МУСОФИРЛАР… (5-қисм)

0

 

 

* * *

 

Шу кўйи эрталабгача қимирламай ухлабман. Кимнингдир турткисидан уйғониб кетдим.

Афзалбек экан. У бир муддат тепамда маъюс жилмайганча менга қараб турди-да, бош силкитди.

— Тур, Марҳабо, тонг отди, — деди у мулойимлик билан. — Калла пшдими ишқилиб?

Мен бироз хижолат тортган бўлиб қимтинибгина ўрнимдан қўзғалдим-да, соч турмакларимни тўғриладим. Афзалбек эса кетишга чоғланди.

— Тез ювиниб ошхонага ўт, нонушта қиламиз, — деди у энди жиддий ва дағалроқ оҳангда. — Иш бор сенбоп.

Мен бир оғиз сўз демай кеча нималар бўлганини эслашга уриндим.

Йўқ, хотирам панд бермади. Ҳатто, Афзалбек берган дорини қабул қилганимгача эслай олдим…

Орадан ўн дақиқача вақт ўтиб мен ошхонага кириб бордим.

Ошхонаси ҳам жуда кенг ва ҳашамдор экан. Шунинг ўзи Афзалбек пулдор эканини кўрсатиб турарди.

У бир сўз демай, менинг олдимга ҳали ширинликлар, ҳали танқис, умримда кўрмаган меваларни қалаштириб қўйди. Униси-бунисидан тотинган бўлиб, савол назари билан Афзалбекка боқдим.

Ҳа, унга ташаккур айтиб чиқиб кетишим керак эди. Мен бундай бадавлат эркакка боқиманда бўлиб яшашни истамасдим.

Афсуски, миямни чулғаб олган хаёлларим Афзалбекнинг илк сўзларидан кейин тумандек тарқаб кетди.

— Эсингдами кеча сенга нима деганларим? — сўради у менга сирли нигоҳларини қадаб. — Ё унутдингми?

— Эсимда, — дедим жиддийлик билан. — Кимнидир йўқ қилиб беришимни айтувдингиз.

— Баракалла, опоқ қиз, — деди Афзалбек. — Хотиранг ҳали бутун экан. Шундай қолгин. Анави дорини ташлайсан. У сенга дўстлик қилмайди. Ажойиб кунларнинг бирида ухлайсан-у, қайтиб турмайсан. Ё сенга барибирми? Ёш ўлиб кетсанг ҳам рози бўлаверасанми?

— Ҳечам-да, — дедим норози бош чайқаб. — Мен Гулнор мараздан ўч олмагунча ўлмайман. Қачонки қилмишларига минг пушаймонлар еб оёғимга йиқилганча кечирим сўрайди, ана ўшанда ўлсам ҳам майли. Миқ этмайман.

— Ғалати қиз экансан, — кулди Афзалбек. — Қара, ўзинг жуда келишган, жозибали қизсан-у, аммо худди ўғил болаларга ўхшаб фикрларкансан.

— Борим шу, — дедим негадир бу гапдан ғижиним келиб. — Онам мени шундай туққан бўлса айб мендами?

— Тўғри, ҳақсан. Майли, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас. Ундан кўра ишдан гаплашайлик. Хуллас… Мен ўйлаб кўриб бировни ўлдириш масаласини ортга суриб туришга қарор қилдим. Унинг ўрнига сенга бошқа вазифа юклайман. Тайёрмисан?

— Ҳа, — дедим ҳафсаласизлик билан. — Айтаверинг. Менга нима иш қилишимнинг фарқи йўқ. Пул тўлашса бўлди.

— Сен бугундан бошлаб Қаноат қўшмачиникида ишлайсан, — деди Афзалбек қошларини чимириб. — Хўш, тўғри келадими?

Дастлаб эшитганимда эътибор қилмабман шекилли, бироз миямда Афзалбекнинг гапини айлантириб кўргач, сал қурса ўрнимдан туриб кетаёздим. Аранг ўзимни ушлаб қолдим.

— Қўшмачи? — Афзалбекка қаттиқроқ тикилиб, мен ҳам қошларимни чимирдим. — Мен нима қиламан уникида?

— Нима қилардинг? Пул ишлаб топасан. Топганинг иккимизнинг ўртамизда арра бўлади. Яъни, ярми сенга, ярми менга.

— Й-йў-ўқ, ака, — дедим кўнглим дафъатан ғаш тортиб. — Мен… Умримда ундай иш қилмаганман. Қ-қўрқаман…

— Менга қара, яхши қиз, — Афзалбек аста ўрнидан турди-да, бир ҳатлаб тепамда ҳозир бўлди. — Кечаги аҳволингни гапирмай қўя қолай. Сени нақ ажалнинг оғзидан тортволдим. Бўлмаса, қамалиб энангни учқўрқондан кўриб яшардинг. Қолаверса, буёқларга келиб номусингдан айрилганингниям эшитдим. Ҳаммасини биламан. Гулнорнинг нималар қилганиниям биламан. Анави сени зўрлаган хунаса ўлди. Лекин бу номусинг тикланади дегани эмас. Ҳозир шу аҳволда қишлоққа кириб борсанг, камида тошбўрон қилишади. Негаки, ота-онанг, қариндош-уруғинг, маҳалладагиларинг ҳаммасидан хабар топибди. Сен бориб минг, милён марта тавалло қилганинг билан ҳеч ким ишонмайди. Уларнинг тасаввурида сен бузуқи, фоҳишага айланиб бўлгансан. Шундай экан, гапимга кўн-у, пул ишлаб топ. Менгаям ёрдам бўлади. Шунинг орасида анави… Нима дейди… Ҳа, киллерлигингниям қойиллатаверасан. Бу иш учун ҳақни ўзим бераман. Локигин киллерликни бошлагунча бекор ўтирмаслигинг керак. Сен учун бегона эркакларнинг кўнглини овлаб пулини олишдан бўлак иш йўқ. Худо кўрсатмасин, кўчага чиқиб маразларнинг қўлига тушсанг, адо бўласан. Хўш, нима дейсан?..

— Ака, майлими бир-икки соат ўйлаб кўрсам? — дедим бош кўтармай, ер чизган кўйи. — Ҳар ҳолда жуда қийин иш экан.

— Майли, унда сенга икки соат вақт бераман. Унгача бир жойга ўтиб келаман. Фақат қочиб кетишни хаёлинггаям келтира кўрма. Биринчидан, қўриқчилар сени ташқарига чиқармайди. Башарти бир йўлини қилиб чиққан тақдирингдаям узоққа бора олмайсан.

— Биламан, — дедим илкис бошимни кўтариб. — Мен унақа қизларданмасман. Қочсам, бу ерларга келиб ўтирмасдим.

— Жуда яхши. Унда, бор, хонангга кир! Дам ол, ўйлаб кўр!

 

* * *

 

Хонага қайтдим-у, аламим келиб кетди. Кўз ўнгимда отамнинг ғазабнок нигоҳлари, онамнинг бир бурчакда биқиниб олганча отамга ўғринча, умидвор тикилиб қарашлари, қариндош-уруғларимизнинг бири қўйиб бири менга кўрсаткич бармоғини ўқталаётганлари намоён бўлди…

Ҳа, худойим, яқиндагина мендан бахтлиси йўқ эди. Унча-мунчани назар-писанд қилмай, бошимни баланд кўтарганча мағрур қадам ташлардим. Дугоналарим менга хушомадлар қилишар, ҳавас билан бисотимдаги бир-биридан ялтироқ, жозибали кийимларимни ушлаб кўришларидан мағрурланганча гўё еттинчи осмонларда парвоз қилардим. Худо бандасини расвои олам қиламан деса, ҳеч гап эмаскан. Мана, бир балохўрнинг гапига лаққа тушиб расвои олам бўлдим-қўйдим. Қилмишимдан ота-онам ҳам хабардор. Агар уйга кириб борадиган бўлсам, нималар бўлишини ёлғиз Яратган эгамнинг ўзи билади…

Афсус, манаман деган йигитга тегиб, бахтимни янада тўкисламоқчийдим. Бир умр ўша тўкис бахтимни қучиб, асраб-авайлаб яшамоқчийдим. Нима бўлди? Бир маразнинг домига тушиб, бор-будимдан айрилдим. Арзимаган ярим соатлар ичида ҳеч кимга кераксиз бўлдим. Энди мени қанча ўзимни оқламай, ит ўрнида кўришса керак. Наҳотки, шундай ўлиб кетсам?..

Йўқ, худойим, мен итдек ўлиб кетишни сираям истамайман. Майли, сен мени бахтимдан, келажагимдан маҳрум этдинг. Ҳозир қараб турибсан-у, истаганингча устимдан куляпсан. Биламан. Ҳаммасини биламан. Шайтоннинг йўлига кирганим учун ҳам устимдан куласан. Ботқоққа, наҳс ботқоғига янада чуқурроқ ботиришни хоҳлайсан. Хўш, нима бўпти? Расво бўлган бир қиз ўша ботқоғинг қаъридаям йўлини топиб эркин нафас ола билади. Инсофингни, тавфиқни мендан дариғ тутдингми, энди қасдма-қасдига уларсиз умр кечира бошлайман. Ҳали ёшман, саттанг-а пули ошиб тошганларнинг чўнтагидан борини суғуриб оламан. Ёшим ўтгунча бойиб оламан. Ана ундан кейин не кўйга солсанг солавер. Ғамимгаям келтирмайман…

Ҳа, мен Афзалбекнинг таклифига розилик билдираман. Рози бўлмай қаергаям борардим. Бегона юртларда бир бурда нонга зор бўлиб сарсон кезайми? Аҳмоғи йўқ. Дунё шафқатсизми, менам шафқатсизга айланаман. Гўё сувилонга айланаман. Фоҳишаликми, киллерликми, нима иш бўлса ҳам қайтмайман. Пул… Менга пул бўлса бас. Жарақ-жарақ пуллар сандиғимни тўлдириб турса бўлди. Бўйним, билакларим, қулоқларимда бриллиант тақинчоқларни кўз-кўзлаб яшайман. Мендан ўтадигани бўлмайди. Еганим олдимда, емаганим орқамда бўлади…

Ҳа, таваккал қиламан. Афзалнинг гапига кўнаман. Фоҳишалик қиламан…

 

* * *

 

Қаноат қўшмачиникидаги манзара етти ухлаб тушимга кирмаганди.

Қўшмачининг ўзи ёши қирқлардан ошганига қарамай, худди қизлар каби кокилларини қирқиб, юз-кўзларига бўёқни шу қадар кўп чаплабдики, буни мен — бир умр қишлоғидан ташқарига чиқмаган қиз ҳам кўриб энсам қотди. Бундай қалин бўёқ ёнида турган одамга ёқимсиз туюлиши тайин эди. Қолаверса, юз, томоқ остилари, бўйнига тушган ажинлар минг бўянсин, қўшмачини сотиб қўймоқда эди…

Лекин оғиз очишга ҳаққим йўқ. Нима бўлганда ҳам мен ҳозирча шу енгилтабиат аёлнинг хоҳишига бўйсунишга, чидашга мажбурман…

Ичкарида ўн чоғли қизлар худди қалдирғоч полопонлари каби диванга қаторлашганча ўтириб олишибди. Уларнинг айримлари ўзбек, баъзилари бошқа миллатга хослигини бир қарашдаёқ англай олдим.

— Мана шу қизлар билан бирга яшайсан, — тушунтирди Қаноат қўшмачи менга менсимайгина қараб. — Эркак мижозлар келганда, мен танлаган қиз унинг кўнглини овлайди. Билиб қўй, агар мижоз устингдан шикоят қилса, Афзалбекнинг одамилигинггаям қараб ўтирмайман. Орқангга бир тепиб кўчага ҳайдайман. Мабодо яхши пул ишлаб берсанг, мукофотини албатта оласан. Умрингда бегона эркакминан ётганмисан ўзи? Ё ҳалиям бокирамисан?..

Қошларини беўхшов чимиришлари шундоғам асабимни бузаётганди. Охирги саволи ошиб тушди…

Биламан. Бу хилқатда туришимнинг ўзи катта шармандалик. Худо кўрсатмасин, башарти қишлоқдагиларнинг биронтаси шу ерда турганимни кўриб қолса, бир умр гўримга ғишт қалаб ўтиши, қишлоққа боргач, ҳаммаёққа дўмбира чалиб жар солиши тайин. Шундай бўлса-да, одам боласи ҳар қандай муҳитга тез кўникиб, ўша муҳитдагиларга қараган ҳолда иш тута бошларкан. Қаноат қўшмачининг биргина шу саволи анави диванда тизилиб ўтирган ярим яланғоч қизлар қаршисида гўё обрўйимни бир пул қилгандек этим музлаб кетди. Қўшмачининг камситиши кўксимга тиғ каби санчилиб, адо қилаёзди…

Барибир ўзимни босдим. Тишни тишга босиб истар-истамас жавоб қилдим.

— Ётганман, бокирамасман.

— Жуда соз, — деди кафтларини бир-бирига ишқалаб қўшмачи. — У ҳолда қизларминан яхшилаб танишиб ол. Ҳали дугонадай бўп кетасизлар. Айтганча, бир нарсани тайинлаш эсимдан чиқаёзибди. Мана шу дугоналаринг нима еб, нима ичса, сенам ўшани ейсан, ичасан. Мижоздан олган пулни тийин-тийинигача менинг қўлимга тутқазасан. Ўғирлик қилишни хаёлинггаям келтира кўрма. Қаматвораман!..

Қаноат қўшмачи гапирадиганини гапириб бўлди чоғи, сўнгги марта менга қошларини беўхшов чимирганча қараб қўйди-ю, чиқиб кетди. Мен бўлсам, иложи борича ўзимни «шустрий» тутишга ҳаракат қилиб аста қизлар ўтирган диванга чўкдим.

 

* * *

 

Билмайман. Қизларнинг ёнида нари борса ўн дақиқача ўтирдим-да. Кутилмаганда бошимда оғриқ турди. Сал ўтгач, оғриқ пасанда бўлгандек енгил торта бошлагандим, ичимнинг аллақаерлари чимиллаб оғрий бошлади. Кейин бошим айланаётганини ҳис этдим…

Умуман бу аҳволим кейинги кунларда ўзимга ҳам танишдек бўлиб қолганди. Лоҳаслик, миямнинг аллақаерида «Ўлиб қоламан! Ҳозир жоним чиқиб кетади», каби хаёллар пайдо бўлиши, томирларимнинг аста-секинлик билан тортиша боришидан юрак олдириб қўйгандим…

Ҳа, бу ўша Гулнор берган шприцлардан кейин пайдо бўлганди. Агар олдинига билмаган бўлсам, Афзалбек тушунтиргандан кейин ҳаммасини англаб етгандим. Башарти тез чорасини кўрмасам, ўлиб қолишим ҳам ҳеч гап эмас. Ахир, бу хилқатдагилар менинг муаммоларимни, организмим дори талаб қилаётганини қайдан билишсин. Худо кўрсатмасин, билиб қолишса борми, тамом бўламан. Биринчи бўлиб Қаноат қўшмачи ҳайдаб солади. Тўғри-да, наркоман қизни уйида олиб ўтириб зарил кептими унга?!. Вой худойим, нима қиламан энди? Чўзилиб ётгим кеп кетяпти-ку! Нима қилай? Кимга додимни айтай?..

Шу тобда қизлардан бири рангим бир аҳвол бўла бошлаганини пайқабди чоғи, икки елкамдан маҳкам тутиб, кўзларимга боқди.

— Нима бўлди сизга? — мени аста силтаб сўроққа тутди у. Унинг ҳаракатларини кўрган бошқа қизлар ҳам ўринларидан туриб бизни ўраб олишди.

— Ҳеч нима, — дедим ўзимни қўлга олишга уриниб. — Толиқдим шекилли. Ҳозир ўтиб кетади.

— Ё дўхтир чақирайликми? — сўради қизлардан бири. — Чақирайликми?

— Керакмас, — дедим ва бор кучимни, иродамни бир нуқтага жамлаб ўрнимдан турдим. — Ҳозир… Сумкачамда дори бориди. Биттасини ичсам, яхши бўламан…

Ҳақиқатан сумкачамга тинчлантирувчи дори солиб қўйгандим. Уни ҳам Афзалбек эҳтиёт шарт берганди. Яхшиям берган экан. Орадан беш дақиқа ўтди ё ўтмади, томирларим тортишмай қўйди. Кўнглим айнишим ҳам пасанда бўлди. Асосийси, рангимдаги оқаринқираш нари чекинди чоғи, мени ўраб олган қизлар баравар хўрсиниб олишди…

«Йўқ, — дея ўйлардим хаёлан. — Мен бўш келмаслигим керак. Бундай дориларнинг яқинига йўламаслигим зарур. Акс ҳолда шармандаларча ўлиб кетишим ҳеч гапмас. Мақсадларимга ета олмай армонда ўлим топаман. Гулнордан ўч ололмай кетаман. Қишлоққа бир қоп гўнг тусига кирган мурдамни кўтариб боришади. Қариндош-уруғдан тортиб қўни-қўшниларгача «Ўла, наҳс босишнинг оқибати шунақа бўлади. Бу кунингдан ўлганинг яхши бўпти. Ҳе фоҳиша!», дея қарғашади. Жасадим эса бир зумда қаро ер қаъридан жой олади. Чирийди, илонлар, каламуш-сичқонларга ем бўлади. Руҳим, ҳамон тинчини топа олмаётган, хўрликлар, хасталик балоси, камситилишлар жабрини тортишда давом этади. Худоям руҳимни дўзахнинг энг чиркин жойига итқитиб ташлашни буюради… Хўш, шу керакми менга ҳозир? Йўқ, мен барибир фоҳишаликнинг қалтис кўчасига кирмаслигим керак. Наркотиклардан нари бўлишим зарур. Киллерликка ёлланишим керак. Оҳ, худойим, қанийди шундай бир имкон берсангки, бу хилқатдан қоча олсам. Афзалиданам беркиниб, пусиб йўлимни топсам. Инсофлироқ бир одамга учраштирсанг-у, у мени киллер этиб тайинласа. Жарақ-жарақ пул берса. Эвазига… Ҳа, эвазига одам ўлдираман… Ҳарқалай, одам ўлдириш гуноҳи наҳс ботқоғига ботишдан-да енгилроқдир… Нима бўлмасин, бегона эркакнинг қўйнига кириш… Эҳ, худойим, йўлимни оч! Биламан, ўғри сўрасаям ризқ берасан. Қассоблар сўрайди, уларга сўқимнинг семизини рўбарў этасан. Фирибгар ўзингдан лақмаларни сўраб ёлворади. Уларга ҳам берасан. Иккиюзламачи сўрайди. Унгаям иккинчи юзни тутқазиб қўясан. Менгаям бер, эй Яратган эгам. Қўлимдан ўқ отиш келаркан. Имкон бер! Берақол! Берақол! Берақол!!!»

 

* * *

 

Орадан қисқа вақт ўтиб мен ўзимни анча енгил ҳис эта бошладим. Шу баҳонада тинчландим. Худойим ўзгалар қатори менинг ҳам додимни тинглашига, шафқат кўрсатишига ишонгандек бўлдим. Шунда ташқари эшик тақиллади. Сал ўтиб ичкарига башанг кийинган, ўрта яшар бир эркак кириб келди. У Қаноат қўшмачи билан нималарнидир пичирлаб гаплашди. Кейин қўшмачи биз ўтирган хонага кирди.

— Марҳабо, отлан, — деди у қовоқ уйиб. — Мижоз келди. Шунинг билан эртага эрталаб қайтасан. Фақат ўша гапим гап. Ўғирлик қилишни хаёлинггаям келтирма.

— Аҳмоқмасман, — дедим совуққонлик билан. — Бир марта айтдингиз, етади-да, опа!

— Ҳаддингни бил, — бу гапим қўшмачининг жаҳдини қўзғаб, эндигина ташқарига чиқмоқчи бўлганимда, томоғимга чанг солди. — Бу уйда овозингни кўтаришга ҳақинг йўқ! Кимлигингни унутиб қўйма!..

Мен ўзимни босишга мажбур эдим. Агар ён бермасам, бу ҳароми билан бетма-бет айтишсам, нималар бўлишини билардим. Шунинг учун бошимни силкитгача ён бера қолдим. Шундан кейингина қўшмачи томоғимдан қўлларини тортиб олиб, ташқарига чиқишим учун йўл бўшатди…

— Менинг исмим Арсен, — ўзини таништирди машинага чиқиб ўтирганимдан сўнг эркак. — Афзалминан бирга тижорат қиламиз…

— Сиз ўзбекмасмисиз? — сўрадим ундан негадир сал ҳайиқиброқ. — Мен…

— Йўқ, арманиман, сингил, арманиман, — деди Арсен кулиб. — Биласанми нега қизларнинг орасидан фақат сени танладим?

— Билмайман.

— Афзал тавсия қилганди. Мақтаганича боракансан. Жуда гўзал қиз экансан. Бироқ сени танлашдан ниятим буткул бошқа. Қани, ниятимни топ-чи!..

Мен жавоб бериш ўрнига елка қисиш билан чекландим.

— Сени Афзал аканг уста мерган деб мақтаганди. Ростми? Ё Афзал оширвордимикан?

— Рост, — бу гапни эшитгач, хаёлимдан нелар ўтганини билсангиз эди. Боягина хаёлан бўлса-да, худойимга ёлворгандим. Менинг ҳам йўлимни очишини ёлвориб сўрагандим. Наҳотки, оҳларимни эшитган бўлса? Наҳотки, йўлимни очган бўлса?.. — Мен қуролдан ўқ отиш бўйича мусобақаларда қатнашардим мактабда. Афзалбек рост айтган.

— У ҳолда олдин сени синаб кўраман. Уйда «Тир» бор. Ўша ерда кўрсатасан ҳунарингни. Агар менга ёқиб тушса, сенбоп бир иш бор. Бил, кўнглимни олганинг учун алоҳида, бу иш учун алоҳида ҳақ оласан. Маъқулми?..

Қувончимнинг чек-чегараси йўқ эди. Азбаройим хурсандлигимдан гўё еттинчи осмонларда парвоз қилардим.

Худойимга қайта-қайта шукроналар айтардим.

Мен бахтиёр эдим!

— Яна сенга бир гапни айтиб қўяй, — деди Арсен. — Қўшмачига ҳақини бердим. Агар қайтганингдан кейин пул талаб қилса, бўшлик қилиб юрма. Сенга бир кеча мен билан ётганинг учун пул бераман. У пул фақат сеники бўлади. Янги ишни эса ҳали айтганимдай, йўл-йўлакай гаплашаверамиз.

Шу лаҳзаларда яқин ўтмишдаги аламларимни, шармандаликлар-у, хўрликларни унутгандек эдим. Армани бўлса ҳам мен ҳақимда қайғураётганини кўриб Арсенга ҳурматим, меҳрим орта бошлаганини ҳис эта бошлагандим.

«Ўзбек бўла туриб менга қанча ёмонликлар қилишди, — ўйлардим ўзимча. — Бу эса миллати бошқа бўлса ҳам мард экан. Йўқса, мен билан гаплашиб, ортиқча вақт ўтказиб ўтирмасди. Демак, яхши одам экан. Ишқилиб, яхши одамлиги рост бўлсин. Фоҳишаликдан қутултириб, ўзим қизиққан ўша киллерликка йўналтирсин илойим! Шундай қилса, қасам ичаман, умримнинг охиригача бу одамни ҳурматлаб ўтардим…»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ