СИЗ СОҒИНГАН ҚЎШИҚЛАР… (Шоир Муҳаммад Юсуфнинг ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда)

0

 

 

Муҳаммад ЮСУФ: “Қўйнимда бир ёр…”

 

 

Муҳаббат боғига кирмадим бир бор,

Суйган гулимга қўл урмадим бир бор,

Энди тунлар йиғлар менга қўшилиб,

Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр.

 

 

Бири бирисига ўхшамас, ёраб,

Кўзимнинг ёшлари тўхтамас, ёраб,

Куларман бир унга, бир бунга қараб,

Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр.

 

 

Бирин эркалайман нигоҳим билан,

Бирисин эркалаб дудоғим билан,

Яшайман савобу гуноҳим билан,

Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр.

 

 

Дарёман, иккита қирғоқда кўзим,

Томоғимда қўзим, товонда қўзим,

Икки ўт ичинда қийноқда ўзим,

Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр.