ИИВ: ЁХББ автомобиллар ёниб кетиши чироқлар билан боғлиқ эмаслигини айтмоқда

0

Адлия вазирлигида қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли матбуот анжумани ташкил этилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 460-сон қарори бўйича матбуот анжумани ўтказилмоқда.

Тадбирда маълум қилинишича, сўнгги кунларда кузатилган автомобилларнинг ёниб кетиши чироқлар билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин.

“Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, автомобилларимиз ёниб кетиши чироқлар билан боғлиқ эмас”, – деди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходими, майор Азизхон Муродов.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида айтилишича, 2020 йил 1 январдан мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади.

Республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади. Яъни, импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди.

 

kun.uz