ШАЙТАНАТ… (95-қисм)

0

 

 

* * *

 

«Вақт — қиличдир. У сени ҳар куни қиймалар. То қиймалаб тамом қилгунига қадар севиб қолишга улгур».

Зайнаб улгуролмади. Муҳаббат — қамоқ. Муҳаббат — қийноқ. Унинг қалби муҳаббат омбурига банди эди. Унинг азобидан қутулиш қийин эди, қутула олмади. Унинг аввал умидини бўғизладилар — суймаганига узатдилар. Бунинг учун кимни айблашни ҳам билмайди. Ўзининг лақмалиги туфайли ўғирланишиними ё отасиними?.. Зайнаб Элчиннинг мақсадини кейинроқ фаҳм этди. Фаҳм этса-да, уни кечира олмади. Айниқса, Жамшид «ўлдирилганидан» кейин ундаги сўнгги умид чўғи ҳам сўндирилди. Ғамли кечаларда оҳининг қуюни осмонни ўрнидан қўзғотай деди. Кўз ёшлари селининг аждаҳоси ер юзини ютиб юбораёзди.

Ҳаммаси бефойда…

Ҳатто…

Унинг чиройли бўйнига маҳтал бўлган сиртмоқ иккинчи марта доғда қолди.

Балки…

Дейдилар-ку, «Бахт водийсига бахтсизлик саҳросидан ўтиб борилади. Шундай қилинмаса бахт водийсига етгани билинмай қолади».

Унинг бахт водийсига етиб бормоғи мумкинми ўзи?

Бахт нима ўзи? Бахт борми бу дунёда? Бахтнинг ҳиди, ранги борми? Уни ким татиб кўрибди? Ширин нарсанинг ҳаммаси бахт бўлаверадими? «Бахт нима?» деган саволга ким тўғри жавоб бера олган?

Авваллари бахтни турлича тасаввур этарди. Ҳозир тафаккурида бахт деган тушунча умуман суриб чиқарилган.

Атир идишининг қопқоғи очилиб қолса, ҳиди учиб кетади, қадри йўқолади. Аёлнинг номуси ҳам шундай…

Бирон бир аёл хиёнат кўчасига кирса, эридан (Худодан эмас!) қўрқади. Оиласи бузилишидан чўчийди. Ўйнашининг бағридан чиқиб, болачасини боғчадан олиб, эрига ширин таом тайёрлаб ўтиради. Зайнаб у тоифадан эмас. Эридан ҳам, оиласи бузилишидан ҳам қўрқмайди. Унда қўрқув йўқ, нафрат бор. Нафрат ўқи бировга эмас, ўзига қаратилган.

Ажаб ҳол: суйгани билан хаёлан қучоқлашса, жингалак сочларини суйиб силаса… ҳам ўзидан ўзи уяларди, баъзан ожизона бўлса-да нафратланар эди. Кейин хаёлидаги ҳолати ўнгида содир бўлди… Ўша суйгилиси билан эмас, бутунлай бегона билан…

Айтадилар-ки, фоҳишалар ҳаётида уч марта уялар экан: дастлаб шу йўлга кирганда, иккинчи марта пул олишида, учинчи марта эса қариган чоғида ёш хушторига пул берганида…

Зайнаб учун уятга ўрин йўқ, унда нафрат бор. Унинг йўли фоҳишалар ёки эрига хиёнаткорлар йўли эмас. Унинг йўли — нафрат йўли. Унда меҳр чечаклари ўсмас. У ўтиб келган муҳаббат сўқмоғини эса сассиқ алафлар босиб кўздан йўқотди.

Ёш жувон муҳаббатдан узоқлашса — ёмон…

Жамики эркак зотига нафрат билан қараса — ёмон…

Дунёдан ёлғиз ўтишни мақсад қилиб қўйса — ёмон…

Зайнаб ёлғиз азоб чекарди. Ёнида тирик жон бўлишини истамасди. У ҳатто Чувриндининг хотинини ҳам сиғдиролмай қолди. Унинг меҳрибонликлари ҳам ёқмади. У кетгач, бир оз енгиллашгандай бўлди, аммо бир неча соатдан сўнг ёлғизлик зулмати уни баттар эза бошлади.

Хаёлим чалғирмикин, деган мақсадда телевизор қўйди. Телевизорда қўшиқ айтаётган қизнинг тасвири кўринди. Қизнинг кўзлари маъюс боқарди, ашуласи ҳам ҳазин эди:

Хазон бўлган боғда гул сўлармикин…

Сўлган гулга булбул кеп қўнармикин…

Қўшиқдаги нола Зайнаб юрагининг фарёдига ҳамоҳанг эди. Шу боис уни охиригача эшита олмади. Телевизор каналини ўчириб, видеокассета қўйди. Ҳинд киносини томоша қила бошлади. Аввал яхши кўриб томоша қиладигани энди ғашини келтира бошлади.

Актёрларнинг қилиғидан жаҳли чиқди. Йигит кўз ёшлари тўкаётган қиз қаршисида онт ичаётганда ғазабга миниб, қўлидаги ёқиб-ўчиргич қутичани отдида, ҳовлига чиқиб кетди.

Ҳовлида довдир одам каби нима қилишини билмай гангиб турди. Совуқ шамол эсиб ўрик шохларини тарк этгиси келмаётган баргларни бандидан узиб, тўзитди. Кеча Чувриндининг хотини супуриб-сидириб кетган бўлса-да, ҳовли неча ҳафтадан бери супурги кўрмагандай ҳолатда эди. Зайнаб ўзини овутиш мақсадида супургини қўлга олди. «Кўча ҳам бир бало бўлиб ётгандир», деб аввал кўчадан бошламоқни ният қилиб, дарвоза эшигини очди.

Зайнаб супура туриб, уч-тўрт хонадон наридаги симёғочга суянганича сигарет тутаётган йигитга кўзи тушди. Унинг ўзи томон қараб-қараб қўяётганидан шубҳаланди. Кўчани чала-ярим супуриб ичкари кирди-да, эшикни қулфлади. Кейин «қўшниларникига келган одамдир», деб ўйлаб ўзини овутди. Ҳовлини супурган бўлди. Ўзи топган баҳона ўзини овута олмади. Тўпланган ахлатни челакка солди-да, эшикни очиб, кўчага чиқди. Чиқди-ю, ўғринча қаради: йигит турибди. Сал нарида машина ҳам пайдо бўлган. Зайнаб қўлида олиб чиққанини қатор турган ахлат тўла челаклар ёнига қўйди-да, тез изига қайтди. Эшикни қулфлади. Юраги қўрқувдан дукиллаб ура бошлади.

Эшик яхши қулфландими, деб тортиб кўрди. Сўнг шошганича уйга қайтди-да, болохонага телефон қилди. Адаси йўқлигини билади, Асадбек табибникига кетаётиб, қизини йўқлаган. Бир неча дақиқалик йўқловда кўп гап айтолмади: сафарга кетаётгани, қайтгач Зайнабни Олмонияга тўйга юборажагини айтиб, «Ёлғиз кўчага чиқма», деб тайинлади. Ҳозир рақамларни терар экан, «Адам бир нимадан хавотирланган эканларда», деб фикр қилди. «Балки қайтгандирлар», деган ниятда отасини сўради. «Бек акам сафардалар», деган жавобни эшитгач, Маҳмуд акасини сўради-да, айни жавобни олди.

Шундан сўнг «Тезда Ҳайдар акамни топиб айтинглар: уйимиз атрофида ғалати одамлар юришибди», деди. Телефондаги йигит «ғалати одамлар»га тегишли айрим саволларни сўраб билгач, «Эшикни ҳеч кимга очманг», деб тайинлади.

Ярим соатлардан сўнг эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглади. Чақирувчи бунга қаноат қилмай, дарвозани тақиллатди. Зайнабнинг эсхонаси чиқиб, ўрнидан қимирлай олмай қолди.

Ажаб ҳол: яқиндагина ўлимдан қўрқмаган, ўзига ўзи сиртмоқ ясаган жувон нотаниш кимсаларнинг ташрифидан қўрқиб ўтирса…

У уйдан чиқиб, ҳовли ўртасига етганда қўрқиб, яна тўхтади. Шунда таниш овозни эшитди:

— Зайнаб қизим, менман, оч.

«Ҳайдар акам!»

Тез-тез юриб, эшикни очди.

— Сен уйингга кириб тур, қизим, — деди Кесакполвон остона ҳатлаб.

Унинг важоҳатини кўриб, Зайнаб чўчиди, салом беришни ҳам унутди. Кесакполвон ҳам «Менга салом бермади-я?» деб ўйламади. Ҳозир унинг хаёли бошқа муҳимроқ масала билан банд эди. Шу сабабли буйруғини такрорлади.

— Сен уйингга кириб тур. Бизнинг ҳаммомда қиладиган ишимиз бор.

Зайнаб хўп, деб изига қайтди. Зинадан уйига кўтарилар маҳалида беихтиёр орқасига қараб, оғзи-бурни қон, қўллари орқасига қайрилган йигитларни кўриб юраги увишди. Уйга кириб «Шулар юзини ювса керак», деб ўйлади. У бир неча кун муқаддам «Ялта» музокараси бўлгани, бу музокарада Ҳосилбойваччанинг айрим йигитлари қатнаша олмаганидан бехабар эди. Красноярга Козлов изидан кетган бу йигитларни Чувринди кутиб олиши зарур эди. У Москвага кетиб, бу вазифа унутилди. Оқибатда бу йигитлар Хонгирейнинг вакили ихтиёрига ўтиб, унинг топшириғи билан пойлоқчилик қилишаётганди. Бундан икки мақсад кўзланган эди: бири — Козлов шу ерга ҳам келиши мумкинлиги бўлса (буни ҳақиқатдан йироқлигини ўзлари ҳам билишади), иккинчиси — асосийси — Зайнабни пойлаш, буйруқ берилса, гаровга олиш. Бу мақсаднинг амалга ошуви кўп жиҳатдан Москвадаги музокараларга, Хонгирейнинг қарорига боғлиқ эди. Зайнаб гаровга олинди, деган гап —уруш бошланишидан дарак. Уруш эса кўп қурбонлар берилса-да, мағлубият билан тугаши аниқ. Зайнабнинг бахтига, ҳа-ҳа, бахтига Хонгирей урушни ихтиёр этмади.

Кесакполвон Ҳосилбойваччанинг йигитларини ҳаммомга ювинтириш учун эмас, тергов қилиш учун олиб кирган эди. Ювинишдан аввал яна бир-икки мушт, тепки ейишлари шарт бўлган йигитлар насибаларини олдилар. Лекин кўп гап айтиб беролмадилар. Билганлари Козловни излаш, бу ерда пойлоқчилик қилиш.

— Козловни топдиларингми? — деб сўради Кесакполвон.

— Тополмадик. Изини бир ўрмондаги кулбада йўқотдик.

— Козловни кимлар билан бирга қидирдиларинг?

— Хонгирейнинг йигитлари билан… Лекин ака, бир ғалати янгилик бор, айтишга ҳайронман.

— Айт!

— Жамшид акани кўрдик.

— Жамшидни? Валдирама, у ўлиб кетган.

— Кўрдик, рост.

— Гаплашдиларингми?

— Йўқ. Бирга юрсак ҳам чурқ этмадилар.

— Ўхшатгансанлар…

Кесакполвон Жамшидни тирик кўрганларидан эмас, унинг Хонгирей тўдасига аралашиб қолганидан ажабланди. Зелихоннинг ихтиёри билан Жамшид Москвага келтирилгани, беш-олти кун ўрмондаги бир уйда ёлғиз сақлангани, сўнг «Аслида сен гаровдаги одамсан, сени синаш учун Красноярга юборяпмиз. Ўзингни кўрсат, Хонгирейнинг ишончли одами бўлишга интил!» деб буюрилганидан у бехабар эди.

Кесакполвон улардан бошқа гап чиқмаслигини фаҳмлагач, бўлак мавзуга ўтди:

— Қайтганларингдан кейин шерикларингни кўрдиларингми?

— Кўрдик.

— Кимга бўйсуниш кераклигини айтишмадими?

— Айтишди.

— Хўш, нимага келмадиларинг?

— Қаёққа?

— Онангникига! — Кесакполвон шундай деб сўкиниб, тарсаки уриб қолди. Ҳозир Алининг аламини Валидан олди, десак-да бўлар. Жамшиднинг Хонгирей тўдасида юргани ҳақидаги хабар унинг учун кутилмаган зарба эди. Буни ҳам Чувриндининг иши деб билди. Чунки Жамшидни яширишни ўша зиммасига олган эди.

Бу йигитлар масаласида эса, уларни Чувринди кутиб ололмаган тақдирда ўзи амалга ошириши шарт эди. Ғафлат босиб, унутибди. Яхши ҳамки булар ландовурларча пойлоқчилик қилиб, Зайнаб сезиб қолди. Йўқса, иш қандай тугашини Яратганнинг ўзи билади. Зайнабга бир нима бўлса, Асадбек уни кечирмас эди…

Ҳаммомда давом этган «Ялта музокаралари»нинг хулосаси шу бўлдики, Ҳосилбойваччанинг йигитлари пойлоқчиликларини давом эттираверадилар. Улардан бирининг ўғли, бирининг укаси, яна бирининг синглиси гаровга олинади… Агар Зайнабнинг бир толагина сочи тўкилса… Кесакполвон айнан шундай деди:

— Агар Зайнабнинг бир толагина сочи тўкилса…

Шундан кейингина ювиниб олишга ижозат этилди.

— Мен рухсат бермагунимча ҳаммомдан қимирламаларинг, — деб Кесакполвон Зайнабнинг ёнига чиқди.

— Дўнги қизим, тез нарсаларингни йиғиштир, бизникига борасан. Ғаламисларнинг кўнглида шумлик бор. Зийраклик қилибсан. Юра қол, ўртоғинг ҳам уйда. Зерикмайсан.

Зайнабнинг пешонаси сал дўнг бўлгани учун Кесакполвон уни болалигидан «Дўнги қизим», деб эркаларди. Ҳозир ҳам эркалаб гапиргани учун Зайнаб ортиқча савол бериб ўтирмади. Бир сидра кийимларини олиб, тайёр бўлди.

Зайнабнинг ўрнига бу уйда Кесакполвоннинг йигити қолди.

Ҳосилбойваччанинг йигитлари эса Зайнабнинг «бир толагина сочи тўкилишидан» қўрқиб, пойлоқчиликни давом эттиришди.

 

***

 

Асадбекнинг хасталигини билгандан бери Кесакполвон оромини йўқотди. Узоқ йиллар мобайнида елкама-елка турган дўстининг бирдан йўқлик дунёсига кетиши Кесакполвондай бемеҳр одамда ҳам икки турдаги ташвиш уйғотди. Бири яқин инсондан айрилиш ташвиши бўлса, иккинчиси (муҳимроғи) унинг ўрнини эгаллаш. Кесакполвон мана шунга тайёр эмасди. Аниқроқ айтиладиган бўлса, у ўзини Асадбекдан кейинги мутлақ ҳоким деб ҳисобларди. «Чувринди укагинаси»нинг улғайиб, ҳокимлик даражасига етганлигини шу пайтгача фаҳм этмаган эди. Назарида «Чувринди укагинаси» — у нима деса «хўп» деб турадиган мўмин бола эди. Асадбекнинг тобора унга суяниши, айниқса, кейинги воқеалар унинг кўзларини очди, ҳушёр торттирди. Ана ўшанда у яна бир нарсани ўзи учун кашф этди: ўйлаб қараса, Асадбекдан ҳукмронлик жиловини олишга тайёр эмас экан. Бу ўринда гап фақат унинг иш юритиши устида кетаётгани йўқ. Иш юритишни бип-бинойи эплайди. Энг муҳим гап — ёнида кимларнинг бўлишида, яъни ишончли, садоқатли одамларда! Энди «Чувринди укагинаси»ни ҳисобга қўшмаса ҳам бўлади. Асадбек уни меросхўр, ўз мамлакатининг валиаҳди сифатида кўришни истаса, «Чувринди укагина»си бу истакнинг таъмидан баҳраманд бўлса, тамом, у эл бўлмайди.

Ҳокимиятни Кесакполвон қўлга олгач, «укагинаси» — байъат берган тақдирда ҳам унга ишона олмайди. Энди Жамшид ҳам гумон остида. Аввало Жамшид Хонгирей хизматида доимий қоладими ё вақтинча юрибдими? Келган тақдирда ҳам «Чувринди укагина»си «Бек акамдан сени мен қутқариб қолдим», деб ишонтирган бўлса-чи?

Жамшид унга ишонади. Чунки у бу тўдага Кесакполвоннинг «Чувринди укагина»си орқали кирган… Тўғри, Кесакполвоннинг содиқ йигитлари бор, бу ёқда Хумкалла, яна Ҳосилбойваччанинг йигитларидан Рамз… Булар бир ишни қойиллатиб бажариши мумкин, аммо унинг ёнида аъён даражасида тура олишмайди.

Кесакполвоннинг ташвиши мана шунда. Юрса ҳам, турса ҳам шуни ўйлайди.

Ҳосилбойваччанинг пойлоқчи йигитларини қўлга олиши у турган тарози палласини бир қадар оғирлаштирди, ўз таъбири билан айтганда, ошиғини олчи турғазди. Бир томондан Асадбек олдида тили узун бўлди: ахир қизини сақлаб қолди-я!

Энг муҳими…

Энг муҳими, ўзига маслакдош, аъён топгандай бўлди.

У ўзининг келажагини ўйлаганида Зайнабни ҳисобга қўшмаган эди. Чунки Зайнаб унинг учун ҳали ҳам дўнг пешона қизалоқ эди. Кейин ўйлаб қараса, отаси ўрнига Зайнаб ҳам даъвогар бўлиши мумкин. Бу — Кесакполвон учун муддаонинг ўзи. Худди шоҳ ўлганда вояга етмаган валиаҳд ёнида турган вазир каби мамлакатни бошқараверади. «Чувринди укагина»си қулоғини ушлаб қолаверади.

Кесакполвон Зайнабнинг бир йил ичида кўрган-кечирганларини батафсил билмаса-да, кўп нарсалардан хабардор, баъзиларини сезади, айрим нарсаларни тахмин қилади. Ғилай Шомил дастлабки учрашувда айтишни истамаган бўлса-да, Москвага жўнашидан аввал уч-тўрт дақиқа ёлғиз қолишганида Ҳосилбойваччанинг ўлимига сабабчи воқеанинг бир улушини айтиб, бойвачча ўлдирилган кеча маишат қилишган уй бекасини ҳимоялашини  сўради. «Мардона менга как хотин. Ундан битта болам бор. Асадбек уни ўлдиради.

Менга бир нарса бўлса, уни асранг», деб илтимос қилди.

Зайнабдан фойдаланиш фикри Кесакполвонда ўшанда туғилди.

У ҳали Зайнабнинг аҳдини, нафрати мавжудлигини билмас эди.

Аввал нафрат уйғотмоқчи бўлди. Нафратни уйғотиш учун эса… отасининг аҳволидан огоҳ этмоқчи, сўнг эса отасининг ишларига аралашмоққа даъват этмоқни фикр қилди.

Уйга келгач, кузатди: Зайнаб унинг қизи билан очиқ-сочиқ гаплашмади. Асли исми Моҳинисо бўлса-да, ўзига ўзи Моника деб ном қўйиб олган бу қизнинг ёши Зайнабдан каттароқ, бўйдан ҳам, ақлдан ҳам отасига тортган эди. Иккита бола кўрганига қарамай ўзини ўн олти ёшли қизалоқ ҳис этарди. Кийиниб юришлари шундан далолат эди.

Кесакполвонни, унинг қизини билган одамлар «Ҳайдар ака қизини куёвга узатмади, аксинча бир лапашангга уйлантирди», дейишарди. Миш-мишларга қараганда, икки боланинг отаси айнан шу куёв тўра экани ҳам гумонли ҳол эди.

Кесакполвон Зайнабга «Ўртоғинг ҳам уйда» деганида «кеча» ёки «бугун келди» демади. Чунки қизи уззукун шу ўз уйида эди. Кечки пайт эри келиб олиб кетарди. Уйга боргиси келмаганида эса у «мазам йўқ», деб қолаверарди. Эр бечора шўлтиллаб келиб, овқатни еб, шўлтиллаб кетаверади. Агар бирорта сеҳргар урғочисига етишолмай юрган итга «Сени одамга айлантираман, аммо шу куёвдай бўласан», деса ўша ит кўнмаса керак.

Энди нима учун Зайнабнинг Моникага ҳуши йўқлиги аён бўлгандир. Очиғини айтганда, Моника хоним ҳам Зайнабни унча хушламайди. «Маданиятсиз, қишлоқисифат», деб бурнини жийириб қўяди. Аммо бу қишлоқсифат кимнинг қизи эканини эслаганида жилмайиб муомала қилишга мажбур бўлади.

Сочларига жингалак қилувчи тақинчоқлар осиб олган, спорт кийимидаги Моника хоним Зайнабга кўзи тушиши билан «топган вақтини қара», деб бир бурнини жийирди-ю, лекин сир бой бермай ЮЗ йиллик қадрдонини МИНГ йил кўрмай, соғина-соғина адо бўлаёзган одамдай қувониб, қулоч ёйиб қаршилади.

— Вой Зайнабушка, жоним, асалим, — деб ўпиб кўришди. — Келганинг яхши бўлди, сартарошни чақиртирувдим, сенга ҳам причёска қилиб қўяди. Бунақа класс сартарош шаҳарда битта.

— Раҳмат, сочим ўзи яхши, — деди Зайнаб, юзини ундан буриб.

— Ты что, ҳозир бунақаси модний эмас.

— Олдин уйга олиб кир, дастурхон ёз, кейин сочдан гаплашасан, — деди Кесакполвон, қизига танбеҳ бериб.

Кесакполвоннинг хотини ҳам ўзига яраша, ўхшатмасдан учратмас, деган тоифадан эди. Бўйи эриникидан икки энликкина баланд бу аёл ўзини дунёдаги ҳамма одамлардан устунроқ деб фаҳмларди. Ҳатто опаси билан кўришаётганда ҳам «Сен ҳам одаммисан?» дегандай беписанд қараб қўйиш одати бор эди. Зайнаб билан кўришаётганда ҳам бу одатини канда қилмади. Манзура ўзини камтар олиб юргани, содда бўлгани сабабли бу хотин Асадбекка яқин одамларнинг хотинларига норасмий қайнона ҳам эди. Барча хотинлар унга қараб, титраб туришади. Қариликни бўйнига олмаётган бу хотин ҳам қизига қўшилиб баробар пардоз қиларди. Кесакполвон хотини билан ётмай қўйганига неча йил бўлган, эслолмайди. Хотин тушмагур эса пардозини қўймайди. Эр ҳам «Сен кимнинг кўзига чиройли, ёш кўринмоқчисан?» деб сўрамайди. Бу хонадондаги хизматчи аёл эртадан кечгача она-боланинг айтганларини бажараман, деб ҳолдан тойиб кетади. Кесакполвон ўйнаш алмаштиргани каби булар хизматчи алмаштиришдан чарчашмайди. Тўғрироғи, буларга хизматчи чидамайди. Агар бирорта олим буларга темирдан хизматчи ясаб берса, бу ҳам ярим кунда эриб тамом бўлса керак.

Саломлашиш маросимидан сўнг ташрифдан «бағоят мамнун» эканликларини баён этишгач, дастурхон тузоғлиқ кичик меҳмонхонага бошладилар.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК