ШАЙТАНАТ… (85-қисм)

0

 

 

***

 

Барчаси бир неча сонияда юз берди. Асадбекнинг бошига урилган гурзи унинг ақлини тамоман шол қилди. Агар иккинчи қиз ҳам нозли тарзда овоз бермаганда Худо билади, бу шоллик қанча давом этарди. Ана шу нозли овоз иккинчи гурзи бўлиб миясига урилди.

Иккинчи гурзи унинг ақлини шолликдан қутқарди. Кўз олди равшанлашди. Аммо оқ ҳарир кўйлакдаги қизлар қора либосдаги ажиналар каби кўриниб, уларни силтаб ташлади. Бундай зардани кутмаган қизлар қўрқув аралаш қичқириб юбордилар. Бу чинқириш Асадбекка юлишга шайланган мушукни эслатиб, ирғиб ўрнидан турганича уларни тепиб қолди.

Қизларнинг чинқириғини эшитиб югуриб кирган Бўтқа кўзлари косасидан чиқай деб турган ҳожасининг аҳволини кўриб, қўрқиб кетди. Асадбек тепки билан қаноатланмай, стол устида нима бўлса бир-бир ота бошлади. Бўтқа сониялик саросимасини енгиб, ҳожаси қаршисига югуриб келди-да, уни маҳкам қучоқлаб олди.

— Бек ака, жон Бек ака, сизга нима бўлди? Ўзингизни босинг. Бек акажон, — деб овута бошлади.

Бўтқанинг кучли қучоғидан чиқа олмаган Асадбек энди оғзига келганини қайтармай сўкина бошлади. Кейинги йиллар ичи тилга олмай қўйган сўкишлар ҳам тўғонни бузган оқим каби қуюлиб келаверди. Асадбек сўкаверди, Бўтқа эса «Бек акажон!» деб унинг елкаларини силаб овутаверди… Ниҳоят ҳукм янгради:

— Ҳайда! Ҳайда қанжиқларни… Шу ёшдан-а… Қип-ялангоч ҳолича ҳайда!

— Бек акажон, совуқ-ку? — деб эътироз билдирмоқчи бўлди Бўтқа.

— Ҳайда! Совуқда шамоллаб ўлса яна яхши. Иккита шилта камаяди.

— Хўп бўлади, Бек ака.

Бўтқа амрни ижро этмоқ учун ҳожасини қучоғидан бўшатгани ҳамон жағидан мушт еди.

— Сен ҳаромини чотингни йириб осаман! Сен ҳали қаланғи-қасанғи акахонларингнинг нушхўртини менга раво кўрдингми?

— Бек ака, жон хўжайин, унақа деманг, улар тегишмади. Булар свежийларидан эди, — деб ўзини оқлади Бўтқа.

Бу эътирози эвазига яна бир мушт егач, «Мен буларни чиқариб юборай», деб чекинди.

Асадбек холи қолгач, диванга чўкиб ўтириб бошини чангаллади. Ҳозиргина қий-чувга тўлган хонани сукунат забт этди. Сукунат ҳукмидан унинг қулоқлари шанғиллай бошлади.

Шу даражада шанғилладики, назарида қулоқларига жон бериб турган томирлари ёрилиб кетгандай туюлди. Ана шу сукунат шовқини орасида Жалилнинг овози эшитилгандай бўлди.

Асадбек унинг овозини эшитмаслик учун қулоқларини кафти билан беркитди. Лекин бу фойда бермади. Жалилнинг овози сукунат шовқинини босиб, жаранглаб эшитилди:

«Худодан қайтибди… Сен маишат қилган қизларнинг ҳам ота-оналари бор эди, улар ҳам ёзилгандир… Худога нолалар қилгандир… Худо кар эмас, бу оҳларни эшитгандир?..»

«Бўлди, гапирма!» деб пичирлади Асадбек инграб.

«Худодан қайтибди…»

«Гапирма деяпман, бўлди қил», деб яна пичирлади Асадбек.

«Худо ҳамма нарсани кўриб, билиб туради…»

«Бўлди! Бўлди, деяпман!»

Бу сафар бақириб юборди.

Қизларни кузатиб қайтган Бўтқа остонада чўчиб тўхтади. Сўнг тез юриб келиб ҳожаси қаршисида тиз чўкиб, билагидан ушлади.

— Хўжайин, жон хўжайин…

Бўтқанинг овози сукунат шовқинини ҳам, Жалилнинг акс-садоли товушини ҳам қувиб чиқарди.

Асадбек яна бир неча фурсат қимир этмай ўтирди. Сўнг ўзича «Гапларинг тўғри, оғайни. Сен ҳамиша тўғри гапиргансан», деб қўйди.

 

***

 

Кесакполвон Жалилга берган ваъдасига кўра шом чоғида уникига кириб келди. Шом намозини ўқиб чиққан Жалил у билан кўриша туриб, ошкора тарзда бурнини жийирди. Жалил мактабда ўқиб юрган чоғларида ҳам уни хушламасди. Асадбекка бир неча марта «Шу боладан нарироқ юр», деди. Кейин индамай қўйди, аммо ёмон кўришини ҳеч вақт яширмади. Кесакполвон буни яхши билади. Лекин Жалилнинг гапларини ҳазил деб билиб, тиржайиб юраверади. У Жалилнинг Асадбекка таъсир ўтказа олишга қурби етишини билгани учун ҳам ҳар қандай ҳақорату сўкишларига чидайди.

— Бунақа сасиб юрадиган бўлсанг келма, девдим-ку?

— Окахон, бугун оғзимга олмадим. Бу кечагининг ҳидидир. Бўлди, энди тавба қилдим.

Иккинчи қайтарилмайди, — деди Кесакполвон.

— Сенинг тавбанг нима-ю, лайчанинг ангиллаши нима.

— Эе-зворинг-а, эззворинг… — деди Кесакполвон кулиб.

Жалил стол устидаги қоғоз халтага қаради-да, бир учи кўриниб турган колбасани тортиб чиқарди:

— Бу нима? — деди зарда билан.

— Ҳа, энди қуруқ келмай дедим, болаларга…

— Сенга биров «Жалилнинг болалари ҳаром нарса ейди» девдими?

— Ие, нега ҳаром бўларкан? Ҳозир искаладга кириб олдим. Отлиққа ҳам йўқ, бу зўридан, окахон.

— Зўрими? — Жалил шундай деб деразани очди-да, пастга бир қараб олиб, сўнг колбасани кўчага ирғитди.

— Ий-я, — деди Кесакполвон ажабланиб, — емасангиз нега исроф қиласиз?

— Ҳаромни ит-мушуклар есин. Биронта мусулмоннинг ҳалқумини ҳаром қилмасин.

— Оббо… — деди Кесакполвон, энсаси қотиб.

Жалил қоғоз халтанинг ичига қараган эди, Кесакполвон:

— Буниси гўшт. Қассобники. Ҳаппаи ҳалол, — деб изоҳ берди.

— Сенинг қўлингга тушгунча ҳалол бўлгандир. Буни ҳам ҳаром қилибсан. Олиб кет, ўзинг е.

— Нега ҳаром бўларкан. Қассобники ахир?

— Ҳаром колбасанг теккан унга.

— Об-бо… жа-а тор олиб юборасиз-да, окахон. Бўпти, ўзимизга тан, яна буни ҳам ташлаб юбор- манг. — Жалил шундай деб қоғоз халтани олиб остонага яқинроқ ерга қўйди.

Жалил Кесакполвоннинг тезроқ чиқиб кетишини истаб, унга савол назари билан тикилди.

Кесакполвон мезбоннинг мақсадини англади. Аммо дафъатан муддаони айтолмай, чўнтагидан сигарет чиқарди.

— Бу ерда чекма, — деди Жалил, ундан нигоҳини узмаган тарзда.

— Об-бо… — деди Кесакполвон норози оҳангда, — одам деганни шунақанги эз-зиб, қон қилиб юборасизми, а?

Жалилнинг тилига «Сен ҳали одаммисан?» деган киноя келди-ю, бироқ, ҳаддан ошириб юбормай, деб гапини ичига ютди-да:

— Менда ишинг бормиди? — деган савол билан Кесакполвоннинг мушкулини осон қилди.

— Ишми?.. Ҳа, иш бор… Лекин бу иш эмас, маслаҳат. Тўғрироғи иккаламизга тегишли иш.

— Иккаламизга? Мен сен билан ҳамтовоқ бўлмагандим шекилли? Чайналмай, дангалроқ гапир.

— Бу… дадил айтадиган гап эмас-да… Келинг, бир чекиб олай, бўлмаса, ёрилиб ўламан.

— Бўпти, чек, ёрилиб ўлсанг, яна товонингга қолиб юрмай, — Жалил шундай деб деразани қия очди-да, ёнига стул қўйди. — Шу ерда ўтириб чек, уйни саситма.

Кесакполвон бир-икки тутатди-да, Жалилга қарамаган ҳолда сўради:

— Асад… Красноярда касал бўлибмиди?

— Ҳа… — деди Жалил унинг бу ҳолатига тушунмай. — Нимага сўраяпсан?

— Дўхтирлар кўришдими, нима дейишди?

— Шамоллаган экан. Бир ҳафта яхши қарашди.

— Бир ҳафта… Шамоллаган одамни бир ҳафта қарарканми?

— Нима демоқчисан?

Кесакполвоннинг мужмаллиги Жалилнинг ғазабини қўзғатди, айни чоғда хавотирга ҳам солди.

— Бекнинг йўтали менга ёқмаяпти, — деди Кесакполвон сигарета бурқситиб.

— Йўтали анча чўзилди… Менга қара, сен нега мижғовланяпсан? Мақсадингни айт.

— Мақсадми?.. Окахоним, ҳаммага ақл ўргатасиз, дуч келганни бобиллаб сўкиб, қопасиз-у, ошнангизнинг аҳволини билмайсиз.

— Гапни чўзма, деяпман!

— Бекнинг касали оғир. Тузалиши қийин бўлган касалданмиш. Лекин у яширяпти.

— Тузалиши қийин?.. Қанақа касал?

— Қанақа касал?! — Кесакполвон жаҳл билан ўрнидан турди-да, бармоғига қистириб турган сигаретини ташқарига отди. — Галварсмисиз? Ё меровмисиз? Касали — рак! Энди тушундингизми?

— Сен… бола, валдирама! — деб бақирди Жалил. — Ёмон нафас қилма!

— Ёмон нафас эмиш… Ёмон нафас эмас бу. Дўхтирларнинг хулосаси шунақа. Бу Красноярдаёқ маълум бўлган.

— Бекор айтибсан! Маълум бўлганида мен билардим.

— Катта кетманг. Буни фақат икки киши билади: Асаду Маҳмуд.

— Сен-чи? Сен қаердан била қолдинг?

— Учинчи одамдан… дўхтирдан.

— Олиб кел ўша дўхтирингни.

— Йўқ, у келмайди, келолмайди.

— Нега?

— У «Ҳеч кимга айтмайман», деб қасам ичиб, сўнг қасамини бузган. Бек қасамини бузганларни кечирмайди. Бу гап орамизда қолсин, а?

— Ишонмайман.

— Ишонмасангиз ҳам бир ишни қилиш керак. Бек ўлимни бўйнига олганга ўхшайди. У аҳволидан бошқаларнинг хабар топишини истамаяпти. Унинг ҳозир бирдан-бир сирдоши — Маҳмуд. Нега минг йиллик қадрдони — сиз эмас, мен эмасман, нега Маҳмуд?

— Уни яхши кўради. Укасига ўхшатади…

— Яхши кўришини биламан. Лекин Маҳмуд-чи? Нега  ҳеч бўлмаганда сиз билан мени огоҳ қилмаяпти? Фикри бузуқ у боланинг! Бекнинг ўлими — унинг тўйи бўлиши мумкин. У Бекнинг ўрнини эгаллашни ният қилган. Шу сабабли мендан яширади.

— Бу энди ўзларингнинг ишларинг. Асадга бир нима бўлса ўша заҳоти бир-бирларингнинг гўштларингни ейишни бошлайсанлар. Аммо билиб қўйларинг: ҳамманг хор бўлиб, қирилиб кетасанлар. Худо сенларни жазосиз қолдирмайди.

— Шу ерда тормозни босинг, окахон. Шу ерда бирпас тўхтанг. Сиз мени билмагандай гапирасиз-а… Агар Азроил келиб «Қайси бирларингнинг жонингни олай?» деса мен ўзимни рўпара қиламан. Асад… ўлмаслиги керак, ўлмайди… Дўхтирлардан иш чиқмайди. Улар жанозани ўқиб бўлишган. Лекин бир одам бор экан. Ўша тузатиши мумкин экан. Мен унинг олдига бордим. Эшшакдан баттар қайсар бир чол экан. «Бормайман, касалингни кўрмайман», деб туриб олди.

— Ким экан у?

— Э, бир қари чол ўзи… — Кесакполвон Абдураҳмон табиб билан бўлган учрашувни қисқа тарзда баён қилди. Унинг улоқчи отларини отиб ташлашни буюрганини эса айтмади.

— Асадни олиб борамиз, — деди Жалил бир оз мулоҳаза қилгач.

— Овора бўлманг, бормайди. Бек табибларга ишонмайди. Оғайнингизнинг ҳам эшшакка ўхшаган қайсар феъли бор, биласиз-ку… Айниқса, касалидан хабар топганимизни билса, ёмон бўлади… Ўша табибнинг олдига… сиз бориб келинг.

— Мен борсам келарканми?

— Келади… У эш-шак мендақаларни ёқтирмас экан. Камбағалпарвар эмиш. Уни уйингизга олиб келсангиз, Асадни бир баҳона билан чақирамиз.

Кесакполвоннинг бу эҳтиёткорлиги Жалилга ёқмади. Бир кўнгли ҳозироқ ошнасининг олдига бориб, «Нега касалингни мендан яширасан, тур, кетдик, табибга!» демоқчи ҳам бўлди.

Кейин эса, дўстининг хасталигига эътиборсиз қарагани учун ўзини ўзи койиди.

Кесакполвоннинг фикрларида маъно бордек туюлиб, ўйланиб қолди.

— Ўзингиз бормасангиз бўлмайди, — деди Кесакполвон.

— Бўпти, эрталабгача бир мулоҳаза қилиб кўрай. Борсам боравераман.

— Эрталабгача кутиб нима қиласиз? Машина тайёр.

— Мана бу каллани Худо ўйлаб иш юритиш учун яратган. Эрталаб бешда келасан.

— Гап йўқ, ўғил бола! — деди Кесакполвон унинг кўнганидан қувониб. Бешу нол-нолда шу ердаман.

У шундай деб эшикка яқинлашганида Жалил уни тўхтатди:

— Гап шу: билиб қўй, сен бормайсан.

Кесакполвон бу шартга бажонидил рози бўлиб, кулиб қўйди.

Жалил туни билан ухламади. Унинг безовталигини сезган Қамара «адаси, мазангиз бўлмаяптими?» деб меҳрибонлик қилиб, шунинг эвазига «ширингина» сўкиш эшитиб олди.

Бунақа пайтда эри дуч келган одамга нишини санчиши мумкин эканлигини билгани учун бошқа индамади.

Жалил уйига сиғмади. Кўчиб келганидан бери энди уйи тор, жуда тор туюлди. Деворлар унинг устига тоғ қоялари каби бостириб келиб, бўғгандай бўлди. Ошхонага чиқиб, муздек сув симирди. Меҳмонхонада у ёқдан-бу ёққа юрди. Сўнг… кийинди. Кўчага чиқди.

Асадбекникига бормоқни ният қилиб, машина тўхтатди. Ҳайдовчи машинасини юргизиши билан тирикчилик оғирлашганидан шикоят қилиб, «бола-чақанинг ризқини деб ярим кечада юрганини» айтганида Жалил ҳақни тузукроқ тўлаши лозимлигини уқиб, ғижиниб қўйди.

Бошқа пайт бўлганида машинани тўхтатиб, тушиб қоларди ёки ҳайдовчига «ширин» гапларидан уч-тўрттасини айтиб кўнгил ғуборини ёзарди. Ҳозирги кайфияти, шароити унисини ҳам, бунисини ҳам кўтармади. Индамай кетаверди. Машина Асадбекнинг дарвозаси қаршисига етганда «тўхтат», деб буюрди-да, чўнтагига қўл солди. Кўчага пулсиз чиқиб келавергани шундагина маълум бўлди.

— Ука, хаёл қурсин, пул уйда қолибди. Бирпас кутинг, кираману чиқаман. Қайтиб боргандан кейин хурсанд қиламан, — деди Жалил хижолат бўлиб.

— Братан, рўлда ухлаб қолай деяпман. Қайтиб олиб боролмайман.

— Тўхтаб туринг бўлмаса, — Жалил шундай деб дарвоза томон юрди. Уни таниган йигитлардан бири деразани очиб, салом берди.

— Ўн сўм бериб тур, — деди Жалил унинг саломига алик олиб.

Йигит пастга тушиб машина томон юрганида Жалил унинг йўлини тўсди.

— Ўзим бериб қўяман, — деди йигит.

— Сенларнинг пулни қанақасига бериб қўйишларингни биламан. Ўзимга бер, — деди Жалил.

Йигит кулиб, чўнтагидан пул чиқариб берди.

Машина кетгач, Жалил дарвозахона томон юрди.

— Хўжайин йўқлар, — деди йигит унга эргашиб.

— Нега йўқ бўлади? Қаёққа кетди?

— Бир ёққа кетувдилар, — деди йигит мужмаллик билан.

— Ўзи соғми? — деди Жалил остонада тўхтаб.

— Худога шукр, соғлар. Бизнинг кулбага чиқиб ўтира туринг. Чой-пой қиламиз, — деди йигит.

— Йўқ, мен кетдим бўлмаса. Сен… менинг келганимни хўжайинингга айтма. Соатинг неччи бўлди?

— Уч, — йигит билагидаги соатга қараб олди.

— Мени уйимга олиб бориб қўя оласанми? — деди Жалил.

Йигит «Гап йўқ, окахон», деди-да, дарвозани очиб, машинани олиб чиқди.

Жалил манзилига етиб, машинадан тушгач, ўрнида бир оз туриб қолди. Уйига киргиси келмади. Изғиринли шамол туриб, баданига совуқнинг игналари санчилганида ҳам иссиқ ўрнига шошилмади. Дастлаб Кесакполвоннинг гаплари унга уйдирма бўлиб туюлган эди.

Вақт ўтгани сайин, ўй ўйлагани сайин бу уйдирма ҳақиқатга яқинлашиб, у хавотир оловида қовжирай бошлади. Ўтаётган вақтнинг ҳар дақиқаси дўстининг ўлими онига шошаётгандай туюлиб, Кесакполвон айтган вақтда йўлга чиқмагани учун афсуслана бошлади.

Бир неча фурсат ҳайкал сингари қотиб тургач, юзига шамол келтириб урган майда ёмғир томчиларидан сесканиб аста юра бошлади. Йўлакка етиб боргач, ичкарига қадам қўйгиси келмай, изига қайтди.

Шаҳар осмонига эгалик қилаётган булутни шамол суриб кетар, бир неча соатдан сўнг тун ҳукми ҳам адоғига етар, аммо Жалилнинг қалбини зулумот пардасига ўраган ташвиш пардаси қачон, қай тарзда кўтарилар экан?

Кесакполвон кеча оқшомда «Ошнангиз касал», демасдан «Ошнангиз ўлди», ёки «ўсал ётибди», дейиши ҳам мумкинмиди?

Жалилнинг хаёлига шу фикр келиб, бутун аъзойи баданини титратиб юборди.

Шу пайтгача қанча дўсти бу дунёни ташлаб кетди. Уларнинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганида «Нега ўлади, ҳали ёш эди-ку?» деб ўйлади. Бу ғофил банда «Ўлим ёш танламайди», деган оддий ҳақиқатни тан олишни истамайди. Кўп қатори «Умримизнинг ярмини яшаб қўйдик, бу ёғи оз қолди», деб юргани билан «Оз қолган қисмини» ўзича йигирма-ўттиз йил деб чамалаб юради. Билмайдики, умри йигирма-ўттиз йил эмас, балки йигирма-ўттиз кун, балки йигирма-ўттиз дақиқагина қолгандир… Балки бирон хасталик ўлимнинг хабарчиси сифатида келгандир. Балки… ўлим хабарчисиз, тўсатдан бостириб келар…

Жалил охирги учрашувни, Асадбекнинг гаплари, болаликда бирга ўсган дўстларини қўмсаганини эслади. «Қарашлари маъюс эди. Мен — галварс, шунга ҳам эътибор бермадимми? Ўлими олдида болаларни бир кўриб қолай, деган экан-да… Нега менга ёрилмади? Нега «Аҳволим шунақа, оғайни», демади? Шотирларидан яшириши тўғри, улар хўжайинлари ўлмай туриб, мол-дунёни бўлиб олишга киришадилар. Мен-чи?.. Шу ҳолича ҳам мағрурлигини қўймайди-я?! Шу пайтгача менга бирон марта ҳам шикоят қилмаган эди. Хор бўлганида ҳам, зор бўлганида ҳам бировга бўйин эгмаган эди… Энди… ўлими олдида бўйин эгарканми?.. Мен доим унга қаттиқ-қаттиқ гапириб келдим. У нотўғри ҳаёт кечирди. Адашди. Нима учун туғилиб, нима учун яшаётганини билмади. Шу Ҳайдар паканани одам деб билиб, ўша билан ҳамтовоқ бўлди. Мол-дунё тўплади… Мол-дунё қолади, бола-чақа ҳам қолади… Ўзи кетади…

Ёлғиз ўзи… Наҳот чораси бўлмаса?..»

Жалилнинг юраги хаприқиб, чўкаётган одам хасга тирмашгани каби у Абдураҳмон табибга ошиқди.

Кесакполвон айтилган вақтга етиб келди. Жалил хотинига «Бир-икки кун бўлмайман», дедию, жўнади. Эрининг ҳаловати йўқолганидан ташвишланаётган Қамара «Қаёққа кетяпсиз?» деб сўрашга ҳам чўчиб, хавотир чодирига ўралганича қолаверди.

Ҳайдовчи йигит чапдастгина эди. Йўлда юришнинг қонун-қоидалари бор, деб ўтирмай, машинани елдай учириб борди. Яхшики, машинада қанот йўқ, бўлсами эди, росманасига учиб кетиши ҳеч гап эмасди. Бошқа шароит бўлганида Жалил «Онангникига шошасанми?» деб койиши мумкин эди. Юраги хаприқиб, шошилиб тургани учун тезликдан бир оз хавотирда ўтирса ҳам индамади. Улар манзилга кун қиёмдан оққанда етиб келишди. Қишлоққа кираверишдаги чойхона ёнидан ўтишаётганда Жалил ҳайдовчига «Тўхтат мошинани», деб буюрди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК