Россия эстрадаси юлдузи Филипп Киркоровни яна қўшиқ ўғирлаганликда айблашмоқда…

0

 

— Жонга тегди-ку бу француз, — деб ёзади Филипп Киркоров Москва шаҳар тергов қўмитасига битган шикоят аризасида. — У мени шантаж қилишдан бўшамаяпти…

Бу ерда гап франциялик машҳур бастакор Дидье Маруани ҳақида боради. У ўтган йили ҳам Филипп Киркоровни «A Symphonic Space Dream» деб номланган қўшиғини ўғирлаб, қўшиққа «Шафқатсиз муҳаббат» дея ном ҳам қўйиб олганликда айблаган. Ўшанда бастакор ўғирлик учун хонандадан 1 миллион доллар товон пули талаб қилган. Аммо Москва шаҳар тергов қўмитаси ҳам, прокуратура ҳам бастакорнинг талабини инобатга олишдан, Киркоровга қарши жиноий иш қўзғатишдан бош тортганди. Мана, орадан бир йил ўтиб бастакор яна жанжал саҳнасига чиқди. Жаҳл отига минган Филипп эса энди унинг устидан шикоят қилиб тергов қўмитасига ариза ташлади.

Киркоровнинг адвокатлари айтишмоқдаки, франциялик бастакор тилга олган қўшиқ экспертизадан ҳам ўтказилди. Мусиқашунослар бу ерда ҳеч қандай плагиат, яъни, ўғирлик йўқлигини бир овоздан тасдиқлашди.

Агар Дидье Маруани Киркоровнинг аризаси бўйича айбдор деб топилса, у ё 1 миллион рубл миқдоридаги жаримага тортилади, ёки 240 соатлик мажбурий хизматга тортилади.