ШАЙТАНАТ… (47-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Полвон тоға, қўйнингизни дарров пуч ёнғоққа тўлдириб қўймай, деган мақсадда суриштирамиз, дедим. Ўзим бориб ўтирсам ҳам ўғлингизни чиқартираман.

— Ўзинг ўтирма, болам, бировни ўтиргулик қилмасин.

— Кейин уни менга топширасиз. Ҳамма ҳавас қиладиган одам бўлади. Ўқиса ўқитамиз.

— Э, йўқ, ўқийдағон боламас у. Хафа бўлма, омма, сенга ҳам топширмайман.

— Сиз мени ҳам…

— Йўқ, сен ўғри эмассан.

— Бир-икки жойда лимонад тсехим бор. Кооператив таксиларим бор. Мен унинг чўнтагига пул солиб қўймайман. Ишлаб топади. Пул топишни ўрганади.

— Маъқул, аввал чиқсин, кейин мулоҳаза қилармиз.

Чувринди керакли жойларга телефон қилиб, масалани ҳал эта бошлагач, Ҳовуз полвоннинг кўнгли жойига тушиб, кетишга ҳозирланди.

Чувринди бугунча қолинг, деб ялинса ҳам, Ҳовуз полвон унамади.

— Бугунги поездда қайтмасам бўлмайди, — деди у қатъий оҳангда.

— Паттангиз борми? — деб сўради Чувринди.

— Бе, шу пайтгача патта билан юрибманми? Бешта сўм бераман, кетовраман-да.

Чувринди унинг ташвишини тушунди — кўнгли боласида. Бу ерда партўшак солиб берсанг ҳам тиконзорда ётгандек бўлади. У телефонда йигитлардан бирига патта тўғирлаб қўйиш ҳақида буйруқ бергач, меҳмонга қараб:

— Поезд кетишига ҳали икки соат вақт бор, шошилманг, — деди.

Чувриндининг хотини танбеҳни инобатга олиб, паловни катта лаганга сузди. «Лағмонга иштаҳалари бўлмади» деб ўйлаган эди. Ҳовуз полвон паловни ҳам аввалгидек тановул қилмади. Бу чиндан қарилик таъсирими эди ё ўғил ташвиши иштаҳани бўғган эдими,

Чувриндига қоронғи. У меҳмонга қараб туриб: «Шундай одамни ҳам дард енгиши мумкин экан-да, а?» деб қўйди.

Бекатда уларни калта енгли кўйлагининг тугмаларини киндигига қадар ечган, бўйнига тилла занжир осган бир йигит кутиб олди. Хўжайинининг ёнидаги одамни кўриб ажабланди.

«Нозик одам деганингиз шуми?» дегандай кўзини лўқ қилиб турди.

— Бўлдими? — деди Чувринди унинг ажабланганини сезмагандай.

— Бўлди, жой ништяк, — деди йигит.

— Бошла.

Икки кишилик купе дим эди. Кун иссиқлигига қарамай галстук тақиб олган ўрта яшар киши газетадан елпиғич қилиб, елпиниб ўтирарди.

— Мана, Полвон тоға, шу ўрин сизники, — деди Чувринди бўш жойни кўрсатиб. —

Баҳузур ҳордиқни чиқариб борасиз. Чой-пойдан хабар олиб туришади.

Галстукли киши бўйнидаги терни рўмолчаси билан артиб, Ҳовуз полвонга бошдан-оёқ разм солди-да, энсаси қотди.

— Бобойнинг билетлари борми? — деди у Чувриндига қараб.

Чувринди унга жавоб бермай, норози қиёфада йигитга боқди.

— Билет бор, — деди йигит. Кейин энгашиб унинг қулоғига нимадир деб шивирлади. — Бу ёққа чиқайлик тушунтириб бераман…

Галстукли киши довдираб ўрнидан турди-да, йигитга эргашди. Бир неча дақиқадан сўнг қайтиб, нарсаларини олди:

— Адашибман, билетим бошқа вагонга экан, — деб шошганича чиқди.

Чувринди йигитга қараган эди, у бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғини бирлаштириб, тешик кулча ҳолатига келтирди-да, «ҳаммаси жойида» дегандай чап кўзини қисиб, кулимсиради.

Чувринди Ҳовуз полвон билан хайрлашиб чиққач:

— Уни нима бало қилдинг? — деб сўради.

— Икки оғизгина гапирдим. Халқпарвар одам экан, умумий вагонда халқ билан бирга кетгиси келди.

 

***

 

Чувринди уйга қайтгач, каравотдаги кўрпачага ёнбошлади. Айвонда акалари билан ўйнаб ўтирган кенжатойи уни кўриб «адда, адда» деб ҳаракатга тушди. Ошхонадаги юмушларини эндигина бажариб бўлган хотини болани кўтариб келди. Кенжатой отасини ялаб-юлқай бошлади. Ота учун масъуд дамлар бошланди. Дунё ташвишлари унутилди.

Кимнингдир ўғли ўлдирилгани, кимнингдир ўғли қамоқда ўтиргани, кимнингдир берган қарзини ундиролмаётгани, ким-нингдир умид қилган амалига етишолмаётгани, кимнингдир қайғуси ёки шодлиги… ҳаммаси унутилди. У ҳозир фарзандининг ширин тилидан чиққан биттагина сўз учун дунё нима экан, жонини беришга тайёр эди. Афсус шуки, масъуд дамлар учун вақт хасислик билан ажратилган бу дунёда телефон деган матах борки, унинг асабий жиринглаши кишини бахтиёрлик уммонидан ташвиш чўлига ирғитиб ташлайди. Тавфиқ тўтисига етишмак насиб этгунига қадар бу чўлда ғаззолани қувган сари сарсари кезади… Ҳозир ҳам шу ҳол юз берди. Чувринди боласининг эркалигига тўймасидан телефон бетўхтов жиринглади.

— Бошқа шаҳардан шекилли? — хотини шундай деб ўрнидан турди-да, айвон сари илдам юрди. Гўшакни қулоққа тутиб, салом-алик қилгач, эрига ажабланиб қаради-да, телефонни кўтариб келди.

— Ким? — деди Чувринди боласини бағридан бўшатмай.

— Билмадим, — деди хотини, сўнг ажабланганини яширмай деди: — Овозларидан Жамшиджонга ўхшатдим.

— Эсинг жойидами? — Чувринди шундай деб болани унга берди-да, гўшакни қулоғига тутди: — Алло, ким бу?

— Менман…

Дарҳақиқат, Жамшид эди…

Чувринди хотинига қараб қўйди. Бу қарашнинг маъносини англаган хотини отасига интилиб талпинаётган боласини бағрига босганича айвон сари юрди.

— Нима гап, тинчликми? — деди Чувринди, хотини узоқлашгач.

— Тинчлик, — деди Жамшид.

— Яхши кутиб олишдими?

— Кутиб олишди.

— Унда нима учун телефон қилдинг? Жим юратур, девдим-ку?

— Жим юролмаяпман, Маҳмуд ака. Бек акамга нима гуноҳ қилдим, айтсинлар.

Гуноҳим бўлса майли, ўлдирсинлар. ўинг деган — номард.

— Овозингни ўчир. Мишиқи болага ўхшаб минғирлашингни қара! Бек акам ҳали бир нарса демадилар. Сўрашнинг мавриди келса, ўзим сўрайман, сени ўзим топаман. Ўша ёқда жим юр. Е, ич, айшингни сур. Фақат бир ишкал чиқсагина телпон қил. Бошқа гапинг йўқми?

— Йўқ.

— Омадингни берсин… — Шундай деб гўшакни жойига қўйди.

Аввалига Жамшиднинг бетоқатлик қилганига аччиқланди. Кейин унинг аҳволига тушунди.

У ҳали ўзининг «дорга осилиб, сўнг мурдаси ёқиб юборил-гани»ни билмайди. Билгани —

Асадбекнинг ғазабга миниб, уни ўлимга ҳукм эти юборгани. Нимага ғазабланди  ҳеч кимга аниқ маълум эмас. Чувринди Асадбек билан бирга Элчинникига боргач,

Зайнабга алоқадор бир иш бўлганини фаҳмлаган, аммо гумонга суяниб иш кўрмасликни одат қилгани учун бу тахминга ишониб-ишонмайди. Шу фикр дастлаб хаёлига келганида «Наҳот Жамшид шу даражада аҳмоқ бўлса!» деб ажабланди.

Хайрлашар маҳалидаги Жамшиднинг жавдираган кўзларига боқиб «йўқ, бундай қилиши мумкин эмас», деган тўхтамга келди.

Асадбек ўшанда буйруқни қатъий тарзда берган эди. Муҳлат ҳам оз — ҳукм эрталабгача ижро этилмоғи шарт. Ўйлашга, мулоҳаза юритишга фурсат йўқ. Буйруқ берилиши билан Чувринди: «Балки аблаҳлик қилгандир, лекин дунёда ундан беш баттар аблаҳлар яшаб юрганида у ҳам тирик қолса бўларди», деган аниқ бир тўхтамга келди.

Лекин унинг жонини қандай сақлаб қолиш керак — шу муаммо ечилмоғи лозим эди.

Асадбекни фикридан қайтариш қийин. Ягона йўл — ўликхонадан эгасиз ўлик сотиб олиш.

Чувринди бу йўлнинг тўғри эканига шубҳа билан қаради, охир-оқибат катта ташвишларга тақалишини ҳам олдиндан кўра билди. Аммо ўша дамда бошқа чораси йўқ эди. Бу ишга ўзларининг йигитларини аралаштиришмади. Жамшидни Чувриндининг ўзи кузатди. Иккита кавказликни ёнига олиб, мурдани Кесакполвон топиб келди. Мурда ёнаётган маҳалдаёқ Чувринди ўзича «бу — иккинчи хато» деб қўйди. Шилимшиқнинг осилиб туришини ҳам у маъқулламаган эди. «Ўлдирди, ўчини олди, хумордан чиқди, энди мурдани йўқотиб юбориш керак», деди. Лекин унинг гапларига қулоқ осмадилар. «Элчин шуни маъқул кўрибдими, осилиб тураверсин», дедилар. Мана энди Зоҳид Шарипов дегани кавлаштириб ётибди. Чувринди ундан қўрқмайди, ишнинг ўзлари ўйлаганларича ёпилишига ишонади, аммо унгача анча безовта бўлиб юриши ёқинқирамайди.

Зоҳиднинг чақирувидан сўнг нозик акахонларидан бирига буни айтди. У «расм-русмларни қилиш керак-да. Хўп, деб туринг, бир оз кавлаштириб хумордан чиқсин. Сал оғса ўзимиз тўғрилаб қўямиз», деб тинчлантирди.

Ҳозир Жамшид билан гаплашганидан сўнг ўйга толиб, мана шуларни эслади.

 

***

 

Элчин Ҳосилбойваччаникидан чиққач, ўйлаб ўтирмаёқ шаҳар марказидаги уч қаватли уй томон йўл олди. Бўтқага учрашиб, Чувриндининг уйида эканини аниқлади.

Бу кун Чувринди Ҳовуз полвоннинг илтимосини бажариш билан овора бўлиб, яхшиликка олиб борувчи йўл топган, ишни юритиш учун йигитлардан бирини эндигина Фарғонага жўнатиб, кўнгли тинчиган ҳолда уйга қайтган эди. Ҳали бир пиёла чой ичишга улгурмай, эшикдан кириб келаётган Элчинни кўриб, ҳайрон бўлди.

— Ҳа, Ҳофиз, тинчликми? — деди уни уйга бошлаб.

Элчин Чувринди кўрсатган жойга ўтириб, муддаога кўчиб қўя қолди. Ҳалимжон Чувриндини ҳам қизиқтириб қўйди. Йўқ, унда йигитни дарҳол хизматга олиш фикри туғилмади.

Чувринди бунақа ҳолда арқонни узун ташлайди. Кимгадир яхшилик қилади. Ана шу пайтда бурунга бурундуқ илишни ҳам унутмайди. Вақти-соати етиб, лозим бўлганда бурундуқни аста тортади. Жамшидни қамоқдан барвақт чиқишига ёрдам берганида ҳам унинг садоқатли йигит бўлишини ўйламаган эди. «Чиқаверсин-чи, балки фойдаси тегар», деб хаёл қилганди. Жамшид ўша яхшиликка садоқат билан жавоб берди. Асадбек

Жамшиддан сўнг бошқа йигитларни ёқтирмай турибди, балки шу маъқул бўлар, деган фикр хаёлини ёритиб, Ҳосилбойваччага қўнғироқ қилди:

— Бой, женсоветга раис эмишсанми, муборак бўлсин, — деб гапни калта қила қолди.

Шундан сўнг орага сукут чўкди. Элчин ерёнғоқнинг пўчоғини бармоқлари билан эзғилаб хаёлга чўмиб ўтирарди. Чувринди унинг дардини биларди. «Ҳозир дардини ёради, худди Жамшидга ўхшаб саволига жавобни мендан ахтаради», деб ўйлади. Янглишмади.

Элчин дардини ёриб, ҳасрат қилмаса ҳам сўради:

— Жамшиднинг ўлимини… нега мендан кўрдинглар?

Чувринди саволни кутган бўлса-да, жавобга шошилмади. Кейин бу бир арзимас гапдай:

— Бек акага шундай туюлибди, — деди.

— Бир гумон билан бадном қилиб юбораверасизларми? — деди Элчин.

— Бадном? — Чувриндига бу гап ёқмай, қошларини чимирди. — Сизни ҳеч ким бадном қилмади. Бек акам гумонларини шунчаки айтдилар. Агар гумонсирамай аниқ билганимизда гапимиз бошқача бўларди. Жамшидни ўлдириш кўнглингизда йўқ эдими?

Ўғил бола гапни айтинг.

— Ўғил бола гапми? Ўғил бола гап шуки… ҳали кўп қон ичишим керак мен…

— Бу гапни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Одам қўлидан келадиган ишга ҳаракат қилиши керак. Кўрпага қараб оёқ узатаверинг. Агар менга ишонсангиз бир гап айтай.

— Айтинг.

— Аниқ биламан: хотинингизнинг ўлимига фақат Шилимшиқ айбдор, Жамшиднинг алоқаси йўқ эди. У пайтлар Жамшид ғўр эди, бунақа ишларга аралашмасди. Шилимшиқ билан боргани тўғри, аммо аралашмаган. Бу ишда қонунчиларга нисбатан Бек акамнинг ҳукмлари қаттиқроқ бўлган. Сиз ўшанда… — Чувринди «нодонлик қилгансиз» демоқчи эди, «яна жириллаб юбормасин», деб фикрини бошқачароқ ифода этди: — Ўзингизга ўзингиз жабр қилдингиз. Ўша мардлигингиз билан нимага эришдингиз? Ким сизга «баракалла, қойил, ўғил бола!» деди?

Бу сўзлар игна ўққа айланиб Элчиннинг вужудига санчилаверди. Ўқ ҳар санчилганида юраги бир ларзага тушди. Машойихлар «бедарднинг олдида бошимни оғритма», деган эканлар. Элчин Чувриндининг гапини шарт бўлиб «Сенларда юрак деган нарса борми?

Юракларинг қон ҳайдашдан бошқа юмушни ҳам биладими!» деганга ўхшаш гапларни айтгиси келди. Аммо ўзини тутди. Тўғри, у кўп ҳолларда туйғунинг қулига айланарди. Туйғу қаёққа ундаса ўша ёққа юрарди. Баъзан туйғунинг шайтонбулоқдан сув ичиб қўйишини эса инобатга олмас эди. Элчин айрим одамларни туйғусизликда айблаб, улардан нафратланар эди. Аммо айни дамда инсонга берилган улуғ неъматлар орасида ақл ҳам мавжудлигини, туйғу аччиқ ҳақиқат олдида ожиз қолишини ҳисобга олмасди. Чувринди ҳозир ҳақиқатни айтаётган эди. Унинг овозида ҳақорат, масхара ёки таҳдид оҳанги йўқ, самимий дўст каби оҳиста, сўзларни чертиб-чертиб гапирарди. Унинг сўзлари гарчи ўқ каби ботаётган бўлса-да, Элчин учун янгилик эмасди. Қамоқда эканида дардини айтганда Зелихондан бундан бешбаттарларини эшитган. Шу сабабларга кўра ҳам Чувриндига гап қайтармай ўтирди.

Чувринди гапларим қандай таъсир этяпти, деган фикрда ҳамсуҳбатига қараб, бир оз сукут қилгач, яна сўзларини давом этди:

— Мактабда Александр Матросов жасоратини гапиравериб, тинкамадоримизни қуритишарди. У-ку, ҳар куни минг ўлимга дуч келавермай, деб осон ўлим йўлини топган, жонидан тўйган-у таппа ташлаган. Сиз ҳам ўшанга ўхшадингиз. Сизнинг айбингиз ҳам бор: қиморга аралашмаганингизда бу машмашалар йўқ эди. Сиз эсламасангиз мен эслайман. Ўша воқеадан олдин Бек акам «Ҳофиз, қимор ўйнама» деб огоҳлантиргандилар. Энди мен бир гап айтай, сиз хафа бўлманг: сиз мушук-сичқон ўйнашни йиғиштиринг. Сиз икки дунёда мушук бўлолмайсиз. Анави чечен болангизга ишонаверманг. Ҳа, айтмоқчи, кўринмай қолдими?

— Юртига кетган.

— Яхши қилибди. Келишдик, а?

— Нимага?

— Сиз бундан буёғига ашулангизни айтиб, тинчгина юрасиз.

Элчин заҳарли жилмайди.

— Мен сиз билан сулҳ тузгани келмаган эдим.

— Тўғри, сиз илтимос билан келдингиз. Лекин эски пахтани чуваганингиз учун мен омади гапни айтдим.

— Мен эски пахтани чувиганим йўқ. Жамшиднинг ўлими сабабини билмоқчи эдим.

— Буни Худо билади.

Шу гаплардан сўнг кўзлар тўқнашди. Айни нафасда иккаласининг кўнглига бир мазмундаги гап келган, аммо тилга кўчиришга андиша қилишаётган эди. Андиша қаршисида тил ожиз қолган маҳалда кўзлар бевафолик қилиб, фикрни ошкор этиши мумкин.

Ҳозир шу ҳол юз берди.

— Жамшид Зайнабга… суйкалган эдими? — деб сўради Элчиннинг кўзлари.

— Суйкалганини кўрганим йўқ, аммо уйингга борганини аниқ биламан, — деди Чувриндининг кўзлари.

— Асадбек… қайнотам буни қаёқдан билиб қолди?

— Ўз кўзлари билан гувоҳ бўлди…

— Зайнаб… шилта қизлардан эмас эди?

— Бу дунё ҳаётидан ҳар нарсани кутиш мумкин…

Сўнгги саволга жавобни Чувриндининг кўзлари эмас, Элчиннинг кўнгли айтди. Ўз саволига ўзи жавоб берди-ю, юрагида санчиқ туриб, беихтиёр чап кўкрагини ушлади.

— Маза қочдими, Ҳофиз, — деди Чувринди. Элчин жавоб бермагач, худди ўзига-ўзи гапиргандай паст овозда деди: — моторни эҳтиёт қилиш керак.

Элчин ўрнидан турди. Эшик томон бир қадам ташлаб, Чувриндига ўгирилди:

— Мотор, Худо хоҳласа, елкадаги юкни манзилга олиб боришга чидайди.

 

***

 

Шундай одамнинг боласи?!

Анвар бундан қирқ йил аввалги тергов ҳужжатларини ўргана туриб, ўзига тез-тез шу саволни берар, аммо тайинли мақбул жавоб топа олмас эди. Неча минг одам чақув, туҳмат қурбони бўлган йилларда Асадбекнинг отаси ҳеч бир чақувсиз, ҳеч бир туҳматсиз ҳолда жазога тортилган эди. Уни қамаш учун чақувнинг ҳожати йўқ эди. Ҳуқуқ илмини ўрганаётган талабанинг урушнинг дастлабки ойларидаёқ сафарбар этилгани, қўшин қуршовда қолгани, кўплар қатори асир олингани, концлагердан қочгани, Югославия ўрмонларида, тоғларида жанг қилгани… чақувга муҳтож эмас, барчаси ҳужжатларга муҳрланган эди. Унинг айби бир — Югославия доҳийси Тито билан шахсан таниш бўлган.

Бу ҳам туҳмат эмас. Уруш тугагач, доҳий уни бағрига босиб суратга тушган, қаҳрамонлик нишони топширган. Аввалига у ҳам Иттифоқ қаҳрамони сифатида қадр топгандай бўлди. Сўнгроқ, Сталин билан Тито орасидан ола мушук ўтгач, Югославия партизанлари билан бирга жанг қилган барча совет аскарлари хоинлар рўйхатидан ўрин олдилар.

Уларга «Сен Тито қўшинида жанг қилгансан» деб айб тақашмади. Унга қадар асирга тушган эдилар, қамаш учун шунинг ўзи кифоя эди. Терговдаги саволларнинг мазмунига қараганда улар концлагердан қочмасликлари лозим экан, жонларини гаровга қўйиб, жанг қилмасликлари шарт экан. Ўзбекистон қаёқдаю Югославия қаёқда?!

Асадбекнинг отаси минг кеча-кундуз ё ўларини билмай, ё қоларини билмай ажалнинг соясида яшади. Асадбекнинг онаси эрининг на тирик экани, на ўлик эканини билмай умид офтобида қовжираб ҳаёт кечирди. Минг кун-а!? Шунинг мукофотига яна қамоқ, яна айрилиқ ва ниҳоят Сибирнинг овлоқ бир ерида ўлим топиш. Ўлим топганда ҳам номини қора рўйхатларда қолдириб, армон билан кўз юмиш…

«Ажаб… — деб ўйлади Анвар, — душман бир бўлса, унинг чап томонида туриб уришдинг нимаю ўнг томонида туриб уришдинг нима? Ўнг томондагилари халқ қаҳрамонлари, чап томондагилар эса халқ душманлари бўлиб чиқса… Бундан ҳам ортиқроқ аҳмоқлик бўлармикин бу ёруғ жаҳонда…»

Анвар ҳужжатлар билан таниша туриб Холидийнинг суюкли шогирдларидан бири томонидан ёзилган мақолани эслади. Шогирд устозга содиқ қолгани ҳолда Югославия партизанлари сафида жанг қилганларни сиёсий онгсизликда айблаган эди. Орадан кўп йиллар ўтди. Вазият ўзгарди. Аммо ўша мақола ҳануз ҳаёт, қайта-қайта нашр этилаётган тарих китобларида бирон-бир нуқта ўзгармагани ҳолда турибди. Асадбекнинг отаси ҳам «ҳаракатида жиноят излари бўлмагани сабабли» афв этилган. «Наҳот у олимлар бундан бехабар қолишган? — деб ўйлади Анвар. — Орадан ўттиз беш йил ўтяпти… Бу ҳужжатларни нима учун ўғлига — Асадбекка кўрсатишмади? Бунга ўхшаган одамлар яна қанча?..»

 

***

 

Эшакни йўқласанг қулоғи кўринади, деганларидай, ҳеч кутилмаганда эшик очилиб,

Холидий кўринди.

— Ие, мулла Анваржон, — деди у жилмайиб, — хурсандман, бағоят хурсандман.

— Мени кўрганингизданми? Эрталаб учрашувдик-ку? — деди Анвар.

— Иш билан, илм билан машғул шогирдларимни кўрсам, қувониб кетаман, — деди Холидий бўш стол томон юриб.

«Биз ҳам шогирдлар сафига қўшилибмиз-да, а? Шундай олий мақомда эканману билмай қолганимга доғман энди», деб ўйлади Анвар. У бир пичинг гап отиб «устоз»нинг ғашига тегишни мўлжал қилиб турганда шу идора хизматчиси кириб Холидийга ҳужжатлар тўпламини узатди.

— Бу давру давроннинг қадрига етмоқ керак, — деди Холидий ҳужжатларни варақлай туриб.

— Шунча йил илм қилиб ҳужжатларнинг асл нусхаларини варақлашга энди эришдик. Бизнинг фожиамиз шунда эдики, азизим, биз ҳужжат кўрмай, тарих илмини яратдик.

«Бу одам ҳам тўғри гапирар экан-ку, а? — деб ўйлади Анвар. — Ҳужжатга асосланмаган илм яратгани тўғри, аммо ҳужжатни ўзи кўришни истамаганми ё йўл беришмаганми? Бу одамга ҳамма эшиклар очиқ эди-ку? Энди нима учун ҳужжат титкилаб қолди? Титкилаш вазифаси шогирдларидан ортмас эди?.. Қизиқ…»

Анвар муҳим иш билан банд одамдай сатрларга кўз тикиб жим ўтираверди. Аслида ўқийдиганини ўқиб, аниқлайдиганини аниқлаб бўлган, чиқиб кетавериши ҳам мумкин эди.

Бироқ, Холидийнинг ташрифи ажаблантирган, бу ташрифдан мақсад не, интиҳо не эканини билмоқ истаги уни ушлаб турарди. Холидий кўзларини саҳифаларга қадаб ҳарф терар, зарур жой келганда худди ялаб оладигандай тилини чиқариб қўярди. Анвар зимдан кузатар, унинг қўлидаги ҳужжатлар кимга тегишли эканини билишга қизиқиш тобора ортарди. Ҳар балога ақлим етади, деб ҳисобловчи, ҳақиқат барибир қарор топади, бунинг учун курашмоқ шарт, деб ишонувчи Анвар бу ҳужжатлар тўплами Холидий қўлидан кўп марта ўтгани, «устоз»нинг фикри ҳозир бу ҳужжатлар билан эмас, бошқа нарсалар билан банд экани, ҳадемай тилга киражагини билмас эди.

«Душманни бир ҳамлада йўқ қилиш ҳар қандай аҳмоқнинг қўлидан келади, — деб ўйларди Холидий. — Худога шукур, мен аҳмоқ эмасман. Мен — мерганман. Бир ўқ билан истасам ўн қуённи ураман. Душманни эса бошқа бир душманим қўли билан янчаман. Ҳамиша шундай қилиб келганманми, бу усул менга панд бермадими, бундан кейин ҳам шундай бўлади… Нодон бола… Ҳужжат титиш сенга нима беради?

Хўп, ҳақиқатни англадинг, кейин нима бўлади? Сенинг ҳақиқатинг ҳеч кимга керак эмас. Ҳар бир даврнинг ўз ҳақиқати бўлади. Эсинг бутун бўлса сен ана шу ҳақиқатни фаҳмлаб ол. Йў-ўқ… бунга фаҳминг етмайди. Сенинг ҳақиқатинг жиннихонада. Қани, мени кузатавер-чи. Эртага борадиган жойингга боргач, мени соғиниб қоларсан…»

Холидийнинг бу даражада дадил фикрлаши бежиз эмас эди. У кеча муҳим бир масалани ечиб, кўнгли шодланганди. Анвар жиннихонадан чиқиб келганидан бери унинг ичини ит таталарди. Қарийб ярим йил бадалида бу «бола»ни йўқотишни ўйлаб, боши гангиди.

Жиннихонадан Асадбек ҳукми билан чиқарилганини билиб анча вақтгача ҳадиксираб юрди.

У умри мобайнида ўзига ёқмаган одамларни ғаним деб билиб, қанчасини янчиб ташлади. Улар олдида Анвар бир қумурсқа. Олдига озгина шакар сепиб қўйса, ўзи билан ўзи овора бўлади. Аслида олишишга ҳам арзимайдиган бир «мишиқи бола». Лекин шу мишиқининг олифтагарчилигини ҳазм қила олмайди. Бу олифтагарчилик бошқа ёшларга юқмасин, дейди.

Холидий ўйлай-ўйлай, аччиқни аччиқ кесади, деган ақидага амал қилиб, Асадбекнинг кушандаси ким бўлиши мумкин, деб сўраб-суриштирди. Асадбек ҳаммадан зўр бўлгани билан албатта кимдир, қайси бир кавакда туриб бўлса ҳам унга қарши тиш қайрайди.

Кимдир чалишга пайт пойлайди. Шундай одамнинг мавжудлигини, унинг номи Ҳосилбойвачча эканини билиб, қувонди. Холидий Ҳосилбойваччанинг отасини яхши танирди. Уларнинг танишлиги Ҳосилбойваччанинг болалиги ўтган ҳовлининг олди-соттисидан бошланган. Ҳукумат томонидан Холидийнинг хизматлари тақдирланиб, унга икки қаватли уй берилгач, у маҳалладаги ҳовлисини Омилга — Ҳосилбойваччанинг отасига сотган эди.

Ўшанда бир кенглик қилиб, жойнинг пулини биратўла яхлит ҳолда эмас, учга бўлиб бир йил давомида тўланишига кўнган эди. Омил унинг бу ҳимматини унутмай, ҳозирга қадар ҳам иззатини жойига қўйиб, ҳар кўрганда қуллуқ қилиб турарди.

Ўғлида шундай обрўли одамнинг юмуши борлигини билган Омил бу гапга ишониб-ишонқирамай ажабланди. Холидий буни сезиб, изоҳ беришни лозим топди:

— Энди Омилбек, замон шунақа бўлиб қолди. Идора бажара олмайдиган ишни ўғлингизга ўхшаган шоввозлар бир нафасда, хамирдан қил суғургандай дўндириб қўйишяпти.

— Биронтаси қарз-парз олиб, бермиётибдими? — деди Омил соддалик билан.

— Омилбек… шунақа десак ҳам бўлади, — деди Холидий нохуш оҳангда.

— Йўқ, сиз қарзини қистайдиган одамларданмассиз. Бир дардингиз бору айтгингиз келмиётибди.

— Тўғри фаҳмладингиз. Баъзи ишларни буюртмачи-ю, бажарувчининг ўзигина билгани маъқул. Ҳар- ҳолда, тешик қулоқ, тилнинг эса суяги йўқ. Ҳали бизнинг гапимизга Ҳосилбой нима дейдилару…

— Нима дерди, бизга бир ишингиз тушибди. Биз ҳимматни унутадиган ношукур бандаларданмасмиз. Юринг, кетдик, уйига борамиз.

— Шу ерга чақира қолмайсизми?

— Чақиришга чақираману келишга вақти бўладими, йўқми…

Холидий шу гапдан Ҳосилбойваччанинг ҳавоси анча баланд эканини англади. Катта бошини яна бир марта кичик қилиш лозимлигидан дили ғашланди.

Ҳосилбойваччанинг уйида меҳмон бор экан. Шомил уларни шийпонга бошлаб борди.

— Шефни чақириб бўлмайди. Хоҳласангиз кутинг, бўлмаса эртага келинг, — деди ўтиришга жой кўрсатиб.

Бу гапни эшитиб, Омил савол назари билан Холидийга қаради. Холидий Шомил кўрсатган жойга ўтириб «кутамиз» деди. Баобрў зиёфатларнинг тўрида виқор тўкиб ўтиришга кўниккан Холидий учун бу ҳолда кутиб ўтириш хорликдай туюлиб, малол келса ҳам, эрта кел, индин кел, деган гаплар чиқиб қолишини ҳисобга олиб, бу таҳқирга чидади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК