Ўзбекистонда ёзув ислоҳотини ўтказиш давлат ғазнасига қанчага тушади?

0

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосалари эълон қилинди. Унга кўра, тўртта ҳарф ўзгарди (Óó, Ǵǵ, Şş, Çç), «Ц» товушини ифодаловчи янги «С» ҳарфи пайдо бўлди, «Ng» ҳарф бирикмаси чиқариб ташланди. Бу ҳақда «Қўшни маҳалла» канали хабар қилди.

Хўш, мамлакат бўйлаб ўтказиладиган ёзув ислоҳоти неча босқичдан иборат бўлади ва уни амалга ошириш учун давлат ғазнасидан қанча пул ажратилади?

Ахир тасаввур қилинг: барча ҳужжатлар, паспортлар, гувоҳномалар, муҳр ва штамплар, корхоналарнинг бланкалари, маркетинг материаллари, рекламалар… энг асосийси, китоблар ва дарсликлар – алифбонинг сўнгги тасдиқланган шакли қоидаларига биноан қайтадан ўзгартириб чиқилиши керак!

Ёзув ислоҳоти учун ажратиладиган маблағда фақатгина давлат сектори кўзда тутиладими?

Хусусий сектор барча ишларни ўз чўнтагидан қилишига тўғри келадими? Балки уларнинг харажатлари икки, балки ўн баробарга ошиши мумкиндир?

Ҳаммаси ҳукуматнинг талабига боғлиқ.

Шунингдек, матнни янги имлодаги лотин ёзувига ўгириш учун мўлжалланган компютер дастурини яратиш, ўрта таълим ўқитувчиларининг янгиланган лотин ёзуви кўникмаларини ошириш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди, бунинг учун катта маблағ керак.

Масалан, Қозоғистон лотин ёзувига ўтиш учун умумий ҳисобда 664 миллион АҚШ доллари ажратган. Ушбу маблағнинг деярли 90 фоизи таълим дастурлари доирасида лотин ёзуви асосидаги дарсликлар ва китоблар чоп этишга сарфланиши кўзда тутилган. Лотинлаштириш дастури 2025 йилга қадар амалга оширилади.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулоса ҳали Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланиши керак, дея қўшимча қилинади канал хабарида.