МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (53-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Ҳаммаси мен айтганимдай бўлади! — дея ҳайқирди Ғулом Маъруф чироқ ёруғида пайдо бўлиши билан. — Оғзидан эна сути кетмаган сен тирранчани шундай ўйнатайинки, жон бераётганингдаям ҳайрон қолганингдан кўзларинг чиқиб кетсин!

Ўзининг гапи ўзига нашъа қилиб, Ғулом газни янада қаттиқроқ босди. Машина янги эди. Ортиқча зўриқмасдан, янада тезлашди. Бундан завқланган чавандоз тағин қамчи босди.

— Бир-иккита жойи ўйдим-чуқур экан. Бир жойга кириб кетмайлик! — деди Мансур хавотирланиб.

— Эшикни оч-да, ташқарига ўзингни от! — дея яна хохолаб кулди Ғулом.

Мансур унга ўқрайиб қаради. Шериги кўзига ўта жирканч, паст одамдай кўриниб кетди. Кутилмаган тўғри қарорлари уни қойил қолдираётган эди. Аммо мана бунақанги менсимасдан гапиришлари Мансурнинг суяк-суягигача бориб қадалаётган эди. Ҳа, гарчи ўғри, муттаҳам бўлса-да, у ҳам одам. Унда ҳам иззат-нафс бор. Унинг ҳам кўнгли ўксийди. У ҳам ҳар балоларни кўтаравермайди. Гоҳ-гоҳида, айниқса, мана шундай ишлар ўнгидан келиб турганида унинг ҳам кўнглига қараш керак. Тўғрироғи, қараш кераклигини унинг ўзи истайди.

— Мен аҳмоқмасман. Фақат сенинг ҳовлиқмалигинг бошимизга бир балони оп келадими деб ўйлаяпман, — деб у чўнтагига қўлини тиқди-да, сигарета қутисини олди.

— Менинг ҳовлиқмалигим шу пайтгача иш берган. Чинқиртириб иш берган. Боягина анави итваччани қўлдан чиқариб тургандик, ана энди ўзи орқамиздан суманглаб келяпти.

Мансур секин кўзгудан орқага қаради, сўнг гугурт чақди-да:

— Агар янаям тезроқ ҳайдасанг, у бутунлай қоп кетади, — деди.

— Қизталоқ, нариги мошинаям янги-ку, лекин нимагадир орқада қолиб кетаётганга ўхшайди!

— Энди у сенга ўхшаб ўпка бўлмаса керак-да.

— Барибир, бундай пайтда қувиб етиши керак, — деб Ғулом тезликни пасайтирди.

Аммо, барибир, ортдан келаётган машина узоқлашаверди.

Маъруфнинг жони ҳалқумига келган эди. У нима қилиб бўлса-да, эртароқ олдиндагиларга етиб олмоқчи, уларни тўхтатмоқчи, керак бўлса, муштлашмоқчи эди. Агар лозим бўлса (унинг назарида, шуниси ҳақиқатга яқинроқ. Чунки аниқ биладики, газандалар муштлашиб ўтирмайди. Қолаверса, улар бир марта муштлашиш оқибатини кўришган. Шу боисдан ҳам қуролларини ишлатишади), газандалар отган ўқдан ўлмоқчийди. Ана ундан кейин ўғри, каззоб нашафурушларнинг кўнгиллари хотиржам тортиб, изларига қайтиб кетишади ва Паризод омон қолади. У бир қиз учун жонини бериш ниҳоятда лаззатли эканлигини ҳис этди. Ичида қандайдир хурсандчилик пайдо бўлди. Бироқ беш дақиқа ўтар-ўтмас машина бир-икки марта силтанди-да, ўчиб қолди. Маъруф бақириб юборди. Қайта-қайта калитни бураб, газни босди, аммо ёқилғи тугаганди. Энди «юрак» ўт олмасди.

— У тўхтади, — деди Ғулом ва тормозни босди.

— Нега тўхтайди? Мумкин эмас. Тўхтайдиган бўлса, биз қизини бориб ўлдирамиз-ку!

— Бир гап бўлганга ўхшайди. Машинага нимадир бўлган.

— Нима қиламиз?

— У бизнинг ёнимизга келмаса, биз унинг ёнига борамиз, — деди Ғулом ва машинани орқага бурди.

 

* * *

 

Ҳайбатулло бошини кафти орасига олиб қисди. «Менга шундай туйиляпти. Қаттиқ қайғуриб юбордим, шекилли. Қойил, битта хотин учун шу аҳволга тушиб ўтирибман-а. Бунчалик паст кетаман деб сира ўйламагандим. Хотин ким? Биттанинг қизи-да: менга дахли бўлмаган, қони бутунлай бошқа аёл. У туққанлар бошқа. Улар — менинг пуштикамарим. Уларга ичим ачиса, ярашади. Лекин хотинга куюниб, девона бўлиб юриш мендай одамга уят» хаёлидан ўтказди у ҳамда томоқ қириб қўйди.

Шу пайт қизи нола қилди:

— Боланг ўлдирди-я, эна! Боланг ўлдиришини билганингда уни дунёга келтирармидинг?!

Ҳайбатулло бир-бир қадам босиб, Наргизанинг ёнига борди. Уни қучмоқчи бўлди, аммо қизи ундан ўзини олиб қочди. Ана шуниси Ҳайбатуллога ёмон таъсир қилди. Ҳамманинг кўз ўнгида худди у ўлдиргандай онасини.

— Қизим, ўзингни бос. Худонинг хоҳиши, — деди кимдир.

Ҳайбатулло атрофга аланглади. Хотин-халаж кўп эди. Ким гапирганини тополмади. Сўнг ўғлини қидирди, бироқ уни-да тополмади. «Энасининг ёнига киргандир. Уям куйяпти-да. Мен ҳам энам ўлганида унинг аҳволига тушгандим-ку. Лекин нимага Наргиза энамни акам ўлдирди, деяпти? Боягина менга шундай туйиляпти деб ўйлагандим. Аммо у яна такрорлади-ку. Аниқ шундай деди. Балки, мен яна нотўғри эшитдимми?»

У хаёлидагини тасдиқлаш мақсадида:

— Бу ақлсиз қиз нима деяпти? — дея атрофдагилардан сўради.

Ёнидагилар унга ҳайрон бўлиб қарашди. Бири чидаб туролмади:

— Қандайдир сатангни Мансурбой бошлаб келаётганини кўрувдим… — деди.

— Сатанг? Мансур қани?! Қандай сатангни бошлаб келади менинг болам?! Шу гап, шу гап…

Ҳайбатуллонинг оғзидан бошқа бирорта ҳам сўз чиқмади. У бўйнини чўзиб, ўғлини қидирди. Аммо бу сафар ўғли ҳеч қаерда кўринмади.

— Сув оп келинглар! — дея кимдир бақирди.

Ҳайбатулло яна овоз эгасини тополмади.

— Ҳаммангга яхши кулги топилди. Ҳаммангга яхши гап топилди. Мендай одам энди бутун колхозга сасийдиган бўлдим, — пичирлади у ва қўлини орқасига қилди-да, бошини хиёл эгиб, салобат билан худди раислардай қадам ташлаб кета бошлади.

Қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмасди. Шу ғала-ғовурдан узоқлашса, озгина хаёлига эрк берса, ҳамма нарсани яхшилаб ўйлаб, яхшилаб режалаштириб олса бўлгани. Кейин бу таъзияга келганларни боплайди. Шундай одамнинг устидан кулиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди. Партийний одам кўрсатиб қўяди.

— Сув ичинг, сал босилади, — деди ортидан кимдир.

Ҳайбатулло тўхтади. Ортига ўгирилди. Қаршисида беш-олти уй нарида яшайдиган, сочи тап-тақир қилиб олинган, қоши қалин, кичкина мўйлов қўйган, кўйлагини офтоб урган ашаддий душманларидан бири Мирзағолиб турарди. Ҳайбатуллонинг назарида, у озгина иржайгандай эди. «Менинг устимдан куляпти» деган ўй яшин тезлигида унинг хаёлидан ўтди.

— Сув ичиб олинг, Ҳайбатулло ака, — дея у гапини такрорлади.

— Сув? Сув ичишим керакми? Сен оп келган сувни ичаман, кейин хотинимнинг ёнига кетаман, тўғрими? Бирдан иккита ўлик чиқади бу уйдан. Қандай томоша, қандай зўр? Гап-сўзи бирор ўн йилга бемалол етадиган воқеа, тўғрими?!

Мирзағолибнинг киприклари пирпиради. Қулт этказиб ютинди.

— Сув ичинг, сал босилади, — дея қўлидаги косани янаям Ҳайбатуллога яқинлаштирди.

— Нима босилади? Босиладиган нарсанинг ўзи борми? — кесатди Ҳайбатулло ва Мирзағолибнинг қўлидаги косани бир уриб, ерга ағдарди.

Худди ана шу маҳал ҳовлида қий-чув бошланиб кетди. Кимдир:

— Пичоқни ол! Қўлидан маҳкам ушла! — деб бақирди.

Ҳайбатулло ўша жойга югурди. Аввал қизи Наргизанинг қўлидаги пичоқни, кейин сал нарида Мансурнинг кўзи олайиб ётганини кўрди.

 

* * *

 

Ўктам бўлиб ўтган воқеаларни бир зумда унутгандай кўринишни боплади. У аввалига ўзи билан қолганларнинг елкасига қоқиб чиқди. Сўнг айтдики, «Биз жуда зўр ишларни қилиш арафасида турибмиз. Лекин нима ишлигини ҳозирча сизларга айтолмайман. Вақти келгани йўқ. Мудар, сен ҳозир пулларнинг ҳаммасини оп кетасан-да, қолган молларниям оп келасан. Сотволди, район марказига боргин-да, турмага телефон қил. Одамни жўнатсин. Соққаниям. Турди, қаққайиб туравермай, анави қўлидан ҳемирам келмайдиганларни обориб кўмиб ташла. Нарироққа обор. Бўлмаса, чиябўрилар қазиб олиб, нимталаб, ҳамма ёқни суякка тўлдириб ташлайди. Наримон, сен чўпонларнинг олдига бор, семиз қўйлардан иккитасини оп кел. Мана шу ерда сўямиз. Лекин кун ботгунча айтганларимнинг бирортасида камчилик бўлса, ҳаммангни онангни учқўрғондан кўрсатаман! Энди жўна баринг!»

Шотирлар шу заҳоти ўта муҳим топшириқ олган аскарлардай тумтарақай тарқашди. Ўктам уларни узоқлатиб, кўксига муштлади. «Мен шундай енгилмас, ҳаммани эшиб ташлашга қодир одамман!» деди ва ўгирилиб, бир-бир қадам босганча ғорга кирди.

— Қолган-қутган нарсаларингни оп кел! Элликта отмасам, миям бўлиниб кетяпти! — деди Хонбибига.

Ичкилик таъсиридан бироз хотиржам тортгандай бўлган Ўктам қўй терисидан ясалган пўстак устига чўзилиб кўзини юмди. Зумда хаёлига Паризод келди. «Оҳ, шундай нарсани қўлдан чиқариб қўйдим-а! Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Ҳар доим нимани хоҳласам, ололганман, нимани хоҳласам, қилолганман. Бу сафар бўлса… Ақлимга қарши бордим. Кўнглимга ён босдим. Мана, падарингга лаънати, нима кўйга тушиб ўтирибман?! Сал қолса, қўл остимдагилар ҳам ликиллаб қолишарди… Эҳ, яхши кўриш ёмон экан. Ҳар қанча устингдан от ҳайдасаям, тишингни тишингга босиб туравераркансан. Лекин энди бундай бўлмайди. Бунинг учун уни тезда эсимдан чиқаришим керак. «Аччиқни аччиқ кесади» деган гап бор. Шунинг учун дарров биттасини топиб, шакаргуфторлик қилишим керак» хаёлидан ўтказди Ўктам ва бирдан ўрнидан турди. Ундан сал нарида Хонбиби ювилмаганига лофи билан қирқ йил бўлиб кетган, патак сочини бармоқлари билан тараб ўтирарди. Ўктамнинг кўзига у бирам хунук, бирам хунук кўриниб кетдики, уриб-уриб ташлагиси келди-ю, лекин ўзини босди.

— Сен, ялмоғиз кампир, менинг олдимда суманглаб ўтирмасдан, бирор нима пишир. Ана ундан кейин… Эй-й, унисини сен эплаёлмайсан. Сени кўрган одам жирканганидан қайт қилиб юборади. Сен молнинг тагини тозалашдан бошқасига ярамайсан! Бунча исқиртсан, ит?! — деди.

— Хўжайин, ундай деманг. Мен сизга доим вафодор бўлганман, — дея ўзича нозланган бўлди Хонбиби.

— Аммо шу гапни тўғри гапирдинг — вафодорсан. Сендан бошқанинг ҳаммаси мараз! Лекин шу одамга ўхшаб турсанг экан. Бўпти, бор, ташқарида Соли сариқ турувди, шуни чақир. Кейин айтган ишимни қил!

Ўктам ўрнидан турди. Безовталаниб юрди. Назарида, ташқаридаги шотири бирдан унинг ҳожатини чиқариб қўядигандай эди. Шу боис йигит кириши билан кўзи чақнаб кетди.

— Менга қара, Соли, сен менинг мошинамни умрингда минганмисан? — дея шошиб сўради.

— Йўқ, хўжайин, ҳаддим сиғмайди.

— Сиғади ҳаддинг. Ҳозир битта ишни буюраман. Лекин кўнглимдагидай бажармасанг, пачағингни чиқариб ташлайман! Бопласанг, менинг мошинамни миниб юрасан.

— Ҳар қандай ишингиз бўлса, қойиллатаман, хўжайин.

— Вой, энангни эмгурнинг боласи, қўлингдан келадиган ишни айтсанг-чи? Ҳар қандай иш эмиш… Кўрдим, анави тирранча ҳаммангнинг энангни эмдириб кетганини!

Соли бошини эгди.

— Иштонини ҳўл қилиб қўйгандай, менинг олдимда турма, баччағар! Ҳозир мошинани мин-да, қишлоққа борасанми, шаҳарга борасанми — менга фарқи йўқ, биттасини топиб келасан. Шунақанги кетворган нарса бўлсинки, шу билан бир ҳафта қоп кетайин, тушундингми?!

Соли яйраб кетди-да, иржайганча деди:

— Бўлди, хўжайин, дарров есть қиламан! Айни сиз бопини кўз остимга оп қўйганман. Мабодо сўраб қолсангиз…

— Ҳов, ит! — дея Ўктам унинг гапини бўлди. — Сен ҳеч қачон мен учун кўзингнинг остига олиб қўймайсан! Чунки ўзингдан ортмайди. Кўзингнинг остига олмаганингни оп кел. Яна қаёқдаги шиппакни кўтариб келма.

— Бўлди, хўжайин, — деб Соли қўлини кўксига қўйди-да, ташқарига чиқиб кетди.

Аввал Наримон келди. Унинг зиммасидаги юмуш айтарли мураккаб эмасди. Шу боис дарров қайтди. Бироқ унинг юзида норозилик аломати бор эди. Ўктам бир қарашдаёқ буни пайқади.

— Нима? — деди ўткир нигоҳини унга қадаб.

— Битта чўпон қочиб кетибди. Айтишларича, Абдусатторга қариндош экан.

Ўктамнинг кайфияти яхши эди. Чунки Хонбиби тайёрлаган таом билан бирга бир шиша ароқни ичиб қўйган, шунга қарамай, деярли маст эмасди. «Ҳали бақувват эканман. Бундан чиқди, Соли оп келадиганга бемалол кучим етади. Шарманда бўлмайман» деган ўйда ғордан чиқиб, Етим тоғни икки-уч айланганди. Абдусаттор деган исмни эшитиши билан эса ана шу кайфиятдан асар ҳам қолмади. У аввал қошларини чимирди. Сўнг чирт этказиб ерга тупурди ва бармоғини қайириб, қарсиллатди. Наримон ундан кўзини узмас, юзига тегиши аниқ бўлган муштга озгина бўлса-да, чап бериш ва шу билан оғриқни озгина камроқ ҳис этиш пайида эди.

Мушт ўйлаганидай қаттиқ тегмади. Аммо у ерга гурсиллаб йиқилди. Шундай қилиши керак эди. Мабодо оёқда қолганида борми, Ўктам қутуриб кетарди. Ҳозир эса битта мушт билан қаноатланди.

— Сен ит эмганларнинг бирортанггаям ишонч қолмади! Ҳаммангни бурдалаб ташлайман! — ўкирди у ва чўнтагидан сигарета олиб, лабига қистирди.

— Хўжайин, сизга шундай гап кўтариб келганим учун мени кечиринг! — деди Наримон жағини силаб.

— Бўпти, қўйни сўй! Жигарини қовур, кейин қолганини сихга тизиб, яхшилаб шашлик тайёрла! — деб Ўктам нари кетди.

Унинг ҳамма йигитлари қуёш ботмасдан етиб келишди. Ҳаммаси зиммасидаги ишни боплаган, оғзи қулоғида эди. Шу боис Ўктам уларнинг маишат қилишларига қўйиб берди. Ўзи эса Соли топиб келган санам билан ғорга кирди.

 

* * *

 

Ҳайбатулло ҳақ эди. Ғийбат бўлди. Бўлганда ҳам унча-мунча эмас. Таъзияхонадаги воқеани қишлоқда етти ёшдан етмиш ёшгача гапирди. Яна қўшиб-чатиб, кўпиртириб гапиришди: «Анави ўлгур Наргиза псих бўп қопти. Бечора акасига пичоқ билан ташланиб, беш-олти жойини яралабди. Мансур ўқишдан битта яланғочни етаклаб кепти. Кейин энасини бўғиб ўлдирибди. Устига Наргиза кеп қопти, униям бўғмоқчийкан, лекин қиз қочишга улгурибди. Мансур наркоман экан. Қўзиганда кўзига ҳеч нима кўринмай қоларкан. У билан бирга келган қиз ҳомиладор эмиш. Асли бузуқ экан-у, Мансурни илинтириб олибди… Ҳаммадан ҳам Ҳайбатулло агрономга қийин бўлди. Шўрлик хотинига ёмон куйди, ёмон куйди…»

Ҳали майит чиқарилмасидан шундай гаплар тарқаганди. Чиқарилганидан кейин эса бундан баттар бўлди. Ҳар бир «бўпти, бўпти»га ўнтадан миш-миш қўшилди ҳамда қўшни қишлоқларга қанот қоқди.

Ҳайбатулло чарчади. Мозордан аранг қайтиб келди. Амри маъруф қилинаётганида эса кўзи юмилиб кетаверди. Одамлар буни бошқача тушунишди. Шу боис тезда икки киши қўлтиғидан олиб уйга киритиб, кўрпачага ётқизишди ва у дарров ухлаб қолди. Дарвоқе, ухлашидан олдин «Мен партиячиман, мендайларга бунақанги эски-туски нарсаларга аралашиб юриш уят» дея хаёлидан ўтказганди у.

Наргиза ўзида эмасди. У йиғламас, сочини юлиб, дод-вой солмас, бир нуқтага термилганча миқ этмасдан ўтирар эди. Қўшни аёллар, қариндош-уруғ неча марталаб унинг ёнига келишди. «Ҳамманинг пешонасида бор: ҳеч ким ўлимдан қочиб қутулолмайди. Биров сал эртароқ, бошқа биров сал кечроқ ўлади. Ўзингни қўлга ол», дейишди. Аммо буларнинг бирортасини эшитмади. Ўтираверди, ўтираверди. Ҳаттоки қўлига тутқазилган косадаги сувдан бир ҳўплаб қўймади. Кейин кечга яқин секин ёнбошига йиқилиб тушди. «Бечора чарчаб ухлаб қолди» дейишди хотин-халаж. Аммо у ҳушидан кетган эди.

 

* * *

 

Маъруф сўкинди. Ўзи бунақанги қўпол сўзларни унча-мунчага тилига олмасди. Ҳозир алам қилиб кетди. Шу боис бир неча марта рулни муштлади. «Онангни эмгурлар, барибир, қўлларингдан ҳеч нарса келмайди! Югуриб бўлсаям орқаларингдан етиб бораман, икковингниям бир ёқли қиламан!» дея бақирди ва машинадан сакраб тушди. Ногаҳон олдиндаги улов ортига бурилганини кўриб қолди. Манави эркакча иш бўлди, дея ўзига ўзи гапирди у ва югуриб «Виллис»нинг орқа томонига ўтди. У ёқдан машинанинг тагига кириб олди-да, душманларининг етиб келишини кутди.

— Қочиб кетмасин, атрофни яхшилаб изла! — бақирди Ғулом машинадан тушиши билан шеригига.

— Қаергаям кетарди? Мард бўлса, чиқади. Чиқмайдиган бўлса, излаб ўтирмаймиз. Борамиз-у, қизининг калласини оламиз! — жавоб берди Мансур бақириб.

Улар секин Маъруфникига айланган уловнинг ёнига келишди. Эҳтиёткорлик билан эшикни очиб, ичкарига мўралашди. Табиийки, Маъруф йўқ. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши билишади. Лекин эҳтиёт шарт қараб қўйиш керак-да. Бироқ ана шу эҳтиёт шарт уларга қимматга тушди. Маъруф Ғуломнинг оёғидан шунақанги қаттиқ тортдики, шўрлик орқа мияси билан асфальтга қарсиллаб тушди ва шу заҳоти тинчиб қолди. Мансур эса қўлга тушмади. Дарров машинадан узоқлашиб, тахминан ўқ узди. Ўша ўқ ҳам, сал қолса, Маъруфга тегаёзди. Душманнинг довдирашидан фойдаланиб қолишнинг айни вақти эди. Буни Маъруф дарров англади ва машинанинг тагидан тезда чиқди-да, икки думалаб йўлнинг четига етиб олди. Ундан у ёғи тут қатор, яширинадиган жой кўп. Кетма-кет яна икки марта ўқ овози эшитилди. У чигирткаларнинг унини бутунлай ўчириб, беш юз қадамча наридаги қишлоқ итларининг жағини очди. Мансур саросималанди ва шоша-пиша ҳаёт билан видолашган шеригини кўтариб, машинага ортди-да, жуфтакни ростлади.

Вақт алламаҳалдан ошганида уйига етиб келган Маъруфнинг тинкаси қуриган эди. Одатда, бу маҳал қишлоқда чироқ бўлмасди. Аммо бу сафар негадир ҳамманинг айвони ёруғ эди. Йигитнинг гарчи мадори қуриган бўлса ҳам, шунга эътибор берди. Ҳатто тўхтаб, атрофга бир қур назар ташлади. Кейин ҳовлига кириб борди.

— Келдингми, санғи?

Маъруф чўчиб тушди ва секин отаси ётадиган уй томонга ўгирилиб қаради. Ҳеч ким кўринмади. Бунинг ўрнига энасининг овози эшитилди:

— Индаманг, кириб ётсин, нима гапингиз бўлса, эртага гаплашасиз.

Маъруф энасини бир яхши кўриб кетди, бир яхши кўриб кетди. Югуриб бориб қучоқлаб олгиси, юзидан ўпгиси келди. Аммо отасининг ёнида бундай иш қилолмайди. Камида битта тарсаки еб қолиши мумкин.

У қўшнисиникида бўлган воқеани эртасига эшитди. Маъруфни уришиш, тартибга чақириш ўрнига отаси Ҳайбатуллонинг уйида нима бўлганини гапирди.

— Кун кўрмай кетди. Ҳеч яйраб яшаганини билмайман шўрликнинг, — деди Махфират опа ҳақида сўзлаётиб.

Маъруф Наргизани ўйлади. Уни қучганди. Юзидан бўса ҳам олганди. Ўшанда қиз шўрлик қандай ҳаяжонланганини бутун вужуди билан ҳис этганди. Ҳозир ҳам ана шу лаҳза кўз ўнгидан ўтиши билан ўшандай бир ҳолатга тушганди.

Маъруф пиёлага қўл узатаётиб, синглиси кўз ости билан қараб турганини сезди ва томоғини қириб қўйди.

— Маъруфжон, болам, энди бундай юришингни йиғиштир. Кап-катта бола бўп қолдинг, ҳализамон уйланасан…

Намуна опанинг гапи оғзида қолди. Эри бобиллаб берди:

— Уйланмайди бу. Кўчада юради. Балки, анави Мансур ифлосга ўхшаб биронтасини етаклаб келади!

Ҳамма бирдан жимиб қолди. Бошлари эгилди.

Норқул ака бошқа гапирмади. Омин қилди-да, ўрнидан турди ва эшик ёнига борганида ўгирилиб:

— Уйда тухум босиб ўтиравермай, ҳамсояникига чиқ. У-бу ишларига қараш, — деди.

Намуна опа эрини ёмон кўриб кетди. Мана, неча кундирки, ўғлининг дараги бўлмади. Энди келганида, дийдорига тўяман деб турганида, чўлоқ ўлгур (ҳа, аёл ўзининг ожизалигига бориб, эрини хаёлида шундай атаб юборди) бир умр келишмай келган қўшнисиникига жўнатяпти. Бундай ўғлидан нима қилгани, қаерларда юрганини суриштирмайдими?

— Хўп… — деди Маъруф бошини қимирлатиб.

— Ҳозирдан жуда пишириб қўйгани йўқ, — деди Намуна опа эри уйдан чиқиб кетиши билан паст овозда, — сенга уларнинг кўзлариям учиб тургани йўқ. Керакли одамлари бор. Ундан кўра қаерларда тентираб юрувдинг, шуни айт.

Маъруф аввал энасига, сўнгра синглисига қаради. Уларнинг ҳар иккиси «қани, энди гапир» дегандек, термилиб ўтиришарди.

— Бир-иккита ишларим чиқиб қолувди. Шулар билан овора бўп қолдим. Зарур ишиди, шунинг учун хабарини беролмадим… — дея йигит кўзини олиб қочди.

— Шу мендан, отангдан, синглингдан ҳам зарурмиди? — деб қовоғини осилтирди онаси.

— Эна, ҳозирмас, ана, отамни кўрдингиз, «Эртароқ бор», деди. Келинг, ҳозирча асабини бузмай турай, ҳали ҳаммасини ётиғи билан тушунтираман. Кейин, лекин айтиб қўяйин, хурсанд бўласиз.

Намуна опанинг бироз чиройи очилди. Унинг хаёлига келган биринчи нарса нима бўлди, биласизми? Ҳа-а, ўлманг, худди шу нарса. Яъни Маъруф келинпошшанинг ёнига кетган, шаҳарга. Ҳойнаҳой, келин деганлари ҳалиям ўқийди. Шунинг ёнига борган, кўришган, гаплашган. Кеч қолган…

Намуна опанинг юзи кутилмаганда бирдан ўзгариб кетди. Аввалгидан ҳам қовоғи осилди. Кўзлари қисилди.

— Менга қара, ҳов бола! — деди таҳдидли оҳангда. — Яна менинг бошимга бир балоларни кўтариб келсанг!..

— Эна, — дея кулди Маъруф, — хавотир олманг. Мен сизнинг юзингизни ерга қаратадиган иш қилармидим? Бўпти, мен кетдим, бўлмаса, отамдан гап эшитиб қоламан.

Маъруф уйдан чиқиб, кетишга улгурмасидан синглисининг овози янграб қолди:

— Анави Наргизани ҳеч қачон келин қилмаймиз!

Маъруф юраётган жойида бирдан тўхтади, Намуна опа эса шу заҳоти қизига қаради. Бундан қиз довдиради, зумда шолғомдай қизариб кетди.

— Ким сенга уни келин қиламан деб айтди? — савол қотди Намуна опа.

— Ҳеч ким айтмади, лекин ўзим шундай деяпман-да.

Маъруфнинг кўз ўнгида онасидан айрилган, абгор қиз пайдо бўлди. Яна у Наргизанинг нафас олишини жуда яқиндан эшитгандай бўлди. Наргиза акаси билан чиқишмасди. Отасини-ку умуман тилига олмасди. Шундай экан, отасидан ё қўрқар, ёки бўлмасам, ёмон кўрарди. Демак, биргина онаси бор эди унинг учун. Мана, онаси ҳам ўлибди. Бундан бу ёғига у бечора қандай яшайди? Дардларини кимга айтади? Кимдан нажот кутади?

Маъруф хўрсиниб қўйди-да, ташқарига чиқиб кетди. Ҳайбатуллонинг ҳовлисида қишлоқнинг одамларидан ташқари райкомдан келганлар ҳам бор экан. Маъруфнинг кўзи бир-икки ўрисга ҳам тушди. Ҳайбатулло айнан уларнинг ёнида эди. Бир нарсалар гапирар, иржаярди. Йигит бутунлай бошқача манзарани кутганди. Қовоғи осилган, қайғуга ботган эркак ҳамдардлик билдирувчиларга зўрға раҳмат айтар, бошини қимирлатиб қўярди. Унинг ёнида эса қариндош-уруғи, идорадан битта-иккита… Бироқ бу ўйлаганларининг бутунлай тескариси бўлиб чиқди. Ҳайбатуллонинг хонадонида таъзия эмас, тўй бўлганга ўхшарди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ