Сергелида 11 нафар одам товуқли сендвичдан заҳарланди!

0

Жорий йил 4-6 июнь кунлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига 11 нафар, шаҳар 5-сон юқумли касалликлар шифохонасига 3 нафар ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 1 нафар бемор кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташҳиси билан шифохонага ётқизилган.

Шифохонада беморлардан лаборатория таҳлиллари учун тегишли барча намуналар олиниб, малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Дори-дармон заҳиралари етарли даражада.

Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасида беморларнинг 11 нафари касалликларини Сергели туманида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида тайёрланган товуқли сендвични истеъмол қилганликлари билан боғлашмоқда.

Пойтахтимизда юз берган ушбу ҳолат юзасидан беморларга шифокорлар томонидан ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирги вақтда барча беморларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда.