Халқ банкидан аҳоли учун навбатдаги қулай имкониятлар

0

Бугун Акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан банк фаолиятида замонавий ахборот-технологияларини янада кенг жорий этиш, электрон банк хизматлари кўрсатишни кенгайтириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Акциядорлик тижорат Халқ банки юртимиздаги энг йирик ва универсал банк бўлиб, аҳолига барча турдаги банк хизматларини тақдим этиб келмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда банк томонидан замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалиётга жорий этилаётган янги хизмат турлари юртимиз банк бозорида катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда.

Шундай хизмат турларидан бири — «Интернет банкинг».

Ушбу хизмат тури орқали мижозлар (юридик шахслар) ўз ҳисоб-рақамларини дунёнинг исталган нуқтасидан бошқаришлари мумкин.

Шунингдек, маблағларни ўз ҳисоб рақамингиздан исталган банкнинг ҳар қандай бошқа рақамига ўтказиш, ўз ҳисоб рақамингиздаги ҳаракатлар ҳақида маълумот олиш каби 5 турдаги амалиятдан фойдаланиш имконияти тақдим этилмоқда.

Мижозлар (юридик шахслар) ўз ҳисоб-рақамларини мобил алоқа воситаларига ўрнатилган махсус дастурий таъминот орқали дунёнинг исталган нуқтасидан бошқариш имконини берувчи яна бир хизмат тури — «Корпоратив Мобил банкинг» хизмат тури мавжуд.

Ушбу тизим ёрдамида пулларни ўз ҳисоб рақамингиздан исталган банкнинг ҳар қандай бошқа рақамига ўтказиш, ўз ҳисоб рақамингиздаги қолдиқларни кузатиш каби қулайликларга эга.

Бундан ташқари, мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда банк томонидан кўрсатилаётган масофавий интерактив хизматларни жозибадорлигини ошириш мақсадида «Интернет банкинг» ва «Корпоратив Мобил банкинг» тизимлари фойдаланувчилари ҳисоб рақамларидан пул ўтказиш жараёнида филиал бош бухгалтери иштирокисиз ҳамда филиал вакиллик ҳисоб рақамидаги маблағлар бўлиш бўлмаслигидан қатъи назар амалга оширишлари мумкин.

Умуман олганда, Халқ банки томонидан 30 мингдан ортиқ мижозга масофадан туриб, турли банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Шунингдек, Халқ банки томонидан амалиётга жорий этилган «Xalq Mobile» мобил иловасидан доимий фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда. Ушбу иловада пластик карталар бўйича картадан картага пул ўтказиш, кредит сўндириш, коммунал тўловлар тўлаш, конверсия амалиётларини бажариш функциялари яратилган.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 май ҳолатида «Xalq mobile» иловаси ёрдамида коммунал тўловлар бўйича қарийиб 700 млрд сўм, конверсия операциялари бўйича 70 трлн сўмдан ортиқ, картадан картага пул ўтказиш бўйича 1,2 трлн сўм, кредит сўндириш бўйича 1,3 трлн сўмлик амалиётлар бажарилган.

Таъкидлаш лозимки, Халқ банкида мижозларга ҳисоб рақам очиш, корпоратив мобил банкнинг ҳамда Интернет банкнинг хизматларидан фойдаланиш мутлақо бепул амалга оширилмоқда. Мижозлар учун 24/7 режимда ишлар ташкил этилган. Яъни энди Халқ банки мижозлари ҳафтасига етти кун исталган пайти ҳисоб рақамидаги маблағларни филиал рухсатисиз бошқа Халқ банки мижози рақамига эркин тасарруф этишлари мумкин.

Шунингдек, Халқ банки томонидан электрон банк хизматлари кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида яқинда Тезкор хизматлар маркази ишга туширилди. Ушбу марказда юртимиз молия бозори талабидан келиб чиқиб, замонавий банк хизмат турлари ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.

Ушбу марказда тажрибали ходимлар молия бозори талабидан келиб чиқиб, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда янги банк хизмат турларини ишлаб чиқади. Ушбу ходимлар учун барча шароитлар яратилган.

Матбуот анжумани давомида журналистлар Халқ банки томонидан ташкил этилган ушбу марказ фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Банк ахборот хизмати