ҲАММАБОП ТЕСТ: ЙЎҚОЛСИН ШУБҲАЛАР!

0

 

Ҳар биримиз нимадандир шубҳаланамиз. Чунки, шубҳаланмайдиган, иккиланмайдиган инсонлар кўпинча хатоларга йўл қўйишади. Иккиланиш, шубҳа эса аксар ҳолларда омад келтиради. Фақат бунинг ҳам меъёри бўлгани яхши. Келинг, қуйидаги тест ёрдамида ўзимизни текшириб олайлик.

1. Бошлиқ ҳеч кимга индамай деди: «Иш ўринларини қисқартириш керак…» Сиз:

а) Қайғуга ботасиз. Гап ўзингиз ҳақингизда бораётганига ишона бошлайсиз — 1 балл.

б) Эҳтиёт шарт бирор жойдан иш топиб қўйиш ҳақида ўйлайсиз — 2 балл

в) Гап ким ҳақида кетган экан дея бош қотирасиз — 4 балл

2. Эрингиз (хотинингиз) сизга диққат билан тикилиб туриб деди: «Ҳа, умр ўтиб кетяпти…» Сиз:

а) Қариб қолдиммикан деб ўйлайсиз — 1 балл

б) Нимани назарда тутганини суриштирасиз — 2 балл

в) Сиз ҳам унга тикилиб туриб сўзини маъқуллайсиз — 4 балл

3. Меҳмон уйингизда тайёрланган овқатдан татиб кўрди-ю, бошқа емади. Сиз:

а) Унга ёқмади шекилли деб ўйлайсиз ва сўрашга ҳам, овқатдан татиб кўришга ҳам қўрқасиз — 1 балл

б) Ўзингизча «Нима, сен ресторандамидинг?» деб қўясиз — 2 балл

в) Меҳмондан ҳаммасини батафсил сўрайсиз — 4 балл

4. Эрингиз (хотинингиз) уч кундан бери ишдан кеч қайтяпти. Сиз:

а) Демак, у бошқасини топиб олган. Эртам-кечми бу нарса бўлиши керак эди — 1 балл

б) Жаҳлингиз чиқади — 2 балл

в) Хайрият, ниҳоят кўпроқ иш ҳақида ўйлайдиган бўлибди — 4 балл

5. Сиз танишингизга ўзингиз ёзган шеърни ўқиб бердингиз. У бўлса бош қашиб қўйди. Сиз:

а) Уялганингиздан шеърингизни яшириб ташлайсиз — 1 балл

б) Хафа бўласиз — 2 балл

в) Эътибор берибдими, демак ёмон ёзмабсиз — 4 балл

6. Бир гуруҳ танишлар билан суҳбатлашиб ўтирибсиз. Улар сиз томоша қилмаган кино, ўқимаган китобингиз ҳақида сўзлаяпти. Сиз:

а) Ҳа, улар сизнинг шу қадар билимсиз эканингизга шаъма қилишяпти — 1 балл

б) Ўзингизни худди ҳаммасидан хабардордай тутасиз — 2 балл

в) Уларни мароқ билан тинглайсиз ва қўшимча билим олаётганингиздан қувонасиз — 4 балл

7. Баданингизга кутилмаганда тошма тошиб кетди. Сиз:

а) Дарҳол поликлиникага чопасиз — 1 балл

б) Хотиржам ишга кетасиз. Бир-икки кун кутишга аҳд қиласиз — 2 балл

в) Юқтирган «ярамас»ни қидирасиз — 4 балл

 

НАТИЖАЛАР:

 

7-11 балл. Сиз гўёки шубҳалар исканжасида қолиб кетгандайсиз. Ўзингизга нисбатан қалбингизда умуман ишонч ҳисси йўқ. Ҳар бир воқеа-ҳодиса сизда шубҳа уйғотади. Мустақил бир ишни бошлашдан олдин узоқ вақт икикиланиб юрасиз. Худо кўрсатмасин, бирор ерингизда кичик бир доғ пайдо бўлса, тамом, капалагингиз учиб, ўзингизни қаерга қўйишни билмай қоласиз. Гоҳ врачга, гоҳ табибга чопа бошлайсиз. Афсуски, бу одатингиз атрофингиздагиларга сира ёқмайди. Нима ҳам дердик. Сизни ўзгартириш жуда мушкул-да!

12-16 балл. Сизни ҳам ўта ўзига ишонган одам деб бўлмайди. Баъзида ўз фикрингизда туриб оласиз. Бахтга қарши, ўзингиз учун камдан-кам ҳолларда фойдали ишларни амалга оширасиз. Сиз кабилардан раҳбар чиқмайди. Лекин кўпинча яқинларингиз сизнинг маслаҳатларингизга қулоқ тутишади. Ягона камчилигингиз шуки, арзимаган кўнгилсизликни ҳам юракка яқин оласиз. Шу сабабли тез-тез саломатлигингиз ёмонлашиб туради.

17-28 балл. Нимадандир шубҳалансангиз ҳам бировларга сездирмайсиз. Лекин кўнгилсизликларингизга бошқалар сабабчи эканини биласиз. Бу одатингиз бир куни шу нарсага олиб келиши мумкинки, ёнингизда фақат лаганбардор шахслар қолади. Шундай экан, яхшиси, раҳбар лавозимидан воз кечинг. Акс ҳолда ички шубҳангиз туфайли ходимларнинг кўпчилигидан кечишингиз турган гап.

Муҳаббатда рашкчи эмассиз. Аммо севгилингиздан бироз шубҳаланиб қўйсангиз, зиён қилмасди. Аксинча, ҳаётингиз янада қизиқарли кечган бўларди.

Олимжон тайёрлади