Фарзандларингизга ўқиб беринг: “Йиртқич” (Шеърий эртак)

0

 

 

Ойисига эргашиб

Ўйнаб келган Тулкича,

Қўшни қари Бўрига

Мақтаниб қолди пича:

 

 

– Айиқ катта бўларкан,

Ҳеч кўрмаган эканман.

Бўри деди гердайиб:

 

 

– Мен Айиқни… еганман!

– Кўрдим хунук ҳайвонни,

Қўпол-у, чопар «ғиз-ғиз».

–Хих-хи,

Тиши узунми?

Еб кўрганман, у –Тўнғиз.

 

 

– Учраб қолди далада

Шохи ўткир бир Така…

– Бе-е, у тайёр ўлжа-ку,

Таъмин тотганман, ука.

 

 

– Сўнг йўлиқди шудгорда

Трактор деган нарса.

Шовқин солиб,

Бўкириб,

Қувлади бизни роса.

 

 

Бўри деди:

– Трактор?

Кўрмаганман ҳеч уни.

Лекин, ука, соғ бўлсак,

Еб кўрамиз бир куни.

Анвар Обиджон