ИИВ айрим журналист ва блогерларни мутасаддиларнинг сўзларини нотўғри талқин қилганликда айблади

0

10 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ички ишлар вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган эди. Вазирлик матбуот хизмати айрим жоурналист ва блогерларни матбуот анжуманида берилган жавобларни нотўғри талқин қилганликда айблади.

«Баъзи электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзлари берган саволларга қайтарилган жавобларни нотўғри талқин қилиб, ижтимоий тармоқлардаги ўз манбаларида тарқатган. Баъзи бир электрон оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу нотўғри талқин қилинган жавобларни кўчириб, ўз манбаларида эълон қилган. Бу эса ўз навбатида манбадан фойдаланувчиларни чалғитишга, қонунчиликни нотўғри тушунишга олиб келадил, — дейилади хабарда.

Мулоқотда иштирок этган журналистлардан бирининг «Маълумки, Тошкент шаҳрида прописка тартибини бузган вилоятликлар жаримага тортилади. Худди шу қоида бошқа вилоятларга борган тошкентликлар учун ҳам қўлланиладими?» деган саволига, Бадриддин Шорихсиев томонидан қайтарилган жавоб нотўғри талқин қилинган.

Жавобда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш алоҳида тартиб асосида амалга оширилиши, бошқа вилоятларда доимий прописка қилишда муаммолар йўқлиги назарда тутилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида, (Паспорт тизими қоидаларини бузиш) паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб қайд этилган.

Кодекснинг ушбу моддаси, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига шу жумладан, Тошкент шаҳрида доимий пропискада турган фуқароларга тегишли бўлиб, улар ҳам паспорт тизими қоидаларига амал қилишга мажбурдирлар.

«Матбуот анжуманида иштирок этиб, саволлар бераётган ОАВ вакилларига қарата шуни айтиш лозимки, савол беришдан олдин матбуот анжумани мавзуси билан танишиб, саволларни мавзу доирасида берсалар. Чунки, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари кўп тармоқли бўлганлиги сабабли, матбуот анжуманига мавзуга оид тегишли мутахассислар таклиф этилади.

Агар ОАВ вакиллари берган саволларига олган жавобларини тушунмасалар, ўзларича шарҳламасликлари керак. Уларнинг ўз тушунчаларида талқин қилган хабарлари манба фойдаланувчиларини чалғитишга олиб келади. Шунингдек, матбуот анжуманида иштирок этган айрим оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар атрофдагиларни ҳурмат қилган ҳолда оддий одоб-аҳлоқ нормаларига (беҳурматлик билан сақич чайнаш, бошқаларга нисбатан ҳурматсизлик билан ўтириш…) риоя қилсалар, ўзларининг юксак маданият соҳиби эканликларини намоён қилган бўладилар.

Албатта, ҳар бир ўзказилаётган тадбирлар барча учун фойдали бўлиши ва халқимиз манфаати учун хизмат қилиши зарур. Баъзи бир ОАВларининг нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатларини ўйлаб, бошқалар шаънини ерга уриб тарқатган мантиқсиз хабарлари гўёки уларнинг фойдаланувчилари сонини ортириб, обрўларини ошиб юборади.

Ўйлаймизки, тегишли журналист ва блогерлар ўзларига тўғри хулоса чиқаради», — дейилади хабарда.