Абитуриентларнинг бир қисми икки марта тўлов қилиши ростми? Наҳотки улар алданган бўлса?

1

Вазирлар Маҳкамасининг 7 июнь кунги 468-сонли қарори асосида Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, айрим ОТМларга (уларнинг сони 5та) ҳужжат топшириш Давлат хизматлари маркази ва Ягона портал орқали амалга ошириладиган бўлди.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худайбердиев мазкур қарорда кўпчилик эътибор қилмайдиган «бир айёрлик ўтиб кетгани» ҳақида ёзди.

«Қарорнинг 11-бандида аввалги йилларда тугатган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда ЭКИҲнинг ярим баравари (101365 сўм) миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган.

Шу банднинг ўзида мазкур тўловлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши айтилган. Ҳа, бу янгилик эмас, бу ҳақида аввалроқ ПҚ-4319-сонли Президент қарорида ҳам айтилган эди.

Бир қарашда ҳаммаси жойидадек. Аммо қарорга илова қилинган Регламентда абитуриентларни сюрприз кутиб турибди.

Регламентнинг 11-бандида давлат хизмати кўрсатилгани учун аввалги йилда тугатган абитуриентлардан ЭКИҲ 50 фоизи (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов олиниши белгиланган.

Бу пулнинг 50 фоизи Адлия вазирлиги ҳузуридаги жамғармага, 10 фоизи Ички ишлар вазирлигининг жамғармасига, қолган маблағлар давлат бюджетига ўтказилиши таъкидланган.

Нима бўлганини тушундингизми? Демак, бундан чиқди, ТДЮУ, ҚДУ, СамДУ, ФарДУ ва ГулДУга ҳужжат топширмоқчи бўлган ҳамда ўқишни аввалги йилларда тугатган абитуриентлар 2 марта тўлов қилади:

1) ДТМ жамғармасига ўтадиган 101 минг сўм;
2) Адлия, Ички ишлар ва давлат бюджетига ўтадиган яна алоҳида 101 минг сўм.

Жами: 202 минг сўм.

Хулоса:
ОТМлар орқали ҳужжат топширса – 101 минг сўм;
ДХМлар орқали ҳужжат топширса – 202 минг сўм.

Бундай антиқа қарор юзасидан бир нечта саволларимиз бор:

Биринчидан, «эски» абитуриентлардан тўлов ундириш масаласи кўтарилган пайтда, «бу пуллар келгусида ДТМ фаолиятини ривожлантириш, тест синовларининг сифатини оширишга сарфланади», дея тушунтирилган эди. Аммо абитуриент нима учун Адлия, Ички ишлар ҳамда давлат бюджетига 101 минг сўм пул тўлаши керак? Бу қайси мантиққа тўғри келади?

Иккинчидан, ушбу қарор умумхалқ муҳокамасига қўйилмаган, ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Бошқалардан лойиҳани муҳокамадан ўтказишни талаб қиладиган Адлия нима учун ўзи бунга амал қилмайди? Ими-жимида ўзларига бир неча юз миллионлаб пул тушадиган қарорни тасдиқлатиб олганини қандай тушуниш мумкин?

Учинчидан, ДХМдаги ходимларнинг ҳам хизмат ҳақи бор, улар текинга ишламайди-ку, дейишингиз мумкин. Аммо 10та қаторнинг нари-бериси бўлган 1 варақ анкетани тўлдириш учун 101 минг сўм оласизларми-а?! Инсоф борми ўзи?

Бу иш учун нари борса 5 минг сўм хизмат ҳақи олиш мумкин. Ана бор, 10 минг сўм. Лекин ундан 1 сўм кўп пул олиш — қип-қизил талончилик! 101 минг сўм эса қароқчиликнинг ўзгинаси!

Энг аҳмоқона жойи абитуриент интернет орқали Ягона порталдан ўзи ҳужжатларини юборса, яъни ҳамма меҳнатни ўзи қилса ҳам 90 минг сўм тўлаши шарт экан. Э, қойил-ей.

Тўртинчидан, бир пайтлар ДТМ «эски» абитуриентлардан 202 минг сўм олайлик, деб лойиҳа эълон қилганда, Адлиянинг ўзи бунга қарши чиққан, «бу фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларига зид» дея роса ПР қилганди. Натижада тўлов миқдори 101 минг сўмга туширилди. Кўпчилик Адлияни мақтади, дуо қилди.

Энди эса абитуриент барибир яна ўша 202 минг сўмни тўлайдиган бўлди, фақат қолган ярмини Адлия вазирлиги ўзига олади. Қалай, зўрми? Бошидан «шу пулларни ярмини бизга беринглар», дейишса бўлмасмиди, конституция-понституция қилмасдан», дейди блогер.

Манба –  Кун.уз

1 ТА ФИКР

  1. AVVALGI YILLARDA BITIRGAN ABITURIYEVNTLAR DAVLAT XIZMATLARI MARKAZIDANDAN RO’YXATDAN O’TGANI UCHUN TO’LANADIGAN 101365 SO’M DTM HISOB RAQAMIGA TUSHADI

Comments are closed.