ШАЙТАНАТ… (20-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Анвар «халқ отаси»нинг мунофиқлигидан гап очилса, ўзини тутиб тура олмас эди. Эл орасида ёмон ишлар билан қўрқув солиб юрган одамки, бу ҳақда сўз очдими, демак, Холидий мунофиқгина эмас, муртад ҳамдир, деган тушунча унинг гап халтасини очиб юборди. Анварнинг ҳозирги аҳволини кўрган одам уни ўз уйида эмас, илмий кенгашда маъруза қиляпти, деб ўйлар эди.

— Мана, Қўқон мухториятини олинг. Ленин ўз ҳуқуқларинг ўзларингда дедими, деди. Пўлша ўзига мустақил бўлдими, бўлди. Эстония, Латвия, Литва, Финляндия ажралиб кетдими, кетди. Булар ҳам худди биз каби Русия империясининг мустамлакалари эди-ку? Улар мустақил бўлиб кетишди. Биз бор-йўғи мухторият талаб қилган эдик. Қаранг-а, мухториятга ҳам кўнишмади. Ленин Московда туриб олиб, «Мазлум шарққа озодлик бердик», дейди. У ёқда мазлум халқнинг қони дарё бўлиб оқади. Қўқон мухториятини ким қонга ботирди? Ўрисларми, болшевикларми? Йў-ўқ, бу ишни турк қонига ташна дашноқларга қўйиб беришди. Мен буни тарихий далил асосида исботласам, у падарлаънат «Сизнинг хулосангиз миллий низо келтириб чиқаради», дейди. Бир одамнинг ўт пуфагида тош бор. Шуни олиб ташлаш учун қорнини ёришди. Шунда жарроҳ «ўт пуфакка тиғ тегса жигар хафа бўлади, яхшиси кўр ичакни олиб ташлайлик», деб турса, касал бечора дардини кимга айтади?!

Хонзода чойнак-пиёла кўтариб киргач, Анвар оташин нутқини тўхтатди. Асадбек Анвардаги туйғудан узоқроқ бўлса ҳам, гапларини эшитиб, унга нисбатан меҳри уйғонди.

— Сиз билан бир гаплашадиган экан. Қойилман, — деди Асадбек, Анвар узатган пиёлани олиб. — Мен ўртоғингизга бир гап айтай, деб кирган эдим. Сиз ҳам эшитинг, маслаҳат беринг. Элчинбой, сизни кечами ё бугунми ҳеч ким тўйга айтмадими?

— Йўқ, — деди Элчин тўнг оҳангда.

— Агар айтса, кўнманг. Умуман, яқин орада тўйларга бормай туринг.

— Нимага?

— Ҳа, энди… чиллалик одамсиз.

— Аниқроқ гапираверинг.

— Аниқроғи шуки… Сиз санъатдаги обрўйингизни тиклаб олишингиз керакмикин? Тўйда… ҳар хил одамлар бўлади. Сизларнинг ораларингизда ҳам ҳасадгўйлар бор. Битта яхши ашула чиқарсангиз халқ эшитиб хурсанд бўлади, ҳасадгўйларингиз эса куйиб кетади. Яна ҳам аниқроқ айтсам, гап шуки, энди сизнинг обрўйингиз менинг ҳам обрўйим. Сизни… ўғлим деганман. Анвар-жон, сиз гувоҳсиз, ўртоғингиз куёвим эмас, ўғлим. Чет элдаги ўғилларим келишса, ака-ука бўлиб кетасизлар, Худо хоҳласа. Мен бир нарсанинг исини сезмасам, гапирмайман, тўйларга бормай туринг.

Асадбек гапни маслаҳат оҳангида бошлаб, буйруқ тарзида якунлади.

 

***

 

Хасталик варақасида белгиланган муддат ниҳоясига етган бўлса-да, Анвар ишга чиқишга шошилмади. Тоғасининг чордоғидан олиб келган китоблару қоғозларни ўқиб чиққанидан кейин ҳам бир кун уйда хаёл суриб ётди. Зуннунийнинг қўлёзмасидан бобосининг нима учун фойдалана олмагани маълум эди. Ҳақиқатни айтишга бобосида журъат етишмаган. Етишган тақдирда ҳам унга ким йўл қўяр эди? Закийлар жисмини тишлаб олурга тишлари бурро, аммо илмга тишлари ўтмайдурганлар замони туққан чоқда ҳақиқатни дегувчилар оҳини ким эшитарди? Зуннуний қўлёзмасини бобоси ёқиб юбормай асраб қўйибди — шунинг ўзи катта гап. Бу қоғозлар, китобларни тоғаси жонни гаровга қўйиш ҳисобига сақлаган. Унинг ўлимидан кейин эса кераксиз матоҳ сифатида улоқтирилган. Яхши ҳамки, чордоқнинг бир чеккасида уларга жой топилибди. Ўттизинчи йилларнинг оловларидан олиб қолинган китоблар, фарзандларнинг оқибатсизлиги туфайли ёқилди, ахлатхоналарга ташланди. Анвар шуни ўйласа худди биров тирноқларини омбурда суғураётгандай азоб чекарди. Хаёлига ёмон фикр келганида ёки нохуш воқеага учраганида аҳли муслим калима келтиргани каби, Анвар бу пайтда шоирдан ёд олган сатрни такрорлайди: «қачон халқ бўласан, сен эй, оломон…»

У ўша оломоннинг бир қисми билан ҳар куни ош-қатиқ бўлишга мажбур. Вазифалари оломон кўзини очмоқдан иборат бўлган, ўзларини «олим» деб атовчи одамларни кўргиси келмаса ҳам ишга боришга мажбур. Хотини «Қўйинг, ўша ишингизни, бўшанг», дейди. Бўшаб кетишдан осон иш йўқ. Оч қолмайди, мардикорлик қилса ўн баробар кўп пул топади. Лекин кимдир ҳақиқатни очиш учун жонини бериши керак-ку?

Ҳамкасбларининг айримлари унинг «тузалиб чиққанидан» астойдил қувонишди. Айримлари шунчаки кўнгил учун ҳол-аҳвол сўраб қўйишди.

Хонасига кириб ўзининг ўрнида чиройли жувонни кўрдию феъли айниди. «Яна бир амалдорнинг келини ишга олинибди-да», деб ўйлади. Институтнинг ярмидан кўпи келишган аёллардан иборат — бири кимнингдир қизи, кимнингдир келини, синглиси… Анвар Холидийнинг усталигига баъзан тан беради. Бу аёлларни ишга олиш билан Холидий юқори томондагиларга яхши кўринади, энг муҳим — тарих илмига бегона бўлган бу жононлар «устоз Холидий» сутни қора десалар ҳам маъқуллаб чапак чалиб ўтираверадилар. Оппоқ бўйинчаларига Холидийнинг нафаси текканда кўзлари хумор сузилиб қоладиганлари эса тез орада фан номзоди унвонига эришадилар. Анвар ўрнида ўтирган жувонни ҳам шундайлардан деб ўйлаб, ғижинди. Аммо, ҳамхоналари билан сўрашиб бўлгач, жувон ўрнидан туриб хижолатлик билан салом берди-да, «Мен сизни кутиб турувдим», деди. «Мен ҳам чиройли жувонлар кутишга арзирли одам бўлиб қолдимми?» деб ўйлади Анвар.

— Бир ҳафтадан бери кутадилар, — деб изоҳ беришди ҳамкасблари.

— Бу йил ўқишни битирятувдим, — деди жувон. Унинг ийманиб гапиришидан дорилфунунни битириш ҳам айб иш экан, шекилли, деб ўйлаш мумкин эди. Анвар уни хижолатликдан қутқазиш учун гапни бўлди:

— Қайси факултетни?

— Тарихни… Диплом иши олувдим. Суннат Жўраевич энг олдин сизга учрашишимни айтдилар. Шунга…

Суннат Жўраевич деганлари Анварнинг курсдоши. Толиблик даврларида тарих илмининг авра-астарини ағдариб ташлаш ишқида бирга ёнишган. Суннат факултетда ишга қолиб тез сўнди. Шу сабаблими, улар анча узоқлашиб кетган эдилар. Нечукки энди йўқлаб қолибди?

— Қайси мавзуни олдингиз?

— Дукчи эшон қўзғолонини.

— Зўр мавзуни танлабсиз-ку? Лекин мен… нима ёрдам беришим мумкин? Сиз… Холидий деган буюк олимни эшитганмисиз? Бу даврни сув қилиб ичиб юборган одам ўша. Масковдаги ўрис олимлар бу қўзғолон «прогрессив аҳамиятга эга», дейишганида мақтаб китоб ёзганлар, тақсиримиз. Кейин партия бу қўзғолон диний йўналишдаги қора иш деб баҳо бергач, яна бошқа китоб ёзганлар. Сиз хоҳлаган китобингиздан фойдаланишингиз мумкин. Суннат… Жўраевич нима деяпти? Бу қўзғолонни прогрессив деб тушунтиряптими ё аксинчами?

Анварнинг феълидан бехабар жувон нима дейишини билмай довдираб қолди. Яхшики домласи «Анваржон озгина қўполроқ, эътибор берманг», деб огоҳлантирган эди. Бўлмаса чиқиб кетишга ҳам тайёр эди.

— Сиз Суннат Жўраевичингиздан сўраб келинг, шунга қараб гаплашамиз.

Жувон бу одам билан суҳбатлашишнинг ҳожати йўқлигини билиб, эшик томон юрди. Анварнинг ёнидан ўтаётиб бир зум тўхтади:

— Кечирасиз, домла, тарихга икки хил кўз билан қараб бўлмайди, — деди. Жуда ширин, аммо кескин тарзда айтди-да, тез-тез юриб чиқиб кетди.

Анвар шундагина унга бу гапларни бекор айтганини фаҳмлаб, изза чекди.

— Анваржон, ёрдам бера қолсангиз бўларди. Бечора бир ҳафта кутди, — деди рўпарада ўтирган аёл, унга ялингандай қараб. Шу гап мадад бериб, Анвар шарт бурилди-да, жувоннинг орқасидан югурди.

— Синглим, тўхтанг, — деди Анвар, унга етиб олгач. — Хафа бўлманг. Ўзим шунақа тўнгроқ бўлиб туғилганман. Шошилмаётган бўлсангиз, гаплашиб олайлик. — Анвар уни даҳлизга қўйилган юмшоқ курсиларга бошлаб, сўнг ўтиришгач сўради: — Нималарни ўқидингиз?

— Сиз айтган иккала китобни. Кейин Ғафуров деган олимнинг китобини.

— Хўш?

— Бир-бирига қарши фикрлар. Ғафуров 1949 йилда бу қўзғолонни ижобий баҳолаганда «тожик халқининг чоризмга қарши қўзғолони», дейди. 1953 йилда эса «фавқулодда реактсион ҳаракат», деб баҳолаб «ўзбек халқининг ҳаракати» дейди.

— Ана шунақа-да! Масковда қанақа куй чалишса, булар ўшанга қараб ўйнайверишади. Тарих буларга ўйинчоқ! Сиз ўзингиз қандай фикрдасиз?

— Мен ҳали ўрганиб чиқишим керак.

— Прогрессив десангиз, булар қўймайди. Холидий диплом ишингизни ўқимаса ҳам, ис олиб юрадиган шогирдлари бор, реактсион десангиз…

— Мен ҳақиқатни дейман.

Кескин тарзда айтилган бу гап Анварни ҳайратга солди. «Бу дунёда ҳақиқатни айтишни истайдиган одам қолмаган», деб юрганида чиройлигина жувон шундай деб турса-я!

— Кечирасиз, синглим, хўжайин қаерда ишлайдилар?

— Мактабда.

— Ота-оналари-чи?

— Улар ҳам мактабда. Нимага сўраяпсиз?

Анвар кулимсиради:

— Тўғрисини айтсам, сиз ҳақиқатни ёзсангиз-у, улар амалдор бўлсалар ишлари юришмай қолармикин, демоқчийдим.

— Бизнинг қўрқадиган жойимиз йўқ.

— Сиз шу ерда илмий иш қилишингиз керак экан.

— Йўқ. Мен ҳам мактабга бораман. Ҳақиқатни энг аввал болаларга айтиш керак.

Ярим соат олдин биров келиб «шундай аёл бор», деса Анвар ишонмасди. Ҳозир ҳам қулоқларига ишонмай ўтирибди. Чиройли жувонлар шунақа ерларда ишлашни орзу қилишарди. Келиб-кетиб юришса бас, жон куйдирилмайди, маош эса унаверади. Узоқ йиллар ишлагани учун «меҳнат фахрийси» деган нишонлар олади… Бу жувон эса…

— Дафтарингизни очинг, — деди Анвар, гапни бирдан бошқа томон буриб. — Ўқийдиган китобларингизнинг рўйхати: Остраумов, генерал-лейтенант Королков, генерал-лейтенант Терентев, княз Мансирев. Буларнинг гапларини архивдан топиб ўқийсиз. Салков, Наливкинларни кутубхонадан топасиз. Сиз қўзғолонни Мингтепадаги масжиднинг қулашига боғламанг. Қўзғолоннинг илдизини энг камида ўрусларнинг Тошкентни босиб олишларидан бош-ланг. Бу ўқ илдиз бўлади. Қўшимча илдизлар — Қурбон додҳо, Пўлатхон, Етимхон, Дарвешхон, Собирхон қўзғолонлари. Тошкентдаги «Вабо исёни», «Оқбўри»даги исён, Қўқон хонининг исёни… Буларсиз Мингтепа қўзғолони ҳақида тўғри хулосага келиш қийин. Шулар билан танишиб чиққанингиздан сўнг яна гаплашамиз.

Жувон Анварнинг гапларини тез-тез ёзиб олди-да, «бўлдими?» деган савол назари билан қаради.

— Зарур гап чиқиб қолса, уйимга келишингиз мумкин.

— Шу ерга кела қоламан. — Жувон шундай деб ўрнидан турди.

Анварга унинг бу қарори ҳам ёқди. Кўнгли равшан тортди.

Жувонни кузатгач, хонасига қайтмоқчи бўлиб бурилган чоғида даҳлизда келаётган Холидийга кўзи тушиб, тўхтади. Одатдагидай башанг кийинган Холидийнинг ёнида суйган шогирдларидан бири Ўлмас Акром келарди. Анвар ўзидан бир йил кейин келган бу дўмбоқ йигитни «гўсала» дер эди. Лақаб Ўлмасга жуда мос тушган, у тўйиб сут эмган бузоқдай беғам, биров сўкса ҳам, мақтаса ҳам бир ҳолда илжайиб тураверарди. Гўсала колхозлаштиришда матбуотнинг рўли деган мавзуда аввал номзодликни, икки йил ўтмай дўктурлик диссертатсиясини ёқлаб олди.

Анвар рўпарасидан келаётган устоз-шогирдни кўргиси йўқ эди. Улар билан сўрашмасликнинг бирдан-бир йўли — шарт бурилиб кетиш. Лекин Анвар бундай қилгиси келмади. Улар томон юрмади ҳам. Индамай тураверди. Холидий Ўлмаснинг елкасига қўлини ташлаб, Анварга яқинлашди.

— Ие, мулла Анваржон, бормисиз, соғ-саломатмисиз? — у шундай деб лабини тили билан ялагандай бўлди-да, Анварга қўлини узатди.

Анвар унинг башарасига қарамай қўл узатди. Чунки Холидий жилмайганида унинг башарасига қараган одам барака топмас эди. Худо Одам Атони ясаётганида ишни оёқдан бошлаганми ё бошданми, Анварга номаълум. Лекин, унинг назарида, Холидийнинг оёқ-қўли, бадани аввал ясалган, кейин нима ясаётгани эсдан чиқиб, елка устига одамнинг эмас, маймуннинг боши ўрнатилган.

— Анвар Сатторович, тузалиб кетдингизми? — деди Ўлмас ҳам унга қўл узатиб.

— Касал эдимми? — деди Анвар унга қаттиқ тикилиб. Ўлмас жавобга сўз тополмай, устозига қаради.

— Ўлмасжонни табрикладингизми? — деди Холидий яйраб жилмайиб. — Ҳозир академия тасдиғидан ўтиб келяптилар. Институтга директор бўлдилар. Мен ўттиз беш йил директорлик қилибман. Етар, а? Энди ишни сиз — ёшларга топширамиз. Илмий котибликка мен сизнинг номзодингизни кўрсатган эдим. Йўқлигингиз панд берди.

— Ким сайланди?

— Наима Султоновна.

— Эски ҳаммом, эски тос.

— Тушунмадим? — деди Холидий, юзидаги сохта жилмайишни асраган тарзда.

— Сиз ўттиз беш йил қандай ишлаган бўлсангиз буларингиз уч юз эллик йил шундай ишлашади.

— Яхши эмас, мулла Анваржон, булар тенгдошларингиз. Энди замон бошқа. Бир-бирингизни авайлаб ишланг. Мана, биз бир-биримизни аямовдик, нима бўлди? Мени йигирма беш йилга қамашди. Сталин ўлмаганда ўтирардим. Бахтимга тезроқ ўлди.

«Бировнинг ўлимидан булар бахт топишади, қизиқ», деб ўйлади Анвар.

Холидийга Худо берди. Ўзини мақташга баҳона топилди. Бундай пайтда у мажлисдами, даҳлиздами, ҳожатхонадами, фарқи йўқ — гапираверади. Анвар жиннихонада деразадан тушган нур билан қилган суҳбатини эслаб, шумлиги тутдию унинг сўзини шарт узди:

— Устоз, — деди мулойим оҳангда. — Ҳамма онасининг қорнида тўққиз ой ётса, сиз етти ойдаёқ туғилиб олган экансиз, шу тўғрими?

Устоз-шогирд бу гапдан ажабланиб, бир-бирига қараб олишди. «Бу ҳали яхши тузалмабди-да», деб ўйларди Ўлмас. «Бу бола қаёқдан билади буни?» деб ўйлади Холидий.

— Анвар Сатторович, уялиш керак, — деди Ўлмас, танбеҳ бериб.

Холидий бировнинг ҳимоясига муҳтож одам эмас эди. Сочини бармоқлари билан тараб қўйиб, ўткир аския эшитган одамдай мириқиб кулди-да, Анварнинг елкасига шапатилаб қўйди:

— Ғайрат зўр бўлган-да, ғайрат! — деди-да, Ўлмасни қўлтиғидан олиб, йўлида давом этди.

Анвар орқасига ўгирилиб, уларнинг изидан бир зум қараб тургач, хонаси томон юрди.

— Нимагадир мотам руҳини сезмаяпман, қора байроқлар осилмаган, — деди жойига ўтиргач.

— Президент ўлибдими? — деди рўпарасидаги аёл.

— Ундан ҳам баттар, — деди Анвар, «булар билмайдими?» деган маънода хонадагиларга бир-бир қараб. — Устоз кетибдилар-ку?!

Анвар учун янгилик бўлган бу хабар хонадагиларга маълум эди. Институтдаги ўзгариш уларнинг ўзаро муҳокамаларидан ҳам ўтгани учун Анварга жавоб беришмади. Фақатгина эшик олдидаги устолда ўтирувчи «енг кичкина илмий ходим» кулимсираб қўйди. Анвар бу вазифада узоқ йиллар ишлагани учун ўзини «енг улуғ кичик илмий ходим», Собир исмли бу ушоққина йигитни эса ҳазиллашиб «енг кичкина илмий ходим», дер эди.

— Устоз биз билан! — деди Собир, ҳазил оҳангида.

— Яъни?

— Яъниким, устоз шу бўлимга мудир бўлиб ўтганлар.

— Ҳали ишлар эканларми? Босмачига айланмаган яна битта-иккита ўзбек қолган эканми?

— Устознинг консепсиялари бошқа ҳозир. Босмачилар эмас, миллий озодлик ҳаракати!

— Йўғ-э?

— Газит ўқийсизми ўзи?

— Болалар, — деди Анварнинг рўпарасидаги хотин, — эркак одамга ғийбат ярашмайди.

— Собирбей, эшитдингизми? Гулнорахон опамизнинг насиҳатларига қулоқ тутмасангиз менга ўхшаб энг улуғ кичик илмий ходим бўлиб қоласиз. Мен бунга чидолмайман. Ўзимни шу деразадан ташлайман. Энг улуғ кичик ходим битта бўлиши керак, билиб қўйинг!

— Анваржон, қўйинг шунақа гапларингизни.

— Гулнора опа, ёмон гап айтмаяпман. Сизнинг гапингизни тасдиқлаяпман. Собирбей ёш, ўргатиб туриш керак.

Денгиз ичра чарх урувчи гирдобни

Қайдан билсин қирғоқдаги майсалар…

— Менинг битта қўшним имом. Ўша айтадики, бу дунёда ғийбат қилган одамнинг тилини Худо қиёматда ўн метр узун қилиб қўяркан. Бу тилни одамлар босиб-янчиб юраверар экан. Шу қиёмат тезроқ бўлсаю, шу тилларни бир кўрсам…

Рўпарадаги аёл шарт туриб чиқиб кетди. Анвар Холидийни сўкадиган бўлса, ҳақорат тошларини шу аёл ҳузурида отарди. Холидийнинг шу хонадаги мухтор элчиси ҳисобланмиш Гулнорахон бу тошларни териб, етмаганига ўзидан қўшиб, устозига етказарди. Анвар бу аёлдан, шу хизматлари учун хафа эмас, хурсанд бўларди.

Аёл чиқиб кетгач, хона жимиб қолди. Собир ҳам устол устидаги қоғозларига мук тушди. Анвар қўлига қалам олиб бир варақ қоғоз юзига турли шакллар чиза бошлади. Шакллардан бири «Г» ҳарфига ўхшарди. «Гулнора» деб ёзди. Кейин биринчи ҳарфни семизроқ қилиб бўяди. Сўнг «Г»ни ярим саҳифани эгаллайдиган даражада катта қилиб ёзди. «Г»нинг бурчагига кашакловчи чизиқ тортган эди, ҳарф дорга айланди. Анвар унга бир зум тикилиб тургач, ҳарфдорнинг учига сиртмоқ чизди. Шу ишидан завқ олиб ўтирганида Холидий йўқлаётганини маълум қилишди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК