ШАЙТАНАТ… (54-қисм)

0

 

 

* * *

 

Хонада ўлик сукунат ҳукмрон эди. Аёлларнинг ўзаро пичирлашиб олишлари ёки нарх-наво янгиликлари ҳам нечукдир кун тартибидан ўчирилган. «ўалати кун, — деб ўйлади Анвар. — Бу сукут ниманинг аломати? Вулқон портлаши арафасидаги осойишталикми бу?

Булар бир нимани билишади, мен эсам билмайман… «Энг кичик илмий ходим» ҳам нимадандир хабардорга ўхшаб ўтирибди. Мен нима учун бехабарман? Нима учун меровсираб ўтирибман?» Анвар бунақа кутишга, бундай сукутга тоқат қиладиган тоифадан эмас. У «енг кичик илмий ходимга» савол назари билан тикилди. У аввалига бу қарашга дош беролмай, нигоҳини олиб қочди. Кейин ўрнидан турди-да, Анварга яқинлашиб, газитни узатди. Анвар газитни қўлга олганида Гулнора «Вой, тавба-е», деди-да, ўрнидан туриб, хонадан чиқди. «Энг кичик илмий ходим» эса жойига қайтиб, Анварга айбдор одамнинг нигоҳи билан қараб қўйди.

Анвар «мени кутаётган нохушлик шу ерда шекилли?» деган ўй билан газит саҳифаларига кўз югуртирди. Унинг нигоҳи сарсари кезмади. Бир қарашдаёқ Холидийнинг номини топди.

Катта ҳарфлар билан терилган «Жанозасиз кетганлар» деган сарлавҳа устида «профессор Холидий» деб қўйилибди. Анвар мақолани ўқимаёқ, гап нимада эканини англади.

— Ҳаммаси равшан! — деб газитни ғижимлади-да, «енг кичик илмий ходимга» қаради: —

Домла Иноятулло ва Ҳикмат Ўролов ҳақида, шундайми?

— Шундай… Лекин… охиригача ўқинг.

Анвар газитни қайта текислаб, мақолани нафас ютиб ўқий бошлади. Холидий Сталин замонасидаги қатли ом натижасида илм, хусусан, тарих илми нечоғли таъқибга учраганини ёза туриб, кўплар қатори ўзининг ҳам азият чекканини қистириб ўтиб, сўнг гапни домла Иноятулло тақдирига бурган эди. Домла ўзига яқин олиб юрган, ҳатто «шогирдим» деб фахрланган бир гуруҳ олимларнинг унга хиёнат қилгани ҳам айтилган, ўша «бир гуруҳ» орасидан фақат Ҳикмат Ўроловнинг номигина зикр этилган эди. Анвар «Хотин кишининг макри қирқ туяга юк бўлади, дейдилар. Холидийнинг макри қирқ эмас, қирқ минг эшелонга юк бўлар-ов», деб юрарди. Бу мақолани ўқий туриб фикрини ўзгартирди: «Унинг макри қирқ миллион эшелонга юк бўла олади!» Холидийнинг ким экани, юраги оқми, қора эканини билмайдиганлар бу мақолани ўқигач, уни азият чеккан, куюнчак олим сифатида қабул қилишлари шубҳасиз. Газитни минглаб одамлар ўқийди. Энди кимга бориб «аслида Холидийнинг ўзи аблаҳ, Ҳикмат Ўролов ҳалол одам», деб ишонтириш мумкин?

Анварни кутаётган нохушлик мақоланинг сўнгида эди:

«… Мен ҳужжатхонада ўтириб бу далилларга дуч келгач, кўзларимга ишонмадим. Яқин дўстимнинг шундай сири борлигига ажабландим. Ана шунда бошқа бир ҳужжатларни ўрганиб ўтирган иқтидорли олим Анвар Сатторовичга ўқиб берган эдим, у жўшиб кетди.

Ҳа, ҳалол одам деб юргани бундай мунофиқ бўлиб чиқса чидаш қийин. Анвар Сатторович чидай олмади. Кўзда ёш билан ҳужжатхонани тарк этди…»

Анвар газитни ғижимлади, сўнг пора-пора қилиб йиртди. Кейин ўрнидан туриб, Гулнора ўтирган столга яқинлашди-да, ундаги газитни ҳам поралаб ташлагач, столни зарб билан тепди. «Энг кичик илмий ходим» югуриб келиб, уни елкасидан қучоқлади.

— Анвар ака, ўзингизни босинг. Ҳеч ким ишонмайди бу гапларга.

— Мен бор эдим ўша ерда, ўқиб берган эди, мараз! Шуларни ёзиш учун атай борган у ҳароми!

Шу пайт Анварнинг қулоғи шанғиллаб, кўзлари тинди. Таниш овоз эшитилди: «Ҳикмат Ўроловникига бор…»

Анвар «энг кичик илмий ходим»нинг қучоғидан бир юлқиниб бўшади-да, тез-тез юриб, хонадан чиқди. Овознинг ҳукмига бўйсунмай Холидийнинг хонасига борди: эшик берк…

Ўлмас Акрамнинг эшиги ҳам берк… Ҳатто котибаси ҳам йўқ. Анвар эгасиз эшикни тепиб, бўралаб сўкди-да, овознинг буйруғига итоат этиб, Ҳикмат Ўроловнинг уйига қараб кетди.

Ҳикмат Ўролов шаҳар марказида, олимлар учун махсус қуриб берилган икки қаватли уйда яшарди. Эшик қия очиқ бўлса ҳам Анвар қўнғироқни босди. Дам ўтмай остонада

Ҳикмат Ўроловнинг хотини кўринди. Эрини бениҳоя тарзда иззат қилувчи, ҳар қандай бетаъсир шамолдан асрашга интилувчи, сочлари текис оқарган хушрўй, хушмуомала бу аёл барчани ширинсўзлиги билан мафтун этарди. Ҳозир ҳам Анварни меҳрибонлик билан қаршилади.

— Келганингиз яхши бўлди. Домла сизни жуда яхши кўрадилар. Кўп гапирадилар. Анча вақт кўринмадингиз, хавотирландилар.

Анвар нима дейишни билмади. «Тобим йўқ эди», деса, жиннихонадан чиққанига ҳам ярим йил бўлди. Бирров келиб кетиши мумкин эди…

— Айб менда, эътиборсизлик қилдим, — деди Анвар дангал.

Аёл бу гапни эшитиб, ширингина жилмайди-да, бошини сарак-сарак қилиб, деди:

— Ундай деманг, жон ўғлим, ёшларнинг ишлари, ташвишлари кўп бўлади. Энг муҳими, дилингизда тутган бўлсангиз бас.

Анвар остона ҳатлаб ичкари кириб, тўхтади.

— Нега тўхтадингиз, кираверинг.

— Домла… ўқидиларми?

— Ҳа… — аёл маъюс жилмайди. — Лекин сиз қайғурманг. Бу ҳали фожиа эмас. Биз бундан баттарларини-да кўрганмиз.

— Ҳаммаси туҳмат…

— Қайғурманг, деяпман-ку. Домлажон мутлақо эътибор бермадилар. Одатдагидек китобхоналарида иш билан бандлар. Юринг, юраверинг….

Анвар уй бекасининг изидан иккинчи қаватга кўтарилди. Бу уйдаги меҳмон кутишга мўлжалланган энг катта хона китобларга ажратилган. Тўрт девор гир айлана, ҳатто эшик-деразаларнинг ёнлари, тепаларига ҳам тахтачалар қўйилиб, китоблар терилган. Кўча томонга қараган катта дераза ёнида ёзув столи. Икки кишининг суҳбатлашиб ўтиришига мўлжалланган иккита юмшоқ ўриндиқ, пастак курси… Катта хонанинг жиҳозлари шулардан иборат.

Ҳикмат Ўролов юмшоқ ўриндиқлардан бирини банд этган, қўлида қадимдан қолган китоб. Кўзлари китоб саҳифасига қадалган, хаёли эса нима биландир қаттиқ банд эди. У зинадан кўтарилаётган икки кишининг шарпасини сезмади. Анвар унинг ўтиришига қарабоқ, иш билан банд эмаслигини фаҳмлаб, ўгирилди-да, уй бекасига савол назари билан қаради. Уй бекаси бошини чайқаб қўйиб, енгил йўталди. Ҳикмат Ўролов бунга ҳам эътибор бермади. Шунда Анвар баландроқ овозда салом берди.

Хаёл чангалидан юлиб олинган Ҳикмат Ўролов чўчиб тушди-ю, аммо сир бой бермай алик олди-да, ўрнидан туриб Анварга қучоқ очди.

— Қўнғироқнинг чалинишидан сиз келганингизни билувдим. Сиз астагина, одоб билан чаласиз, — деди у Анварни бағрига босиб. — Хурсандман, меҳрибоним, хурсандман.

Қани, ўтирсинлар. Ҳозир иттифоқо мавлоно Румийни ўқиётган эдим. Бир ривоят хаёлимни ўғирлади. Ўқиб берай, эшитинг. Маликам, сиз ҳам тингланг. Гапни чўзмаслик учун мазмунини айтайинми?

— Мен ўзим ўқиб оларман.

— Дуруст. У ҳолда чойни шу ерда ичамиз. Икки олимнинг суҳбати китобхонада кечгани маъқул.

Уй бекаси изига қайтгач, Ҳикмат Ўролов муқовасига ямоқ тушган китобни варақлади.

Анвар ёзув столидаги газитни кўрган, домланинг атайин гапни чалғитишга уринаётганини фаҳмлаб турарди.

— Сиз якан нима эканини биласиз, а? — деб сўради Ҳикмат Ўролов.

Анвар бу сўзни эшитган, аммо нимани англатишини аниқ билмас эди. Шу боис ўйланиб қолди.

— Фақат пул, деманг. Отарчилар бир пайтларда пулни «якан» дейишарди. Якан — ўсимлик, қамишзорда ўсади. Яканни ўриб олиб, қуритиб узум осадилар, ёки сават қалпоқ тўқийдилар. Қамиш, биласиз, узун. Якан эса пастак ўсимлик. Хуллас, якан бир куни қамишга қараб: «Ў, биродар, ҳадеб ғўдаяверма, сал эгил, Оллоҳнинг қуёши нуридан биз ҳам баҳраманд бўлайлик», дебди. Қамиш унга қарагиси ҳам келмай, бурнини жийириб қўйибди. Вақти-соати келиб қамишни ўрибдилар. Сўнг яканни. Тасодифни қарангки, ўша қамишдан ясалган бўйрани бир уйга тўшабдилар. Шу уй тўсинларига эса узумни осибдилар. Якандан тўқилган сават қалпоқни деворга илибдилар. Орадан кунлар ўтаверибди.

Қамиш пастда, якан эса тепада экан. Охири қамиш тепадаги яканга зорланибди:

«Мени ўриб олиб қуритдилар, тепкилаб қовурғаларимни синдирдилар, сўнг сувга бўкдилар.

Сўнг қайириб букиб, бўйра ҳолига келтирдилар. Энди эса ҳар куни тепкилайдилар. Бу ҳам етмагандай бир четимни қайириб, тупурадилар…» — Ҳикмат Ўролов шундай деб кулимсиради: — Нос тупурсалар керак-да, а? Хуллас, қамишнинг ҳасратидан чанг чиқибди. Шунда якан дебди-ки: «Сиз бекор ғўдайдингиз. ўўдайиб ўсавердингиз.

Аммо ичингиз ғовак эканини унутдингиз. ўовак бўлганингиз учун ҳам тепкиланишдан бўлак нарсага ярамадингиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Сиз ўсган ерингизда илдизингиз қолган. Уларга етказинг, сизнинг ҳолингизга тушмасинлар…» — Ҳикмат Ўролов шундай деб Анварга савол назари билан тикилди: — ўаройиб ривоят, шундай эмасми? Қамиш ўриб олинаверади, келгуси йили эса илдизидан яна ўшандай қамиш ўсиб чиқаверади.

Бечора оқибатда қандай хор бўлишини билмай ғўдаяверади. Оёқ остига ташланмай, томга тўшасалар ҳам барибир башарасига лой чаплайдилар… Қисмати оғир… аммо у якан бўлолмайди…

Ҳикмат Ўролов шундай деб иягини қашиб қўйди. Шунда Анвар бармоқларнинг енгил қалтираётганини кўрди. «Дардни яшириш қийин, — деб ўйлади Анвар. Холидийнинг аҳмоқона гапларига эътибор бермай бўларканми? Домла дардини ичига ютишга уриняпти. Юрагида бу дардни ҳам сингдириш учун бўш жой бормикин? Домла нимага бундай қиляпти? Андишаданми? Андишанинг отини қўрқоқ дейишади-ку? Индамай қўйгани барча бўҳтонларга ризо эканини англатмайдими? Наҳот домла буни тушунмайди? Қачонгача индамай ўтираверади? Мана шунақа индамай қўя қолиш одати борлиги учун ҳам Холидий тап тортмай унга ташланган. Қани, Миролимга шундай қилиб кўрсин-чи?! Йў-ўқ, бу шаллақидан қўрқади. Сталин замонида Миролим зиёлиларни қуритишда роса хизмат қилган. Холидий унга салгина тегиб ўтса, ўзи балоларга қолади.

Миролим лўли хотинлардай дод солиб, Холидийнинг айбларини очиб ташлашдан ҳам қайтмайди. Ҳикмат Ўролов эса индамайди… Индамай туриб енгмоқчи бўлади…

Шуларни унга айтайинми?.. У менинг насиҳатимга муҳтожми? Майли, бировга чанг солмасин, аммо… ҳеч бўлмаса ўзини ҳимоя қилса-чи?..»

Ҳикмат Ўролов бармоқларининг титрашидан ноқулай аҳволга тушди. «Сездими ё сезмадими?» деган ҳадикда Анварга ўғринча қараб қўйди. «Ўйга толди… ривоят таъсир қилдими ё Холидийни ўйлаяптими? Келгани яхши бўлди… Ҳалол йигит. Кўнглида кири йўқ… Шунинг учун қийналади. Умр бўйи қийналиб яшашга маҳкум…»

Уй бекаси патнисда нон-чой кўтариб чиқиб, орадаги сукутни бузди.

— Вой эсим қурсин, дастурхон олмабман-ку, — деди у хижолат бўлиб.

— Ҳечқиси йўқ, маликам, — Ҳикмат Ўролов шундай деб ўрнидан чаққон турди-да, ёзув столидаги газитни олиб, курси устига ёйди. — Қўлбола дастурхон ҳам бўлаверади, сиз азият чекманг.

Уй бекаси биринчи қаватга тушиб кетгач, пиёлаларга чой қуйилди. Ҳикмат Ўролов гапни чалғитиб, мақолани эслашни хоҳламасди. Чойнакнинг тагида Холидийнинг мақоласи чоп этилган газит, икковининг кўнгли ҳам, хаёли ҳам шу гаплар билан банд. Аммо мақола туфайли жабр чеккан одам ўзининг бу майда гаплардан юқори эканини кўрсатишга тиришади. Анвар эса бунга тоқат қилолмайди. У ўзини оқламоқчи эмас, бироқ ҳақиқатни айтиши шарт.

— Домла, мен ҳужжатхонада ростдан ҳам бор эдим, аммо… — деб гап бошлади Анвар.

Бироқ, мезбон сўзларини давом эттиришга йўл бермади:

— Сиз мени ранжитяпсиз, азизим, — деди Ҳикмат Ўролов, бош чайқаб. — Шу гапларга ишонадиган гўл одамга ўхшайманми?

— Домла…

— Гапирманг, азизим, гапирманг. Умр бўйи ўша идоранинг хизматини қилиб келган одам ёнингизга кириб ҳужжат титадими? Э… унинг найрангларини кўравериб… Тағин ҳам «домла Иноятуллони Ҳикмат Ўролов ўз қўли билан отган», демабди. Шунисига хурсандман.

Ҳамонки, шу мавзуда гап очдингиз, бир нарсани айтай: тўғри, домла Иноятуллони қамашганда кўплар қатори мени ҳам чақиришган. Мендан аввал Холидийни ҳам чақиришган. Менга унинг кўрсатмаларини беришган, ўз кўзим билан ўқиганман. Мана бу ердаги, — Ҳикмат Ўролов газитни бармоғи билан уриб қўйди, — гаплар ўзининг кўрсатмалари. Домланинг қўлларига кишан уриб берган Холидийнинг ўзи. Сиз ҳужжатлардаги менинг имзомни кўрдингизми?

— Йўқ… қарамай чиқиб кетдим. Жаҳл келганда ақл кетди…

— Хижолат бўлманг, зарари йўқ. Ҳужжатлар вақти келиб қўлингизга тушса қараб қўярсиз.

Мен кўп ёзмаганман. Ёзганларим аниқ эсимда: «Агар ҳалол олим мингта бўлса, мингдан бири домла Иноятулло, у шу мингнинг олдинги қаторида туради. Агар биттагина бўлса, демак, у шубҳасиз — домла Иноятулло». Мени қийнашмади. Бошқа сўроққа чақиришмади. Шунга то ҳозирга қадар ҳайронман. Балки мен ёзиб берган қоғоз йўқотилгандир. Балки имзо бошқа қоғозга кўчирилгандир, буниси менга қоронғи. Мен ҳали ҳам ўша фикримда қатъий тураман: домла Иноятуллодай олим олдида биз сариқ чақа қимматига ҳам эга эмасмиз. Бундай дейишимга асос борми? Бор. Сиз айтинг, азизим, бизни тарихчи олим дейиш мумкинми?

Суҳбатнинг бу тарзда бурилиши Анварни ажаблантирди, бундай саволнинг берилиши эса ўйлантирди.

— Мен сиздан жавоб кутяпман, азизим, — деди Ҳикмат Ўролов. — Айтинг, бизни тарихчи олим дейиш мумкинми?

— Агар кеча бошқа гап айтиб, бугун бошқасини даъво қилаётганимиз назарда тутилса…

— Бу бошқа масала. Айтиш мумкинки, бу имон масаласи. Унвонлар, илмий даражалар ҳам бошқа масала. Сиз менга бир сўз билан жавоб беринг: ҳа, ёки йўқ! Сўнг жавобингизни албатта изоҳлаб ҳам берасиз.

Ҳикмат Ўролов Анварнинг кўзларига тикилиб кулимсиради. Анвар бу саволга ақли етган даражада жавоб бера оларди, аммо унга мезбоннинг асл мақсади қоронғу эди. Шу боис жавобга шошилмади.

— Сиз қийналманг. Ўзим айтиб қўя қолай: йўқ! Сабаб: бир куни домла Иноятуллонинг уйларига борсам, заррабинга тикилиб ўтирибдилар. Сизда заррабин борми? Ҳа, менда ҳам йўқ. Хуллас, бир археолог олим домлага узум данакларини берибди. Данакнинг умри салкам минг йил эмиш. Археологнинг айтишича, Эски шаҳардаги қазилма пайтида ҳожатхона ўрнидан топилган эмиш. Домла Иноятулло археологлар билан яқин эдилар. Сиз археологлар билан охирги марта қачон учрашгансиз? Менинг ҳам ёдимда йўқ. Хуллас, ўшанда: «Домла, бу сизга нима учун керак?» деб сўрадим. Домла: «Ҳақиқий тарихчи олим шуларгача аниқ билиши шарт. Ҳусайни узум ҳозир қандай, минг йил ва аввал қандай бўлган, минг йил ичида табиат қандай ўзгаришларни, нима сабабдан бошидан кечирди — биз билмасак, ким билади? Тарихий воқеалар билан табиатдаги ўзгаришлар орасида узвий боғланиш йўқми?» Хуллас, ўшанда ҳақиқий тарихчи олим — домла Иноятулло деб ишонганман. Биз китоб ўқиб, таҳлил қилиб, тарих илмини яратяпмиз, деб кериламиз. Бу китобларни бизгача кимдир ёзиб кетган. Биз фойдаланаётган адабиётларни араб ҳам, форс ҳам, фарангими немисми, жуҳудми ё русми, ким бўлса бўлсин, ёзган. Маълум бир ҳақиқатга ҳар бири ўз миллати фойдаси нуқтаи назаридан ёндошган ва баҳо берган.

— Худди шу нуқтада хато йўлга қадам қўйганмиз, — деди Анвар. — Биз қўлимизга жуҳуднинг китоби тушса, тарих шундай эди, деб жавраймиз. Немисники тушса, йўқ, бунақа эди, деб туриб оламиз. Мана, тарихга икки хил муносабатга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Кечагина ундай девдик, бугун эса бундай. Қадимда шундай ҳол юз бермаганми? Берган… — Анвар «гапларини бўлиб ранжитмадимми?» деган маънода мезбонга қаради. Ҳикмат Ўролов унинг хавотирини сезиб, «дуруст гапиряпсиз, азизим, давом этинг», дегандай жилмайиб қўйди. Анвар бундан дадилланиб фикрини давом эттирди:

— Биз ўша китобларга қул бўлиб юраверамиз. Мен борайинда Миролим домламиздан:

«Темур замонида тоифи узум бўлганми?» деб сўрай. Турган гапки, у «Темурга узумнинг нима алоқаси бор», дейди. Ҳолбуки домла Иноятулло йўлини тутган, ўзини тарихчи олимман дейдиган одам буни билиши керак экан. Ҳалиги айтган ривоятингизни қаранг… биз ичи бўш қамишга ўхшамаймизми? Бир масалага икки хил қарашга

виждонимиз қандай йўл қўяди. Кечагина Миролим домламиз Темурни қонхўр, деб, Темурнинг салоҳиятига ижобий баҳо бермоқчи бўлганларни ямламай ютган эди. Бугун эса акси: ким Темур жанг қилган, деса «Сен тарихга қонли кўйлак кийгизмоқчимисан!» деб юмдалаяпти. Қизиғи шуки, Темур ҳақида кеча ҳам шу зот асосий ҳукмни чиқарар эди, бугун ҳам. Баъзан ҳайрон қоламан. Бу Миролим деганлари, Темурнинг отаси уйланаётганида куёв жўра бўлганми ё Темур туғилганида киндигини кесганмикин?

Бу гапни эшитиб Ҳикмат Ўролов қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

— Топиб айтдингиз, баракалла, — деди у ўзини кулгидан тўхтата олмай.

— У домламиз нари борса Темур ҳақида тўрт-беш китоб ўқигандирлар. Олтинчисини топиб, буни ҳам ўқинг, дейилса, мен бунақасини билмайман, деб туриб оладилар. Қаранг-а! У киши билмасалар ўша олтинчи китобнинг яшашга ҳаққи йўқ экан. Ўша олтинчи китоб юз йиллар давомида дунё олимларининг диққати марказида турган бўлса-чи? Сиз куляпсиз домла, аммо хафа бўлсангиз ҳам бир гап айтаман.

— Айтинг, азизим. Биламан, сиз ноҳақ гап айтмайсиз.

— Сиз, сизга ўхшаган олимлар нима учун Холидийга, Миролимга майдонни бўшатиб бергансизлар? Янчиб ташласаларинг бўлмасмиди?

— Янчиб… — Ҳикмат Ўролов кулимсираб, бош чайқади. — Сояни янчиб ташлай оласизми? Ахир улар замон ғоясининг соялари эдилар. Сиз ҳақиқатчи йигитсиз. Сизга ўхшаган йигитлар кўп, шундан хурсандман. Лекин орангизда ёш Холидийлар йўқми?

Уларни янчиб ташлай оласизми? Саволимга ҳозир жавоб қайтарманг, жавобни вақт беради.

Азизим, сиз баҳсни яхши кўрасиз, биламан. Сиздан ўтинчим бор: бугун баҳслашмайлик.

Ундан кўра, сиз келмай туриб ўқиган яна бир ривоят баёнини айтиб берай: Луқмони ҳаким билан илон баҳсини эшитганмисиз?

— Йўқ.

— Тингланг, ажойиб ривоят: хуллас, Луқмони ҳаким йўлда бораётсалар бир уйдан нола эшитилибди. Кирсалар, хаста одам оғриқларга чидаёлмай дод дер эмиш. Табиблар келиб, уни бугун-ерта ўлади, дейишибди экан. Луқмони ҳаким хастанинг билак томирини ушлаб кўриб дебдиларки: — Дардингизга даво бор. Илон заҳри сизга шифо бергай. Хаста дебдики: — Илон заҳрини мен қайдан топай? Бир бедаво бўлсам… Ё мени шу аҳволда ташлаб кетаверасизми? Оллоҳ менинг зоримни эшитиб, Луқмони ҳакимга рўбарў қилганида эди, у зот мени ташламас эдилар. Луқмони ҳаким бу нолани тинглаб айтибдиларки: — Зинҳор ташламасман. Хуллас, ҳазрат Луқмони ҳаким илонзорга бориб бир ёшроқ илонни бўғзидан бўғиб тутибдилар. Шунда илон иттифоқо тилга кирибди ва дебдики: «Эй инсон фарзанди, сен нечун мени бўға-ётирсан? Оллоҳнинг менга берган жабрлари камми эди?» «Оллоҳ сенга қандай жабрлар қилди?» деб сўрабдилар Луқмони ҳаким. «Мени кўримсиз қилиб яратди, одамлар кўрсалар мендан қочадилар. Мени ертубан қилиб қўйди, судралиб юришга маҳкум этди. Энди сен мени бўғиб, жонимни оларсанми?» Луқмони ҳаким дебдилар: «Шундай қилмасам, бир одам ҳаётдан кўз юмар». Илон дебди: «Ажаб! У одамни сақлаб қолмоқ учун мени ўлдирасанми? Ахир у ҳам Оллоҳнинг бир махлуқи, мен ҳам. Бир жонни сақлаб қолмоқ учун иккинчисини маҳв этмоқ шартми? Эй инсон боласи, сен айт: мен бировни чақсам, менинг заҳримни даф эта оласанми?»

Луқмони ҳаким айтибдилар: «Ҳа, даф эта оламан». Илон дебди: «Унда менинг заҳрим кучли эмас экан. Дунёда шундай заҳар борки, сен уни зинҳор даф эта олмассан!»

«Қандай заҳар? Қора қуртникими?» — дебдилар Луқмони ҳаким. «Э, йўқ, — дебди илон. — Дунёда энг кучли заҳар одамнинг заҳри. Бунга даво йўқтур. Одам одамни чақса албатта ўлим ҳақдир! Оллоҳ биз — илонларни тубан қилиб яратди. Аммо биз бир-биримизни чақмаймиз. Сиз — одам болаларини юқори қилиб яратди, сиз бир-бирингизни чақиб ўлдирасиз. Сен жонини сақлаб қолмоқчи бўлаётган хастага менинг заҳрим даво эмас, янглишма. Уни ўз дўсти чаққан. Унинг заҳрига даво топа олмассан. Бунга ҳатто Луқмон ҳам даво топмагай. Қўй, у ўлаверсин, азобларидан қутула қолсин…» — Ҳикмат Ўролов шундай деб хўрсиниб қўйди.

Унинг нима учун хўрсинганини Анвар эртасига фаҳмлаб етди.

 

***

 

Нима?!

Ҳикмат Ўролов ўлди?!

Анвар қулоқларига ишонмади.

Аввалига «энг кичик илмий ходим»ни институт остонасида кўриб «Эрталабдан кимни кутаётган экан?» деб ўйлаб, ажабланган эди. Энди билса, бу шумхабарни етказиш учун турган экан. Анвар ҳозир «нима учун мени қаршилади, нима учун мени ичкарига қўйгиси келмади» деб ўйламади. Буни кейинроқ, жиннихонада ётганида ўйлайди. Ҳозир эса шумхабар зарбидан карахт бўлиб турарди.

— Кеча оқшомда тўсатдан узилибдилар, — деди «енг кичик илмий ходим». — Кечқурун уйимга телефон қилишди. Кечаси билан шу ерда эдик, жой тайёрладик. Хайрлашиш учун шу ерга қўйишмоқчи экан. Кеннойи унамабдилар. Шунга… Ўлмас ака сиздан илтимос қилдилар. Бориб, кўндириб бераркансиз. Сиёсий масала, дейишаяпти…

— Сиёсий масала?! — Анвар ҳамхонасининг ёқасига чанг солганини ўзи ҳам сезмай қолди. — Ўлиб ҳам қутулмасинми?!

«Анвар ака, ўзингизни босинг», деган огоҳлантиришдан сўнг унинг ёқасини бўшатди.

— Ўзи қани, директорчанг? — деб сўради титроқ овозда. Сўнг жавоб кутмай ичкарига қараб юрди.

Чиндан ҳам эрталабгача бу ерда анча иш қилинган эди: эшик оғзидаги қоровулнинг столи олинган, қўйилганидан бери ишлатилмаган кийим илгичлар ҳам йўқотилган, ўртага гилам тўшалган, зинанинг ёнидаги устунга Ҳикмат Ўроловнинг сурати осилган, сурат остида эса қора рангли ҳарфларда ёзилган «Бераҳм ажал атоқли олим, буюк инсонни бағримиздан юлиб олди», деб бошланиб, «ўлим уни даврамиздан олиб кетди, то тирик эканмиз номини қалбимиздан ҳеч қандай куч юлиб ололмайди» деб якунланувчи таъзиянома ёпиштирилган эди. Анвар бу сатрларни атайин тўхтаб ўқимади. Бир кўз ташлашда бошланишию хотимасига нигоҳи тушиб эслаб қолди.

«Энг кичик илмий ходим» зинадан чиқишига йўл қўймади:

— Анвар ака, фойдаси йўқ.

Дастлаб Анвар уни силтаб ташлагиси келди. Бироқ, унинг маъюс боқиб турган толиққан кўзларига кўзи тушгач, шаштидан қайтди. ўазаб исканжаси уни бир оз ҳоли қўйди-ю, орқасига ўгирилди…

Ҳикмат Ўролов яшаган икки қаватли уй олдида одамлар тўпланиб туришган эди. Йўл четида насронийларнинг қизил мато қопланган тобути, дарахтга эса гулчамбар тираб қўйилган, Марҳумнинг уйига кираверишда эса икки йигит ёғоч отни минишга ҳозирларди — тобут атрофини оқ мато билан ўрарди. Анвар буни кўриб, йиғлаб юборди-да, юришдан тўхтади. Чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, кўз ёшларини артгач, аста юриб, тўпланиб турган одамлар қаторига қўшилди. «Энг кичик илмий ходим» ҳам унинг ёнидан жой олди. Раҳбариятнинг топшириғини эслатмади.

Ярим соатлардан сўнг бел боғлаган бир йигит Анварни имлаб чақириб ичкарига бошлади.

Даҳлизда уни Ҳикмат Ўроловнинг беваси қаршилади.

… кечагина «маликам» деб эркаланган бу аёл бугун бева эди…

Анвар уни кўриши билан яна йиғлаб юборди. Мусибатни чекинтира олувчи, дардга малҳам бўлишга қодир бирон сўз тилига келмади.

— Яратганнинг иродаси шу экан, иложимиз қанча… Сизни чақирганим… раҳбарларингизга айтинг, хафа бўлишмасин, уларнинг топшириқларини бажара олмайман. Эл-юрт нима деса шу…

Бева шундай деб йиғи овози чиқиб турган хона сари юрди. Анвар бўғзини бўғаётган йиғини қайтаришга уриниб, жойида пича турди. У хонадан бу хонага, уйдан кўчага… кириб-чиқиб юрган, мусибатга банди бўлган одамлар унинг қотиб турганига эътибор беришмади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК