Тадбиркор Мурод Назаров терговга тортилдими? Бош прокуратура аниқлик киритди

0

Бундан бир неча кун аввал, ижтимоий тармоқларда ва одамлар орасида ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, “Murad buildings” қурилиш ширкати таъсисчиси Мурод Назаров тергов қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Орадан 10-15 кун ўтиб  унинг халқ тилида «Тоштурма» деб аталувчи 1-сонли тергов изоляторида сақланаётгани билан боғлиқ хабар ҳам тарқалди. Бу ҳақида qalampir.uz маълум қилди

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида  “Murad buildings” қурилиш ширкати таъсисчиси Мурод Назаров билан боғланилган. Назаров тарқалган миш-мишлардан хабардор эканини айтаркан, уларни табассум билан қабул қилганини урғулади.

«Одамларга ҳайронман. Ўзи бирор гапни ўйлаб топади, яна ўзи ўша гапга ишонади. Мен ишимни давом эттиряпман, айни вақтда жуда катта лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Мен нима иш қилибманки, терговга тортилсам. Айни вақтда Россиядаги Сколково бизнес мактабида ўқияпман. Тошкентда ишимиз кўп, жуда катта лойиҳа устида ишлаяпмиз», дейди Мурод Назаров.

Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ҳозирда Бош прокуратурада Мурод Назаров ва “Murad buildings” ширкатига нисбатан жиноий таъқиб мавжуд эмас.