АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (17-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Қариянинг уйи шаҳардан анча четда жойлашган экан. Йўл ёнбағридаги қор босган далаларни кўриб, худди қишлоғимга келиб қолгандек кайфиятим кўтарилди, вужудимда илиқлик туйдим. Табиат қизиқ-да! Шаҳардан озгина четга чиқсанг, кифоя экан. Шу заҳоти ҳаво ўзгариб, ўзга бир оламга кириб қолгандек бўласан. Бундай ҳавода қанча ишласанг ҳам чарчамайсан.

Бироқ ҳовлига киргач, тағин дилим хуфтон бўлди. Қор остида қолиб кетган картошка тўла қоплар сира элликтага ўхшамас, камида юзтача келарди.

Ваня амаки ҳам манзарага гувоҳ бўлгач, бурнини жийирганча уй эгасига савол назари билан боқди.

— Ҳа, нега қоққан қозиқдай тек туриб қолдиларинг? — сўради қария бизнинг ҳолатимизни пайқагандек. — Тез ишга киришларинг!

— Ота, бизни алдабсиз-ку! — дилидагини тилига кўчирди Ваня амаки. — Қоплар кўп экан.

— Хўш, нима бўпти? — бобиллаб берди қария. — Сенларга эллик мингни бекорга тўларканманми? Мана шу қопларнинг ҳаммасини то подвалга тахлаб бермагунларингча бир тийин ҳам ололмайсанлар! Чаққон-чаққон қимирла! Мен чойхонага кетаяпман.

— Ота, чой-пой ичиб олсак бўлармиди? — деди Ваня амаки. — Ҳар ҳолда…

— Нима? Чой? Қанақа чой? Ҳали қўлинг ишга тегмай, овқат сўрашинг нимаси? Олдин ишни қойиллат!

— Ҳе, қурумсоқ, — сўкинди Ваня амаки уй эгаси чиқиб кетгач, менга кўз қисиб. — Қани, Қодир, бошладик! Ҳали шошмай турсин бу сассиқ чол! Адабини бераман!

Ваня амаки эринмай қоплар устини қордан тозалаб чиқди. Шундан сўнг иккимиз енг шимариб иш бошладик.

 

* * *

 

Вақт кундузги соат ўн иккидан ўтганда, қария ҳарсиллаганча кириб келди. Қўлидаги елим халтачани айвонга қўйди-да, бизни бирпас кузатган бўлди. Шу аснода негадир бир неча марта норози бош чайқаб олди.

Биз унга қарайдиган аҳволда эмасдик. Ваня амаки билан олдинма-кетин картошка жойланган қопларни орқалаб подвалга чопардик.

— Ҳалиям яримлатмадиларингми? — қичқирди қария, ниҳоят. — Вей, инсоф борми ўзи сенларда? Кун яримлаб бўлди-ку! Нимага қоплар енгилламаган?

Ваня амаки толиққан белини тиклаб, важоҳат билан уй эгасига яқинлашди.

— Қорин очди! — деди у хириллаб. — Қани овқат?

— Э, келиб-келиб сенларниям ишга опкеламанми? — қария қўл силтаганча айвондан елим халтача олиб келди. — Ма, пиражка олиб келганман. Еб олларинг заҳрингга!..

— Вей, ота, — деди Ваня амаки тоқати тоқ бўлиб. — Ҳаддингиздан ошманг! Мендаям бор ўша жаҳл!

— Бўпти, бўпти, — гапни кесди қария. — Тезда манавиларни еб олларинг-да, ишга туш! Ҳадемай кеч киради…

Мана буни ўлганнинг устига тепган деса бўларди. Қария келтирган пиражкалар гўё музга айланганди.

На илож? Ўз уйимизда эмаслигимизни иккаламиз ҳам яхши англаймиз.

Қўлимизга биттадан пиражка олиб, бир-икки тишлаган бўлдик. Йўқ, бундай оғир юмушни бажарадиган одамнинг совиган пиражка ейиши сира ақлга сиғмайди.

Мен-ку, индамай қўя қолардим. Ҳар қалай, ишлаётганимдан, оч-наҳор қолиб кетмаётганимдан мамнун эдим. Бироқ шеригим чидаб туролмади. Сапчиб ўрнидан туриб, қаергадир отланаётган уй эгасининг йўлини тўсди.

— Пулларни беринг, ота! — деди Ваня амаки икки қўлини белига тираб. — Биз кетамиз, тамом!

Бу гапни эшитиб, қариянинг қалин қошлари чимирилди. Қўлидаги гулдор ҳассани ерга уриб-уриб олди.

— Пулми? — деди Ваня амакининг кўзларига нафрат аралаш боқиб. — Ишни тугатмасдан ҳақ олмоқчимисан?.. Вей, бола, жаҳлимни чиқарма! Ёмонига олсам, ҳозироқ ўғилларимни чақириб келаман, таъзирингни бериб қўяди. Нима қилай? Чақираверайми ё ишни давом эттирасанми?

Ваня амаки бирдан паст тушиб, ортга тисланди. «Э, ўзингизам ўтакетган қайсар одам экансиз», дея ғудранганча қоплардан бирини олиб елкасига босди.

 

* * *

 

Ярим соатча ўтгач, иккаламиз ҳам ҳолдан тойиб, айвон устунига суянган кўйи ўтириб қолдик.

Ваня амакини билмадим-у, аммо мен бўлганимча бўлгандим. Очлик тинка-мадоримни қуритган, тиззаларим дир-дир титрарди.

— Бас, ортиқ ишламаймиз, — деди Ваня амаки аҳволимни тушунгандек қатъийлик билан. — Барибир, бу сассиқ чолдан пул ундиришимга ақлим етмаяпти.

— Унда қуруқ қўл билан кетамизми? — сўрадим бўшашиб. — Картошканинг ярмига яқинини ташиб қўйдик-ку!

— Қуруқ кетадиган аҳмоқ йўқ. Сен шу ерда ўтир, кўчадан кўз-қулоқ бўл! Мен пастга тушиб, подвални ўрганиб кўрай-чи!

Шеригим олдиндан ниманингдир режасини тузиб олганми, зум ўтмай, бир қути коньяк кўтариб чиқди.

Бу манзарага кўзим тушиб, жон-поним чиқиб кетаёзди.

Ахир нима қилмоқчи бу одам? Ишни ташлаб қўйиб, кайф-сафога берилмоқчими? Қария келса, нақ балога қоламиз-ку!..

— Манавини кўр, — оғзининг таноби қочиб, коньякларни кўз-кўз қилди Ваня амаки. — Буларнинг ярмисини сотсак ҳам, чол берадиган пул чиқади. Қолганини маза қилиб ичардик.

— Нима? Ўғирлаб қочамизми? — сўрадим соддаларча. — Ахир бу яхши эмас… Уй эгаси билиб қолса…

— Сен жим бўл! — кўрсаткич бармоғини лабларига босиб, атрофга аланглади Ваня амаки. — Туя кўрдингми, йўқ!.. Ҳозир буни елкага ортамиз-у, қуён бўламиз.

— Қария етиб олса-чи бизга?

— Ҳаётда ета олмайди. Агар шундай қилмасак, кечга бориб, иккаламиз ҳам хор бўламиз… Тез бўл, бўшашма! Бор, кўчани разведка қил!..

Мен итоат билан кўчани кўздан кечирдим. Ҳеч ким кўринмади. Белги бердим дегунча Ваня амаки коньяклар жойланган қутини елкалаб ҳовлидан чиқди.

— Ҳов анави дала тарафга кетдик! — деди у қадамини тезлатиб. — Тез-тез орқангга қараб юр! Тағин анави нусха хитланган бўлмасин!..

 

* * *

 

Катта йўл бўйлаб кетишимизнинг умуман иложи йўқ эди. Ҳеч қанча юрмай, қарияга рўбарў бўлишимиз тайин. Шунинг учун кенг далани кесиб ўтиб, катта кўприкка етганда тўхтадик. Кўприк остидан анҳор оқиб ўтганди.

Ваня амаки бироз нафас ростлагач, осмонга боқди.

— Туман қалинлашаяпти, — деди коньякларга суқ билан термилиб. — Буям бизнинг бахтимиз. Башарти чол қувиб келиб қолса, ғойиб бўлиш осон кечади… Тўхта, ҳов анави ёққа қара-чи! Кимлардир келаяптими?..

Мен қатор ҳовлилар томон кўз ташладим. Ҳақиқатан, қуюқ туман орасида икки-уч эркак ҳамроҳлигида қария югуриб келарди.

— Тамом бўлдик! — дедим Ваня амакини туртиб. — Ҳозир етиб олишади. Энди нима қилдик?..

Ваня амаки ўйлаб ўтирмай, қутини қўлига олди ва кўприк остига қараб чопди.

— Югур орқамдан! Тез бўл!.. Беркинамиз!

— Қаерга? Қаерга беркинамиз?

— Сувга тушамиз! Э, лапангламай, тезроқ юрсанг-чи!..

У ўйлаб ўтирмай, шарқираб оқаётган анҳорга тушди-да, кўприк остига беркинди.

Мен ҳам шеригимга эргашишга мажбур эдим. Гарчи этим жунжикса-да, ўзимни анҳорга ташладим.

Бу орада бақир-чақирлар аниқ-тиниқ қулоққа чалина бошлади.

— Қаёққа ғойиб бўлди ярамаслар? — сўкинарди қария. — Шу ёққа қараб юришганини кўргандим-ку!..

— Ота, қаёқдаги бир қути коньякни деб дала кезишимиз шартми? — норозиланди бошқа биров. — Қўяверинг, ичса ичар заҳрига! Тиқилиб ўлмайдими!?.

— Қоплар-чи? Қорда ётаверадими шундай?

— Бошқа мардикор олиб чиқаман ўзим.

Бу гапдан кейин атрофга бирпаслик сукунат чўкди. Сал ўтиб, оёқ товушларининг узоқлаша бошлаганини эшитдим…

Оёқларим гўёки кесакка айланиб қолганди. Танамга югурган муз вужуд-вужудимга пичоқ кесган каби ёқимсиз оғриқ берарди.

— Чиқаверсак бўлар? — Ваня амакига юзландим тоқатсизланиб. — Мен чидолмайман. Қотиб қолдим!..

— Чиқамиз, — деди шеригим эҳтиёткорлик билан соҳилга оёқ қўяркан. — Кетишди. Коньяклар ўзимизга қолди… Бопладик ўзиям!.. Юр, меникига жўнаймиз!..

 

* * *

 

Бу ишимиз гуноҳми-йўқми, идрок эта олмасдим. Хаёлим коньяклардан келадиган пулда эди. Киссаси қуп-қуруқ одам фикрлашдан йироқ бўларкан. Совқотганимни ҳам унутиб, йўл-йўлакай ўзимча хомчўт қилар, қанча пулни нимага сарфлаш ҳақида бош қотирардим.

Шу кўйи ярим соат деганда Ваня амакининг кўримсиз, хоналарида шароб, ароқдан бўшаган шишалар думалаб ётган квартирасига кириб келдик.

У эшикни ичкаридан тамбалади-да, қутидаги коньякларни бир-бир чиқариб олиб нам латта билан эринмай артди. Сўнгра ўн донасини бўздан тикилган халтага жойлади.

— Ие, кўкариб кетибсан-ку, хумпар! — Ваня амаки кутилмаганда мен томон ўгирилиб, иягимдан тутди. — Ҳозир сенга юз грамм қуйиб бераман. Зўр бўлади.

Шундай деб югурганча ошхонага ўтди-да, четлари сарғайган стакан келтириб, коньяклардан бирини очди ва яримлатиб стаканга қуйди.

— Ма, тезда ичиб юбор! Бўлақол!

— Қ-қандай бўларкин? Умримда бунақанги нарсани ичмаганман.

— Ич дедим! Дарров ичингга иссиқ киради. Шамоллаш ҳам кетади.

Мен таваккал стакандаги ичимликни кўтардим.

Йўқ, бу нақ заҳарнинг ўзгинаси эди. Томоғимни нимадир қаттиқ куйдириб ўтиб, кўринмас олов ичакларимни ҳам чулғаб олди. Бир неча сония нафас ололмай тек қотиб тургач, жонҳолатда Ваня амаки тутқазган совуқ сувни сипқордим. Шундан кейингина кўзларим очилиб, ўзимга келдим.

Лекин ҳақиқатан, танам бирдан қизиб, пешонамни тер босди. Бир неча дақиқа ўтиб эса бошим ёқимли айланиб, кайфим чоғланди. Энди бегона квартирада ўзимни эркинроқ ҳис эта бошладим. Ҳатто Ваня амаки ҳам кўзимга эски қадрдонлардек кўриниб кетди.

— Ма, яна элликта от! — деди у стаканга коньякдан пича қуйиб менга узатаркан. — Отдай бўласан-қоласан. Қара, ҳалитдан рангингга қон югурди. Ичақол! Ў, яша! Мана бу ўғил болача иш бўлди! Энди сен диванга ёнбошлаб дамингни ола тур! Мен ғизиллаб манавиларнинг ярмисини пуллаб келай.

Ваня амаки ҳақ эди. Иккинчи қадаҳдан сўнг анча бўшашдим. Турган еримда оёқларим чалишиб, гапирсам тилим ғўлдираб кетаверди.

Деворни ушлаб аста залга кирдим-да, ўзимни диванга ташладим. Шу заҳоти хаёлларим ёввойи каптардек аллақаёқларга уча бошлади. Гоҳ Шарифа тортиб олган машинамда қишлоқ кўчаларини керилиб кездим, гоҳ ҳашаматли ҳовлидан чиқиб башанг кийинган катта шоирларни қарши олдим. Бу ҳам негадир кўнглимга ўтиришмай, университет биносига жадал кириб бордим. Келишимни интиқ кутаётган муаллимлар билан истар-истамас сўрашган бўлдим. Улар дарров мени юмшоқ курсига ўтқазиб қўлимга чўғдек қип-қизил дипломни тутқазишди ва барчалари баравар қарсак чалиб мени олқишлашди…

Бир пайт ташқари эшик кетма-кет тақиллай бошлади. Кайфимни бузгани учун тақиллатган кимсани ичимда қарғай-қарғай ўрнимдан турдим-да, эшикка яқин бориб товуш бердим.

— Ким у?

— Ваня дома? — русчалаб сўради ташқаридаги одам.

Аввалига эшикни очгим келмади. Лекин овоз негадир жуда танишдек туюлиб зулфинга қўл чўздим.

Не кўз билан кўрайки, ўзим кўп бора телевизор орқали кўрган машҳур шоир қаршимда турарди.

Илгари у ўқиган шеърлардан илҳомланиб, мен ҳам қоғоз қоралаб юрганман.

— Сиз… Олим Одиловсиз-а? — сўрадим тап тортмай. — Ўша инсонсиз. Тўғрими?..

— Ҳа, ўшаман, — деди шоир сўрашиш учун менга қўл чўзиб. — Ўзинг ким бўласан, йигит?

Кайф ҳар қандай одамни шер қилиб юбориши тўғри шекилли. Агар ичкиликни оғзимга олмасам, ҳозир бу одам билан дадил гаплаша олмасдим.

— Талабаман, — дедим бош қашиб. — Мен ҳам шеърлар машқ қилиб тураман. Айтганча, ичкарига киринг!

— Йўқ, — деди Олим ака. — Ваня керак эди. Ошхона чироғи ёнмай қолди. Созлаб берармикан девдим.

— Ваня амаки монтёрми?

— Ҳа, шундай. Сен билмасмидинг?

— Билмасдим. Чунки у киши билан бугун танишдим. Илтимос, ичкарига кирсангиз. Шеъримдан ўқиб берай, йўқ деманг!

— Қизиқ, — Олим ака йўлакка ўтиб ташқари эшикни ёпди-да, эшитилар-эшитилмас ғудраниб олди. — Пиёнисталарнинг шеър ёзишини эшитмаган эканман.

— Ака, — дея ўзим истамаган ҳолда ғўлдирадим. — Мен пиёнистамасман. Совуқ ўтиб кетганига Ваня амаки озгина қуйиб берди. Ишонинг, умримда ичкиликни оғзимга олмаганман.

— Қаерликсан? — сал дағалроқ оҳангда сўради Олим ака.

— Водийданман.

— Ие, шунақами? Ҳамюрт экансан-ку! Қаерда ўқийсан?

— Университетда.

— Шунақа дегин? — Олим ака мени обдон кузатган бўлди-да, жилмайди. — Қани, ўқи шеърингни, ука! Эшитайлик-чи!

Одамнинг кайфи ошса, мияси ҳам тезроқ ишлаб кетади чоғи, бир неча сония ўйланиб турган бўлдим-у, яқинда қоғозга туширган шеъримни ёддан ўқий бошладим.

 

Ҳою ҳавасларнинг бўлмади нафи,

Савобу гуноҳим қоришиб кетди.

Умримнинг паст-баланд кўчаларида,

Озғин оёқларим чалишиб кетди.

Жуда алам қилар кимсасиз ҳаёт,

Мени тортаверар домига таҳқир.

Бир сўкким келганди бўралаб…

Тилим айланмади негадир.

— Чаккимас, — менга маъноли боқди Олим ака. — Сендан чиқади шоир, чиқади… Фақат бир нарсага ҳайронман. Нимага шеъринг тушкун кайфиятда? Ё…

— Аламга тўлганимда ёзгандим-да!

— Нимага аламга тўласан? Очиқроқ гапиравер! Мени қизиқтириб қўйдинг.

— Бошдан кўп иш ўтиб қўйди, ака, — дедим қовоғим уйилиб. — Оилам билан ажрашдим, уйдан ҳайдалдим. Ҳозир… Ижара уй қидиришим керак. Ўқишимниям сиртқига ўтказсамми, деб турибман. Шароит кўтармаяпти.

— Оиланг билан нимага ажрашдинг?

Барибир очиқ гапиришни ўзимга эп кўрмадим. Қисқагина жавоб бериб қўя қолдим.

— Келишолмадик.

— Болалардан борми, ишқилиб?

— Ҳа, бир ўғлим бор.

Олим ака бир муддат жимиб қолди. Бот-бот бош қашиб олди. Ора-сирада менга синчиклаб тикилиб ўзича нималарнидир мулоҳаза қилган бўлди.

— Кўринишингдан ёмон болага ўхшамайсан, — деди ниҳоят бошини кўтариб. — Шаҳарда анча қийналибсан-да унда!. Ҳимм… Бирор жойда ишлайсанми?

— Йўқ, ҳали улгурмадим ишга киришга.

— Ваняни қаердан танийсан?

— Бугун бирга мардикорчилик қилгандик. Тунашга жойим бўлмагани учун…

— Тушунарли, — Олим ака шундай деб ўрнидан қўзғалди. — Унда сенга бир маслаҳатим бор. Агар қулоқ солсанг, кам бўлмасдинг, ука. Хўш, нима дейсан?

Мен шоирнинг нимага шаъма қилаётганини англамаганим сабаб елка қисишдан нарига ўтолмадим.

— Бир қайнсинглим бор, — давом этди Олим ака. — Бахти очилмаяпти шўрликнинг. Ўзи жуда ақлли, одобли қиз. Айтганча, уям университетнинг филология факультетини тамомлаган. Бир ўзи алоҳида квартирада туради. Агар… Бориб кўрганингда, тақдир бўлса, тўй қилиб юборармидик. Ишинг масаласиниям ҳал қилардик.

Яширмайман, шундай катта шоирнинг кутилмаган таклифи қулоқларимга мойдай ёқиб тушганди. Шунчалар довдираб, хижолатда қолдимки, қулоқларимгача қизариб, кўз-у оёқларимдан олган ичкилик кучи изсиз ғойиб бўлгандек туюлди.

— Ҳа, нега индамай қолдинг? — сўради Олим ака кулимсираб. — Ёки бошқа режаларинг бормиди?

— Йўғ-э, — дедим ер чизиб. — У-ундаймас… Фақат… Нима десам экан? Қ-қандай бўларкин, ака?

— Ўйланма, — деди шоир. — Ижодкор одам сенга ўхшаб қийналиб юрса, тоқат қилолмайман. Бардам бўл! Бошингни тик тутиб юр! Ма, мана бу телефон рақамим. Қўнғироқ қилсанг, бирор жойда учрашиб ҳаммасини гаплашволамиз…

Шу кеча ярим тунгача кўз юма олмадим. Йўқ, бугун азоблар, қийинчиликлар, нохуш ўйлар безовта қилмасди. Ниҳоят, аччиқ қисмат чангалидан халос бўлишим яқинлиги ҳаяжонга соларди. Худойимнинг менга унча-мунча ижодкорга насиб этмайдиган бахтни раво кўрганидан жуда-жуда мамнун эдим.

Кўз ўнгимда Олим аканинг маъюс кулимсираганча квартирани тарк этаётгани, қўнғироқ қилишимни қайта-қайта тайинлаб қўл силтагани гавдаланиб, хаёлан нуқул бир жумлани такрорлардим:

«Раҳмат сизга, Олим ака!»

 

* * *

 

Мен эртаси куниёқ Олим ака тайинлаган жойга етиб бордим.

Хижолатдан ерга киргудек эдим. Гоҳ қаршимдаги машҳур шоирга, гоҳ эгнимга ёпишмайгина турган кўримсиз кийимларга боқардим. Олим ака ҳолатимни пайқаган каби йўлга тушиш олдидан елкамга қоқиб тинчлантирган бўлди.

— Қўявер, ука! Ҳозир сени келин боланикига олиб борай, ҳамма ташвишларинг арийди. Фақат айтиб қўяй, мени уялтириб қўйма!

Мен учун бундай таниқли ижодкор, дид билан кийинадиган, салобатли инсоннинг ёнида бўлиш, у билан суҳбатлашишнинг ўзи катта бахт эди. Қолаверса, бошимни иккита қилмоқчи. Ахир, қандай уялтирай? Бундай меҳрибон, жонкуяр одамнинг бошидан сув ўгириб ичсам ҳам кам-ку!..

— Сизни уялтиришдан Худо асрасин! — дедим ишонч билан. — Бу яхшиликларингизни умрбод унутмайман, ака!

— Эҳ, — Олим ака автобус ойнасидан ташқарига ўйчан боқиб сўз қотди. — Қайнсинглим тилла қиз-да, Қодирбой, тилла қиз! Илм дегани борки, ҳаммасини сув қилиб ичган. Камсуқумлиги, маданиятлилигини айтмайсанми!.. Ишонавер, пешонаси ярқираган йигит экансан!

— Айтганингиз келсин! Шу кунгача тортган азобларим арийдиган бўлди, устоз!..

— Яша! — деди Олим ака сўнгги сўзимдан мамнун бўлганини яшира олмай. — Буёғига устоз деявер! Божа бўлволайлик, сенминан кўп шеърлар ёзамиз. Нима дединг, куёв бола?

Олим аканинг бу ҳазили мени янада тўлқинлантириб, кулдим ва негадир шу заҳоти бош эгдим.

 

* * *

 

Олим акага эргашиб қайнсинглиси Наргиза яшайдиган квартира эшигига яқинлашганимданоқ беихтиёр вужудим алангаланиб, ҳаяжондан дағ-дағ титрай бошлаганимни ҳис этдим. Мени бу қизнинг қандай қарши олиши хавотирга солар, насиб бўлса, бўлғуси қаллиғим билан кечадиган суҳбатни тахмин қилганим сайин қўрқувга туша борардим.

Тўғри-да, Олим ака мен ҳақимда бор гапни айтган бўлса, илмли, шаҳарда ўсган қиз юзакироқ муносабатда бўлиши ҳам мумкин-ку! Унга ёқмасам-чи?.. Нима қиламан? Аламимдан ёрилиб кетмасмиканман?..

Олдиндан келишиб қўйишганми, Олим аканинг юмалоқдан келган, қорача, юпқа лаб хотини Соҳиба опа мени кулиб қарши олди. Эндигина залга ўтмоқчи бўлиб турганимда эса…

Қаршимда худди опасига ўхшаб кетадиган юмалоқ юз, сочлари қалин, қошлари ой ўроғи каби қайрилма қиз пайдо бўлди.

Бу менинг тинчимни ўғирлаб қўйган Наргиза эди…

Биз билан эшитилар-эшитилмас саломлашди-да, бошини эгганча балконга ўтиб кетди…

Наргизанинг бир марта нигоҳ ташлаши мен учун етарли бўлди. Худди кўксимга кимдир чўғ ташлагандек, қизариб кетдим. Оғзимнинг таноби қочиб, вужудим кўзга айланди-ю, Олим акага сездирмай бир неча маротаба балкон тарафга ўғринча қараб олишга улгурдим. Ҳа, бу қизнинг юзларидан гўёки нур ёғиларди. Қарашлари самимий, ўзи соддадил ва меҳрибон экани шундоқ кўриниб турибди.

Мен шу лаҳзадаёқ Наргиза билан осойишта, аҳил ҳаёт кечира олишимга қаттиқ ишондим…

— Қани, ука, тўрга ўтинг! — майин жилмайиш билан мулозамат қилди Соҳиба опа. — Тортинманг!

— Ҳа, сира уялма! — Олим ака хотинига сирли боқиб, дастурхондаги нондан ушатди, эпчиллик билан идишлардаги қанд-қурсларни менга яқинлатди. — Ҳали ҳаммаси олдинда, шоир!

Олим ака шундай деб аста биқинимга туртди-да, балконга ишора қилди.

Бу билан «қиз ёқдими?» дея сўрамоқчилигини дарров илғадим ва эҳтиёткорона бошимни қимирлатиб қўйдим.

Шу кўйи биз бир соатча ўтириб қолдик. Олим ака ҳам, хотини ҳам менга деярли савол беришмас, ўзаро қандайдир газеталар, китоблар ҳақида суҳбатлашишарди.

Мен бўлсам, фақат Наргиза киришини кутар, гўзал чеҳрасини қайта-қайта томоша қилиш илинжида эдим.

Бахтга қарши Наргиза биз ўтирган хонага кирмади. Ҳатто, дастурхонга фотиҳа ўқилиб, биз олдинма-кетин йўлакка чиққанимизда ҳам юз кўрсатмади.

Сезардим. У ҳам хабардор. Мақсадимни, ниятимни фаҳмлаган. Шу сабабли уялиб менга кўриниш беришни хоҳламаган. Ишқилиб, ёқиб тушган бўлай-да!..

Ташқарига чиқаётганимизда, Соҳиба опа Олим акага қаттиқ тайинлади.

— Мени бекатда кутинглар! Тағин кетиб қолманглар!..

Ҳа, демак, опаси Наргиза билан гаплашади. Мен ёққан-ёқмаганимни суриштиради.

Ишқилиб, бахтимга кўз тегмасин-да!

 

* * *

 

Бу аёлни биринчи марта кўриб турган бўлсам-да, ортимиздан етиб келиб менга ўзгача меҳр билан боқиши, мулойим оҳангда сўзлаши қалбимни мумдек эритди. Соҳиба опани худди туғишганимдек кўра бошладим. Шу тобдаги муомаласидан сўнг пойига тиз чўкишга-да тайёр турдим.

Ахир, бу одамларни Худонинг ўзи етказди. Икковлашиб бахтимни, тотли лаҳзаларимни қайтаришмоқчи, мени тушкунлик ботқоғидан қутқаришмоқчи.

— Ука тортиниб, бегонасираб ўтирманг! — тайинлади менга Соҳиба опа. — Синглим рози. Ёқиб тушибсиз. Илойим қўша-қаринглар!

— Ие, мен топгандан кейин ёқади-да! — ҳазиллашди Олим ака. — Қодирбойнинг шеърларини бир эшитгин! Дод солиб йиғлайсан, онаси!..

Соҳиба опа эса эрининг ҳазилига эътибор қилмай сўзида давом этди.

— Қодиржон, ҳаммасини эшитдим. Кеча акангиз айтиб берганди. Қайғурманг, сиз кўрган кунлар бизниям бошимиздан ўтган. Эр-хотин ҳазилакам қийналмаганмиз. Мана, ўтди-ку ҳаммаси!.. Энди-чи, бошингизни баланд тутиб, фақат келажагингизни ўйланг! Насиб бўлса, Наргиза икковингиз ҳали бировларнинг тушигаям кирмаган яхши кунларни кўрасиз. Тўй масаласидаям ташвиш чекмасангиз бўлади. Ҳамма харажатни мана ўзимиз кўтарамиз. Худога шукр, савобталаб одамлармиз. Икки ёш бахтли бўлсангиз, шунинг ўзи етади…

Бундай ширин ва ёқимли сўзларни фақат бувижонимдан эшитардим. Ўшанда эътибор қилмас эканман. Ширин сўз, қайноқ меҳрнинг қадри, қиммати бошқача бўларкан. Одам ўзини енгил ҳис этиб, қаноти бўлса олис-олис осмонларга учиб кетишга тайёр тураркан.

Эҳ, Соҳиба опа, кошкийди айни паллада кўнглимдан кечаётган сўзларни, миннатдорчилигимни юрак ютиб сизга айта олсам!.. Қанийди имконим бўлса-ю, руҳимни кўтариш учун айтган ҳар бир сўзингиз эвазига сизни бошингиз баробар зарларга кўмсам!.. Ишонинг, синглингизни, бўлғуси ёримни, орзиқиб кутган бахтимни кафтимда кўтариб, балолардан авайлаб яшайман. Унга гард юқтирмайман!..

 

* * *

 

Олим аканинг уч хонали квартираси жуда шинам эди. Хоналар дид билан безатилган, деворларга ўтмишда яшаб ижод қилган таниқли шоирларнинг суратлари илинган. Залдаги каттакон жавон китобларга лиқ тўла. Уларни кўрдим-у, кўзларим ёниб, юрагим ҳаприқди.

Уй эгалари ҳам бу ҳолатимни сезишдими, залга жой тўшаб беришди.

Тақдиримга хаёлан қайта-қайта тасаннолар айтиб, алламаҳалгача китоб мутолаа қилдим.

Шу кўйи кўзим илинибди-ю, ғалати туш кўрибман…

Қаҳратон қиш. Поёнсиз, яхобланган шудгор ёқасида Наргиза икковимиз қўлтиқлашганча турардик. У нимадандир қаттиқ хафа. Қур-қур кўз ёшларини кўйлаги енгига артиб оларди.

Мен нимадан хафалигини билмасам-да, юпатишга уринар, аммо кўнмасди. Шу кўйи анча вақт бир жойда қолиб кетдик. Бир маҳал Наргиза бошини кўтарди-да, кўзларимга совуқ тикилди.

— Сиз аблаҳсиз! — деди шивирлаб. — Эшитаяпсизми, аблаҳсиз!?.

— Нега ундай деяпсиз? — сўрадим ҳануз гап нимадалигини англай олмай. — Айтинг, нега мени айблаяпсиз? Нима ёмон иш қилдим?

— Менинг севимли даламни яхоблатибсиз. Ҳаммаёқ лойга ботибди. Оппоқ пахталар лой орасида қолиб кетибди.

— Қани пахта? Йўқ-ку!..

— Кўрмаяпсизми? Лойга беланиб ётган оппоқ пахталарни кўрмаяпсизми? Қанақа шафқатсиз одамсиз ўзи?

— Илтимос, оғринманг, — Наргизани овутиш илинжида елкасига қўлимни қўйдим. Афсуски, у зарда билан қўлимни елкасидан олиб ташлади-да, дод солганча шудгор ичига чопиб кетди.

То ортидан югуриб унга етгунимча суюклигим қоп-қора лойга беланди.

— Нима қилиб қўйдингиз? — қичқирдим мен. — Лойга ботдингиз-ку! Энди нима бўлади?

— Дард бўлади! — менга жавобан йиғлаб бақирди Наргиза. — Ўзимнинг шўрлик пахталарим! Золимнинг қўлида нобуд бўлди, нобуд!..

Бахтга қарши Наргизани шудгордан олиб чиқа олмадим. Кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир товушидан уйғониб кетдим.

Соҳиба опа экан.

— Бечора Қодиржоннинг уйқусидаям ҳаловат йўқолибди, — дерди у Олим акага. — Жуда қийналган йигит экан. Илойим, ҳаракатларимиз яхшиликка бўлсин, дадаси! Шу йигит ҳам тинчиб, одамлардай яшай бошлармиди…

Мен бошимни чангаллаганча ўрнимдан туриб ўтирдим. Ҳозир уй бекасининг гап-сўзлари қулоғимга кирмасди. Миямни бир хаёл кемирарди. Бувим қачонлардир «Тушда лой кўрса яхшиликкамас, тезда гадойга садақа бериб юбориш керак» дегувчи эди…

Наҳотки, яна кулфатлар мени таъқиб қилаётган бўлса?.. Мен-ку, майли, ҳаммасига чидайман. Фақат Наргизага зиён етмасин! Унда гуноҳ йўқ, Худойим!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ