МУСОФИРЛАР… (7-қисм)

0

 

 

* * *

 

Онадан туғилиб, ёруғ дунёни таниганимдан бери бундай шармандаликни етти ухлаб тушимда кўрмагандим. Қиз бўлиб ҳатто бармоғимни бегона эркакка ушлатмагандим. Ҳеч қачон худони ёддан чиқариб, мунофиқликларга қўл урмагандим. Қачонлардир билиб-билмай чумолига-да озор етказсам, қайта-қайта тавбалар қилардим. Кечалари кўз юммай бўлса ҳам Яратган эгамдан шафқат сўраб ёлворардим…

Бугун эса шуларнинг барчасига кўз юмдим. Номусимни, агар қолган бўлса, иффатимни, ғуруримни ер билан битта қилдим.

Маст аласт, ориқ-семиз ҳамшаҳарларим, номаҳрамлар олдида қип-яланғоч ҳолда рақс тушдим. Улар менинг аъзойи баданимни пайпаслаб ташлашди. Ғурурим поймол бўлишига ҳам тупуришди. Ҳамшаҳар, миллатдошлигимга кўз юмишди. Мени шармандалар қилишди. Бошимдан ўзларининг ғижимлаб ташланган пулларини сочиб, ҳар мақомга йўрғалатишди. Хўш, буларга қандай чидай? Номуснинг оғир юкини қандай орқалай? Кимларга нажот сўраб жавдирай?..

Ўлганнинг устига кўпган қилиб шу жирканч хонадан чиққанимдан сўнг Валера йўлимни тўсди.

Ҳойнаҳой, ваъда қилинган ҳақимни берса керак деган ўйда мажбуран жилмайдим. Атайин кўзларимни пориллатиб, гўё эҳтирос ҳадя этдим. Лекин Валеранинг бир туки ўзгармади. Турган ерида ҳатто қимирлаб ҳам қўймади.

— Маладес, бопладинг, — деди совуққонлик билан беўхшов тиржайиб. — Сендақанги соҳибжамоллар узоққа боради, ҳа! Ишон, улфатларнинг оғзи ланг очилиб қолди. Э, улар-ку майли, менинг ўзим ҳам анграйганча маҳлиё бўп қолдим, ишон!..

— У ҳолда ҳақимни берсангиз, мен кетсам, — дедим ҳафсаласизлик билан. — Мени Афзалбекникига обортириб қўйсангиз!..

— Э, йў-ўқ, — деди Валера бошини сарак-сарак қилиб. — Ҳали ишимиз охирига етмади. Сендай гўзал қизни қаёқдаги 100-200 рубл пулминан жўнатворгим келмаяпти. Шунинг учун сенга яна бир вазифа топшираман. Йўқ, қўрқма, бу гал яланғоч рақс тушмайсан. Бу иш қўлингдан келади. Кўнглим сезиб турибди.

Бу гапни эшитдим-у, беихтиёр бўшашиб, лаб-лунжим осилди. Бошқаси бўлса, йиғлаб юбориши ҳам ҳеч гап эмасди. Бироқ яна ўзимни тутишга мажбур бўлдим. Бағримни надоматлар алангаси куйдириб юбораётганига қарамай, Валерага тик боқиб табассум қилдим.

«Тўғри-да, — дедим ўзимга ўзим хаёлан. — Шунча хўрликлар, камситилишлардан кейин бўладиган иш берса, пул ортиқчалик қилмайди. Бойишим керак дедим. Нега хуноб бўляпман унда? Бировнинг пулини олиш осонмиди?!. Бунча пулни қишлоқда бир йил тер тўкиб ишласам ҳам тополмасдим. Майли-да!..»

— Сизга йўқ деб бўлармиди, — дедим тағин ясама хушомад аралаш. — Айтаверинг, мен қулингиз хизматга шайман!

— Йўқ, ундай дема, — қўлимни кафтлари орасига олди-да, норози бош чайқади Валера. — Сен қул эмассан.

— Унда кимман? Хизматкорми?

— Сенми?.. Сен ёруғ дунё жаннатининг пари-пайкарисан.

Валеранинг шу биргина хушомади синиб бораётган кўнглимни бутлагандек руҳан енгил тортдим. Сўзнинг қудратини қарангки, беҳад мамнун тортдим.

— Раҳмат, — дедим ноз аралаш бош эгиб. — Мени шу кунгача ҳеч ким пари-пайкага ўхшатмаганди.

— Ўша ҳеч кимларнинг кўзи кўр экан унда, — деди Валера. — Сендай нозанинни кўрмаслик учун одам кўр бўлиши керак.

— Бўпти, энди ишни айтасизми?

— Ҳа, айтаман…

Валера бирпас бош қошиб тургач, чуқур хўрсиниб олиб гап бошлади.

— Анчадан бери бир жўжахўроз асабимга ўйнаб юрибди. Фақат унинг қилган ишини сенга айтиб бўлмайди. Жуда хунук иш қилган. Мендан қочиб юрибди. Ўша хунасани тутиб берасан.

— Қандай қилиб? Агар сизга чап бераётган бўлса, мен қандай тутиб беришим мумкин.

— У сенинг ҳамшаҳаринг бўлади. Фарҳод деган бола. Ўзига етгунча бой. Менинг одамларим пойлаб борди дегунча қочиб кетиб қоляпти.

— Мен қандай тутаман?

— Сен нозик ерига чанг соласан.

— Тушунмадим.

— У бой бўлибгина қолмай, ичкиликни хобби қилиб олган. Маишатни, аёллар билан айш қилишни хуш кўради. Сен борасан-да, ёлқон тўқийсан. Қанақа ёлғон тўқишингни ўзинг ҳал қил. Менга айтилган ресторанга бошлаб келсанг, ўзимиз кутволамиз у жинқарчани. Тушунтира олдимми?..

Ўйлаб кўрсам, бу ишни хамирдан қил суғургандек осон бажарсам бўларкан. Бировнинг қўйнига кирмайман, ҳеч кимни ўлдирмайман. Валерага рўбарў қиламан-у, ҳақимни олиб даф бўламан.

— Тушундим, — дедим Валерага кулимсираб боқиб. — Манзилини, биз борадиган ресторан қайсилигини айтаверинг.

— Ҳаммаси манави қоғозда ёзилган. Сени ҳайдовчим Фарҳодникига обориб қўяди. Уёғига худо йўлингни берсин!

— Хўп бўлади. Шу ишни бажариб берсам, қўйворасизми кейин?

— Албатта. Ваъда бердим-ку!

 

* * *

 

Автомобилнинг орқа ўриндиғида кетиб борардим-у, дафъатан бир хаёл миямни чулғаб олганди.

Ахир… Бу нимаси энди? Ҳамшаҳаримни балога гирифтор этаманми? Бегона юртларда-я? Ҳамшаҳаримни бошқа миллат одамига сотаманми? Худо кечирадими кейин?.. Нима қилсам бўлади? Машинани тўхтатиб, пастга тушсам-у қочворсам нима бўлади? Пулиданам кечсам, тўғри йўл тутган бўламанми?..

Афсуски, қочиб кетишгаям имкон қолдиришмаган. Паспортимни Афзалбек тортиб олган. Қочиб қаергаям борардим паспортсиз? Барибир мелисалар тутиб олади. Йўқ, иш мелисагачаям етиб бормаслиги аниқ. Афзалми, Валерами, қайси бўлсаям барибир тутиб олади. Ана унда ҳолимга маймунлар йиғлаши тайин. Бу куним ҳолва бўлиб қолади…

Умуман, нега мен ҳамшаҳарларни авайлаб қолдим ўзи? Қачондан бери? Гулнор, Бахтиёр ҳам ҳамшаҳарларим эди-ку! Улар менга шафқат қилишдими? Шафқат ўрнига бир қишлоқлик, бир мактабда ўқиган Гулнор ифлос мени сотди-ку! Номусимни, келажагимни ботқоқларга ботирди-ку!..

Йўқ, аксини қилишим керак мен. Бунақанги ҳамшаҳарлардан боплаб ўч олишим зарур. Шундай ўч олишим керакки, хуморларим чиқсин!..

Ҳали хаёлларим поёнига етмай, машина турнақатор дўконлар қад ростлаган жойда тўхтади ва ҳайдовчи мен томонга юзланди.

— Опоқ қиз, манзилингга етиб келдинг, — деди у совуққонлик билан. — Ҳов анави кўчадан юз метрча ичкарига юрсанг, Фарҳоднинг дарвозасига етасан. Эслаб қол, 101- уй. Қовун тушириб қўйма фақат! Омадингни берсин!..

Машинадан тушиб кўрсатилган кўча томон қадам ташлай бошлаганимдагина бу иш қанчалар қалтислигини чуқурроқ англаб ета бошладим.

Агар киллерликка ёллашганда, қўлимга қурол бериб, ўлиши керак бўлган одамнинг суратини тақдим этишганда, ҳойнаҳой юрагимни бу қадар ваҳима босмаган бўларди. Чунки паналаб туриб ўша одамни отардим-у, жуфтакни ростлардим. Изсиз ғойиб бўлардим. Биров билан гаплашмасдим, бировни алдамасдим, чув туширмасдим. Ҳозир эса…

Фарҳодни бой дейишди. Бой бўлса, демак, аҳмоқ эмас. Аҳмоқлар ҳеч қачон бой бўлмайди. Башарти гапларимга ишонмаса, мени шантажчига чиқариб сўйворса ёки мелисага топширворса-чи?..

Э, йў-ўқ, бу юмушни ҳам уддаламасам бўлмайди. Бировларнинг пулини рози қилиб олиш қанчалар мушкуллигини биламан-ку! Фарҳодни ишонтириш, унинг ишончига кириш менинг муаммом. Ҳақга эга чиқиш учун ҳаракатимни қилишим керак. Бундан бошқа йўл ҳам йўқ…

Шундай қарама-қарши ўйлар исканжасида тайин этилган дарвозага яқинлашдим.

Дарвозанинг рўпарасида ярқираган хориж машинаси турарди.

Орқа-олдимга ўғринча кўз ташлаб олдим-да, аста деворга ўрнатилган қўнғироқ тугмачасини босдим. Бир марта босганимдаёқ, дарвозанинг эшикчаси қия очилиб, кўкимтир кийимдаги барзанги қаршимда ҳозир бўлди. Туриш-турмушига зимдан назар солиб билдимки, буям ўзбек. Демак, мен манзилни адаштирмабман.

— Сенга нима керак? — ҳақиқатан барзанги ўзбекчалаб сўради. — Ким керак?

— Мен Фарҳодбой акани кўрмоқчиман, — дедим ясама мулойимлик билан. — Илтимос, чақириб берсангиз! Клара деган қиз келибди десангиз, ўзи билади.

Барзанги менга бошдан оёқ назар солди-да, бош ирғаганча ичкарига қайтди. Орадан икки дақиқа вақт ўтиб-ўтмай, яна дарвоза қабати очилди. Бу сафар рўпарамда узун бўйли, семизга мойил, жингалаксоч эркак пайдо бўлди. Унинг кўзлари кайфдан қизарган, нигоҳлари сархушлигидан дарак бериб турарди.

У худди ўша Фарҳод эди.

Фарҳод савол беришга шошилмади. Орқасидаги барзангига қараб олиб, бошимдан оёғимга қадар эринмай кузатди. Ора-сирада лаб тишлаб, елка қисиб олди. Ва ниҳоят тилга кирди.

— Кечирасан, ойимқиз, сен кимсан? — сўради у менга еб қўйгудек кўзини лўқ қилиб. — Кимни қидириб юрибсан?

Ана энди артистлик қилишнинг фурсати етганди. Агар шу тобда устамонлик қилмасам, бу ҳамшаҳар адабимни бериб қўяди. Жуда раҳми келса, ҳайдаб солади. Унда мен Валеранинг топшириғини уддалай олмаган бўлиб чиқаман. Армани жаҳли чиқади-ю, кечаги ҳақимниям бермасдан қувиб солади…

Ҳа, ҳаммаси худди занжир каби бир-бирига боғлиқ.

— Мени… Танимадингизми, Фарҳод ака? — ноз ва фироқ аралаш савол ташладим унга. — Уч кун олдин фалон ресторанда ўтириб кайф қилдик, рақс тушдик. Кейин мени ўзингиз мана шу машинада манзилимга етказиб қўйдингиз. Бугунга яна ресторанга борамиз деб ваъда берувдингиз. Шунга келиб турибман олдингизга. Эслай олмадингизми?..

Фарҳод бош қашиганча мендан кўз узмай, эслашга уринди. Аммо…

Шу тобда кутилмаган хунук бир ҳодиса юз берди.

Дарвозанинг эшикчаси ғийқ этиб очилди-ю, қаршимизда Гулнор пайдо бўлди.

Эгнидаги момиқ матодан тикилган халатнинг ярми очиқ, сийналари бўртиб турарди.

Мени кўрди-ю, Гулнорнинг ранги ўзгарди. Илдам юриб келиб Фарҳоднинг қўлтиғига кирди.

«Бу мегажин Фарҳодникига қачон келиб улгурдийкин? — ўйлардим унга еб қўйгудек боқиб. — Яқинда Бахтиёрнинг қўйнида эмасмиди? Шаҳарда машҳур бузуқими дейман?.. Ишқилиб, ҳамма ишни бузвормасайди…»

Бузиш ҳам гап эканми?!. Гулнор қошларини чимирган кўйи Фарҳодга тикилиб, мени кўрсатганча шивирлади.

— Бу Марҳабо-ку! — деди у. — Нима иши боракан сизда, Фарҳод ака? Нимага кепти бу ерга?

— Сен бу қизни танийсанми? — сўради Фарҳод бирдан тундлашиб. — Гапир, танийсанми буни?

— Албатта танийман. Бу менинг қишлоғимдан бўлади. Учига чиққан фоҳиша-ку! Ҳозир қишлоқда ота-онаси номусларга ўлиб ўтирибди. Қишлоқ катталари тиш қайраб юрибди. Кўзларига кўринса, тошбўрон қилворишади буни.

— Шунақа дегин? — Фарҳод Гулнорни аста нари сурди-да, билагидан тутиб менга яқинроқ келди. — Бу қизнинг айтишича, уч кун олдин иккаламиз ресторанда ўтирган эканмиз. Мен бугун ресторанга обораман деб ваъда берган эканман. Шунга… Ҳайрон бўлиб турувдим.

— Сиз шу бузуқининг гапига ишониб ўтирибсизми, Фарҳод ака? — ялтоқланиб унга янада қаттиқроқ ёпишиб олди Гулнор. — Уч кун олдин мен билан бирга эдингиз-ку! Иккимиз мана шу ерда — уйингизда ўтирдик. Сиз ҳеч қаерга борганингиз йўқ.

— Ҳа, эсладим, — деди Фарҳод. — Ҳақиқатан биргайдим сенминан. Демак, бу қиз мени шантаж қилмоқчи бўлибди-да! Хўш, опоқ қиз, ким юборди сени бу ерга? Гапир! Кимга хизмат қиласан?

Мен нима дейишни билмасдим. Чунки нима демай, барибир бу ифлос Фарҳодни ишонишга қўймасди. Бир сўз билан айтганда, ишим расво бўлганини аниқ сезиб турардим. Шунинг учун индамай қотиб туравердим.

— Фарҳод ака, буни ертўлага олиб тушиб бойлаб ташланг, — деди Гулнор. — Бу-чи, бузуқиликдан ташқари яна наркоман. Укол олмаса туролмайди. Кўрдингизми рангининг аҳволини! Темирни қизиғида босмасангиз, шантаж ҳам уёқда қолиб сизни сотишданам тоймайди бунақалар.

— Тўғри айтасан, — деди Фарҳод ғижиниб. — Душманларимдан биронтаси ёллаганга ўхшайди буни. Ҳа майли, сенинг гапингда жон бор. Анвар! Ҳой Анвар!..

Шу заҳоти дарвозанинг бир қаноти очилиб, боягина мени саволга тутган барзанги чиқиб келди.

— Ҳа, ака, буюринг!

— Манави қизни ертўлага олиб туш-да, занжирлаб ташла! Кейин гаплашамиз!

— Хўп бўлади!

Қаршилик қилишга кучим ҳам, хоҳишим ҳам қолмаганди. Вужудимни алам ва нафратга қоришиқ туйғулар чирмаб олганди.

Ҳамшаҳар, бир тупроқнинг одами бўла туриб мени хўрлашлари, бегона, буткул бошқа дин, бошқа миллат одамлари меҳр, эътибор кўрсатиб турганда, уларнинг юзимга заҳар сочиши алам қиларди. Бири ҳамқишлоғим, бошқаси ҳамшаҳарим, тупроқдошим бўлишига қарамай, ўз манфаати, нафси йўлида мендек кўча кўрмаган, аччиқ қисмат гирдобида қолиб кетган бир қишлоқи қизни номусидан айирганлари, бор бўйимни бўҳтонга кўмишлари, шафқат қилиш ўрнига жарга қулатишдан ҳам тоймасликларидан куярдим. Бироқ иложим қанча. Бу юртларда менга хайрихоҳлик қиладиган, ташвишимни чекадиган ҳеч кимим йўқ. Кимга дардимни айтишни билмайман. Демак, худодан умидвор бўлишга мажбурман. Ўлиб кетишмайдими. Уришсин, калтаклашсин. Хўрлашсин, масхаралашсин. Қўлларидан келса, ўлдиришсин. Барибир ожизаман. Ожизалигимча қисматимга бўйин эгишга маҳкумман…

Барзанги билагимдан маҳкам сиқимлаганча мени уй ертўласига судраб кетди.

 

* * *

 

Ертўлага киргач, барзанги оёқ-қўлимни занжирлаб ташлади.

Умримда мени биров занжирбанд этмаганди. Мендек ўзига тўқ, бадавлат отанинг қизига занжирбанд этиш тугул тик қараб ҳақорат қилишга ҳам ботина олишмасди. Пешонамда бор экан-да. Мана, киноларда кўрганларим ўзимнинг ҳам бошимга тушиб турибди…

Йиғламсираганча нарида терс бурилганча сигаретми, алламбало чекаётган барзангига умидвор боқдим. Унинг парвойига ҳам келмасди. Қўлидаги ўзидан бурқситиб аччиқ тутун таратаётган сигаретними, ё бошқа матоҳними, ишқилиб, ўшани чўзиб-чўзиб тортар, ора-сирада эшик томон безовта кўз ташлаб оларди.

Шу тобда ертўла эшиги шарақлаб очилди-ю, барзанги қўлидагини шоша-пиша ўчириб, наридаги челак ичига ташлади-да, эшик томон юзланди.

Кирган Гулнор эди.

Қўлида дори тўлатилган шприцни ўйнатганча ноз аралаш кириб келди-да, аввал менга бир нигоҳ ташлаб қўйиб, барзангига буюрди.

— Чиқаверинг! Ўзим шуғулланаман бу қизминан!

— Хўп бўлади!

Барзанги чиқиб кетиши билан Гулнор тепамга келиб чўнқайди.

Бир неча марта менга бошдан-оёқ разм солди. Ўзича лаб буриб қайта-қайта ияк қоқиб олди.

— Ҳа-а, ойимқиз, рангинг бир аҳвол бўп қопти-ку! — деди у масхараомуз оҳангда. — Ўйнашларингми, ё мижозларингми, дори беришмадими? Хумор тутаверса, ўлиб қоласан-ку!

— Сенга нима ўлсам? — дедим мен ҳам бўш келмай. — Ўлсам куядиганларим бор. Ҳарқалай сенга ўхшаб…

— Менга ўхшасанг жон дегин, — гапимни кесиб ташлади Гулнор. — Кўр, шу ердаям сенинг раҳмингни едим. Рангингни кўриб раҳмим келди. Нима бўлгандаям ҳамқишлоғимсан, ахир! Қани, билакчангни бер! Ўзим укол қип қўяман!

— Керакмас, — дея унинг мен томон узатилган қўлини нари сурдим. — Мени хумор тутмайди. Худога шукр, иродам кучли. Сенга ўхшаб нозик ниҳолмасман.

— Ҳали шунақами? — совуқ тиржайди Гулнор.

Кўрдимки, охирги гапларим унинг ғижинини келтирган. Кўзлари дарров бежоланиб, юпқа лаблари титраб қўя бошлади.

— Ҳалиям қайсарликни йиғиштирмабсан-да сенгина! Эссиз, агар ўшанда менинг йўлимга юрганингда, шармандалик қилмай, теккина ўтирганингда шу ишлар йўғиди. Билиб қўй, бу ерлар бегона юрт. Бегона юртда ҳамма ўзи учун ўзи курашади. Бу ерларда қариндош, ҳамшаҳар, ҳамқишлоқ десанг, ўзинг очдан ўлиб кетишинг ҳеч гапмас. Мен аҳмоқ бўлсам, узоқдан опкелдим. Бир-икки сўм пул топиб қишлоққа борса, керили-иб юрар дебман. Энди қўлимни ювиб қўлтиғимга урдим. Буёғига сени ҳимоя қилиш тугул, бир оғиз ширин сўзимниям қайтарволаман. Бўл, билакчангни тут!

— Ўзингга қил ўша уколингни! — дедим жаҳдимни жиловлай олмай. — Йўқса…

— Нима йўқса? Нима қиласан? Урасанми? Ундан кўра, дозангни ол-да, жи-им ўтир. Билиб қўй, Фарҳод шантаж қилганинг учун аяб ўтирмайди. Агар мен орага тушмасам, ўласан калтак еб. Бўл, билакни бер! Э, сенминан ади-бади айтишиб ўтиришга вақтим йўқ!

Гулнор куч ишлатишга ўтди.

Билдимки, у атайин шу дорини опкирган. Мени қайтадан наркоманга айлантириб, томошамни кўришга ошиқяпти. Эндигина сал ўзимни нари тортганимда, тағин дардимни янгиламоқчи…

Худойим, сенга нима ёмонлик қилгандим? Нега менинг бошимга балолар ёғдираверасан? Нимага манавинга ўхшаганларни пешонамга йўллайверасан?..

Гулнорга барибир кучим етмади. Устига устак занжирда эканим панд берди.

Ҳамқишлоғим куч билан билагимга наркотикни йўллади-ю, ўрнидан турди. Қўлидаги бўш шприцни ахлат идишга ирғитгач, мен тарафга охирги бор қараб олди-да, ташқарига йўл олди.

Мен бўлсам, дори таъсирида аъзойи баданим бўшашганча полга чўзилиб қолдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ