ТЕРРОРЧИНИНГ ХОТИНИ… (ёхуд йўлдан адашган аёлнинг аламли кечмиши)

1

 

Ҳозирги пайтда бу аёл ҳам бошқалар каби тезроқ яқинларини кўриш, улар билан тўйгунча суҳбатлашиш, қадрдон уйида эркин нафас олишни орзумоқда. Суриядаги жангари каллакесарлар асирлигида бўлган 230 нафар қозоғистонлик аёллар, болалар ватанга «Жусан» операцияси ёрдамида қайтарилган. Ҳозир барчалари ҳарбий асирлар вақтинча сақланадиган лагерда яшаб туришибди. Муолажалар ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш якунлангач, уй-уйларига тарқалишади.

Исми-шарифи сир тутилаётган икки боланинг онаси, 22 ёшни қаршилаган аёл Суриядаги ҳаёт даҳшатдан ҳам даҳшатлироқ кечганини яшириб ўтирмади. Улар тинчгина кўчада сайр қилиш, ҳеч нарсадан қўрқмаслик, қуёшни кўриш бахтини орзулаб яшашган экан. Аёл Суриядаги жангари каллакесарлар лагерида 5 йил ҳаёт кечирибди. Ватанга қайтишни орзуларкан-у, эри йўл қўймаскан.

— Мен марҳум эрим билан интернет орқали танишгандим, — дейди аёл. — У мени Сурияга чақирди. У ерда турмуш қуриб бахтли ҳаёт кечиришимизни айтди. Ҳаётни кўрмаганим, тажрибасизлигим, ишонувчанлигим панд берди. У мени уйдан кўчага чиқармасди. Нима иш қилади, ким унга маош беришини ҳам билмасдим. Бу ҳақда гапирмасди. Бировлар билан гаплашишга-ку, тамоман ҳақсиз эдим. Бировни уйга ҳам чақира олмасдим. Қанақа уй? Палаткада умр кечирардик. Шу уйимиз эди. Менга фақат рўзғор ва болалар тарбияси билан шуғулланишга рухсат бор эди холос…

Вазиятдан озми-кўпми хабар топгач, бу аёл қандай йўл билан бўлмасин қочиш пайига тушди.

— Эрим талоғимни ҳам бермасди, — давом этди аёл. — Уйни соғинганим, Қозоғистонни кўргим келаётганини айтиб йиғласам, «Чакагингни ўчир!», дерди-ю, суҳбатга нуқта қўярди…

Суриядаги даҳшатлардан қочиш бу аёлга эри ҳалок бўлгандан кейингина насиб этди. Террорчилар қўлидан қочишнинг ўзи бўлмасди. Тутиб олишса, ўлдириб юборишади. Лекин таваккал қилди. Ҳарбий асирдагилар лагеригача бир амаллаб етиб олди-ю, ниятига етди. Уни бошқалар қатори ватанига етказишди.

Аёлнинг тўнғич фарзанди ўғил, 12 ёшга кирибди. У суратлар чизишга қизиқади. Суриядалик пайтида фақат ҳарбий техника, қурол, урушни қора рангда тасвирларди. Буёққа келгач, психологлар боланинг дунёқарашини тозалашди. Энди у бахтли ҳаёт, бўлғуси уйининг суратини чизадиган бўлди.

— Биз Сурияда очлик балосини бошдан кечирардик, — сўзининг охирида дардини тўкиб солди аёл. — Оддий овқат, нон, сув ва дори-дармонга зор эдик. Жуда кўп аёллар, болалар очлик туфайли хавфли сурункали хасталикка чалинган. Кўплари ўша ерда вафот этган. Ҳомиладор бўлса, бу аёл палаткада туққан. Худо ватанимга қайтарганига шукр! Жангарилар, террорчилар, каллакесар баттолларга Оллоҳнинг ўзи жазо берсин!

 

 

1 ТА ФИКР

  1. 22 ешли аелни канака килиб 12 ешли угли булади шуни тушинтириб беринглар илтимооос

Comments are closed.