Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби соддалаштирилди

0

Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, тугатиш жараёнини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни бекор қилиш, бизнесни юритиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июнда ПФ-5739-сонли “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга кўра эндиликда:

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш;

давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби бекор қилинади;

давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларини тугатиш жараёнидаги ортиқча ҳужжатлар ва тартиб-таомиллар қисқартирилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартиблар жорий этилади, унга мувофиқ:

а) тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларни (кейинги ўринларда — корхоналар) ихтиёрий тугатишда:

бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;

давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;

молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда — Тизим) орқали амалга оширилади;

корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак;

б) тадбиркорлик субъектлари — жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатишда ариза берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш талаб этилмайди;

в) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатишда:

корхонани молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этади;

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади;

ҳаракатсиз режимга ўтказилган корхоналар фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уларни Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан чиқаради.

Т.Аннаева,

Ўрта Чирчиқ туманлараро

 иқтисодий судининг раиси,

Х.Равшанов,

Ўрта Чирчиқ туманлараро

иқтисодий судининг судьяси