Сохта ҳомиладорлик: Бу қандай синоат?

0

«Сохта ҳомиладорлик» деган тиббий атама билан номланувчи ҳолат ҳаётда учраб туради. Тиббиёт ходимлари узоқ вақтдан буён аёлларда учрайдиган бу феномен устида бош қотиришмоқда. Аммо шу кунгача бу муаммонинг сирлари ойдинлашмаган, масала ипидан-игнасигача тадқиқ қилинмаган.

ҚОРИН ЧИҚСАЮ, ҲОМИЛА БЎЛМАСА…

Гап шундаки, аёлларнинг ҳайз кўриш цикли, ҳомиладор бўлиши, туғруқнинг бошланиши каби фарзанд кўриш билан боғлиқ бўлган жараёнлар, энг аввало, аёлнинг бош миясидаги экстрацеллюляр марказлар, гипоталамус ва гипофиз каби аъзолар билан  бошқарилади. Овқатни кўрганда ёки мазали овқатни эслаганда оғиздан сўлак, ошқозондан эса ошқозон шираси ажрала бошлаши мактаб анатомияси курсларидан маълум. Аёлнинг руҳий ҳолати, ҳомиладор бўлиш, она бўлишга бўлган кучли хоҳиши ҳам айнан шунинг каби бош миядаги марказларга таъсир қилади ва аёл ҳомиладорлик билан боғлиқ  ҳолатларни ҳис қила бошлайди.

Амалиётда бундай ҳолат кўпинча 25-30 ёшли туғмаган аёлларда кузатилади. Аммо баъзида бир неча фарзанд кўрган катта ёшли аёлларда ҳам учраши мумкин. Бу ҳолат ҳайз келмай қолиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик каби енгил формалардан тортиб, баъзан кунда бир неча бор қусиш, кучли бош оғриғи, сут безларида, қорин соҳасида оғриқлар, қориннинг катталашаётганини, ҳомила қимирлаётганини ҳис қилиш каби бироз оғир формалари ҳам учраши мумкин. Бундай ҳолларда аёлнинг сут безлари ҳам катталашади ва ортиқча вазн муаммолари азият бера бошлайди. Қизиқ белгилардан бири — аёл умуртқасида ҳомила кўтаргандаги каби бел соҳасидаги лордоз (бел умуртқаси физиологик олдинга эгилганлик ҳолатининг тўғриланиши) пайдо бўлади, кайфият ўзгариши, тез чарчаш, инжиқлик кабилар росмана кўзга ташлана бошлайди.

Тиббий маълумоти йўқ ва сохта ҳомиладорлик ҳақида умуман эшитмаган аёл ёлғонни чин ҳомиладорликдан ажрата олмайди ва гинеколог қабулига келганида ўзида ҳомиладорликка хос бўлган юқоридаги аломатларни ҳис қилаётганини айтади. Ҳомиладорлик инкор этилганда эса ҳайратга тушади. Бу хабар аёлдаги руҳий сиқилишнинг янада зўрайишига олиб келади.

Ҳомиладор бўлишни жудаям хоҳлаган аёлларда кузатилувчи бу муаммо қадимда ҳам бўлган.

Факт: қадимда бир аёл жуда фарзандли бўлишни хоҳлайди-ю, ҳомиладор бўла олмайди. Кейин эса аёлнинг ҳайзи тўхтайди, кўнгли айниб қусади. Уч ойда кўнгил айнишлари тўхтаб, қорнида ҳомиланинг қимирлаётганини ҳис қилади. Албатта, аёл «ҳомиладор»лигидан бахтиёр, тўққиз ойда аёлда «тўлғоқ» бошланиб, дояни чақиришади. Доя эса аёлни кўриб, бачадони ўлчамларида ўзгаришлар йўқлигини, умуман ҳомиладор эмаслигини айтади. Аёлнинг ичакларида шунчаки шлаклар ва газ йиғилиб ҳатто қориннинг ўсишига олиб келган ва аёлга тозаловчи клизма қилингандан кейин ҳаммаси ўз ҳолига келган.

Албатта, аёл ҳомиладор бўлиши учун жинсий гормонлар баланси меъёрида бўлиши керак. Бош миядаги жинсий фаолиятни бошқарувчи марказлар ва периферияда жойлашган тухумдон, бачадон ва сут безлари узлуксиз ҳамда цикли бир-бири билан мутаносиб боғлиқликда ишлаши лозим. Бунда бачадон найлари ва бачадоннинг соғлом бўлиши жудаям муҳим аҳамиятга эга.

Бугун замонавий тиббиёт ускуналари, яъни УТТ ёрдамида сохта ҳомиладорликни тезкор аниқлаш имконияти мавжуд.

Шуниси ҳам борки, бундай ҳолатда шифокор аралашувисиз ва зарур даво чоралари кўрилмагунча ҳайз цикли ўз-ўзидан изга тушиб кетмайди.

КЕЛИНИНГИЗ
ЁЛҒОНЧИ ЭМАС!

Баъзан бу ҳолатни атрофдагилар нотўғри тушунишади. Бунга асосий сабаб касалликнинг кам учрайдиган ҳолат бўлганлиги ва халқ орасида бу ҳақида маълумотнинг камлигидир. Баъзи аёллар ҳомиладорликка хос бўлган ҳолатлар бошланса,      тестда чиқмагунича, УТТда кўринмагунича ҳеч кимга билдирмай туришни афзал кўради. Айрим ҳолларда эса аксинча, ҳар бир ойдаги ўттиз кунни санаб ўтказаётган бир пайтида бирдан ҳайзнинг келмай қолиши, энг аввал аёлни «Ҳомиладор бўлган бўлишим мумкин», деган хаёлга олиб келади ва бу бахтни тезроқ эрига айтишга, қолаверса, юзи ёруғ бўлганлик қувончини қайнонасига етказишга шошилади. Бу аёл ҳомиланинг бачадонда йўқ бўлиб чиқишини хаёлига келтириши у ёқда турсин, агар кимки бу аёлга ҳомиладор эмассиз деса, аёл ё мутахассис кўра олмади, ё аппарат кўрсатмади деб, бошқасига боради. Бу ҳолат айёр келиннинг уйдирмаси эмаслигини фарзанддек олий неъматга узоқ йиллар эриша олмаётган аёлларгина ҳис қила олади.

Шуни таъкидлаш керакки, сохта ҳомиладорликни бир синдром десак, бу синдромга дучор бўлган аёл ҳеч қачон алдамайди. Негаки чиндан ҳам у ўзини ҳомиладор деб ўйлайди. Демак, уни тушунишга ҳаракат қилиш керак, зарур бўлса, тинчлантирувчи муолажаларни олиш, руҳшунос маслаҳатига жалб қилиш, шу билан бирга бўш вақтини мазмунли ташкил қилиб, уйда бирон машғулот билан банд қилиш лозим.

Бу муаммо замирида асосан, гормонал ва руҳий бузилишлар ётади, дедик. Шу ўринда атрофдагилар аёлнинг жисмонан ва руҳан азият чекаётганини унутмаслиги зарур. Аёл ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиб, руҳий асорат сабабини аниқлатиши ва даволанишни бошлаши керак. Масаланинг мураккаблиги шундаки, бундай аёллар ҳомиладор эмаслигини тан олиши бироз қийин кечади. Шу сабабдан бу ҳолатда психотерапевт маслаҳати ҳам талаб этилади. «Ҳомиладор эмассиз!» деган хабар уларга жуда ёмон таъсир қилиши, унга бу гапни айтган шифокорга нисбатан ишончсизлик, нафрат туйғулари пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.

ҲАММА ГАП
 АСАБДАМИ?

Руҳий-эмоционал томондан таҳлил қиладиган бўлсак, ҳар бир аёл ҳомиладор бўлишни, фарзанд кўришни жуда хоҳлайди. Аммо ойлар-йиллар ўтиб, туну кун қилаётган орзуси, аёлнинг ҳаракатлари, қолдирмай бажо келтираётган даво чоралари натижа беравермаса, бу аёлнинг чекаётган изтиробини ҳатто бирга яшаётган оила аъзолари ҳам тушуниши қийин!

Шунингдек, аёл олдин бошдан кечирган бола олдириш, бола тушиши, туғилган чақалоқнинг ўлими билан боғлиқ хотиралар ҳам сохта ҳомиладорликка замин яратиши мумкин. Бунда аёл тез орада яна ҳомиладор бўлишни ва турмуш ўртоғи билан илиқ муносабатларни сақлаб қолишни истайди. Атрофдаги таниш-билиш аёллар, дугоналари, қўшни келинларнинг барчаси ҳомиладор бўлса-ю, фақат унинг орзуси ушалмаса… кўнгли ўксийди.  Шу бемисл истак асносида аёл  руҳиятида сохта ҳомиладорлик шакллана бошлайди.

Баъзан аёлликнинг иккинчи баҳори саналган менопауза даврига етганларда ҳам бу муаммо кузатилиши мумкин. Бунга климакс бўсағасидаги аёлнинг шу кунгача нияти ушалмагани, оналик бахтига бундан кейин ҳам муяссар бўлолмаслиги тўғрисидаги ўй-хаёллар сабабчи бўлади.

Сохта ҳомиладорликка олиб борувчи сабаблар орасида баъзи ҳолларда эндокрин тизимдаги бузилишлар, тухумдон ўсмаси кабилар ҳам роль ўйнаши мумкин.

РУҲИЙ ҲОЛАТ
ТИКЛАНСА,
ҲАММАСИ
ИЗГА ТУШАДИ!

Аниқланишича, бефарзандларнинг аксарият (64) фоизи сурункали стресс, яъни асаблари таранг ҳолатда юришади. Улар таниш-билиш, қўни-қўшниларнинг «Бўйингизда ҳалиям бўлмадими?» деган саволлари, «Фалон жойда фалон дўхтир бор экан, бориб кўринг», деб берган маслаҳатларини эшитишдан безади. Бир томонда фарзанддек олий неъматга эриша олмаётганлик алами бўлса, иккинчи томонда ватаним деб катта ниятлар билан кириб келган оиласининг бузилиши мумкинлиги тўғрисидаги ҳадик уларни сурункали асабийлашувга, йиғлоқилик, одамови бўлиб қолиш каби ҳолатларга олиб келади.

Сурункали стресс нафақат руҳий-эмоционал ҳолатнинг таранглашувига, балки ички секреция безлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ҳомиладор бўлиш учун зарур гормонлар ишлаш жараёнига ҳам путур етказади. Кўпчилик оилаларнинг табиб, муллалардан даво топиши ҳам руҳий таъсиротга боғлиқ. Бундай ҳолатни бошидан ўтказган ёки умуман бўйида бўлиш муаммо бўлаётган сингилларимизнинг қалбини ёритадиган яна бир гапни айтмоқчимизки, агар бепуштликнинг сабаби аниқланиб, тўғри даволанса, бу, албатта, самарали бўлади.

Гинеколог
Муҳаббат Розиқова
маслаҳатлари асосида
ГУЛШАН тайёрлади.