўзи ҳам китобни ўқиб чиқди. Ўзи ҳам йиғлади. «Ойижон, исмимни Кумуш деб ўзгартирмайсизларми, Кумушга ўхшаб ўлиб кетсам ҳам майли эди…» Бу Зайнабнинг кўнглидан кечган гап. Уни тилга чиқариб айтолмайди, уялади. Чунки китобдаги Кумушнинг Отабеги бор…. орада тотли дамлар бор. Зайнабнинг орзулари ортида ҳозирча яширин бўлмиш шундайин ҳислар борлигини отаси билиб қолса — шармандалик эмасми?

Узоқ вақтгача биров уни отини айтиб чақирса худди «Кумушга заҳар берган сенсан», дегандай бўлаверди. Ҳатто бир куни тушида Кумушни кўрди. Кумуш — кинодагидан минг чандон гўзал, юзларидан нур таралаётган бир жувон «нима учун мени ўлдирдингиз?» деб ўпкалади.

Ўзининг исмидан уялиш баробаринда у хаёлан Отабегини изларди. Синфдаги болалар орасида Отабек ўрнини босувчи болани топмади. Танаффус пайтида худди қизлардай тўпланиб олишиб кийим-кечаклар ҳақидаги гаплардан ортмовчи ўғил болалардан Отабек чиқиши мушкул эди. Унинг назарида арзирли бола мактабда йўқ эди. Нораста қиз юрагини отасининг ишончли маҳрамларидан бири бўлган жингалаксоч йигит — Жамшид ром этсами?! Жамшид эса қизчанинг кўнглидан нелар кечишини билмай, ҳовлида рўпара келиб қолганида «Ҳа, пучуқ, ўқишлар қалай энди?» деб қўяди. Зайнаб баъзан шу сўзларни ҳам эшитишга муштоқ бўлиб қолади. «Отам мени унга берармикинлар?» деб ўйлайди. Ҳатто «Нимага мени олиб қочиб кета қолмайди?» деб ҳам фикр қилади.

Балоғат ёшига шу ўйлар, орзулар билан кириб келди. Кўнглидаги болаликнинг ўткинчи ҳислари эмас экан. Юракка уруғ бўлиб қадалган ўша ҳислар энди униб чиқа бошлади, қизнинг юрагини, ақлу ҳушини Жамшид тамом банди қилди. Ёши ўтаётган бўлса-да, уйланмай юрган йигит нима учундир бу хонадонда ажиб бир гул унаётганини сезмас эди. Жамшид деярли ҳар куни шу ерда бўлгани учун ҳам уни ўз синглисидай кўрарди, унга бошқача кўз билан қарашни ўйламасди. Зайнаб мана шундан тўлғоқда эди.

У бекор қолди дегунича Кумушбиби қисматини ўқирди. Китобнинг кўп саҳифалари ёд бўлиб кетган эди.

«Билурмикин, билмасмикин, у золим!

Кунлар, тунлар тортган оҳу зоримни!..»

Кумушнинг тўйида қизлар айтган қўшиқдан шу байтни кўп такрорларди. Жамшид кўринмай қолса «тоблари қочдими, мени ўйлаб хаста бўлдиларми», деган хаёлга борарди. Хаёлни ўзича ҳақиқатга айлантирай деганида Жамшид кўриниб қолса, унинг сочларини битталаб юлгиси келарди. Кечалари билан тўлғониб «яхши кўришимни ўзим айтаман», деб қарор қиларди. Тонг бўзариши билан унинг бу дадиллиги уйқуга кетар эди. Жамшиднинг машинасига чиққанида эса сири ошкор этилиб шарманда бўлгандай юзлари ловуллаб, тили калимага келмай қотиб қоларди. Зайнаб фақатгина ўз дунёсида яшарди. Бу дунёга ўзгалар кириши мумкин бўлган эшик эса тақа-тақ берк эди. Бу эшикни, истаса, фақат Жамшид оча оларди. Аммо унда бундай хоҳиш учқуни сезилмади. Зайнаб ношукурлик қилмади. «Узоқдан бўлса ҳам ҳар куни кўриб турсам бас», деди. Назарида Жамшид бўлмаса унинг бу дунёда юришига ҳожат ҳам қолмас эди.

Йигит киши ҳам шунчалар бепарво бўларми? Гулларнинг очилишига зор булбуллар қани? Гул ишқида ёниб куйловчи қумрилар қани? Қани Отабек? Заҳар фақат Кумушбиби жонини суғуриб олмай, Отабек юрагидаги муҳаббатни ҳам ўлдирдими экан? Шу боис бу ёруғ дунёда Отабеклар қолмадими экан?

Жамшид Отабек каби севганида эди, Зайнабимиз Кумуш каби ўлиб кетишга минг марта рози эди. Ҳа, Зайнабимиз ана шундай телба муҳаббат чўриси эди. У Жамшиднинг юрагидан аёл зотига нисбатан муҳаббат қувиб чиқарилганини, бу қалб фақат нафрат билан тепаётганини билмас эди. Чунки Жамшид ҳам ўз дунёсида яшарди. Унинг дунёсига ўзгаларнинг кируви мумкин бўлган эшик ҳам тақа-тақ берк эди. Бу эшикни Зайнаб ҳам оча олмас эди…

Зайнаб муҳаббатнинг алдамчи булутлари устида сузиб юрганида ўзининг бўлажак тўйини хаёл кўзи билан кўрарди. Йўқ, йўқ, сиз уни эрсираб қолибди, деб ўйламанг. Асти бундай эмас. Тўй деганда унинг кўз олдига тўшак келмайди. Тўй деганда у… Отабекнигина кўрарди. Хотирасига муҳрланиб қолган ёзувчи сатрлари билан кўрарди…

«… куёв келар эди: икки томонни сириб олган хотин-қизлар ўртасидан Отабек келар эди…»

Отабек — шубҳасиз, жингалаксоч йигит.

«… унинг кетидан Офтоб ойимнинг эгачиси исириғ тутатар эди…»

Демак, исириғни холаси тутатади.

«… хотинлар қўлларида шам билан бунга қарар ва узатиб қолур эдилар…»

Электр чироқ ўчиб қолса қандай яхши бўлар эди…

«Куёв уйнинг ёнига етди. Унинг юзи уятдан жуда қизарган, қочгали жой тополмас эди. Шу кезда уйнинг эшиги очилди-да, янга томонидан қаршиланди.

— Кирингиз, бек!»

Янга ким бўларкин? Кичик холаси дуруст. Каттаси сал қўполроқ, бемаъни гапларни ҳам айтворади.

«… Отабекнинг юрак уриши эҳтимол янгасига ҳам эшитилар эди…»

Янгасига эшитилмас балки, аммо у эшитади. Ўз юрагининг қафасдаги қушдай потирлашига ҳамоҳанг бўлади…

«… Отабек уйга киргандан кейин янгаси ташқари чиқиб, эшикни ўзи кўрарли қия қилиб ёпди…»

Кичик холаси мўраламайди, гап пойламайди. Унга айтиб қўяди: эшикни зич ёпиб устларидан қулфлайди…

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК