Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди, ишановринг, брат!..

0

 

«ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН»

(ҳажвия)

 

Шварцнеггернинг укаси

 

Ўн тўққизга кирган қаҳрамоним Мадрайим жудаям олис қишлоқда яшайди. Барваста, тоғни урса толқон қиладиган йигит. Юмуши битта. Қишлоқ қўйларини боқади. Бир сўз билан айтганда, чўпон. Шу юмушини адо қили-иб тинчгина юрувди. Майдабой дўкондорнинг ўғли қўярда-қўймай уйига олиб бориб интернетга киришни ўргатди-ю, ҳаммаси чалкашиб кетди. Мадрайим интернетда Лайли исмли қизнинг суратини кўриб қолди. Қиз ой деса ойдай, кун деса кундай гўзал экан. Мадрайим ўша кунданоқ ғалати бўлиб қолди. Гоҳ қўйларни яйловга олиб чиқиб, бироздан кейин уларни унутиб қўядиган, бошини эгганча уйига қайтворадиган бўлди. Ёки баъзида қўйларни ҳайдаб келибоқ, дамба устига чиқиб кетаверди. Дамбанинг қуми майин. Қумни бармоқлари билан ковла-аб, Лайлисини ўйлайверди. Отаси Урайим ака ҳайрон. Мадрайимга нима бўлганини билгиси келиб хотини Сурманисадан сўрайди. Хотиниям елка қисишдан нарига ўтмайди. Қишлоқдагилар эса шу кунгача отаси олиб берган спорт костюмини кийганда, худди кинодаги Шварцнеггерга ўхшаб қолгани боис, «Шварцнеггернинг укаси» деб лақаб қўйволишганди. Ҳалигидай эси ҳаминқадар бўлиб қолгач, дўкондорнинг ўғлидан бўлган гапни билиб олиб, лақабни ўзгартиришди. Энди уни ҳамма Мажнун деб чақирадиган бўлди.

 

Ғойибона муҳаббат

 

Мажнун эса буларнинг ҳеч бирига эътибор қилмади. Ўша спорт кийимида тушган суратини Интернет орқали Лайлисига юборди ва кетидан мактуб ёзди.

«Мен сени севаман, Лайли!»
Зум ўтмай, Лайлидан жавоб келди:

«Отвали-а!» (Даф бўл-э!)
Мажнун азбаройи ҳаяжонланганидан яна жавоб ёзди:

«Севгилим, мен Валимасман, Мадрайимман! Сенинг ишқингда бир умр куйиб, дамбалар устида ўтириб чиқишгаям, тарки дунё қилишгаям тайёрман! Мени қўйлариям, томорқалариям, яйловлариям қизиқтирмайди! Сени узоқдан кўриб турсам бас!»

Лайли дарҳол жавоб қайтарди:

«Импотент что-ли?» (Заифларданмисан?)
Мажнун бир муддат саволнинг мағзини чаққан бўлди-ю, эҳтиёт шарт уёқ-буёғига қараб олиб шундай деди:

«Йў-ўқ, Лайлим, менда интернетга патент йўқ. Биздақа қўйбоқарларга йўл бўлсин патент олишга!?. Дўкондорнинг ўғлида интернет бор. Ўшаникидан ёзяпман!..»

Лайли жавоб берди:

«Не заводис!» (Ҳовлиқма)
«Заводда ишлай олмайман»

Мажнун яна ўйга толди. «Қандай меҳрибон экан менинг Лайлим! — ўйлади ўзича. — Мени заводга ишга киритиб қўймоқчими? Фақат охирги иш сўзини нотўғри ёзибди. «С» нинг ўрнига «Ш» ёзиш керак эди. Лекин барибир тан бердим. Сўзларни қисқартириб ёзаркан. Лайлимнинг вақти кам бўлади-да! Ҳар ҳолда шаҳарлик. Шундаям мендай ғариб учун вақт ажратиб жавоб ёзганидан бошим осмонга етди. Аммо… Йў-ўқ, Лайли, мен қишлоғимни ташлаб сен айтган заводга кета олмайман! Ишон, биз тарафларга келсанг, ўзингам қойил қоласан. Ҳаммаёқ кўм-кўк яйлов, қўй-қўзилар, сени отга мингаштириб қишлоқ айлантирган бўлардим ўзимга қолса! Афсуски, қудратим етмайди. Сен, ахир, Лайлисан! Гўзалсан, ҳурилиқосан! Майли, шунисигаям шукр! Узоқдан суратингни кўриб турсам, муҳаббатга, меҳрга тўла мана шу мактубларингни ўқиб юрсам бас!..»

 

Учрашув

 

Орадан олти ой ўтди. Ёз жазирамасида қўйларини дам олишга ётқизиб, Мажнуннинг ўзи дамба устида пинакка кетган экан. Катта йўл бўйида машинанинг чўзиб сигнал чалишидан чўчиб уйғонди. Не кўз билан кўрсинки, машина ёнида узун бўйли бир қиз унга қараб турарди.

«Лайли, ҳа, бу Лайли!» — кўнглидан ўтказди Мажнун ва ўша томонга чопа кетди. Шу тобда унинг юраги потирлар, ҳаяжондан юзлари бўғриқиб кетган ва шу билан бирга мамнун эди. Висолга етганлик шукронаси Мажнунни адо қилаёзганди.

Мажнун чамаси йигирма беш метр берироқда таққа тўхтади. Бир муддат қизнинг очиқ елкаси, калтадан-калта юбкасига совуқ тикилиб қолди. Сўнгра даъфатан юзини терс буриб олди.

— Йўқ, бу менинг Лайлим эмас, — деди ўзига ўзи. — Менинг Лайлим кўйлак-лозимда эди! Ана, суратидаям худди шундай. Сочи тақимини ўпарди. Кўзларига сурма тортиб олганди. Сен бўлсанг… Ҳе дийдоринг қурсин, уятсиз! Йўқол-е, даф бўл-э!..

— Ҳой, Мажнун! — қичқирди қиз турган ерида. — Нега бақрайиб қолдинг? Мен ўша Лайлиман! Келмайсанми? Отга миндириб қишлоқ айлантирмайсанми?..

Мажнун қайтмади. Жонҳолатда югурганча ўзининг севимли дамбаси устига чиқиб қолди. Тураверди. Қоронғи тушса ҳам, қўйлар маъраса ҳам эътибор қилмади…

Айтишларича, Мажнун ўша учрашувдан бери дамбани макон тутганмиш. Нуқул кўйлак-лозимдаги Лайлининг суратига тикилармиш. Кўкка боқиб тинимсиз суратдаги ҳақиқий Лайлисини қишлоғига чорлармиш.

Афсуски, ҳалиям Лайлидан дарак бўлмабди.

Эгачи, айтолмайсизми, ҳақиқий Лайли келармикан-а?

Олимжон ҲАЙИТ