БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

 

 

«Ақли бутун одам»

(ҳажвия)

 

Муҳиддин қизиқ бозор қилиб чиқса, Акрам қизиқ зир югуриб турганмиш-да.

— Ҳа, оғайни, тинчликми? — сўрабди Муҳиддин ака.

— Э, ўртоқ, кечагина ўттиз минг сўмга янги велосипед олгандим, шундай бозорга кириб чиққунимча ўғирлаб кетишибди, — Акрам ака куюниб ошнасига тушунтирибди.

— Э, ўзи сени калланг йўқ, — Муҳиддин қизиқ бармоғини силтаб давом этибди. — Ҳа, ўттиз минг сўмга велосипед олгани етган ақлинг, юз сўмлик қулф олгани етмадими? Битта занжир олиб симёғочгами, ё бирорта дарахтга қулфлаб қўярдинг, охиратгача турарди. Ана, бизникини қара, икки ҳафтадан буён туради, биров битта гайкасига ҳам теккани йўқ.

Акрам қизиқ ўртоғи кўрсатган томонга қараб ўзини кулгидан тиёлмабди.

— Ҳа, нимага куласан? — деб Муҳиддин ака ўзи кўрсатган томонга қарабди-да, у ҳам кулгига қўшилибди. Чунки қулфланган велосипеднинг ўрнида рули, эгари, қанотлари йўқ, ғилдиракларсиз қуруқ раманинг ўзи қулфлоғлиқ турарди.

Саид АНВАР