КЕЧА ВА КУНДУЗ… (20-қисм)

0

 

 

***

 

Воқеанинг юз берганига бир неча кунгина бўлди. Бу тўғридаги довруғ ҳали шаҳарга эшитилгани йўқ. Битта-яримта шаҳар одамлари эшитган бўлсалар ҳам Зе-бининг ота-онаси бу гаплардан бехабар бўлсалар керак. Улар ҳали қизларига мингбоши додҳодан авлод тилаб, эшонбобонинг табаррук нафасларидан яна та-баррук сув ҳозирлаб қўйгандилар… Жумани ўтказиб, чолнинг ўзи бир бориб ҳам келар… Умид каттадир! Башарти улар билган бўлсалар ҳам, закунчи солиш ёки бир жойга арз қилиб бош уришни на чол билади ва на кампир! Гапнинг калтаси, улар «ўрус маҳкамаларига бориб, бир нарса чиқаролмайдилар». Жуда чидамай кетса, Раззоқ сўфи тўппа-тўғри эшонбобонинг ёнларига боради; ўзини кўтариб уриб йиғлайди… Шу!

Зеби бўлса, ўша заҳарланиш ҳодисасидан бери доим карахт бир ҳолда бўларди; унинг мияси бирдан фалажга йўлиққан каби эди. У бутун бир сўроқ, тергов, кон-вой, суд ва закунчиларга ажиб бир лоқайдлик билан — худди жонсиз одамдай қарар; нималар дейишни, ўзини нечик мудофаа қилишни, нима деб гап қайтаришни ўйламасиди. Унинг миясида, миясининг ҳам аллақайси олис бир бурчагида хира ва туманли бир фикр; у фикр шунча олисда ва хираки, унинг нималигини англаёл-майди бечора… Миясини тугумлаб жуда зўр берган вақтда у туманли фикр мана бу кепатага киргандай бўлади:

«Мен ўлдирганим йўқ… Бу аниқ… Мени қўйиб юборадилар… Яна ўша  ерга қайтаманми?.. Нима кераги бор… Ойим-чи? Ойимнинг ёнига қайтаман… Эрим ўлиб қолди, дейман… Йиғлайман…»

Суд мажлиси бўладиган кенг залда шамоллар учиб ўйнарди. Қатор-қатор чизилган Вена курсилари ҳафталик уйқуларидан ҳали ҳам уйғонмаган эдилар. Энг олдинги қаторда ҳоким, нойиб, гарнизон бошлиғи, полиция бошлиғи, поп; учинчи қатордаги энг чекка курсида оппоқ ва зўр саллали чол — жоме мачитнинг ингичка овозли имоми ўтирарди. Бир томонда — закунчи, бир томонда — тилмоч; бошқа ҳеч ким йўқ.

Зеби икки конвойнинг яланғоч қиличи ўртасида залга кириб келди; устида қора барқут паранжи, қора чиммат, оёғида қора амиркон маҳси-кавиш билан суд қаршисига келиб тўхтади. Бу омонсиз суддан ва бу ялтираган яланғоч қиличлардан кўра унинг ўша қора қиёфаси қўрқинч эди: ўрта асрлардаги Испания инквизиция маҳкамаларининг қора аболи ва сирли кардиналларига ўхшарди… Поп қаради, бошини чайқади; домла қаради, «астафғурулло» ўқиб, соқолини силкитди.

Суд раиси, ниҳоят, тилмочга юзланди:

— Айтингиз, айбдор юзини очсин.

Тилмоч бу буйруқни Зебига тушунтириб берди.

— Вой, ўла қолай! Шунча номаҳрамнинг олдида юзимни очаманми? Ундан кўра ўлганим яхши эмасми?

Бу сўз таржима қилиб берилгач, пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик, суд ҳайъатидан бир неча киши енгилгина кулиб олдилар.

Улардан икки киши айрилди: биринчиси — ниҳоятда семиз ва йўғон гавдали гарнизон бошлиғи; бу одам, товуқнинг қақағлашига яқин бир товуш билан овози борича ва бирданига қаҳқаҳ солди. Ҳамма унга томон ўгирилди. Суд раиси чинқироқ чалди. Гарнизон бошлиғи ёнидаги рўмолчасини олиб, юз-кўзларини арта бошлади… Иккинчиси — имом дом-ла; бу киши ўзларининг ингичка — ҳуштак сингари овозлари билан, ихтиёрсиз «маша-олло!..» деб юбордилар. Ҳамма у кишига томон эврилгач, қип-қизариб ва ҳам… қўрқиб бошларини қуйи солдилар.

— Сиз бу аёлга тушунтириб айтингиз; юзини очмаса бўлмайди.

Суднинг қоидаси шу. Паранжи остида айбдордан бошқа кишининг ҳозир бўлишига йўл қўй-маслик учун биз унинг юзини очтиришга мажбурмиз. Айтингиз, қаршиликдан фойда йўқ!

Зеби худди ўйинда шеригига аччиқ қилган боладай тескари бурилиб олди. У индамай турганлигидан суд раиси яна сўз олди:

— Яхшилаб тушунтирингиз, юзини очмаса, суд мажлисини олиб боролмайман.

— Олиб бормаса майлига… — деди Зеби. — Билганини қилсин! Тилмоч ўзи кулиб, қип-қизариб туриб, таржима қилди:

Суд раиси овозини кўтара тушди:

— Ҳарбий суд масхарами бу кишига? Айтингиз, яхшилик билан очсинлар. Бўлмаса куч билан очтирамиз!

— Вой, шўрим! Шунча эркак ўтирса-я! Ўлганим минг марта яхшироқ!

Сўнгра овозини пасайтириброқ тиркади:

— Отамнинг пиридай кап-катта саллалик домла ўтирибдилар. Қандай юзим билан қарайман?..

Суд раиси энди бу сафар мулойим гапирди:

— Айтингиз, суд томонга қараб, домлага орқасини ўгириб турсин!

Зеби яна индамади. Домла ўтирган жойидан бир оз кўтарила тушиб:

— Ҳечқиси йўқ, қизим! — деди. — Мен қарамайман!

— Мана булар-чи? — деди Зеби. Суд ҳайъатини кўрсатди.

Энди бу сафар домла ўрнидан туриб тилмочга юзланди:

— Эшони мирзо! Менга ижозат берилса, шу аёлга икки оғиз насиҳат қилсам.

— Марҳамат, тақсир!

Домла Зебининг ёнига бориб, насиҳатга бошлади. Зеби, борган сари сусайиб бўлса-да, домланинг ҳар бир сўзига жавоб қайтарарди.

Охирда, домла ўз дин-дошлари ўртасида машҳур бўлган бир эътиқод масаласини очди:

— Кофир билан итнинг фарқи йўқ. Итдан қочмайсизми? Шундай бўлса, кофирдан ҳам қочмасангиз бўлади. Бу жоиз?

Домла шундай жойда бу хил гапларни гапиришдан жуда қўрқади. Шунинг учун бошда бошқа сўзлар билан Зебига таъсир қилишга уринди. У уринишлардан тезроқ бир натижа чиқмагандан кейин мажлис аҳлини маҳтал қилиб қўймаслик учун бу масалани очишга мажбур бўлди. Мажбур!.. Шу учун сўнги сўзларни жуда паст овоз билан айтган эди.

Зеби унади:

— Бўлмаса, сиз ўзингиз нарироққа бориб ўтиринг!

— Хўп, қизим, хўп, — деди домла. Тўрт-беш қатор орқага бориб ўтирди.

Ҳамманинг кўзи домлада экан, Зеби чимматини юзидан олди ва судга томон эврилган ҳолда бир қўлини яна юзига парда қилди.

— Мана, қила қол сўроғингни!

Ҳозир бўлганлар ўртасида «бу содда мусулмон қизи-ни уялтирмаслик учун» кўзини бошқа томонга буриб ўтирганлар билан бирга икки кўзини ундан узмаган ва алланималар деб ўзича сўзланиб, лабларини тез-тез қимирлатганлар ҳам бор эди…

Айбдорнинг кимлиги суриштирилгач, суд дарҳол ўрнидан туриб, айбномани ўқиди. Ундан кейин яна калта савол-жавоблар кетди. Бу дафъа уларнинг адади орта тушди:

— Айбномани эшитдингизми?

— Ҳа…

— Мингбоши сувни ўзи сўрадими? — Ҳа, ўзи сўради…

— Мастмиди?

— Кўп ароқ ичиб эди.

— Сувни ким берди?

— Мен бердим.

— Чойнақдамиди?

— Ҳа…

— Мана бу чойнакми?

— Ҳа…

— Кимнинг чойнаги бу? — Меники.

— Сизникими?

— Ҳа, меники.

— Ичида қандай сув борлигини билармидингиз?

www. ziyouz. com kutubxonasi 266

Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)

— Билардим.

— Қанақа сувиди?

— Ирим сувиди.

— Кимга қилинган ирим. — Менга…

— Нима учун ирим қилдирардингиз? — Фарзанд бўлсин, деб…

Пастда ўтирганларнинг домладан бошқалари, сўнгра суд ҳайъатидан бир-икки киши, закунчи ва тилмоч енгилгина кулиб қўйдилар.

— Нега у сувни мингбошига бердингиз?

— Жуда ташна бўлиб сўраган эди, шундоққина токчадан олиб узатдим.

— Чойнакда заҳар борлигини билармидингиз? Зеби кулди.

— Қизиқ экансан (ўрусни сизлаб бўлмайди), мен қаердан билай?

— Демак, эрингизни ўзингиз ўлдирдингиз? Зеби қаттиқроқ ва чўзиброқ жавоб берди:

— Йў-ў-қ!.. Ўлибманми ўз эримни ўлдириб. Унинг бу сўнгги жавобидан қиз боланинг ўз ўртоғига ўзини оқлаб гапирадиган содда гапларидаги гуноҳсиз оҳанг бориди: Вой, ўла қолинг, мен шунақа дермидим?»

Зеби суд раисининг бола эмаслигини қандай билсин? Шу ерда ўтирган шунча эркакнинг ойдай равшан бир нарсани англамасликларини қайдан билсин? «Ўрус-мусулмон бўлиб шунча одам ўтирибди, ахир. Мингбошини ўлдирган Зеби эмаслигини ҳаммаси билади. Билиб туриб яна қайталаб сўрай бергани қизиқ! Ё ўсмоқчилаб сўрармикин?»

Суд раиси гапирмоқчи бўлиб ўрнидан турган вақтда Зеби — «Ана, сўроқ тамом бўлди. Энди уйимни қандоқ қилиб топиб бораман?» деб ўйлади.

— Ўтиринг, — деди суд раиси Зебига. Секингина ва эҳтиёт билангина ўтирди. Суд раиси сўз олди;

— Воқеа шу қадар очиқ, масала шу қадар равшанки, менингча, мажлисни давом эттиришга ҳам ҳожат йўқ. Айбдор ўзи ҳар бир саволга берган жавоби билан жиноятини иқрор қилди. Шундай бўлгач, биз ҳукм чиқариш учун ичкарига кира берсак, дейман.

Суд мажлисда фақат айбдорга берилган саволлар, сўнгра тергов протоколи билан ҳукмноманинг энг керак жойлари таржима қилинар; бошқа сўзлар ўрусча кетарди. Шу учун тил билмаган Зеби ўтирган жойида гапирган тўранинг юз ҳаракатларини томоша қила бошлади.

Суд раиси прокурорга қаради:

— Сиз нима дейсиз, зоти муҳтарам?

Прокурор ўрнидан туриб, икки қўлини столга қўйди-да, ярим энгашиб туриб, деди:

— Мен бу таклифга қарши эмасман. Албатта, менинг бу масалада бошқа мулоҳазаларим бор. Мен уруш вақтининг нозик пайтларида бўлган бу ўлдиришга оддий ўлдириш каби қараёлмайман. Ўлдирилган одам Русия давлатига ва подшога садоқати билан танилган одам эди.

Уни «ёш сарт» махфийлари, айниқса, уларнинг душманимиз бўлган Туркия билан, фикран боғланишган унсурлари ёмон кўрардилар. Мен бу «содда» ва «гувоҳсиз» сарт аёлининг шундай унсурлар қўлида ўйинчоқ бўлмаганидан амин эмасман… Биз сарт халқига алланечук бепарволик билан қараб ўрганганмиз; қўйдай «ювош, улар!» деймиз.

Албатта, уларнинг мамлакатларини қон тўкиб олган фотихдар сифатида бу қарашимиз бир нав тўғри ҳам бўла билади. Фақат бизга энди бу нотўғри қарашни ташлаш керак! Туркиядаги 1908 йил инқилоби, ўзимиздаги шумлик — бешинчи йил тўполони, Эрондаги сўнгги машрутият ҳаракатлари сартларнинг кўзини очаётир… Зоҳирда рус маданиятига ёпишиб келган Оврўпа қиёфали жадидлар, аксари кулар юзли ёш савдогарлардан иборат бўлган «ёш сарт» кадрлари — империяга қарши тиш қайрашда Туркия иттиҳодчиларидан қолишмайлар… Дуруст, сарт халқининг кўпчилиги муаззам давлатимизга, севимли подшоҳимизга содиқ… Эслик, тажриба кўрган катта савдогарлар; қишлоқнинг обрўли бойлари; айниқса, уламо тоифаси «ёш сарт»ларнинг нуфузини қирқиш учун зўр бермоқдалар; буларни биламан. Лекин ҳаддан ташқари эҳтиёт билан, сергаклик билан иш олиб бормасак, бир кун эмас, бир кун ҳалиги кўпчиликнинг «ёш сартлар» байроғи остида бош кўтариши жуда мумкин нарса.

Ўзингиз биласиз, декабристлар хуружи чоғида давлат ва давлатчиликка, подшо ва Ватанга қарши бўлган унсурлар буюк Пётрнинг улуғ шаҳрида биргина майдонни зўрға тўлғазган эдилар; 1906 йилда ўша хилда боғовот майдонларининг сони-саноғи бўлмади. Ҳолбуки, биз яқиндагина эшон тўполони бўлиб ўтган жойдан унча олисда эмасмиз… У вақтда муҳтарам муттафиқимиз Анг-лия биз билан тегишган бўлса, энди душманимиз Германия ва унинг қўғирчоғи бўлган Туркия биз билан унақа ҳазиллашиб ўтирмайди. Муни билиш керак! Ке-чагина бўлиб ўтган тоғ воқеалари, Қумариқ ҳодисалари назаримиздан қочмасин, тақсирлар!

Мана шу нуқталардан қараб, мен бу «соддадил», «ювош» ва «гуноҳсиз» сарт қизига энг олий жазо талаб қилмоқчи бўламан.

Модомики, масала ўзи бу қадар равшан ва айбдорнинг ўзи ўз оғзи билан иқрор қилиб турибди, майли, музокара очиб ўтирмасак ҳам бўлади. Мен ўз фикримни муҳтарам суд ҳайъатига арз қилиб, масаланинг бу томонига ҳам диққат қилинмоғини сўрайман.

Закунчи, суд раисининг мурожаатини кутмасданоқ ўрнидан турган эди:

— Мен ҳам сўз айтишдан воз кечаман! — деди у, яна дарҳол жойига ўтирди.

Суд ҳайъати ўрнидан туриб, ичкарига чекилди.

«Ана, — деб ўйлади Зеби, — ўзим айтган. Ҳамма гап ойдай равшан… Энди уйимни топиб кеталармикинман?»

Чорак соат ўтмасдан, ҳукмномани эшиттирдилар. Унда бу ишнинг асосан сиёсий бир рангдан холи эмаслиги иқрор қилинмоқ билан бирга, бу сўроққа тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаганлиги, ишнинг у жиҳатини алоҳида текшириб, лозим кўрилгани тақдирда, қайтадан иш қўзғатмоқ тегишли маҳкамаларнинг вазифаси эканлиги; энди бу ўлдириш ҳодисаси тўғрисига келганда, масаланинг жуда аниқ англашилганлиги, айбдорнинг ўзи томонидан неча марталар иқрор қилингани, шу учун гувоҳ жалбига ва музокарага лозим кўрилмаганлиги айтилади.

Ундан кейин: «Айбдорнинг қилган гуноҳи оғир бўлиб, ҳозирги уруш вақтида ва нозик шароитлар ичида давлат одамига қасд қилгани учун фалон моддалар бўйича олий жазога ҳукм қилиш керак бўлсада, бовужуд Ўлка ҳарбий судининг сайёр ҳайъати айбдорнинг маданиятсиз ерли халқ аёли эканини, ўзининг ёш ва турмушда тажрибасизлигини ва ҳам ҳамма гуноҳларини номус билан иқрор қилиб бўйнига олганини назарда тутиб, фалон, фалон моддалар бўйича етти йил сургунга ҳукм қилди. Бу ҳукм устидан тегишли жойларга шикоят қилиш мумкин», дейилади.

Тилмоч ҳукмномани тўрт оғизгина қилиб эшиттир-ди:

— Айбдор Зебиниса Раззоқ сўфи қизи Ҳарбий суднинг ҳукми билан етти йил Сибирь қилиндингиз. Норози бўлиб ариза берсангиз мумкин.

Ҳукмнома ўқилиб битар-битмас, залдагилар чиқа бошлаган эдилар. Ўқилиб тамом бўлгач, суд раисининг ишорати билан, қилич яланғочлаган конвойлар яна бояги тахлитда Зебини олиб чиқиб кетишди. Шундан кей-ин суд ҳайъати ҳам чиқиб кетди. Залда фақат тилмоч, закунчи; ундан кейин нима учун ўзининг бу ерга чақирилганини билмаган имом домла қолган эди. Тилмоч домла имомнинг ёнига келди:

— Тақсир, сиз жиндак сабр қилинг. Мен ҳозир келаман, ундан кейин гаплашамиз.

Домла юрагини қўлига олиб, ранги ўчган, лаблари бир оз қалтирагани ҳолда… суд залида қолди. Закунчи тилмочни олиб ташқарига — Зебининг ёнига чиқди, Зеби чиммат остида ҳўнгур- ҳўнгур йиғламоқда эди.

(давоми бор)

Абдулҳамид ЧЎЛПОН