Шоу бизнес оламидаги онасининг эркатойлари

0

Бу актёрларнинг қаҳрли қарашлари, жиддий ҳаракатлари ортида самимий қалб эгаси мавжуд. Улар турли қаҳрамонликлар қилишлари, мустақил фаолият юритишлари, кўп пул ишлашлари, оила қуришлари мумкин. Аммо уларнинг қалби ҳамиша оналари томон талпиниб туради. Бугунги мақоламизда онасидан бир сонияга бўлса-да, ажралишни истамайдиган эркатойлар ҳақида маълумот берамиз.

АБХИШЕК БАЧЧАН

 

Юлдузлар оиласида туғилган бу актёр ўзининг нималарга қодирлигини исботлашига қадар отаси Амитабх Баччаннинг «сояси»да улғайди. Кейин эса Болливуд оламида «Айшвария Райнинг турмуш ўртоғи» сифатида эътибор қозонди. Аммо, биласизми, Абхишек на отасига ва на рафиқасига қулоқ солади. Унинг бутун борлиғи ва маслаҳатчиси онасидир. Абхишек ҳамиша ўнг қўлига онаси берган узукни тақиб юради. Интервьюларининг бирида бу узук онаси унга бахт келтиришини айтгани ва шуни хоҳлагани учун тақиб юришини таъкидлаган эди.

РАНБИР КАПУР

Бу актёр бошқа ҳамкасбларига қараганда, ўзининг «онасининг ўғли» эканлигини тан олишда ҳечам хижолат бўлмайди. Агар миш-мишларга ишонадиган бўлсак, Ранбир Дипика Падукон билан муносабатларини ҳам онаси актриса Ниту хоҳламагани учун узган. «Каран Жоҳар билан қаҳва…» кўрсатувида актриса Сонам Капур бу ҳақда шундай деган эди: «Ранбир умуман кўркам актёр эмас. У онасининг ўғли. Онаси ҳали ҳам унинг тирноқларини ўзи олиб қўяди».

Ранбир эса бундай гапларга парво ҳам қилмайди ва ҳозирги ҳолатидан фахрланади. Онаси билан шунчалик яқинки, у билан маслаҳатлашмагунча бирор ишга қўл урмайди.

САЛМОН ХОН

Экранларда ёвуз қаҳрамонларга қарши чиқа оладиган супер қаҳрамон ролини гавдалантирса-да, 53 ёшли Салмон Хон ҳамон онаси билан бирга яшайди ва ҳамиша у тайёрлаган таомларни ейишга ҳаракат қилади. Фарах Хоннинг ток-шоусида Салмон бир сафар онаси уни жуда эркалатишини бу эса уни янада инжиқ қилиб қўйишини айтган эди. Бундан ташқари, рафиқаси онаси каби унга меҳрибон ва айнан унга ўхшаган бўлишини хоҳлашини маълум қилганди.

ЖОН АБРАХАМ

Яна бир онасининг эркатойи. Фақат ташқи кўринишидангина қаҳри қаттиққа ўхшайдиган эркатой актёр онасини жуда ҳам яхши кўради. Кўпчиликнинг таъкидлашича, Жон ҳаттоки съёмка жараёнларида ҳам онасини соғинаётгани ва уйга кетишни хоҳлашини айтар экан. Баъзида онасини ҳам суратга олиш майдончаларига олиб бораркан.

                        Охунжон НОРҚУЛОВ

                                       тайёрлади.