МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (55-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Кейинчалик у Нодиранинг қинғир-қийшиқ кўчаларга кириб кетганини эшитди. Яна эшитдики, «Ҳаётимни барбод қилган одамдан, албатта, ўч оламан!» деган эмиш.

Ўктам мийиғида кулди. «Эҳ, нотавон, сен қаердасан-у, мен қаердаман? Сен менга насиб этмадинг… Хоҳлаганимда сен мендан бошқа ҳеч кимники бўлмасдинг. Лекин мен хоҳламадим. Илгари қўлим етмайдиган узоқликда эдинг. Кейин билсам, аслида, мен сендан узоқда, юқорида эканман… Ҳе, мендан ўч олармиш» хаёлидан ўтказди у.

Мудар ҳовлиқиб кириб келди. Ранги бироз оқарган, оёғида қалтираш бор эди.

— Нима гап? — деди Ўктам ётган жойида.

— Мижозлар норози бўлишибди. Ташқарида иккитаси турибди. Минғир-минғир қилади, лекин гапларининг тайини йўқ.

— Бу ёққа опкир.

Ўктам ҳужрага кириб, ўрадан иккита тўппончани олиб, шимининг орқа киссасига қистириб қўйди.

Иккита йигит. Икковиям кал бош. Бунинг устига, ҳўкиздай-ҳўкиздай. Мабодо кўчада уларга дуч келиб қолсангиз, мумкин қадар афтига қарамасликка ҳаракат қилиб, сал нарироқдан ўтиб кетишга уринасиз. Аммо Ўктам бунақалардан қўрқмайди. Шу ёшигача нечтасини кўрди? Нечтасини асфаласофилинга жўнатди.

— Кимсанлар? Сизларни биринчи кўриб туришим! — деди Ўктам ўқрайиб.

Чақирилмаганлар иржайишди.

— Бозорнинг эгаларимиз, — деди улардан бири Ўктамга жавобан.

— Қанақа бозор?

— Сен савдо қилиб юрган бозор.

— Ҳе, мен шунақанги таргашга ўхшайманми?

— Пешонага ёзиб қўйилган.

— Пешонамга… Билмаган эканман. Хоҳишингни айт.

— Таг пулини тўлаб қўй.

 

* * *

 

Саиднинг онаси ўлди. Ўша чорпояда. Ўша юмушини бажараётиб, жуда осонлик билан: бир қўлида игна, иккинчисида ип, шундай ёнига йиқилди. Тамом… Четдан қараган одам уни ўлган деб ўйламайди. Шунчаки ёнбош ётиб ухлаяпти, дейди. Уни биринчи кўрган одам ҳам шундай хаёлга борди-да.

— Ойсулув опа, ҳов Ойсулув опа…

Ҳамсоя хотин. Исми Назира. Ойсулув опадан икки ёш кичик. Асли қўшни қишлоқдан қирқ йил олдин келин бўлиб тушган. Ўтган йили чолини тупроққа қўйган. Шундан кейин ўзи ҳам касалманд бўлиб қолган. Икки кун соғ юрса, икки кун тўшакда ётиб қолади. Соғ кунлари, албатта, кун пешиндан оққанда Саидларникига келади. Ойсулув кампир билан қуёш ботгунча гаплашиб ўтиради. Кейин истар-истамай уйига кетади. Доим ўзининг ёшлигидан, гўзаллигидан гапиради. У куни кеча касал эди. Бугун оёққа турди ва келиш вақти етиши билан эски, орқаси йиртиқ ковушини оёғига илди-да, ҳамсоясиникига, Ойсулув опасининг ёнига йўл олди.

Чақирувга жавоб бўлмади.

«Кампир ўлгур, тош қотиб ухлаяптими, нима бало?» ўйлади у ва янаям баландроқ овозда бақирди:

— Ойсулув опа! Вой қурмағур, ҳеч бундай пайти ухламасдингиз-ку!

У мийиғида кулди ва бир-бир босиб чорпоя ёнига келди.

— Ойсулув опа.

Кампир қимирлаб ҳам қўймади. Назира кампирнинг бирдан капалаги учди.

— Ҳай, сизга нима бўлди? Нима қип бундай ётибсиз?

Жимжитлик. Жавоб йўқ.

Қўрқиб кетган Назира кампир неча йиллик қадрдонини турткилади. Аммо бу ҳам наф бермади. Шундан кейингина у уйига югурди. Ўғлига, келинига айтди. Уларни қўшниларникига югуртирди.

Айтиб-айтиб йиғлаган, сочини юлиб йиғлаган ҳам Назира кампир бўлди. Бошқа ҳеч ким овоз бермади. Ҳамма қайғуда эди. Лекин додламасди, йиғламасди. Саиддан эса дарак йўқ эди. У Фахриддин билан шаҳарга кетганди. Аввал улар обдан чекишди. Кейин обдан гўштхўрлик қилишди. Сўнг шаҳарга боргилари келиб қолди. Бундан олдинроқ эса Фахриддин Саидни ўлдирмоқчи эди. Аммо иродаси бўшлик қилди. Бунинг ўрнига қайниси топиб келган баргни майдалаб, қоғозга ўради. Кейин тутатди. Чекканидан кейин одамнинг қорни ёмон очиб кетаркан. Саид иккаласи қарийб уч килога яқин гўштни еб қўйишди. Шунда ҳам қоринлари тўймади.

— Шаҳарга борамиз. Мен миямни дам олдиришим керак. Роса чарчаганман. Зўр жойни биламан. Шу ерда маишат қиламиз-да, кейин ишга киришамиз, — деди Саид.

Фахриддин дарров рози бўлди. Бироқ машинани ўзи ҳайдамади. Қайнисига ҳайдатди ва уни олдиндан огоҳлантирди.

— Биз билан бирга юрсанг, кўзинг кўр, қулоғинг кар бўлиши керак. Кейин сенга сал ботадиган иш бўп қолиши мумкин, шундаям ғинг демайсан. Буларнинг бари опанг ва жиянларингнинг фойдасига, — деди.

Қайниси ҳеч нарсани тушунмади. Шундай эса-да, бошини қимирлатиб, «Хўп», деди.

Аммо поччасининг саёқлик қилаётганини кўрганидан кейин бирдан портлаб кетди.

— Ҳали сен, ит эмган, опамни оёқости қилиб бегонанинг қўйнини тўлдираяпсанми?! — деди ва поччасининг устига ўзини отди.

Ўлдирарди. Қиймалаб ташларди. Агар Саид Фахриддиннинг жонига оро кирмаганида. Агар у Фахриддиннинг қайнисининг биқинига пичоқ урмаганида.

— Нима қип қўйдинг?! — деди Фахриддин қўрқиб кетиб.

— Нима қилардим? Сени қутқариб қолдим, — жавоб берди Саид бамайлихотир.

— Эсинг жойидами? Ўлдириб қўйдинг-ку!

— Нима қипти? Ўлиши керагиди, ўлди. Аслида, сен, маразнинг боласи ўлишинг керак эди. Мен сенга бунинг кераги йўқ, дедим. Лекин гапимга кирмадинг. Ори бор экан ярамаснинг. Бошқа бўлганида сенга қўшилиб, ҳамма ҳаромиликни қиларди.

— Нима қиламиз энди?!

Саид тезда жавоб бермади. Кўз-қошлари-ю, юзини обдан бўяган икки жувонга қаради. Улар қўрқиб кетишганди. Шунинг учун ҳам тиллари танглайларига ёпишиб қолганди. Ҳайкалдай қотиб туришарди.

— Шу ёшимгача бирортаям оғзига маҳкам аёлни учратмаганман. Улар кўрганларини минг тайинласанг ҳам, бир минутда дунёга ёяди! — деди у.

— Вой… Вой, мен… Биз ундайларданмасмиз. Оғзимизга роса пишиқмиз, — деди жувонлардан бири тилга кириб.

— Шундайми? Унда исботлайсизлар. Манави пичоқни икковинг ҳам бир мартадан ишлатасан. Бу йигитнинг обрўйи бориди. Обрўли одам битта пичоқ еганидан ўлиб қолса, уят бўлади. Шунинг учун унинг танасидан икковинг бир мартадан дарча очасан.

Унинг амри бажарилди. Саёқларнинг ўзга иложи ҳам йўқ эди. Акс ҳолда, кўзи қонга тўлиб турган Саид уларни бир ёқли қилиши ҳеч гап эмасди. Чунки у чекиб олган. Қилган иши нималарга олиб келишини ўйлайдиган аҳволда эмас. Кўзига ҳамма ёмон кўриниб кетяпти. Яна у ўзини ҳаммадан зўр, ҳаммадан кучли ҳис қилиб турарди. Аммо ўзига келгач… Бунга ҳали анча бор. Бунгача у қоп-қора балчиққа бутунлай ботиб кетади. Кейин ўзининг бошига ҳам Фахриддиннинг қайнисининг куни тушади. Балки, ундан баттари бўлар. Бироқ бунга ҳали вақт бор…

— Мошинага ўтир! — амр қилди у Фахриддинга.

— Буни нима қиламиз? — сўради Фахриддин қайнисининг жасадини кўрсатиб.

— Буни нима қилишни манави иккови билади. Пичоқни икковиям ушлади. Икковиям қўлини қонга ботирди. Бизнинг ҳеч нимадан хабаримиз йўқ. Уқдингми?!

— Йўқ, ундай қилманг. Ўзингиз бирон жойга обориб, бир ёқли қилинг! — ёлворди жувонлардан биттаси.

— Нимага энди? Қилғиликни сизлар қилдинглар. Бу ёғиниям ўзларинг бажарасизлар. Сизлар менга раҳмат айтишларинг керак. Чунки оғзидан гулламайдиган одамман. Кейин бугуннинг ўзида бошқа шаҳарга йўқолинглар. «Бу ерликмасмиз», дегандиларинг. Осон экан. Кетсаларинг, ҳаммасидан қутулиб қоласизлар!.. Эй-й, онангни эмгурлар, нимага мен сизлар билан ади-бади айтишиб ўтиришим керак?! Менинг қиладиган ишим бор! Пахи, кетдик!

Саиднинг хаёлига Толмас Бадриддинович келганди. «Бораман-у, униям тинчитаман» деган қарорга келганди у. Чунки ҳозирги қилмиши уни руҳлантириб юборган эди.

***

 

Паризод ортиқ чидолмади. Онасига тикилди. Қиз онасига сира бундай қарамаганди. Ҳар доим унинг нигоҳида тобелик аломатлари бўларди. Бироқ бу сафар Насима қизининг қарашидан қўрқиб, озгина ортига тисарилди.

— Бўлди-да, ая. Бунчалик паст кетасиз? Ерга тиқиб юбордингиз-ку. Яна нима хоҳлайсиз?!

— Мен… ҳалиги, қизим, қандайдир… Яхши бўлсин деяпман-да. Ҳамма ёқ…

— Шу яхши бўлсин, деганингизми? Агар ёмонлик тилаганингизда дунёни остин-устун қилиб юбораркансиз-да. Бечора отам шунча вақт сизга чидагани учун кўксига қаҳрамонлик орденини тақиб қўйсаям арзиркан.

Насима қизидан бунақа гапларни умуман кутмаган эди. Шунинг учун ҳам сўлиб қолди. Боши эгилиб, уйга кириб кетди ва ётиб олди. Бошқа нима ҳам қилсин? Ахир у худди бошқа оналар каби қизини уришиб қўймоқчи, шу йўл билан тартибга чақирмоқчи эди. Аммо сира ўхшамади. Шу ётганча ўйлади. Бошқалар қандай қиларкан? Бошқалар олдида болалари ғинг этолмайди-ку. Лекин Паризод унинг юзига сапчийди. Ана, жинқарча укаси ҳам ундан ўрнак оляпти. «Қовун қовундан ранг олар», деб бекорга айтишмас экан-да. Бу аҳволда унинг кейинги ҳаёти қандай кечади? Биров унга яхшилик қилишни истамайди. Қилмаса, қилмасин. Оёғи бор, қўли бор, кўзи кўради. Нимаики юмуш бўлса, ҳаммасини ўзи эплайди. Бировга куни қолибдими? Лекин… Лекин Худо кўрсатмасин, бирор дардга чалиниб қолса, унинг ҳолидан ким хабар олади? Анави бевафо эрми, юзига оёқ қўйишдан ҳам тоймайдиган манави қизми ёки кундан-кунга отаси билан опасидан ўрнак олаётган жинқарчасими?.. Йўқ, уларнинг бирортасидан ҳам яхшилик чиқмайди. «Болаларни гўдаклигидан, ҳали дунёга келмасларидан ўлдириб юборишим, эрнинг овқатига бирор нима қўшиб, йўқ қилишим керак экан. Эсиз, эсиз… Аммо ўйлаб қарасам, кўп иш қилган эканман. Эрнинг кўнглини олдим. Болаларимни тўққиз ой қорнимда кўтариб юрдим. Кейин кўкрак сути бериб оёққа турғаздим. Энди… Энди…»

— Ҳеч кимга керакмас бўп қолдимми?! — дея беихтиёр ётган жойида бақириб юборди.

Шу заҳоти кўзидан тирқираб ёш оқди. Ўрнидан сапчиб турди. Аммо бир қадам ҳам босолмади. Қўрқди. Ҳозир ташқарига чиқса, қизидан бир-икки оғиз аччиқ гап эшитса… Ана унда нима бўлади? Бутунлай хонумони куйиб кетмайдими?

«Эй-й, куйишни ўйладимми? Куйиш даҳшат-ку! Уй куяди. Аввал гуриллаб ёнади, кейин кул бўлади. Ҳамма мени кўради. Дод-вой солишимни, сочимни юлиб шайтонлашимни кўради. Ҳамманинг эътиборида бўламан. Шунда қўлимни бигиз қилиб анави бесадоқ қизни кўрсатаман-да, «Энди кўнглинг жойига тушдими?» дейман. Ҳа-а, оёғимнинг остига ўзини ташлайди. Ялиниб-ёлвориб кечирим сўрайди». Насима ўйлагани сайин завққа тўлди. Ҳаттоки анави Фахриддин унинг кўнглини равшан қилаётганида ҳам бунчалик қувонмаганди. Дарвоқе, ўшанда у жуда бошқача бўлиб кетганди. Чунки бундай кўнгилхушлик қилмаганига жуда кўп бўлган эди-да. Бўшашди. Енгиллашди… Сўнгроқ, эрталаб оғирлашди. Саид ярамас оғирлаштириб қўйди… Насима ундан у ёғини ўйлагиси келмади. Бошдан-оёқ кулфат, қайғу. Ўйлаб, яна азобини тортсинми? Яхшиси, кўнглига келган ишни қилсин — уйни ёқиб юборсин.

Ташқарига чиқди. Гаражга кирди. Бир челак бензин олиб чиқиб, аввал ўзи билан эрининг хонасига сепди. Ундан кейин қизиникига, сўнгра меҳмонхонага…

«Ҳаммаси бирпасда, кўз очиб юмгунча ёниб кул бўлади, — хаёлидан ўтказди ва ошхонадан гугуртни олди-ю, ўйланиб қолди. — Сандиқда қарийб эллик мингдан зиёд пул бор. Ундан кейин, ертўлада бир ҳовуч тилло… Агар уй ёнадиган бўлса, ҳаммаси ёниб кетади. Яхшиси, аввал уларни опчиқиб, бошқа бир жойга яшириб қўйиш керак. Ана ундан сўнг гугурт чақсам бўлаверади».

 

* * *

 

— Қаерга борамиз? — сўради Маъруф кўчага чиққанларидан кейин.

— Отамнинг ёнига. Жудаям кўргим келиб кетди. Аямнинг гапларидан кейин сизнинг олдингизда ўзимни жуда ожиз сезяпман, балки…

— Қўйинг, бундай деманг. Мен ҳамма нарсани тушунадиган одамман.

— Одам? — қошини чимирди Паризод.

У бир неча дақиқа олдин қайғурган қизга сира ўхшамасди. Худдики йигити билан учрашувга чиқиб, кўнгли шўхлик тусаётганга ўхшарди.

— Ҳа, одам… Нима, мен одамга ўхшамайманми? — ҳайрон бўлди Маъруф.

— Сираям.

— Нега?

— Сиз йигитга ўхшайсиз, — дея мийиғида кулди Паризод.

Маъруф ажабланди. Қизнинг кулиб турган юзига бир муддат термилди.

— Бир нарса айтсам майлими? — сўради сўнг қиздан.

— Иккитасини айтинг.

Маъруф нима деярини билмай қолди. Чунки у «Мен сизни севаман» демоқчи эди. Бироқ бир неча сония олдинги бу қарор ҳозир уни сўзлатиш ўрнига музлатиб қўйди.

— Ҳа-а, нима бўлди? Нега қоққан қозиқдай туриб қолдингиз?.. Билдим, айтмоқчи бўлганингиз ёлғон экан, шунинг учун эсингиздан чиққан, — деди Паризод шўхлик билан.

— Рост. Лекин… Майли, кейинроқ айтаман.

— Менинг ичим куйиб кетсин дейсиз-да.

— Йўқ. Кейинроқ…

— Ихтиёрингиз. Лекин сизни огоҳлантириб қўяйин. Иккаламизни ҳозир бирга кўрган борки, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хаёлга боради. Шунинг учун сиз олдинроқ, мен кейинроқ кетайлик.

— Келишдик.

Йигит-қиз ажралди. Бири тўғри йўлдан бекат томонга кетди. Иккинчиси — Маъруф, сўл тарафдан, мактабнинг ёни билан бекат томон йўл олди ва улар яна ўша бир кунда беш марта автобус тўхтайдиган бекатда учрашишди. Ёнма-ён турмадилар. Бири бекатнинг нариги қанотида, иккинчиси бериги қанотида. Аммо шу ҳолнинг ўзиёқ улар тўғрисида исталганча афсона тўқишга сабаб бўлиши мумкин эди. Ҳаттоки бекатда бошқа йўловчилар турганида ҳам бу иккисини икки ёқдан олиб келиб, бирлаштириб, истаганча ғийбат қилишлари мумкин эди. Ҳолбуки, ҳозир иккисидан бўлак ҳеч ким йўқ…

Маъруф дарров буни идрок этди ва қўлини орқасига боғлаб, худди автобус кутмаётгандай, бирор ёққа кетаётгандай қадамини санаб бекатдан узоқлаша бошлади. Унга қараб қўйган Паризод кулди. «Чолнинг ўзгинаси бўп қопти», дея шивирлаб қўйди ва яна бир марта лабини тишлади. Чунки у уйидан чиққанидан бери неча марта кулган, шўх сўзлаган бўлса, шунча марта лабини тишлаганди. Сабаби… Сабаби, уйидаги ўша ҳангома.

Нақ бир ярим соатдан сўнг эски, узун «Лаз» бекатга келиб «уф» деганча тўхтади. Паризод чаққонлик билан чиқиб олди. Йигит ҳам югуриб келди. Худди ана шу маҳал Паризоднинг юраги сиқилиб, уйи томонга қараб қўйди.

 

* * *

 

Ўктам илжайди.

— Қизингнинг зорини кўрайин. Ҳали шунақанги қарзларим ҳам бор эканки, билмай юрган эканман-да-а! Майли, гап бўлиши мумкин эмас! Мен унақа қарзни тўламайдиган хотинчалишлардан эмасман. Тўлаб ташлайман. Тўлайман! — деди ва хохолаб кулиб юборди.

Ҳақ йиғувчилар қизариб, ўғринча бир-бирларига кўз ташлаб қўйишди. Уларнинг бу ҳаракати Ўктамнинг эътиборидан четда қолмади. «Ўлаксахўрлар, икковингниям юрагинг ўйнаб турибди-ку. Ҳа, десам, орқа-олдингга қарамай қочишга тайёр турибсанлар. Аҳволинг шу экан, бало борми менинг олдимга келиб кеккайишга?» хаёлидан ўтказди у ва иккала қўлини ҳам ҳавога кўтариб:

— Бир дақиқа кутиб қоласизлар энди, мен ер ҳақини шундай кўммамдан олволайин, — деди ва ортига бурилиб, ҳужрачаси томон юрди.

Тўппончаларни олди. Ўқларини текшириб, латтага ўради-да, ортига қайтди. Матоҳини дарров ишга солмади. Сўради:

— Лекин, барибир, хўжайиннинг исмини айтмасанглар бўлмайди. Бугун сизлар келдинглар. Топганимни олиб кетяпсизлар. Эртага яна иккитаси қийшайиб келиб, таг пулини сўраб қолса, нима қиламан? Шундай экан, «Фалончи бозорком акам билан ҳисоб-китоб қип қўйганман», дейишим учун унинг кимлигини билиб қўйишим керак-да.

Калбошлар бараварига иржайишди:

— Тўсин аканинг номини айтсангиз, тамом…

Ўктамнинг кўзи каттарди.

— Эй-й, — дея у пастки лабини тишлаб, Мударга қараб қўйди. — Ҳали Қора қуртнинг одамимиз, денглар!

Чақирилмаганлар хўжайинларининг лақабини эшитишлари билан сергак тортишди. Ўзи бошқа юртларда тирикчилик қилиб, ора-чора туғилган маконининг атрофини ҳам назоратдан ўтказиб қўювчи Тўсин бу ёққа юборишидан олдин уларга: «Кимки мени таниса, ўшандан эҳтиёт бўлинглар», деган эди.

— Унда, — гапида давом этди Ўктам, — акахонга қуюқ саломимни етказиб қўйинглар. Биз у ёқнинг шогирди бўламиз. Бу ёқда у ёқ ҳақида бир-биридан қизиқ гаплар эшитиб, бизнинг ҳавасимиз келиб юрибди. Қани энди, акахон қилган ишларининг мингдан бирини эплаёлсак. Берганимизни ўзларига етказиш билан бирга саломимизниям айтиб қўясизлар. Адашдим, адашдим. Ўзлари келиб қўлларингиздан арзимаган атамамизни олаётганларида, етказасиз саломимизни.

— Ни-ма?..

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ