Абдулла ОРИПОВ: “БАЁТ”

0

 

 

Қўлинг очиқ кетма дунёдан, жўра,
Бир ўтов, тўрт эчки майли бисотинг.
Ҳар кимга мингашиб юргандан кўра,
Қирчанғи эса-да бўлсин ўз отинг.

 

Балки тортинчоқдир фарзанд — аржуманд,
Дўстлар ҳам кўкдаги қушларга монанд.
Бири новвот бўлса,бирови-чи қанд,
Улар бор- шириндир тахир ҳаётинг.

 

Олис сафарларда ёлғиз қолсанг ҳам,
Умидсиз ўйларни дилга солсанг ҳам.
Мадорсиз йиқилиб, буткул толсанг ҳам,
Элу юрт бўлгайдир синмас қанотинг.

 

Ўкинма, лафзи йўқ номардни кўриб,
Муттасил алдайди ёнингда туриб.
Нодонлар юрсалар давронин суриб,
Чидайсан барига, бордир саботинг.

 

Сенинг бошқалардан фарқинг йўқ асло,
Ceн ҳам бандадирсан бандалар аро.
Бир кун орзуларинг чорласа аммо,
Бошлаб борғусидир шеъринг — баётинг.