Ўзбекистонда фан номзодларининг ойлик маошлари 30 фоиз, фан докторлариники эса 60 фоизга оширилади

0

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимини жорий этиш, бюджет маблағлари ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар институтини ҳамда юртимиз биологик хилма-хиллигини ўрганадиган дала-тажриба станциялари ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Кейинги йилларда илм-фан ва таълим соҳаси ходимлари изчил рағбатлантирилиб келинмоқда. Илмий ходимларнинг ойлик маошлари ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25 фоизга, жорий йил 1 январдан 20 фоизга оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоизга кўтарилади.

Президентимиз бу амалий чораларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилди.