4 нафар фарзандига алимент тўламаган ота қамалди

0

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 25.09.2014 йилдаги қарздор Ш.Убайдуллаевдан тўрт нафар фарзандлари таъминоти учун 1/2 қисм миқдорда алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, қарздор ота 4 нафар вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб 2014 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб умуман алимент пулларини тўламаган. Бунинг оқибатида қарздор Ш.Убайдуллаевнинг 2014 йил сентябрь ойидан 2019 йилнинг май ойига қадар бўлган алиментдан қарздорлиги 55.857.340 сўмга етган.

Бундан ташқари, қарздор ота нафақат моддий таъминлашдан бўйин товлаган, балки жорий йилнинг апрель ойларида қарздор отани топишнинг имкони бўлмаган. Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан Ш.Убайдуллаевга нисбатан “қидирув эълон қилиш тўғрисида” қарор қабул қилинган.

Тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг май ойида қарздор Ш.Убайдуллаев Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими  тезкор ходимлари томонидан топилган.

Шайхонтоҳур туман Маъмурий судининг 17.05.2019 йилдаги қарорига асосан, қарздор Ш.Убайдуллаев 24.09.2014 йилдан 01.05.2019 йилга қадар, яъни 4 йил-у 8 ой муддатда 55.857.340 сўм алимент пулларини ўз вақтида тўламаганлиги оқибатида унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 474-моддасига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.