Ҳикоя: «Қон ва қасос»

0

— Устоз, «Менга ит тегди», дегани нима дегани?

Сумкасига турли нарсаларни солиш билан андармон бўлиб ўқувчиларининг        шовқин-сурон билан синфдан чиқиб кетаётганига унчалик эътибор бермаётган Ирода муаллим бу саволни эшитиб, титраб кетди. Кейин олдида жовдирабгина турган Музаффарнинг кўзларига тикилиб, унинг қўлларидан тутди-да, мулойим овозда сўради:

— Бу гапни кимдан эшитдинг, болажон?

Музаффар аввалига бироз довдиради. Сўнг қатъий    тарзда жавоб қайтарди:

— Кеча битта кинода кўриб қолдим: бир қиз дугонасига йиғлаб шундай деди. Онамдан сўрасам, «Сен ҳали бунақа гапларни билишга ёшлик қиласан!» деб уришиб берди. Шунга сиздан сўраётгандим, ахир сиз ҳамма нарсани биласиз-ку, устоз!

«Ҳа, бу XXI асрнинг болалари-я, — деб ўйлади Ирода муаллим ўқувчисининг жавобидан кейин енгил уф тортаркан, — кинода кўрган эмиш. Мен бўлсам бошқа нарса бўлдимикин, деб юрагим ёрилиб кетай деди». Аммо ўқитувчи хаёлидаги гапларни ташига чиқармади. Бунинг ўрнига сумкасини кавлаб икки дона конфет топди-да, Музаффарнинг қўлига тутқазаркан, деди:

— Мана буни олгин-да, тез уйингга қараб чоп! Онанг тўғри айтибди: сен ҳали бундай гапларнинг маъносини билишга ҳам, бундай киноларни кўришга ҳам ёшлик қиласан. Онангни кўрсам, ўзим яхшилаб     тайинлаб қўяман. Кино деб ҳар бало, бир балоларни ўзи кўравермасин. Сенга эса бундай киноларни кўриш умуман мумкин эмас, тушундингми?

Музаффар «Тушундим» дегандай бош силкитиб, синфдан чиқиб кетди. Ирода муаллим эса ўйланиб қолди. Чунки у Музаффарни биринчи синфлигидан билади. Бу бола бекордан- бекорга ҳеч нимани сўрамайди. Феъли шунақа. Аммо сўрадими, демак, бунинг бирор жиддий сабаби бор…

Ростдан, Музаффар устози берган конфетга эътибор ҳам бергани йўқ. Чунки унинг фикру хаёли опасида. Опасининг кеча тунда онасига йиғлаб айтган гапларида.

Тун ярмидан ошганмикин ёки ҳали анча эртамиди, Музаффар уйғониб кетди. Кейин нима сабабдан уйнинг қоп-қоронғи эканлиги сабабини билолмай, ўрнидан қимирламай ётди. Ахир онаси, агар онаси уйда бўлмаса, опаларидан бири керосин пиликли чироқни ёқиб қўйгучи эди. Бу уларнинг уйида ойлаб электр токи бўлмайдиган пайтлардан бери одат бўлиб қолган. Бугун ана шу доим бироз тутаб ёниб турадиган шиша чироқ йўқ. Музаффар бир-икки марта кўзларини очиб-юмиб, ўзини қоронғиликка ўргатмоқчи бўлди, аммо шу пайт Муаззам опасининг йиғи аралаш: «Она, мен энди нима қиламан? Қишлоқда қандай қилиб бош кўтариб юраман?» деган сўзларини эшитди-ю, ётган жойида тек қотди. Шундан сўнг онасининг аввал чуқур уф тортгани, кейин: «Қизим-эй, бошимиздаги шунча савдолар кам эдими?..» дея йиғлаган овози эшитилди.

Музаффарнинг қулоғи динг бўлди. У опасининг нега йиғлаётгани сабабини тушунолмасди. Бу ҳам этмагандек опаси: «Менга ит тегди, она, ит тегди! Энди мен қандай қилиб бош кўтариб юраман?» дея қаттиқроқ йиғлай бошлади.

— Ҳой, секинроқ, ҳозир Муқаддам билан Музаффарни уйғотиб юборасан, — деди онаси ҳам қайғули овозда.

— Она, бу ёқда мен шарманда бўлиб ўтирибман-у, сиз ўғлингиз билан қизингизнинг уйқусини ўйлайсиз-а?! — деди опаси таънали товушда.

— Вой қизим-эй, менга қолса шундай бўлсин, дебманми? Ўзи опангникида неча кун турган бўлсам, худди игна устида ўтиргандай бўлдим. Аслида, ўшанда кўнглим сезган экан-да. Аксига олиб чақалоқнинг ҳам киндиги тезда туша қолмади. Азаматни бешикка солар-солмас шошилиб йўлга тушдим. Дардингни олай, қизим, энди ҳадеб йиғлаб, менинг ҳам юрагимни адо қилмай, ўзингни қўлга ол…

— Бу нима деганингиз, она?! Қандай қилиб ўзимни қўлга оламан?! Ахир! Ахир менга энди ит теккан бўлса!

«Ие, опам ҳам роса ваҳимачи-да, — деб ўйлади Музаффар опасининг гапларидан сўнг кулгиси қистаб, — нима, ит теккан бўлса, обрезга борибми ёки ташқарига чиқибми, юз-қўлларини яхшилаб кир совунда ювиб ташласин. Шуниям онамга айтиб, йиғлаб ўтирадими? Ана, мен ҳар куни неча соатлаб Оқбой билан ўйнайман, қўлимдаги кулчамгача тортиб олиб, ҳатто юзимгача ялаб ташлайди, ҳеч кимга ҳеч нарса демайман-ку!..» Бироқ болакайнинг ўйлаётган гаплари чала қолди.

— Онажон, мен бундай яшай олмайман! Мараз Мансурни биламан, камида уч-тўртта ўртоғига «Муаззамни шундай қилдим», деб аллақачон мақтаниб бўлган. Энди менинг олдимда битта йўл бор, она! — деди опаси яна кетма-кет уф тортаркан.

— Тентак бўлма! Жиннича гапларингни ҳам бошқа гапирма! Ўзи отангнинг куйиги ҳам менга етади! Нима, энди сен ҳам мени… — дея онаси гапининг давомини айтмади.

Музаффар гарчи опаси билан онасининг кўпи жумбоқли сўзларига яхши тушунмаётган бўлса-да, яна пича уларнинг гапларига қулоқ тутиб ётди. Кейин ухлаб қолди. Эрталаб турса, Муаззам опасининг ўрни бўм-бўш. Тонг отмасдан туриб оладиган онаси эса негадир ҳалигача ётибди. Лекин қайта-қайта хўрсинишидан ухламаётгани аниқ.

— Она?.. — деди болакай волидасининг эътиборини тортиш учун.

Жавоб бўлмади.

— Она! — бу сафар сал дадилроқ овозда чақирди Музаффар.

Яна жавоб йўқ.

— Она, нега индамайсиз? Мазангиз бўлмаяптими?..

Шундан сўнггина онаси қаради унга. Онанинг нигоҳида олам-олам дарду ғам бор эдики, бу ҳолатни тасвирлаб беришга қалам ожиз.

Аслида, Музаффар «Она, «Ит теккан» дегани нима дегани?» деб сўрашга чоғланганди, аммо онасини беҳол кўрдию, фикридан қайтди. Чунки у ҳозир меҳрибонининг туни билан ухламай, бунинг устига йиғлаб чиққани сабаб қизариб кетган кўзларию деярли шишиб кетган юзига қараб, бола ақли билан бўлса-да, фаҳмлаб турарди. «Яхшиси, Ирода устоздан сўраб оламан», деб ўйлади у. Лекин устозига ҳам бор гапни айтолмай, дами ичига тушгудек бўлиб уйига қайтди. Ва уйига қайтаётиб йўлда ўзидан тўрт ёш катта, кутубхонадаги китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиққан Нурбекка дуч келди-да, гап орасида ундан «ит тегиш» нима эканини билиб олди…

Шундай кунларнинг бирида қишлоқда келин тўй бўлди. Музаффар тенгқурлари қатори тўйга борди. Бормаса бўлар экан, ўша ерда у биринчи марта опаси «мараз Мансур» дея тилга олган йигитни кўрди. Тўғрироғи, тенгдошлари билан бир чеккада шўрвага нон ботириб еяётган Музаффарнинг олдига ўзидан икки синф юқорида ўқийдиган Абдумалик келиб, «Сени Мансур ака чақиряпти. Тез бораркансан», деди. «Мансур аканг ким, танимасам, билмасам», деди Музаффар. «Салкам поччанг эмиш-ку, шундай десанг, дарров келади», деди Абдумалик ҳам совуқдан-совуқ тиржайиб. Музаффар ичаётган шўрвасини чала қолдириб, Мансур томонга кетди. Жинси шим, қора футболка кийган, бўйнида қалин тилла занжир, кўзи қолиб пешонасига кўзойнак таққан олифта йигит экан Мансур деганлари. Музаффар индамай бир тўда йигитлар орасида нималарнидир айтиб мақтанаётган Мансурнинг яқинига борганда тўхтади. Нимадир болакайнинг уларнинг олдигача боришига халал бераётгандек эди. Йигитлардан бири «Ана, келди!» дея Музаффарни кўрсатиб олифтага имо қилганди, Мансур «Буям опачасига ўхшаб тортинчоққа ўхшайди!» деганди, даврада гурра кулги кўтарилди. Музаффарнинг ўзи бўлари бўлиб, нима қилишини билмай турганди, бу гапдан кейин алам ва жаҳлдан юзи бўғриқиб, қип-қизариб кетди.

— Менга қара, отинг Музикмиди сенинг? — деди Мансур «чирт» етказиб болакайнинг оёқлари остига тупураркан.

Музаффар индамай тураверди. Мансурнинг жаҳли чиқди.

— Ҳой бола, мен сенга гапиряпман, катталар билан гаплашишни биласанми ўзи?! — дея ўдағайлади у болага қараркан.

Музаффар яна индамади.

— Гапирмасанг, гапирма, лекин менга Муаззам опачангнинг қайси уйда ётишини айтсанг бўлди! Эвазига эллик минг сўм оласан! — деди Мансур мақтангандек гердайиб. — Мен бу ерда болалар билан битта ресторанда ўтиришдан гаров бойлашиб қўйдим, хуллас, бу ёғининг сенга алоқаси йўқ. Муаззам билан қиладиган озгина чала ишларимиз бор…

Олифтанинг гапи шу ерга етганда болакай чидаб туролмади. Югуриб борди-да, бир сакраб Мансурнинг бошини мўлжаллаб мушт солмоқчи бўлди. Аммо 11 ёш бола қаердаю, гавдаси сўлақмондай беш-олтита йигит қаерда. Уларнинг бири Музаффарни тутиб қолиб, ўртоғини мушт ейишдан сақлаб қолди. Болакай Мансур қолиб, ҳалиги йигитнинг гирибонига чанг солмоқчи бўлди. Бироқ яна бесамар.

— Бу бола бўрига ўхшаб нуқул томоққа чанг соладими, дейман?! — дея кулди тўдадаги йигитлардан бири.

— Лекин Мансурбой, Муаззамни излаб борганингда эҳтиёт бўл, бу боланинг ити бор, яна бўйнингни тишлай олмасаям, сонингдан бир парчасини узиб олмасин! — дея ҳазил қилди яна бири.

— Э-э, ўтган сафар кўрганман итини! Ит эмас, ҳали лайча-ку! Мен ити бор деса, қопонғич ити бўлса керак, деб ўйлаб, атай тоғамларникига кириб қассоб пичоғини олволибман. Бориб, ҳовлисига кирганимда бир ҳургандек бўлди-ю, кейин қайтиб қорасини ҳам кўрсатмади…

Шундан сўнг Музаффардан гап олиш бефойдалигини сезган йигитлар унинг кетишига рухсат беришди. Музаффар кетди. Аммо шу кетишда унинг юрагида алам бор эди. Болакай опасига теккан «ит» кимлигини билиб олган ва унинг жажжи юрагида ўч олиш истаги ниш уриб келаётганди.

* * *

— Дада, сизни Учқўлдаги Иқбол холанинг ўғли сўраб келибди. Ичкарига кир, десам, уяляптими, кирмади, — деди Тошниёз қассобнинг кенжа қизи Гулбаҳор уйга кириб.

Тошниёз қассобнинг хаёлига дарров «Иқболнинг эри қамоқда бўлса, ўғлини қарз сўраб жўнаттиргандир-да», деган ўй келди. Бироз ўрнидан туришга эринибгина ўтиргач, «Сен қиз бола бошинг билан нега намозшомдан кейин дарвозани очиб юрибсан?» дея қизини номига койиган бўлди. Кейин оёғига калишини илиб, эшикка чиқди. Қараса, бир бола турибди мунғайиб.

— Ассалому алайкум, қассоб бова!

— Ва алайкум, — дея чала алик олди қассоб гарчи боланинг «қассоб бова» деган сўзлари қулоғига мойдек ёқса-да. — Нима хизмат, ўғлим?

— Мен… ҳалиги… — чайналди болакай (бу Музаффар эди).

— Эй, бола, сен раз ўғил боламисан, гапни ҳам тутилмасдан, шартта-шартта гапиришни ўрган! — деди қассоб Музаффарнинг гапидан адашаётганини сезиб. — Нима, уйларингда бирор қўй-пўй жонталаш бўлиб қолдими? Тез бориб ҳалоллаш керакми?

— Йўқ, — деди бу сафар Музаффар дадил-дадил гапираркан, — ҳеч нима сўйиш керак эмас! Сиздан бир нарсани сўрашга келдим. Итга сўйилган молларнинг қонини берса, қопағон бўлиши ростми?

Бу саволни эшитган қассоб дафъатан жим қолди. Сўнг сийрак соқолини силаркан оҳиста сўради:

— Сенга қопағон ит нега керак бўлиб қолди?

Бола индамай тураверди.

— Энди ўзим итимга сўйилган молнинг қонини бериб кўрмаганман-ку-я, лекин Митан, Иштихон томонлардаги бир-иккита қассоб танишларим шундай дейишганди. У ерлар салкам шаҳар жой, келди-кетди кўп. Ўшанга улар уйида роса қопағон итлар сақлашади…

Қассобнинг гапи чала қолди.

— Унда менгаям сўйган молларингизнинг қонидан бериб туринг, бова, майлими?.. — деярли ялинган овозда гапирди Музаффар.

Тошниёз қассоб унга йўқ деёлмади. Фақат «Бунақа бемаҳалда бир ўзинг юрма, қоронғи тушганда кўчада инс-жинслар кўпаяди», деди. Болакай хурсанд ҳолда «Хўп, хўп», дедию, ортига қайтди.

Шундан сўнг Музаффар салкам бир йилча кунда-кунора қассобникига қатнади. Аммо у ердан нима олиб кетаётганини ҳеч кимга, ҳатто онасига ҳам айтмади. Қассобнинг уйидагилар эса ёш болакайнинг тез-тез уларникига келиб-кетишига ортиқча эътибор ҳам қилишгани йўқ.

Мана шу ўтган вақт орасида Музаффар ити Оқбойни нафақат қассобнинг уйидан олиб келган қон билан боқди, балки унга ўзи ҳар куни эринмасдан атала қилиб берди. Камига итига буйруқ бериб, ушбу буйруқларни бажаришни ҳам ўргатди. Қарабсизки, Оқбой кўрган одамнинг эти сесканадиган, худди бўрибосарлардек баҳайбат итга айланди.

* * *

Туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига 24-25 ёшлар атрофидаги олифта йигитни келтиришди. Айтишларича, уни ярим тунда қашқир талаб кетган эмиш ва яна айтишларича, энди у ярим жон бўлиб қолармиш, тўғрироғи, бўлиб ўтган жарроҳлик амалиётидан сўнг у эрлик қилолмасмиш. Кўпни кўрган кексалар «Қишлоққа қашқир оралагани бекор гап, бизлар шу пайтгача бундай гапни ҳатто ота-боболаримиздан ҳам эшитмаганмиз. Кейин қашқир одамга эмас, қўй-эчкига ҳужум қилгувчи эди. Жа қўй-эчки топилмаса, эшак-пешакниям бўғизлаб кетаверарди, лекин одамларга дахл қилмасди, бу ерда бошқа бир сир бор», дейишди. Аммо бу ерда чиндан ҳам қандай сир борлигини Тошниёз қассобдан бошқа ҳеч ким билмасди. Қассоб эса ўзи азалдан камгап одам эмасми, бундай шов-шувли ҳангомани эшитгандан сўнг одатига мос тарзда шундай деди: «Ким қилмас, ким топмас». Унинг нимани назарда тутганини эса яна жумбоқ бўлиб қолаверди.

Ҳа, айтганча, мана шу воқеалардан сўнг Музаффар опаси Муаззамни қўярда-қўймай қишлоқдаги тўйга олиб чиқди. Бу Муаззамнинг анчадан бери биринчи марта йиғинга чиқиши эди…

САИДМУРОД