ТИББИЁТ ВА ТЕХНОЛОГИЯ ХАБАРЛАРИ ҚИСҚА САТРЛАРДА…

0

 

 

КЎКРАК САРАТОНИНИНГ АСОСИЙ САБАБЧИСИ

 

Техас университети олимларининг изланишлар натижасига суянган ҳолда таъкидлашича, кундалик ҳаётда аёлларимизнинг кушандасига айланган кўкрак саратонини биринчи навбатда спиртли ичимликлар, меъёридан ошган ширинликлар, кетчуп, энергетик ичимликлар келтириб чиқараркан.

Бундан ташқари, аёллар ва қизлар ҳайвон ёғи, бургер, картошка фриси, қизил гўшт ва ниҳоят қисқа фурсатда пишириладиган таомлар ичтеъмолидан тийилишлари зарур. Юқорида санаб ўтилган таомларнинг барчаси кўкрак саратони ривожланишида муҳим рол ўйнайди.

 

ХАЁЛИМИЗНИ ЎҚИБ, УНИ ҚОҒОЗГА ТУШИРА ОЛУВЧИ КОМПЬЮТЕРЛАР

 

Россия олимлари 21- аср компьютерини яратишга муяссар бўлишди. Бу технология ёрдамида биз клавиатурага қўл теккизмаган, мониторга қарамаган ҳолда матнларни тера оламиз. Лекин бу технологияни юз фоиз ўзлаштириб олиш лозим бўлади. Чунки матн теришда ҳар бир ҳарфни хаёлдан ўтказиш керак. Агар адашсангиз, хатолар тўғри қоғозга тушади ва уларни тўғрилаш учун вақт ажратишингизга тўғри келади. Хатога йўл қўймаслик учун хаёлда фақат терилажак матн ҳақида ўйлаш зарур.

Ажабланарлиси, компьютер ва мияни бир-бири билан муносабатга киритиш учун бошга махсус мослама кийилади. Ана шундан кейин фикрни бир нуқтага жамлаб керакли ҳарфни хаёлдан ўтказилади. Компьютер уни қоғозга тушира бошлайди. Олимларнинг айтишича, янги технология чат орқали одамларнинг бир-бири билан тиллашишида жуда қўл келаркан.

 

САЙЁҲГА АТАЛГАН ТАРЖИМА ДАСТУРИ

 

Хориж саёҳатига йўл олган сайёҳнинг олдида битта асосий муаммо туради. У ўзи бораётган хориж давлат тилини тушунмайди. Лекин шаҳар айланиши керак. Борадиган манзилини шу юрт фуқароларидан сўраб аниқлаши керак. Хўш, нима қилади? Калифорния штатидаги «Timekettle» стартапи мутахассислари муаммонинг ечимини топишди. Улар «WT-2» bluetooth-гарнитурасини яратишди. Гарнитура электрон таржимонига эга. Сиз бегона юртга боргач, наушникларни қулоққа тақасиз ва шу функцияни ишга туширасиз. Қолганини смартфоннинг ўзи бажаради. Қайси давлатда бўлманг, сиз таржимон кўмагида ўша юрт одамларига фикрингизни тушунтира оласиз.

Айтишларича, «WT-2» ҳозир Американинг ўзида сотилмоқда. Яқин вақтлар оралиғида дунёга тарқатилиши режалаштирилган.

 

ҚИЗИЛИ ҲАМ, ОҚИ ҲАМ ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ МАҲСУЛОТ

 

Калифорния университети олимлари ўтказган навбатдаги тадқиқот оқ ва қизил гўштнинг организмга таъсири масаласига бағишланди. Маълум бўлдики, меъёридан ортиқ истеъмол қилинса, оқ гўшт ҳам, қизил гўшт ҳам қондаги холестерин миқдори ортишига олиб келаркан.

— Биз шу пайтгача, — дейди тадқиқот раҳбари, доктор Рональд Краусс. — Парранда гўштига нисбатан ҳайвон гўшти организм учун кўпроқ зиён етказади деб ўйлардик. Аммо бу изланишлар жараёнида иккаласи ҳам бир хил таъсирга эга эканини аниқладик. Шунинг учун дунё аҳлига гўшт истеъмолини кескин камайтириш, унинг ўрнига сабзавотлар, сут маҳсулотлари, дуккакли ўсимликлар истеъмол қилишни маслаҳат берамиз.