ШАЙТАНАТ… (96-қисм)

0

 

 

* * *

 

Зайнаб бу хонадонга кам келган, аммо ҳар келганида уйнинг ҳашамларига, безакларига маҳлиё бўлиб боқиб, «Нега адам шунақаларга эътибор бермайдилар», деб отасидан ғойибона ўпкаланарди. Бу сафар ундай бўлмади — ҳашамларга ҳам, тўкин дастурхонга ҳам айтарли аҳамият бермади.

Кесакполвон хотинини чақириб, Зайнабнинг бир-икки кун шу ерда туражагини тайинлаб кетгач, дастурхон атрофидаги суҳбат асосан кийимлар оламидаги янгиликлар хусусида бўлди. Гап орасида Моника хоним фақат ўзига хос фазилатни ҳам айтиб ўтишни унутмади.

— Мен любой кийимни бир марта кир бўлгунича кияман. Ювиб, дазмол қилинган кийимнинг запахини терпет не могу. Эски кийимларимни интернатга бераётувдим. Так как савоб ҳам керак-ку, да, жоним, — деб Зайнабга мурожаат қилди. Зайнаб энсаси қотса ҳам бош ирғаб, «ҳа» ишорасини қилди. — Янги директорша келиб, қабул қилдирмабди.

Слишком модний эмиш. Болаларга мумкин эмасмиш. Допустим, ўзинг деревеншинасан, вкусинг — нол! Қўйиб бер бошқаларга. Энди бермайман, плеват қиламан мен унақа паразитга.

— Аввалгисининг қилиғини гапириб бер.

— Да, чут не забыл, — деди Моника хоним. Рус тилидан дуруст илми бўлган Зайнаб унинг эркакчасига «забыл» дейишга ғаши келди. — Аввалги директорша, битта-иккита платямни бериб, қолганини комиссионкада соттирар экан. Вот паразит-а?

Шу хилдаги гаплар Зайнабнинг кўнглини беҳузур қилди. Ёлғизликни хоҳлаб қолган, ҳатто Чувриндининг хотинидай мулойим, меҳрибон аёлга тоқат қила олмаган Зайнабни Худо жазога лойиқ билиб, буларга рўпара қилдимикин, валлоҳи аълам?

Дам ўтмай хонага сочларини силлиқ тараган, хипчиндай йигит кириб келди.

— Зайнабушка, таниш асалчигим, бу Гогик, сартарошмас, класс! — деди фахр билан.

Гогикнинг ярим таъзим билан узатилган қўли муаллақ қолди, Зайнаб унга бош ирғаб қўя қолди. Гогикнинг дастурхон атрофида бемалол ўтиришидан маълум бўлдики, у оддий сартарош эмас, балки бу уйнинг эрка меҳмонларидан. Агар туҳмат ва ғийбат гуноҳи кабиралар сирасига кирмаганида, биз бу гуноҳдан қўрқмаганимизда «Гогик шу қадар эрка меҳмонки, қуввати етса она-болани олдинма-кейин кўнглини овлаб ҳам кетарди», демоғимиз ҳам мумкин эди. Яна ким билади, валади зинонинг оиласида, ҳаромдан қайтмас одамнинг хонадонида бундан баттар ҳолат ҳам бўлмоғи мумкин эмасми?

Икки кишининг валақлашига аранг чидаб ўтирган Зайнаб учинчиси қўшилгач, тоқат қила олмади.

— Мазам йўқ, дори ичиб бирпас ётадиган вақтим бўлди, — деб баҳона қилди.

— Юр, менинг кабинетимга, — деди Моника хоним.

Дори масаласида Зайнаб алдамаган эди. Моника хонимнинг хонасига кириб нарсаларини қарасаки, шошилинчда дорини унутиб қолдирибди.

— Қўявер, ничего страшного, — деди мезбон. — Бир кун ичмасанг ичмабсан.

Чарчагансан. Сенга видик қўйиб бераман, кўрсанг нервларинг успокоит бўлади. Зўр секс бор, кўрамизми?

— Йўқ, йўқ, — деди Зайнаб уни тўхтатиш учун қўлидан ушлаб. — Ҳечам кўрмайман.

— Жуда ҳам отсталийсан-да, асалчик. Обижатся қилмагину сен худди ўн тўққизинчи векнинг одамига ўхшайсан. Кўзингни очиб қара: ҳозир йигирманчи век. Ҳамма кўради бунақани. Бу идиотизм эмас, бу — искусство. Мен буни болаларимга ҳам кўрсатаман…

— Қўйинг, керакмас, мен кўрмайман.

— Вот, дурочка, как хочеш. Бўлмаса ётиб, дамингни ол. Постелим янги, ҳар куни янгиси солинади.

У шундай деб чиқиб кетди.

Зайнаб турган ерида туриб қолди. Унинг чойшаби алмаштирилган ўрнига қараб қўйдию, ўтиришга ҳам ирганди. Ҳайдар амакисига эргашиб келавергани учун ўзидан ўзи ранжиди. «Нима бўлса ҳам уйимда қолаверишим керак эди», деб ўзига ўзи танбеҳ берди.

Бу хонадондан чиқиб кетишга баҳона излай бош- лади.

Чиндан ҳам айб ўзида. Қўрқув ақли-ҳушини олиб қўйиб, амакиси «юр» деса етаклаган ювош қўйдай келаверди. Бу она-боланинг бемаъни, бетаъсирлигини билмасмиди?

Биларди. Сартарош Гогикдан бошқа ҳамма нарса, барча қилиқлар унга маълум эди.

Шундай экан, бировдан ўпкаланишга ҳожат йўқ…

У хонада бўзчининг мокисидай у ёқдан бу ёққа юраверди. «Ҳайдар амаким келсалар дорини баҳона қилиб кетаман», деб фикр қилди.

Кесакполвон шомга яқин келди. Кечки овқатни еб бўлишгач, у алмойи-алжойи гапларини бошлаган хотини билан қизига «Бошқа хонада ўтирларинг», деб чиқариб юборди.

У боя Зайнабни уйига қўйиб чиққанидан сўнг тайин бир иш билан машғул бўлмади.

Балки, Зайнаб билан қай тарзда суҳбат қуриш режаларини ўйлади. Кесакполвон «Агар шу фурсатдан фойдаланмасам, ғирт аҳмоқ бўламан», деган қатъий фикрда ҳаракатини бошлашга аҳд қилган эди.

Ҳозир Зайнаб билан ёлғиз қолганида гапни нимадан бошлашни билмай тараддудланди. У ўз услубига хиёнат қилмаган тарзда «Аданг касал, тузалмайдиган касал, сен отангнинг ўрнини эгалла, мен ёнингдаман», деса ҳам бўлаверарди. Унинг дафъатан сўз очолмаслигининг икки сабаби бор: авваламбор дангал, қўпол гапи билан уни ҳуркитиб, чўчитиб қўйиши, иккинчидан — ножўя гапини Зайнаб отасига айтиши мумкин. Ана унда иш расво бўлади. Ана унда газетачилар тили билан айтилганда «Давлат тўнтаришига уриниш муваффақиятсизликка учрайди».

Кесакполвоннинг жимлиги кўпга чўзилмади. Гапни узоқдан бошлади.

— Аданг Сибирда шамоллаб келиб, вақтида даволанмади, ўжар-да, ўжар. Минг марта айтдим унга, касалхонага ёт, деб. Табибга кетгани яхши бўлди. Ишқилиб, ўша ердан тузалиб қайтсин.

Зайнабга бу гап ғалати таъсир этиб, Кесакполвонга ялт этиб қаради. У отасининг йўталиб турганини биларди, аммо тузалмас хасталикка йўлиқиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Кесакполвон ундаги ўзгаришни илғаса-да, ўзини сезмаганга олиб, гапини давом эттирди:

— Адангнинг касали оғир. Аданг ўжар. Сал ўтказиб юборди. Яна касалини ҳаммадан яширмоқчи. Мен билан Жалил амакингни қўявер, сендан, онангдан ҳам яширган.

Фақат Маҳмуд аканг билади. Мен ҳам тасодифан билиб қолдим… Нимага яширади? Нима, битта у касалми? Тирик жон, ҳамма касал бўлади, ётиб даволанади. Мен ўша табибни қидириб топдим. Бу касални фақат ўша табиб даволар экан. Дўхтирларнинг ўзи ҳам тан беришаркан унга.

— Қанақа касал? — деб хавотир билан сўради Зайнаб.

— Бу шунақа касалки… — Кесакполвон чайналди. — Ғалати касал, оти эсимда йўқ, аммо тузалиши сал оғирроқ эканми-ей…

У «Отангнинг касали — рак» дейишга тили бормади. Шундай бўлса-да, Зайнаб унинг дилидаги гапни уқиб, бирданига ҳўнграб йиғлаб юборди. Кесакполвон «Майли йиғлаб, кўнглини бўшатиб олсин», деб индамай ўтирди. Сўнг пешонасини, сочларини силади.

«Дўнги қизим», деб эркалади. Зайнаб сал овунгандай бўлиб, ёшли кўзлари билан унга боқди. Илтижо қилди:

— Ҳайдар амаки, жон амакижон, «Нотўғри айтдим», денг. «Билмасдан айтдим», денг.

Ахир бундай бўлиши мумкинмас-ку?!

— Чиндан ҳам билмасдан айтдим, дўнги қизим. Сен гапимни бошқача тушундинг шекилли. Аданг табибдан қайтса, ўзинг ҳам сўрайсан. Фақат мендан билганингни унга айтма. Қайсарлиги тутса, сенга ҳам ҳеч нима айтмайди. Менга ишонмасанг, Жалил амакингдан сўра. У табибга аданг билан бирга кетган. Энди сен билан иккита нарсага келишиб олишимиз керак. Биринчиси, Манзура телпон қилса, унга айт, адангни кутмасдан тўйни ўтказиб, келаверсин. Катта тўй шу ерда бўлади.

— Нега энди? — деб ажабланди Зайнаб. — Адам бормайдиларми?

— Аданг борадиган бўлса, Манзура билан бирга кетарди.

— Мени ҳам юбормоқчи эдилар.

— Сен ҳам борма.

— Нега?

— Сенинг бошқа ишларинг бор. — Кесакполвон шундай деб бир оз сукут сақлади.

Зайнаб «қандай иш экан?» деб унинг оғзини пойлади.

— Сенга бу гапни ҳозир гапиришимнинг балки ўрни эмасдир. Лекин қачондир айтишим керак. Олдинроқ билиб қўйганинг яхшироқми, дейман. Сен фақат гапимни тўғри тушунгин. «Адам эрта-индин ўлиб қолар экан», деб ваҳима қилма. Лекин аданг ҳам, мен ҳам яна ўн йил яшаймизми, юз йилми, барибир бир куни ўтамиз. Ўрнимизга эса кимдир қолиши керак. Афсуски, менинг ўғлим йўқ. Қизимдан эса бир иш чиқмайди. Сен эса ақллисан, адангга ўхшайсан. Акаларингдан ҳам умид йўқ. Энди улар — олим.

Биздаги кооператив-мооперативларга, магазинлардан тушадиган чўталларга қарашмайди. Аданг жуда кўп иш қилган. Бизнинг шунча тўплаганимиз соврилиб кетаверадими? Соврилмаслиги учун сен адангнинг қанотига кир. Ишни ўрган, кейин секинаста ишни ўз қўлингга ол! Шунга ҳаққинг бор! Сен чўчима. Ёнингда мен борман, Маҳмуд аканг бор.

Зайнаб бу гапларни эшитиб, ҳайратланди. Чунки Зайнаб ўзини эмас, дилидаги маъсума, пок Кумушбибини, унга қўшиб ишончини, гардсиз эътиқодини осган куни отасига «Уларни ўзимга қўйиб беринг!» дегани шунчаки алам тутуни эмас, қасос ўтининг ёна бошлагани эди. Не шодки, бу ўтни аланга олиши учун мой сепувчи одам топилди.

Зайнаб неча кундан бери қасос йўлига қандай кириш, қандай жанг қилишни ўйларди.

Унинг йўлидаги биринчи қурбон Мардона бўлиши керак эди. Сўнг… Мардонани ишга солган одамлар…

Зайнаб мана шуларни ўйлади-да, Кесакполвон учун ҳеч кутилмаганда:

— Хўп, амаки, — деди.

Кесакполвон бу гапни эшитиб, нима дейишни билмай қолди. Чунки у Зайнабдан рад жавобини кутган, шунга яраша гап тайёрлаб қўйган эди. У бир неча нафас ҳукм сурган ҳайронлик исканжасидан қутулиб:

— Баракалла, дўнги қизим, мен сенга ишонган эдим, — деди. Сўнг қўшиб қўйди: — Кўз ёшларингни арт. Асадбекнинг қизи йиғламаслиги керак… адангнинг касалини эшитганларнинг баъзилари жанозани ўқишганга ўхшайди. Уларнинг жанозалари ўзларига буюради. Мен ўзимнинг жонимни берсам ҳам, адангни сақлаб қоламан. Жалил амакингга ҳам шунақа деганман, сўраб кўр. — У бир оз сукут сақлади-да, кейин дадил овозда давом этди: — Билмаганлар билиб қўйиши керак: Асадбек ўлмайди! Айниқса, сен адангнинг ёнида турадиган бўлсанг сира-сира ўлмайди!

— Айтганингиз келсин, — деди Зайнаб кўз ёшларини артиб.

Айни дамда бу дунёнинг дастлабки сўқмоғида қоқилган, ҳали ҳаётнинг паст-баланд кўчалари, аламлари, ситамларидан бехабар жувон билан ёвузлик дунёсидаги янтоқзорларни ялангоёқ кезиб катта бўлган одам ўртасида ғойибона битим тузилаётган эди. Кесакполвон дастлабки алам-ситам тузини тотиб, фарёд ураётган жувонни ўз дунёсига чорлаётган эди.

— Дўнги қизим, сени биров ранжитса, мен борман. Сенинг кўз ёшинг сира ҳам тўкилмаслиги керак. Мен бошингга тушган кулфатларни сал-пал биламан. Энди бунақаси бўлмайди.

Зайнаб «Ростдан биласизми? Адам айтдиларми?» дегандай ялт этиб унга қаради. Бир оз уялиб, юзи қизара бошлади. Лекин ўзини тезда қўлга олди: йиғлаши мумкин бўлмаган Асадбекнинг қизи уялмаслиги ҳам шарт!

— Амаки, гапингиз рост бўлса, менга бир одамни топишга ёрдам беринг, — деди у қатъий равишда.

«Жамшидни айтади шекилли? Жамшиднинг тириклигини билармикин?» — деб ўйлади Кесакполвон.

— Ёрдам берасизми? — деб қайта сўради Зайнаб.

— Албатта ёрдам бераман, айт, кимни топиб берай?

— Бир хотинни.

— Хотинни? Оти нима экан?

— Мардона. Мен касалхонада ётганимда у ҳамшира эди.

— Мардона дегин?.. — Кесакполвон Ғилай Шомилнинг Москвага кета туриб айтган гапини эслади. Унинг нимадан хавотирда эканини энди сал тушунгандай бўлди. — Мардонани нима қиласан?

— Уни… ўлдираман! — шундай деб Зайнаб муштларини сиқди.

Кесакполвон унинг важоҳати ўзгарганини сезиб, аҳди қатъий эканини англади. Бу ҳам унинг учун муддаонинг ўзи эди.

— Мардона керак бўлса, топамиз-да, — деди Кесакполвон, сўнг ўрнидан туриб телефон гўшагини кўтарди-да, лозим рақамни терди. Аёл кишининг овозини эшитгач: — Алло, Мардона, сенмисан? — деди. «Йўқ, мен сингиллариман», деган жавобни эшитгач,

«Опангни чақир», деди.

Буни эшитган Зайнаб ҳанг-манг бўлиб қолди. У «Мардона аллақачон қайси бир шаҳарга қочиб кетган, уни бир ойми, бир йилми қидириш керак», деб ўйларди. Худди тушда содир бўлгандай бир дақиқада топилиб турса?.. Зайнаб шунисига тушуна олмади.

Умуман олганда, у тўғри фикр юритган эди. Мардона бошқа шаҳарга жўнашни ихтиёр этганда Ғилай қўймади. Аввалига «Сен қўрқаётган Асадбек бугун-ерта инига кириб кетади», деди. Кейин эса, Чувринди ихтиёрига ўтиб имкон тополмади. Шу сабабли ҳам Кесакполвондан уни эҳтиёт қилишни сўраган эди. Қўйни бўрининг қўлига топшириб кетаётганига унинг ақли етмади.

Мардона у томондан гўшакни олди шекилли, Кесакполвон Зайнабдан кўзини узмаган ҳолда гапирди:

— Алло, Мардона, ўзингмисан? Шомилбек Масковдан телпон қилмадими? Менга бир гап айтиб кетувди. Ҳа, қулоғингга айтаман. Ҳозир бораман, кутиб тур.

Гўшакни жойига илиб, Зайнабга «Хўш, ана, топдим. Энди нима қиласан?» дегандай қаради. Кейин Зайнабнинг ажабланаётганини кўриб изоҳ берди:

— Ҳосилнинг Ғилай Шомил деган югурдаги бўларди. Мардона ўшаники. Ҳосил отилган кун бир борган эдим.

«Ҳосил отилган кун? Ким отди?» — деб ўйлади Зайнаб, аммо саволини тилига чиқармади.

Чунки у Ҳосилбойваччанинг исминигина эшитган, ўзини эса кўрмаган эди. Отилган вақти, сабабини билиш унинг учун айтарли шарт эмасди.

— Қани, борамизми? — деди Кесакполвон.

— Билмасам… — деди Зайнаб қатъиятсизлик билан.

— Бўшашма, дадил бўл! Сен Асадбекнинг қизисан. Биринчи қадамда лалайсанг, иш пачава бўлади. Тур, кетдик!

Йўл-йўлакай Кесакполвон Зайнабга қасос олиш йўлларини ўргатди, қасос олишдан кейинги ҳузурни таърифлади.

 

***

 

Зайнабни кўргач ҳайратдан лол қотган Мардонанинг аҳволини тасвир этмоққа қалам ожиз. Ҳа, аввал ҳайратланди, сўнг бу ҳайрат ўрнини қўрқув сели эгаллади. Ҳатто аъзойибаданидан жон чиқиб кетгандай бўлди.

Ҳосилбойвачча отилган куни Ғилай Шомил бу ерга Кесакполвонни бошлаб келиб, туни билан маишат қилгач, эрта саҳарда Мардона ётган хонага кирган эди.

— Иш бузилди, — деган эди у афсус билан. — Шеф инига кириб кетди. Мен билан келган пакана янги шеф. Тайёрланиб тур, сени бошқа ёққа кўчираман.

Бир неча кундан бери Шомилнинг келишини, бошқа ёққа кўчиришини кутарди. Кутгани келмай, кутмагани келди. У ҳожасининг истаги билан кўп қизларни игнага ўтқазди, яъни гиёҳвандга айлантириб берди. Кўп бокира, аммо алданган ёки қўрқитилган қизларнинг номуси ҳам шу уйда булғанди, бедарак йўқолган ёш қизларнинг сўнгги излари ҳам шу уйда қолган. Бу ишлар кимгадир фожиа бўлиб туюлиши мумкин, ким учундир даҳшат, аммо Мардона учун бу оддий, эътибор беришга ҳам арзимайдиган воқеа саналарди. Эсини йиғиб, ўз номуси учун курашмоқчи бўлган қизларни «Бахтинг келганда маишат қилиб олсанг-чи, қаерда бузилдинг, ким бузди, сенга барибир эмасми? Маишат қилиб, пулини шилсанг-чи?» деб койир эди. Улар бир кунмас бир кун ёқамдан олар ёки кўкрагига ўлим фариштасининг бемеҳр юрагини жойлаб келар, деб ўйламаган эди.

Тўғри, Зайнаб топширилганда дастлаб чўчиди. Иш орқага қараб кетгач эса қўрқа бошлади. Бекор қўрқмаган экан, мана, ўлим фариштасининг номи билан келиб турибди.

— Зайнаб, айб менда эмас, буюришди, — деди Мардона титроқ овозда.

— Ичкарига кир, — деб буюрди унга Кесакполвон, кейин «Дадил бўл», деган маънода Зайнабни секин туртиб қўйди.

— Ичкарига кир! — деб бақирди Зайнаб.

Бу бақириқ Мардонага «Сенга ўлим!» деган ҳукм маъносида эшитилиб, эсхонаси чиққан ҳолда тисарилди.

— Уйда ким бор? — деб сўради Кесакполвон.

— Бир қиз… сизга… Ўғлим…

Кесакполвон орқада турган йигитга қаради:

— Боласи билан қизни бир хонага тиқ, — деб буюрди.

— Нима қилмоқчисизлар? — деб йиғламсиради Мардона.

— Гаплашиб оламиз. Ётоқхонангга кир!

Қўрқувдан титраб-қақшай бошлаган Мардона буйруқни бажарди. Улар олдинма-кейин ётоққа кирдилар.

— Мана, қизим, бу ифлос сеники. Пичоқда тилиб ташлайсанми, отасанми, ўзингнинг ишинг.

— Менинг айбим йўқ, — деб чинқирди Мардона жон ҳолатда. — Менга буюришди.

— Ким буюрди? — деб сўради Зайнаб. Энди у ҳам титрай бошлаган эди. Мардонани қўрқув, жон аччиғи, Зайнабни эса қасос, нафрат ўти титроққа солган эди.

— Менга Шомил ака, Шомил акамга Ҳосил ака…

— Баланд дорга осиляпсан, — деди Кесакполвон. — Ҳозир Ҳосил акангни кўрасан.

— Йўқ! — деб қичқирди Мардона.

— Амаки, сиз чиқиб туринг, — деди Зайнаб.

Кесакполвон Зайнабнинг қўлига пичоқ тутқазиб чиққач, Мардона ўзини ерга ташлаб, уввос тортиб йиғлади:

— Боламга раҳмингиз келсин, Зайнаб. Тавба қилдим, кечиринг.

— Мендан олдин ҳам қилганмидинг бу ишни? — деб сўради Зайнаб.

Эшик орқасидаги Кесакполвон худди Асадбекнинг овозини эшитгандай бўлди. Ҳарҳолда овоз Зайнабники, оҳанг эса Асадбекники эди.

— Яширмайман, бўлган бу ишлар. Мен фақат буйруқни бажарар эдим.

— Сен ўлишинг керак, — деди Зайнаб унинг кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб.

— Зайнаб, кечиринг…

— Қўлларингни чўз! — деб буюрди Зайнаб. — Игна санчадиган қўлларингни чўз.

— Нега, Зайнаб?

— Кўрмоқчиман, менинг кўкракларимни ҳам шу қўлларингда эзғилагансан-а? Чўз деяпман, мен бир кўрай, қонлимикин бу қўллар.

— Қон йўқ, тоза, — деб қўлларини чўзди Мардона.

Шунда Зайнаб пичоқни бир силтаб унинг билагини тилиб ташлади. Мардона чинқириб юборди.

Тирқираб отилган қонни кўрган Зайнаб ҳам қўрққанидан бақирди. Бу овозларни эшитган Кесакполвон шошилиб ичкарига кирди. Зайнаб йиғламсираб бошини унинг кўксига қўйди.

— Уни ўлдир, — деди Кесакполвон. — Унга қара, қўрқма, ўлдир! Агар сенинг ўрнингда у бўлса бирпасда ўлдириб қўяди. Сен уни қийнаб ўлдир!

— Йўқ, ўлдиролмайман, — деди Зайнаб йиғламсираб.

— Агар ҳозир ўлдирмасанг, кейин ҳеч қачон қилолмайсан бу ишни.

— Йўқ, амаки, қўлимдан келмайди…

— Унда қараб тур, — Кесакполвон шундай деб Зайнабни Мардона томон қаратди-да, унинг қўлидан пичоқни олди. Мардона ўзини ҳимоя қилишга улгуролмай ҳам қолди.

Кетма-кет урилган пичоқ зарбидан омонатини топширди.

Биринчи марта пичоқ урилгандаёқ Зайнаб хонани тарк этди. Кўчага чиқиб, машинага ўтириб олди. Дир-дир титрай бошлади.

Зайнаб «Асадбекнинг қизи» бўлиши ҳаргиз мумкин эмасди.

Кесакполвон билан йигит ярим соатлардан кейин чиқишди. Йигит болачани ёстиқ билан бўғаётганида Кесакполвон дўмбоқ қизни татиб кўрди. Шу билан қутуламан, деган қиз ҳам ёстиқда бўғилди.

Машина ўрнидан жилгач, Кесакполвон керишиб қўйди-да:

— Бугун бир-ир савоб иш қилдим. Бу дунёни иккита шилтадан тозаладим, — деди.

Тасодиф шуки, Мардона пичоқланган куни Москвада Ғилай Шомил ҳам ўлдирилди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК