ОДАМФУРУШЛАР… (Кўнгли бўшлар ўқимасин)

0

 

Бу фожиали воқеа бир пайтлар бутун Россияни оёққа турғазганди. Ўшанда Кроснаярскдаги каналларнинг биридан беш нафар 10-12 ёшлар атрофидаги болакайларнинг тана қисмлари топилган. Хўш, қайси ҳайвонсифат одамлар болакайларни бу аҳволга солди?..

 

«БОМЖ» ЛАРНИНГ ДАҲШАТЛИ ТОПИЛМАСИ

 

Апрел ойида Максим Тауманов, Сафар Алиев, Гагаш Мамедгасанов, Александр Лавренев ва Дмитрий Макаровлар изсиз ғойиб бўлишди. Бир неча кунлик тинимсиз қидирувлар ҳадеганда ўз натижасини бера қолмади. Красноярск ўлкаси губернатори Александр Хлопонин ҳатто болаларни топиб келганларга махсус мукофот ҳам тайинлади. Ҳозир эса, топган одамлар маълум. Бир умр темир-терсак йиғиб тирикчилик қилган икки нафар «бомж» каналдан болакайларнинг жасадини топиб олибди. Мурдалар бир неча ўнлаб бўлакларга бўлиб ташланган эди. Тишларнинг жойлашиши, кийимларга қараб бу жасадлар худди ўша йўқолган болакайларга тегишли экани аниқланди. Дастлабки тахминларга кўра, улар бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлишган деган хулосага келинди. Сабаби, беш нафар боланинг барчаси шу канал қирғоғида ўйнашни ёқтиришарди. Улар каналнинг ўртароғига бориб таёқ билан сув чуқур ё саёзлигини аниқламоқчи бўлишган. Афсуски, уерда қандайдир жарлик бўлган-у, шуерга тушиб кетишган ва ҳалок бўлишган…

Аммо бу тахминлар унчалик ҳақиқатга яқин эмасди. Чунки болакайлар ҳеч қачон каналнинг ўртасига бора олишмайди. Қолаверса, каналда ҳеч қандай жарлик борлиги ўз исботини топмади.

 

ТИРИК ЖОН ХАРИДОРЛАРИ

 

— «Бугун биз ҳар бир боланинг ўлими сабабларини аниқ айта олмаймиз. — дейди Россия бош прокурори. — Лекин қотилларни барибир топамиз…

Терговда яна бир тахминий хулоса пайдо бўлди. Маълумотларга қараганда, мамлакат ичкарисида инсон тана аъзолари билан савдо-сотиқ қилувчилар кўпайиб кетган. Масалан, қора бозорда одамнинг юраги 160 минг, жигари 60 мингдан 150 минггача, буйраги 15 минг Америка доллари миқдорида сотиларкан. Болакайлар эса, жуда соғлом эди. Балки, қотиллар уларни сунъий равишда ухлатиб қўйишган-у, керакли тана аъзоларини суғуриб олишгандир? Шундан сўнг қолган қисмларини каналга улоқтириб юборишгандир? Албатта, бу тахминий хулосаларни ҳам аввал яхшилаб текшириб чиқиш лозим бўлади. Лекин ҳали ҳеч ким бу нарсанинг бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги аниқ далилни келтира олгани йўқ.

Охирги йилларда Россияда болаларнинг тана қисми билан савдо юритиш даҳшатли тус олганини кўпчилик билади. Айниқса, ҳафталик газеталарга разм солсангиз, тирик жонни сотиш ёхуд сотиб олиш ниятида юрганлар эълонлар беришади. Ана ўша эълонлар ёрдамида улар бир-бирларини осонгина топишади ва ўзларининг ҳайвоний ишларини амалга оширишади.

Надоматлар бўлсинки, шу иш билан шуғулланувчи биргина шахс — рязанлик Нина Ткачевагина суд ҳукми билан ўз жазосини олди. У катта пул эвазига ўғил неварасини ўлдириб, тана қисмларини пулламоқчи бўлган экан. «Буви» бунинг учун газетага «Неварамнинг тана қисмларини қиммат нархда сотаман» мазмундаги эълон берди. Харидор ҳам узоқ кутдирмади кампирни. Бир ҳафта ўтиб қора бозорда уни ўша харидор излаб топди. Нина сира ўзини йўқотмасдан боланинг аъзолари учун 100 минг доллар сўради. Савдолашишди. Охири 90 мингга келишишди. Бу вақтда ҳеч нарсадан бехабар невара машинада бамайлахотир бувижонисини кутарди. Шунда кутилмаганда тезкор гуруҳ аъзолари пайдо бўлишди-ю, кампирга қўшиб ўғли ва келинини ҳам қўлга олишди. Натижада Нина 4, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Болакай эса ,етимхонага жойлаб қўйилди.

Яна бир воқеага тўхталсак. Чикагода яшовчи бир аёл ўзи асраб олган олти ёшли Алеш Гейко исмли боласини то ўлиб қолмагунча калтаклайверади. Албатта, буни у ўзининг ғаразли мақсади туфайли амалга оширади. Мақсади, боланинг буйраги, юраги, жигари ва шунга ўхшаш асосий тана аъзоларини кимларгадир пуллаш эди. Ваҳоланки, болани аёл айнан Россиядан олиб кетиб асраб олган экан. Шунга ўхшаш даҳшатли воқеалар такрорланавергач, Россиядан четга етим болаларни олиб чиқиб кетиш буткул тақиқлаб қўйилди. Ажаб эмаски, бугуноҳ гўдаклар шу баҳонада бир неча ўнлаб қисмларга бўлаклаб ташланишмаса. Ажаб эмаски, улар ҳам бошқалар сингари Худо берган умрини тинчгина яшаб ўтишса.

Алексей МАРТОВ

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси