Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 28 июн куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун ишда ҳам, молияда ҳам, оилада ҳам омадга эришиш ё эришмаслик ўзингизга боғлиқ бўлади. Барча жабҳаларда ёрқинлик акс этиши учун ўзингиз ёрқин хаёллар, амалларга эга бўлишингиз лозим. Илгари адо этишнинг имкони бўлмаган ишларни бажаришда қатъиятли бўлинг. Муҳаббатда кузатувчи ва тингловчи ролини ижро этинг. Айниқса, жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз жаҳл отига минган бўлса, уни баттар кучайтириш яхшиликка олиб келмайди.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

28 июн куни аниқ режа ва истакларга эга бўлган ҳолда ҳаракатлар содир этишингиз керак. Билиб-билмай, бошқа тарафга бир қадам ташлаб қўйсангиз ҳам боши берк кўчага кириб қолишингиз ҳеч гап эмас. Ясама, сохта хушомадларга зинҳор уча кўрманг. Молия соҳасида тафаккурни ишга солинг. Агар ақл билан иш тута билсангиз, қўлингизга пул тезроқ келиб тушган бўларди. Рўзғордаги муаммоларга ҳам ақл билан ёндашинг. Қариндошлар билан айрим масалаларда келишмовчиликлар юзага келиши мумкин.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугун жисмоний меҳнат билан шуғулланадиганларга нисбатан ақлий меҳнат кишиларининг кўпроқ омади келади. Фаоллик бугун сизга фойда бермаслиги мумкин. Ақлий етукликкина муаммолар тезроқ бартараф этилишини таъминлайди. Муҳаббатда суйган инсонингиз билан орангиздаги баъзи муаммоларни чуқур таҳлил қилишингизга тўғри келади. Бу фақат яхшилик учун хизмат қилади. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

28 июн сиз учун омадли ва сердаромад кунга айланади. Сиздан қарз олганлар қарзини қайтаради. Бундан ташқари, қўшимча даромадли иш ҳам таклиф қилишади. Қариндошлар билан кун давомида баҳслашиб қолишингиз кутилади. Баҳс катта жанжалга айланмаслиги учун бардошлироқ бўлишингиз лозим. Олис сафарга чиқишдан воз кечинг. Сафар сиз учун хавф туғдириши мумкин. Кечқурун овқатланиш рационингизни яна бир бор кўздан ўтказиб олишингиз тавсия этилади.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Кўнгилсизликларга дуч келишни хоҳламасангиз, ҳар ишга қўл уришдан олдин етти ўлчаб бир кесинг. Шошиб қаерга ҳам борасиз?! Ундан кўра хотиржамликка дўст тутининг. Эмоциянгизни назоратда тутинг. Куннинг иккинчи ярмида сизга ёлғон ахборот етказишлари мумкин. Эътибор бериб ўтирманг. Жуда қизиқаётган бўлсангиз, бу ахборотни ким юборганини текшириб кўринг. Кечқурун оғир ҳазм бўлувчи овқатлар еманг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

28 июн куни ўзингиз учун байрам уюштирсангиз ҳам зиён кўрмайсиз. Дам олинг, ўзингизга ёққан нарсаларни харид қилинг. Ана шунда сиз ёз фаслида эканингизни англаб етасиз. Ҳар бир қўл урилган ишдан фойда кўришга ҳаракат қилинг. Бу йўлда ўзингизга унча ёқмайдиган ишларни ҳам сифатли адо этиш пайида бўлинг. Олис ёки яқин манзилга сафар сиз учун омадли кечади. Сурункали хасталикка йўлиққан бўлсангиз, муолажалар бошлашни унутманг. Кечқурун кимдир қўлингизга бир даста пул тутқазиши кутилмоқда.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Бугун кўплаб фойдали маслаҳатлар оласиз. Маслаҳатлар ҳаётнинг ҳар жабҳасига тегишли бўлади. Аммо уларни амалда қўллашга келганда, оқсай бошлайсиз. Чунки сиз нимаики ишга қўл урсангиз, ўз билганингизча ҳаракатланишга ўрганиб қолгансиз. Бугун врач кўригидан ўтиш, автомобил таъмири, рўзғор жиҳозлари сотиб олиш муваффақиятли кечади. Муҳаббатда вазиятни кескинлаштиришга уринманг. Бу сиз учун жуда қимматга тушиши мумкин.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

28 июнда сизни ҳайрон қолдириб, арзимаган, майда-чуйда ишлар кўпроқ даромад келтира бошлайди. Демак, бор имкониятларни ўша ишларга қаратишингиз керак. Шахсий ҳаётингизда деярли муаммо бўлмайди. Муҳаббатда эса оила қурмаганлардан кимлардир янги ишқ романини бошлаши мумкин. Бугун бировларнинг кўнглини ранжитмасликка ҳаракат қилинг. Шу мақсадда режалар тузишдан тийилинг. Кечқурун ажойиб хушхабар эшитишингиз эҳтимоли бор.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Бугун шиддатлисиз. Бугун қайсарсиз. Сизни ҳеч ким йўлингиздан қайтара олмайди. Янгилик сари интилишларингиз тушдан кейин самара бериб, қўлингизга пул келиб туша бошлаши ҳақиқатга яқин. Муҳаббатда оилалилар ҳам, оиласизлар ҳам қайғу, андуҳ, муаммолардан йироқ бўлишади. Фақат суюкли инсонингиз билан муносабатлар очиқ, равшан бўлса бас. Кечқурун ухлашга ётишдан олдин сут маҳсулотлари истеъмоли билан чекланишингиз тавсия этилади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

28 июн куннинг ярмида фавқулодда қарор чиқаришингизга тўғри келади. Қарор ишингиз билан боғлиқ бўлади албатта. Бу қарор ҳақида бир ой бурун бош қотиргандингиз. Мана, ниҳоят пайти етди. Шахсий ҳаётдаги масъулиятни зиммангиздан улоқтириб ташлашга уринманг. Рўзғордаги юмушлар ва муаммоларга жавобгарлик ҳисси билан муносабат юритсангиз, кам бўлмайсиз. Башарти сафарга чиқиш зарурати туғилса, уни бошқа кунга қолдира туринг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Бугун билиб-билмай йўл қўядиган хатоларингиз кўпчиликни ташкил этиши мумкин. Айниқса, ишдаги хатоликларнинг саноғи бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Ҳамкасблар ва дўстлар билан муносабатда қайсарликка йўл қўйманг. Бу катта жанжалларга сабаб бўлиши мумкин. Қариндошларга ҳам қўпол муомала қилишдан тийилинг. Кечқурун мўмай даромад эгасига айланишингиз мумкин. Омадингизни берсин!

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

28 июн сиз учун унумли ва сердаромад кечиши кутилмоқда. Агар дангасаликни йиғиштириб қўя олсангиз, ҳар соҳада муваффақиятларга эришишингиз тайин. Кун давомида оқимга қарши суза кўрманг. Қўлингизга келиб тушиши кутилаётган ҳар бир тийинни ҳисоб-китобда ушланг. Бугун бировга пул қарз беришдан тийилинг. Оила аъзоларингизни арзимас камчиликлари туфайли айблашга шошилманг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади