Муҳаммад ЮСУФ: “Кунларингга қайтай десанг — халқ бўл элим…”

0

 

 

 

Қадим юртга қайтсин қадим наволарим,

Қумлар босиб қуримасин дарёларим.

Алпомишга алла айтган момоларим

Руҳини шод этай десанг — халқ бўл, элим

 

 

Дунёга боқ, қадди сендек ким бор яна,

Довруғи ҳам дарди сендек ким бор яна.

Халқ бўлишга ҳадди сендек ким бор яна,

Мозийни ёд этай десанг — халқ бўл, элим.

 

 

Сен тебратган бешигини Соҳибқирон,

Сенинг боланг юлдузларга қўйган нарвон.

Бир майизни қирққа бўлган бир тану жон —

Кунларингга қайтай десанг — халқ бўл элим.

 

 

Дарё бўлиб жўшгин энди завқи улуғ,

Байрамингда севинч кўз ёшингга қуллуқ,

Юртим деган жасур Юртбошингга қуллуқ,

Унга қанот бўлай десанг — халқ бўл, элим.

 

 

Бўлар элнинг болалари бир-бирин дер,

Бўлмас элнинг болалари бир-бирин ер.

Бир бўл энди, кадри баланд қаддингни кер,

Халқ бўл, элим, халқ бўл, элим, халқ бўл, элим!