«Mortal Combat» империяси асосчиси Ўзбекистонда

0

АҚШлик машҳур продюсер Лоуренс Алан Касанофф Ўзбекистон миллий кинокомиссияси аъзолари ҳамроҳлигида Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларини ўзининг навбатдаги фильми учун локациялар танлаш мақсадида кўздан кечирди.
Йўлга қўйилаётган ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда Голливуд блокбастеренинг бир қисмини суратга олиш ишлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Ўзбекистон миллий кинокомиссияси АҚШлик киноижодкорларнинг юртимизда мазкур фильмни тасвирга олишини ташкил қилиш ва АҚШдан келган киноижодкорларга тасвирга олиш жараёни давомида тўлиқ кўмак кўрсатиш масаласида келишиб олинди.
Маълумот учун, Лоуренс Касанофф «Mortal Combat» франшизаси асосчиси, «Терминатор», «Лего-юлдузлар жанги» каби фильмлар продюсери ҳисобланиб, «Terminator 2: Judgment Day» (Терминатор 2: Қиёмат куни) картинаси учун Оскар мукофотига сазовор бўлган. У Арнольд Шварценеггер бош қаҳрамон ролини ижро этган ва Джеймс Кемерон режиссёрлик қилган «True Lies» (Чин ёлғонлар) фильмида ижрочи продюсер вазифасини бажарган.
Лоуренс Касанофф 1990 йил кинорежиссер Жеймс Кемерон билан биргаликда «Lightstorm Entertainment» кинокомпаниясига асос солади. Ушбу кинокомпания шу кунгача «Титаник», «Аватар» сингари фильмлар продюсерлиги билан шуғулланган. Лоуренс 200 ортиқ фильмлар яратилишида иштирок этиб, кинобизнесда миллиард доллардан ортиқ маблағ тўплаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси кинотуризмни ривожлантириш, хорижий кинокомпаниялар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни тасвирга олиш ишларида қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакат кинолокациясини хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 июлдаги ПҚ-3880-сон қарорига асосан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Кинематографияни ривожлантириш маркази тизимида ташкил қилинган.