ШАЙТАНАТ… (97-қисм)

0

 

 

* * *

 

Қош қорайиб, овқат пишгач, Ҳабиб Сатторовни онасининг уйига чақирдилар. Келини келтириб қўйган мошхўрдани тез-тез хўриллатиб ичиши Рисолат кампирга ёқмади.

— Мунча ҳовлиқиб ичасан, уйингга шошяпсанми? — деди у, кейин бир пичинг билан ўғлини «узиб» олмоқчи бўлди: — Ойтовоқ хотининг «тез келинг» деганмиди?

Ўз хаёлларига банди бўлган Ҳабибга бу пичинг таъсир этмади, оддий савол ўрнида қабул этиб, осойишталик билан жавоб қайтарди:

— Шошаётганим йўқ, ойи, мошхўрда қайноқ экан. Бугун кетмайман, қоламан.

— Мошхўрдани сал совугандан кейин ичса, мазали бўлади, ҳовлиқма. Хотининг нимага келмади?

— Ҳайронман, келмоқчи эди. Келиб қолар.

— Келиб бўпти. Қайниси ўлиб кўк ҳам киймади. Бегонага ўхшаб келиб-кетиб юрди.

— Ойи, қўйинг эски гапларни, энди аҳил яшашимиз керак. Мен яқинда яна Москвага кетаман. Энди кўпроққа кетаман. Ўша ерда ишлайман.

— Шошилма, аввал мен ўлай, кейин қаёққа борсанг бор.

— Ойи, бормасам бўлмайди, унақа деманг. Келинингиз қолади.

— Уни қара-я! Ўша ойтовоғинг менга қарарканми? Жағимни боғларканми? Кетавер, ўлигим кўчада қолмас, мен ўлсам шу Хонзода қизим кўмади.

Хонзода она-бола орасида гап қочаётганини билиб, чойни янгилаб келиш баҳонасида ташқарига чиқди.

— Сен бола, илмдан бошқа нарсани ўйламайсан ҳеч — деб аччиқланди кампир. — Хонзода энди менга ким? Ҳеч ким! Барака топсин, қараб турибди. Эрта-индин биров оғиз солса, эрга тегади-кетади. Ёш жувон кўчада қолмайди. Сен қўрқма, мен узоқ яшамайман. Ҳар куни уканг тушимга кириб чақиряпти…

— Ойи, қўйинг, — деди Ҳабиб, косани нари суриб.

— Жаҳл қилмай, овқатингни ич. Пешонам асли шўр экан. Анварим тирноққа зор ўтди.

Сенга яхши хотин учрамади. Жим бўл, ёнини олма.

— Ёнини олаётганим йўқ. Хўп ойи, сиз нима десангиз шу. Эрталаб сизни уйимга олиб кетаман.

— Бекор айтибсан. Бу уйда аввал аданг раҳматликнинг руҳи кезиб юрарди. Энди у Анварим билан биллалашди.

Ҳабиб Сатторов шу зайлдаги дам жаҳл аралаш, дам аламли, дам ҳасратли гапларга қўшиб овқатини ичди. Яна бир оз гаплашиб ўтиргач, Рисолат кампир:

— Қоладиган бўлсанг, укангнинг уйига чиқ. Хонзодам менинг ёнимда ётади, — деди.

Ҳабибнинг нияти ҳам шу эди. Онасини икки ёноғидан ўпиб, ташқарига чиқди.

Ҳовлида бир оз турди.

Ҳаво худди туғолмай қийналаётган хотинга ўхшайди. Ёғса ёға қолмайди, очилса очила қолмайди. Тунд бўлиб киши юрагини сиқади. Ҳабиб Сатторов юрти қуёшини соғиниб келган эди, аксига олиб ҳаво ҳам уни тундлик билан қаршилади. Англиянинг тумани, Москванинг рутубатидан безган эди. Ҳеч чекмайдиган одамнинг бирдан чеккиси келди. Хаёлини чалғитиш учун атрофига қаради. Ҳаммаёқ ютаман деб турибди.

Анвардан сўнг ҳовли ҳам ҳувиллаб қолгандай эди. Ҳовлидаги бирон дарахтнинг шохлари кесилса ҳам ўрни сезилиб турганда, бутун бошли бир одамнинг йўқлиги билинмайдими?

Ҳабиб Сатторов бир неча дақиқа мақсадсиз, маънисиз тургач, оғир қадамлар билан бирбир босиб Анварнинг уйи томон юрди.

Ўша етим уй, ўша бир оёғи каноп билан боғланган етим стол, етим қалам, дафтарлар…

Беихтиёр дафтарлардан бирини олиб варақлади.

«… Во ажаб! Одамнинг заҳари илонникидан кучли эканини билмабман. Бугун ноолим, ноакадемик Холидий деган аблаҳ устоз Ҳикмат Ўролов номини булғаш учун бир арава ахлат ағдарди. Мақоласи билан газетани ҳам ҳаром қилди. Қузғун бургутни ахлат титишда айблади. Устознинг уйларига бориб зўр бир ривоят эшитдим. Бир куни буни шеър қилишим керак. Мана у: «Луқмони ҳаким йўлда бораётсалар бир уйдан нола эшитилибди. Кирсалар хаста одам оғриқларга чидаёлмай дод дер эмиш. Табиблар келиб, уни бугун-эрта ўлади, дейишибди экан. Луқмони ҳаким хастанинг билак томирини ушлаб кўриб дебдиларки: «Дардингизга даво бор. Илон заҳри сизга шифо бергай». Хаста дебдики: «Илон заҳрини мен қайдан топай?

Бир бедаво бўлсам… Ё мени шу аҳволда ташлаб кетаверасизми? Оллоҳ менинг зоримни эшитиб, Луқмони ҳакимга рўбарў қилганида эди, у зот мени ташламас эдилар». Луқмони ҳаким бу нолани тинглаб айтибдиларки: — «Зинҳор ташламасман». Хуллас, ҳазрат Луқмони ҳаким илонзорга бориб бир ёшроқ илонни бўғзидан бўғиб турибдилар. Шунда илон иттифоқо тилга кирибди ва дебдики: «Эй инсон фарзанди, сен нечун мени бўғаётирсан? Оллоҳнинг менга берган жабрлари камми эди?» «Оллоҳ сенга қандай жабрлар қилди?» деб сўрабдилар Луқмони ҳаким. «Мени кўримсиз қилиб яратди, одамлар кўрсалар мендан қочадилар.

Мени ертубан қилиб қўйди, судралиб юришга маҳкум этди. Энди сен мени бўғиб, жонимни оларсанми?» Луқмони ҳаким дебдилар: «Шундай қилмасам бир одам ҳаётдан кўз юмар». Илон дебди: «Ажаб! У одамни сақлаб қолмоқ учун мени ўлдирасанми? Ахир у ҳам Оллоҳнинг бир махлуқи, мен ҳам. Бир жонни сақлаб қолмоқ учун иккинчисини маҳв этмоқ шартми? Эй инсон боласи, сен айт: мен бировни чақсам, менинг заҳримни даф эта оласанми?» Луқмони ҳаким айтибдилар: «Ҳа, даф эта оламан». Илон дебди: «Унда менинг заҳрим кучли эмас экан. Дунёда шундай заҳар борки, сен уни зинҳор даф эта олмассан!» «Қандай заҳар? Қора қуртникими?» — дебдилар Луқмони ҳаким. «Э, йўқ, — дебди илон. — Дунёда энг кучли заҳар — одамнинг заҳри. Бунга даво йўқтур. Одам одамни чақса, албатта, ўлим ҳақдир! Оллоҳ биз — илонларни тубан қилиб яратди. Аммо биз бир-биримизни чақмаймиз. Сиз — одам болаларини юқори қилиб яратди, сиз бир-бирингизни чақиб ўлдирасиз. Сен жонини сақлаб қолмоқчи бўлган хастага менинг заҳрим даво эмас, янглишма. Уни ўз дўсти чаққан. Унинг заҳрига даво топа олмассан. Бунга ҳатто Луқмони ҳаким ҳам даво топмагай. Қўй, у ўлаверсин, азобларидан қутула қолсин…»

Холидий қанча одамни чақди? Яна қанчасини чақади? Унинг шогирдлари-чи? Бургут полапонини баланд қоялардан ташлаб, мағрур парвоз қилишни ўргатар экан. Қузғун эса боласига ахлат титишни ўргатади. Холидий қузғуннинг институтдаги шогирди — болаларидан нимани кутиш мумкин? Мен улар билан олишайми? Сўнг… мендан ҳам ахлат ҳиди келиб турса…»

Ҳабиб Сатторов бу сатрларни ўқиб, ўйланиб қолди: «Калласи жойида эди, балога ақли етарди.

Бу дунёга нима учун сиғмай қолди, ҳайронман. Улар ахлат титса титаверсин, сен титма.

Баланд учавер. Мана Соҳиб Пўлатов ҳам шунақа хилидан. Мен у билан олишиб вақтимни зое ўтказишим керакми? Мени ишдан бўшатиши — чаққаними? Тупураман мен унинг ўзига ҳам, чақишига ҳам. Англиядаги китобим чиқса ўлади куйиб, тўлғониб, ўзини ўзи чақиб ўлади…»

Дафтардаги сўнгги ёзув шу эди. «Ўлимидан аввал ёзган шекилли», Ҳабиб Сатторов шундай деб ўйлаб олдинги ёзувларга кўз ташлади. Арабий ёзувли бир неча саҳифанинг ҳошиясига битилган шеърий сатрлар диққатини тортди:

«Менда ажиб ҳолдир азизим,

Тилим забун, лолдир, азизим…»

«Ассалом, ҳар дилдан қувғинди андуҳ!

Ассалом, ҳеч кимса суймас изтироб!

Кўникиб кетмиш-а сенга бу тан, руҳ,

Ўқиш бисёр бўлди сени бобма-боб…»*

Ҳабиб Сатторов шеърнинг руҳини англамади. «Шеър ёзиб бошини қотирмаганида аллақачон диссертация ёқлаб, олим бўлиб кетарди», деб ўйлади-да, дафтарни яна варақлади:

«Ҳурлик ниманинг эвазига берилди? Қонлар эвазигами? Жонлар эвазигами? Жон беришга тайёр азаматлар борми бу улуғ Туркистонда? Хумоюн Мирзо хасталигида табиб Бобур Мирзога «Энг қадрли нарсангизни атанг», деганда шоҳ Бобур «Энг қадрли нарса — жоним, жонимни берайин», деган экан. Хаста она Туркистонга ким жонини фидо қилади?

Ўлимдан қўрқмас, ботир ўғлонлар наҳот бутунлай қирилиб битган? Бу қандай ҳаёт ўзи?

Кун бор — қуёш йўқ, осмон бор — юлдузлар йўқ. Ватан бо — ватанпарвар йўқ.

Бешикдан тобутга етгунича ҳамма пионер — кашшоф. Ўрусия нима деса, «Доим тайёр!» деб турамиз. Ватан арзонга сотилди, сотиляпти… жуда арзон…

Аммо… бу узоқ давом этмайди. Ботир ўғлонларнинг руҳи қайтади ота юртга!

Қадимгидай зўр давлат бир кун бўлажак! Ана ўшанда келажакдаги ботирлар биз — хоинларни лаънатлайдилар. Бизнинг руҳларимиз уларнинг лаънат тошлари остида эзилади. Шундай бўлиши керак! Биз шунга лойиқмиз! Бундан баттарига-да лойиқмиз! Алихонтўра Соғуний домла айтган эканлар:

«Агар ўзбеклар ошнинг атрофига бирлашгандай бирлашганларида эди, аллақачон эркка эришган бўлар эдилар».

Мен бу ақлли сатрларга озгина таҳрир киритмоққа жазм этаман:

«Агар ўзбеклар тўпланиб, тўй-маърака ошига ошиққанлари каби имонга ошиққанларида эди, мустақилликка шубҳасиз эришардилар.

Улуғ Туркистонни фақат имон бирлаштиради.

Вақт бўлдики, Туркистон имондан узоқлашди. Оқибатда мустаҳкам бир давлатнинг ярмини Ўрусия, ярмини Хитой эгаллаб олди. Ҳозирги ҳар икки давлатнинг қизил байроқлари мусулмонларнинг қони ила қизармишдир.

Оталарининг хато-камчиликларини такрорлаган авлод — нодондир.

Имонга қайтинглар дейилса, айримлар Ўрта асрга қайтамизми, дейди. Қани эди, ўша асрларга қайтилса-ю, хоразмийлар, берунийлар, темурлар етишиб чиқса. Ўрта аср мусулмончилиги дунёни нурафшон этди, ақл билан бойитди. Агар Беруний ернинг думалоқлигини кашф этмаса, Европа бунинг уддасидан чиқа олармиди?..

Ўз тарихини бузувчи кимдир? У ўз ота-онасини ўлдириб, пишириб еган фарзанд кабидир…

Бундайлар қаро ер бағрига қайси юз билан борарлар?..»

Бу фикрларни ўқий туриб, Ҳабиб Сатторовнинг юраги ҳаприқиб кетди. У укасининг қалбида шунчалар дард борлигини билмас эди. Била олмас ҳам эди, чунки у бундай туйғулардан анча узоқ эди. Унинг логарифмлар билан тўла миясида бундай фикрларга ўрин йўқ эди.

«Савол:

— Дунёда барча нарсадан ғолиб нима?

Жавоб:

— Ақл.

Савол:

— Бир нарса борки келади-кетади, аммо кўриб бўлмас, ушлаб бўлмас, бироқ келиб кетганини билиб турамиз, бу надир?

Жавоб:

— Бу — замондир!

Ҳа, замон! Қонли замон, қотил замон! Ўзбекнинг содда йигитлари ҳарбийга олиниб, темир тобутларда тантана ила қайтариляпти. Ақл эса жим… Афғондан келган тобутлар кўп.

Мусулмон йигитга қурол бериб мусулмонларга қарши урушга ташларлар. «Доим тайёр!»

Энди эса уриб ўлдирилган йигитларнинг мурдалари кела бошлади.

«Нима қилиб қўйдим мен, эвоҳ…

Ахир бахтга бердим-ку озор…

Кўзларимдан сачрайди минг оҳ,

Вужудимга кўчади мозор…»

Ўз фарзандларининг шафқатсизларча ўлдирилишига бефарқ қаровчи халқ қандай халқ экан!!!

Ҳурлик ва хўрлик… Ёзилишда фарқ биргина ҳарфда. Бу фарқни йўқотиш учун нелар керак экан?..

Хаста руҳни ўлдириш мумкинми? Билмайман. Ҳарҳолда шунга ҳаракат бор. Эски шаҳардаги тарихий жойларнинг бузилишидан мақсад шу бўлиши керак. Босқинчи Ўрусия аскарларига қарши партизанлик уруши олиб борган азаматларнинг маркази бўлган жой бузилиб, ўрнига баҳайбат меҳмонхона қурилиб, унга «Москва» деб ном берилди. Бу ерларда қанча мусулмонларнинг қони тўкилган эди. Нима, бу тасодифми? Мозорлар устидан йўл солиш, мозорлар ўрнига кинотеатрлар қуриш ҳам тасодифми? Ёки меъморнинг калтабинлигими? Йўқ, бунинг замирида кучли сиёсат бор… Хаста руҳни ўлдириш сиёсати…

Биз шаҳидлар руҳини оёқ ости қиляпмиз…»

Шу ерда яна арабча ҳарфларни ўқий олмай, пастки сатрларга кўз югуртирди:

«Бу — «Оли Имрон» сурасидан. Собитхон айтиб эди, мен ёзиб олдим. Шаҳарни Ўрусия аскарларидан ҳимоя этиб шаҳид кетганлар руҳига мос туюлди менга. Маъноси «Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик. Лекин сизлар сезмайсизлар…» Чиндан ҳам улар тириклар. Биз эса буни сезмаймиз. Шу даражада бефаҳм авлодмиз.

Шаҳидлар: «Парвардигор йўлида шаҳид бўлиб, сўнг тирилсам, яна шаҳид бўлиб, яна тирилсам, сўнг яна шаҳид бўлсам», деб орзу қилар эканлар.

Бизнинг орзуимиз нима? Қорин тўқлиги. Тинчлик… Тинчликни нотўғри тушунамиз. Озод, ҳур, эркин юртга тинчлик керак. Истибдоддаги мамлакатга-чи?.. Жиҳод, жиҳод керак.

Қайси бир китоб қаҳрамони «Озодлик ёки ўлим!» деган экан. «Ҳуррият ёки ўлим!» дейдиган замонлар келарми?..»

Бу фикрлар Ҳабиб Сатторовга оғир туюлиб, ҳазм қила олмади. Дафтарни ёпди. Ҳовлига чиқиб бир айланиб келди. Онасининг уйида чироқ ўчибди. Азадор хонадонда радиотелевизор қўйилмагани учун барвақт ётишган эди. Ҳабиб Сатторов ҳам чарчаганини ҳис қилди. Уйга кириб ётди. Уйқу босиб келса-да, ухлай олмади. Кўзи илинди дегунча юраги ҳаприқиб уйғониб кетаверди. Ўрнидан туриб ўтирди, яна ётди. Бўлмади. Яна турди. Меҳмонхонага чиқиб оёғи чўлоқ столга яқинлашди.

Шунда…

Шунда дераза ёришиб, нур оқиб кирди. Қулоғи шанғиллади. Сўнг майин овоз эшитилди:

— Бизни кутмаганмидинг?

Ҳабиб Сатторов юрагига қўрқув оралаб, атрофига олазарак боқди.

— Сен бизни кўра олмайсан.

— Кимсиз? — деб беихтиёр пичирлади Ҳабиб Сатторов.

— Қўрқма, биз сенга фақат яхшилик истаймиз.

— Кимсиз? — деб пичирлади яна Ҳабиб Сатторов.

— Биз бошқа сайёраданмиз.

— Қайси сайёрадан?

— Сизлар Чаён юлдузлар туркуми, деб атайсизлар. Биз эса Зурру деймиз. Зурру — нур ўлкаси дегани…

— Бўлиши мумкин эмас.

— Мумкин. Деразага қара!

Ҳабиб Сатторов деразадан оқиб кираётган нурга қараб укасини кўрди. Жиннихонадаги сўнгги тунни бедор ўтказаётган Анвар чойшабни олиб йиртди-да, арқон қилиб эшди.

Сўнг эшик томон юрди. Остонага етганида изига қайтди. Қоғоз-қалам олиб ёзди.

Шу онда Ҳабиб Сатторов яна ўша овозни эшитди.

— Нима ёзганига қизиқяпсанми?

— Ҳа.

— Ўқиб берамиз:

«Бошгинамга ағанаган катта тоғлар, алвидо!

Мен кетарман ҳасратланиб, руҳи соғлар, алвидо!

Бу дунёнинг шўришига навниҳоллар тебранинг,

Эслироқ боғбони йўқ, қолди боғлар, алвидо!

А с қ а р Қ о с и м».

Овоз тинди. Анварнинг ҳаракати эса давом этди. Бўйнига сиртмоқ солаётганда Ҳабиб Сатторовнинг лаблари титради. Осилганича типирчилаётган укасини кўргач, «Анвар!» деб додлаб юборди. Кафтлари билан юзини тўсиб ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади. Куни билан келмаган йиғи энди селдай босди. Йиғлаб-йиғлаб кафтларини юзидан олиб, яна деразага қаради. Нур йўқолмабди.

— Нима истайсизлар мендан? — деб пичирлади у.

— Уканг билан гаплашишни хоҳлайсанми?

—…

Сукут ризолик аломати сифатида қабул этилиб, ҳозиргина типирчилаётган укаси ўрнида, оппоқ либос кийиб олган, акасига кулимсираб қараётган Анвар кўринди.

— Ака, яхши келдингизми? — деб сўради у.

— Анвар, жон укам, нега ундай қилдинг? Ҳеч бўлмаса ойимларни ўйлашинг керак эди.

— Ойимни кутяпмиз.

— Ундай дема.

— Сиз ҳам келасиз.

— Бекор гап!

— Ишдан ҳайдашибди-ку?

— Ишдан ҳайдашса нима қилибди. Калламдан илмни суғуриб олишолмайди-ку?

— Ака, келинг, бу ер яхши…

— Бекор гапларни гапирма…

Анвар чекиниб, таниш овоз эшитилди:

— Уканг тўғри айтади. Биз сени зўрламаймиз. Ўзинг руҳан тайёрланиб келасан.

— Йўқ! Йўқ! — Ҳабиб Сатторов шундай деб яна кафтларини юзига босди. Бир неча нафас шундай тургач, кўзларини очди: нур йўқолибди. Ҳаммаёқни сукунат босган.

Ўзи терга ботган, лаблари титради. У бир оз гангиб турди-да, шошилиб уйдан чиқди.

Тунни ҳовлида бедор ўтказди. Совқотиб кетса ҳам уйга қайтиб кирмади.

Келини тонгда туриб ювингач, уни саволга тутди. Хонзода Анварнинг дераза олдида қотиб туришини айтгач, ҳайратланди.

«Бу не сир-синоат бўлди?» деб боши қотди.

 

***

 

Ҳабиб Сатторовнинг бир кечада кўзлари киртайганини кўрган хотини безовталаниб:

— Ҳа, адаси, тинчликми? — деб сўради.

— Тинчлик, — деди Ҳабиб Сатторов тўнғиллаб, — нега бормадинг?

— Қизингиз ўқишдан иситмалаб келди…

— Қизим ёш гўдак эмас-ку, дори-пори бериб, бориб келсанг бўларди. Сен туфайли мен ёзилишим керак. Анварни нимага айтмадинг?

— Ишга бораман, деб турувдингиз, ортиқча ҳаяжонланманг, девдим.

— Ҳе, сендақа меҳрибонни… — Ҳабиб Сатторов анчадан бери қилмаган ишини қилди: хотинини бўралаб сўкди. Хотини бундан ранжиб, бир кўтарилмоқчи бўлди-ю, эрининг феъли бошқачалигини фаҳмлаб, ўзини тийди.

Ҳабиб Сатторов тунги воқеа нима эканига жавоб топа олмади. У қўшниси, физика билан шуғулланувчи олим дўсти Умар Бахтиёровга учрашишни хаёл қилиб, азонлаб келган эди. Умар Бахтиёров биоқувват, пара-психология ҳақида унга баъзан гапириб қоларди. Бу маърузалар Ҳабибга ёқмасди. Ҳар икки тушунчани ҳам ғайрифан деб ҳисобларди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК