Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш

0

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккага келган пайтларида кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Одамлар у кишининг олдига келишар, ҳамма ўзи учун дуо сўрарди. Буюк саҳобий эса ҳузурларига хулуси ният билан келган бу инсонларни дуо қилар ва қилган дуолари ижобат бўларди.

Абдуллоҳ ибн Соиб айтади: «Ёш бола эдим. Саъд розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, ўзимни таништирган эдим, мени таниб, «Сен Макка аҳлининг қорисимисан?» деб сўради. «Ҳа», дедим. У билан суҳбатлашиб ўтирдик. Мен у зотга: «Амаки, одамларни дуо қиласиз, ўзингиз учун ҳам дуо қилсангиз бўлмайдими? Аллоҳ таоло кўзингизни қайтариб беради-ку», дедим. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу табассум қилиб, «Ўғлим, Аллоҳ таолонинг тақдири мен учун кўзимнинг кўришидан яхшироқ», деб жавоб берди».

«Солиҳлар гулшани» китобидан